Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:18

“Руҳан эзадиган тартиб-қоидалар”. Навальний жўнатилгани тахмин қилинаётган колония ҳақида нималар маълум?


Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди.
Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди.

Россиялик сиёсатчи Алексей Навальний Москвадаги “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасидан Владимир вилоятидаги колонияга жўнатилгани маълум бўлди.

Катта эҳтимол билан, бу Покров шаҳридаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясидир (АТК). Бироқ Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИХ) бу маълумотни расман тасдиқлагани йўқ.

ФЖИХ директори Александр Калашников мухолифатчининг ҳаёти ва соғлиғи хавфдан холилигини айтиш билан чекланмоқда.

Митинг ўтказиш қоидаларини бир неча марта бузгани учун судланган жамоатчилик фаоли Александр Котов 2-сонли АТКда бир йил “ўтирган”. Унинг адвокати Мария Эйсмонт “Настояшчее Время” телеканалига ушбу колониядаги қоидалар, унинг қатъий тартибдаги муассаса деб аталиши сабаблари ва раҳбарият алмашганидан сўнг колонияда нималар ўзгаргани тўғрисида ўз билганларини сўзлаб берди.

— Айтинг-чи, бу колония ҳақида нималар маълум, нега уни Россиядаги шарт-шароити энг оғир колониялардан бири дейишади?

— Шароити энг оғир колониялардан бири дейиш қанчалик ўринли, бунисини билмадим. Чунки 2-сонли АТК умумий тартибдаги муассаса ҳисобланади. Аммо, рост, умумий тартибли колониялар орасида ёмон ном чиқарган.

Мен ҳимоя қилган Константин Котов бир ярим йиллик муддатнинг бир йилдан кўпроқ қисмини ўша ерда ўтказган. Уни кўргани тез-тез бориб турардим – колониянинг таърифини эшитганимиздан сўнг серқатнов бўлиб қолгандик. У ердагилар адвокатларни ёқтиришмайди. Шунга қарамай, ҳар ҳафта, баъзан ҳафтасига икки марталаб қатнардим.

— “Адвокатларни ёқтиришмайди”? Бу нима деганингиз, адвокатни мижози ёнига қўйишмайдими?

– Гарчи учрашувни олдиндан келишиб олган бўлсак-да, дастлабки ойлар ҳар борганимда мени дарвоза тагида ўртача беш соат кутишга мажбур қилишарди. Атай кеч киргизишарди. Масалан, эрталаб 10 да келсам, 16:15 ларда киришга рухсат беришарди –17:00 ларда “иш вақтимиз тугади” деган баҳона билан мени қувиб солиш учун. Ичкарига киргунча қанча сарғайганим билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ эди, албатта.

Мени Константиннинг олдига умуман қўйишмаганини эслолмайман. Киритишарди, ҳарқалай – баъзан кўчада, қаҳратон совуқда, баъзан маҳбус қариндошига ул-бул олиб келган одамларга тўла тор-танқис ҳужрада беш-олти соатлаб маҳтал қилгандан сўнг. Ҳужрадаги одамлар менинг адвокатлигимни билгач, тескари қараб олардилар.

“Бу колонияда адвокатларни ёқтиришмайди, биз ўзимизникига адвокат ёллагандик. Колониядагилар буни билишгач, қайтага аҳволи баттар бўлди”, - деб айтишарди.

Ҳамкасбларимдан кўп эшитганман: колония маъмурияти “ноқулай” адвокатдан қутулиш учун, маҳбусга босим қилиб, ундан адвокатидан воз кечгани ҳақида тилхат олишади.

Худога шукрки, Константин Котов билан бунақа бўлмаган. Тўғри, уни ҳам сиқувга олмоқчи бўлишган, мижозим мендан камроқ келишни илтимос қилганида сезганман буни.

Дарҳол дедимки: “Азизим Костя, қачон келишни мен ўзим ҳал қиламан. Бошқа адвокатларинг билан бирга. Келмаслигимизни қанча кўп сўрасанг, шунча кўп келамиз ёнингга”.

Алексей Навальнийнинг адвокатларини танийман – улар менинг дўстларим, мен жуда ҳурмат қиладиган ҳамкасбларим. Улар ўз вазифаларини уддалашига, инсон қадр-қиммати ҳамда ушбу колониядаги ҳолатни очиқлаш учун биз ва жамоамиз бошлаган курашни давом эттиришларига ишончим комил.

Алексейнинг жуда кучли шахслигига, ўз тақдирини онгли равишда танлаганини билишига шубҳам йўқ.

Яна бир гап. Колониянинг ҳозирги бошлиғини Муханов дейишади. У Константин Котов этап билан боришидан бирмунча аввал лавозимга тайинланган.

Айтишларича, унинг даврида маҳбусларни ёппасига дўппослаш барҳам топган, бунинг учун уни кўкларга кўтаришади. Бурунги раҳбар даврида маҳбусларни уриш, урганда ҳам арзимас баҳоналар билан, шунчаки эрмакка дўппослаш авжига чиққан экан.

Бу ҳақда кўп кишилардан эшитганман, афсуски, уларнинг аксари бу гапларни сўзларкан, ҳеч қачон ва ҳеч қаерда уларнинг исмларини тилга олмаслигимни, матбуотга билдирмаслигимни ёлвориб сўрашган. Бунақа қайғули ҳикоялардан анча-мунчасини эшитганим учун уларнинг ҳақиқатлигига шубҳа қилмайман.

– Константин Котов “бир маҳбуснинг иккинчисига қўлқопини бериб туриши ҳам жазолаш учун сабаб бўла олади”, деганди.

– Жазолашлари рост. Аммо мен шафқатсизларча калтаклаш ва қийноққа солиш, одамни, шунчаки, маҳбус бўлгани учун ҳар куни уришлари ҳақида гапиряпман.

Ва албатта, руҳий босим ҳам ҳамиша бўлган. То Константин ушбу колонияда экан, унинг ранг-рўйида ҳамиша руҳий босим изларини кўрардим.

Аксари маҳбуслар у билан гаплашмас экан, тахминимча, колония раҳбарияти тақиқлаган – бошқача бўлиши мумкин эмас. Тасаввур қилинг, маҳбус 50-60 чоғли киши билан битта баракда истиқомат қилса ю, деярли ҳеч бири билан сўзлаша олмаса.

Руҳий қийноқнинг яна бир тури бор – маҳбусни бўш вақтдан маҳрум қилиш. Бунда маҳбус шунчаки ўтириб хаёл суриш, яқинларига хат ёзиш, бошқалар билан бирга чой ичиб, суҳбатлашиш каби оддий маиший завқлардан бебаҳра бўлади.

Маҳбусларни биров чертмайди, лекин қаттиқ руҳий тартиб-қоидаларга бўйсуниб, чидаб юради.

Кун бўйи тиним билмайди: ўрин-тўшагини тузатади, “ўхшамаса” – қайта-қайта тузатаверади, қаерга борса сафланиб боради, бошлиқлар билан баланд овозда саломлашади, овозининг борича “Салом!” дейди, агар бошлиққа пастроқ туюлса, яна ҳам қаттиқроқ бақиришга мажбурсан.

Бу гапларни менга Костя сўзлаб берган. Энг оддий, кундалик маиший ишлар учун ҳам ўзига вақт ажратишдан бенасиб бўлиш кишига оғир ботади чоғи, у бошида тушкун кайфиятда юрарди. Бунақа шароитда яшаш ҳақиқатда осон эмас.

XS
SM
MD
LG