Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:10

Россия: “Ғарб Навальний иши баҳонасида Россияга қарши бузғунчилик қилмоқда”


Мухолифатчи Алексей Навальний Россияда қамоқда сақланмоқда.
Мухолифатчи Алексей Навальний Россияда қамоқда сақланмоқда.

Россия Ғарб мамлакатларининг мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланиши бўйича тергов ўтказиш чақириғини яна рад этди ва ўз навбатида, уларни “бузғунчилик”да айблади.

Буюк Британия, Германия, Франция ва Швеция йўллаган нотага Россия томонидан шундай мазмунда жавоб қайтарилди.

Расмий Москванинг мазкур жавоби Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) сайтида эълон қилинди.

Санаб ўтилган тўрт мамлакат аввалроқ Россия тарафидан қўйилган саволларга жавоб берган эди.

Жавоблар Кремлни қониқтирмади. 2 ноябрь санаси билан йўлланган ҳужжатда айтилишича, ушбу тўрт мамлакат “блоггер билан боғлиқ вазиятни аниқлаштиришга қаратилган барча уринишларни барбод қилиш”га интилмоқда (жавобда Навальний кетма-кет “блоггер” деб аталган).

Шунингдек, Россия ҳукумати иддаосича, Германия, Швеция, Франция ҳамда Буюк Британия Навальний билан юз берган воқеанинг “асл табиати”ни қасддан яширишга ҳаракат қилмоқда.

Москва ўз жавобида Ғарб мамлакатларини Навальнийнинг тиббий таҳлилларида изи топилган модданинг аниқ формуласини тақдим этмай, ҳамкорликдан бош тортаётганликда айблади.

Хусусан, Британия “пропаганда шиорлари”ни ёйишда айбланган. Германияга эса Навальний иши борасида “Берлин дохил Ғарб мамлакатлари гуруҳи ўзаро тил бириктириб олгани яққол кўриниб турган факт эканига қарамай, буни инкор этиш” ҳамда “Россия Федерациясини обрўсизлантириш ва унга нафақат сиёсий, балки санкциялар воситасида шунингдек молиявий ва иқтисодий зарар етказиш мақсадида режали бузғунчилик қилиш” айблови қўйилган.

Бундан ташқари, Россия Германиянинг Навальнийнинг сафдоши Мария Певчих қаердалигидан бехабарлиги ҳақидаги жавоби Кремлни ажаблантирганини билдирган. Хатда ёзилишича, “Навальнийнинг ҳаётини сақлаб қолган” омсклик шифокорлар унинг организмида ҳеч қандай из топа олишмаган бўлса, заҳарли модда излари Навальнийдан олинган намуналарга қандай тушиб қолгани ҳақидаги савол ҳам жавобсиз қолаётир.

Ғарб мамлакатлари ушбу ҳужжатга жавоб қайтарганича йўқ.
Алексей Навальний ўтган йилнинг 20 августида Омск касалхонасига ётқизилган ва кейинчалик даволаниши учун Берлинга олиб кетилганди. Немис мутахассислари унинг организмидан “Новичок” гуруҳига мансуб жанговар заҳарли модда изларини топишган.

Кремль Навальний заҳарланганини, ҳар ҳолда Россия ҳудудида заҳарланганини инкор этишмоқда.

Мухолифатчининг ўзи эса заҳарланишида Россия Федерал хавфсизлик хизматининг қўли бор, деб билади. Bellingcat халқаро суриштирув гуруҳи ҳам шундай хулосага келган.

XS
SM
MD
LG