Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:24

Украина ўз денгизчиларининг қўлга олинишига алоқадор рус танкерини қўлга олди


Украина Хавфсизлик хизматига (СБУ) кўра, қўлга олинган кемадан Россия ҳарбийлари ўтган йилнинг ноябрида Украина денгизчиларини қўлга олиш чоғида фойдаланган.

СБУ 25 июль куни Facebookда эълон қилган постда ёзилишича, Россия Федерал хавфсизлик хизмати ҳамда Чегара хизмати ўтган йилнинг ноябрида “Нейма” номи берилган танкер ёрдамида “ноқонуний равишда Керчь бўғозида Украинанинг “Никопол” ва “Бердянск” кемалари ҳамда “Яни Капу” ҳарбий буксир кемаси ҳаракатига тўсқинлик қилган”, сўнгра уч кемани ва ундаги украин денгизчиларни қўлга олган.

СРУ билдирувига кўра, номи “Ника Спирит”га ўзгартирилган рус танкери Украинанинг Измаил шаҳрига келганидан кейин қўлга олинган.

СРУ матбуот котиби Олена Ҳитлянска кема экипажи ҳақида ҳали маълумот бера олмаслигини билдирди.

Россиянинг “Интерфакс” агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда кемада 15 нафар россиялик бўлганини хабар қилди.

Россия омбудсмени Татьяна Москалькова экипажга айблов қўйилмай қўйиб юборилганини, улар Москвага Молдова орқали қайтишларини билдирди. Россиянинг Украинадаги элчихонаси матбуот котиби Денис Голенко экипаж қўйиб юборилганини тасдиқлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳодисани кўриб чиқаётганини айтар экан, Киевни қатъий жавоб бериши ҳақида огоҳлантирди.

Вазирлик эълон қилган билдирувда “Россияликларни асир олиш ҳақида сўз кетаётган бўлса, бу халқаро қонунчиликнинг очиқ-ойдин бузилиши ҳисобланади ва оқибатини тезда кўрасиз”, дейилади.

Бу орада Россияда ушлаб турилган денгизчиларни озодликка чиқариш бўйича музокараларда силжиш кузатилаётган эди.

Хусусан, Украина омбудсмени Людмила Денисова денгизчиларни қайтиб олиш бўйича келишувга эришилганини айтган.

25 май куни БМТ денгиз трибунали Россия 24 нафар украиналик денгизчи ва уларнинг уч кемасини зудлик билан озод қилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарган.

2018 йилнинг 25 ноябрида Керчь бўғозида Россия кучлари чегара бузилганини иддао қилган ҳолда Украина ҳарбий-денгиз кучларига қарашли учта кема ва улардаги 24 нафар денгизчини қўлга олиб, қамаб қўйган.

Денгизчилар айбдор деб топилса, олти йилга қамалиши мумкин.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни Қора денгизни Азов денгизига боғлаб турувчи Керчь бўғозида Украина кемалари ҳаракатини ноқонуний чеклашда айблаб келади.

Россия 2014 йилнинг мартида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, Украина шарқида россияпараст айирмачиларни қўллай бошлаган. Украина шарқидаги уруш бугунга қадар 13 мингдан ортиқ одам умрига зомин бўлди.

XS
SM
MD
LG