Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:11

CIT: Россия Псковдаги ҳаво-десант дивизиясини Қримга ташламоқда


Россия қўшинларининг ҳарбий-ўқув машқлари - 2018
Россия қўшинларининг ҳарбий-ўқув машқлари - 2018

Россия ўзининг ҳаво-десант қўшинлари (ҲДҚ)га қарашли Псков дивизияси аскарларини аннексия қилинган Қрим яриморолига ташлашни бошлади. Conflict Intelligence Team (CIT) гуруҳининг бу ҳақдаги хабари Россия томони Украина билан чегара яқинида қўшин тўплаётгани манзарасида янграмоқда.

10 апрель оқшомида YouTube’да Симферополдан шимоли-шарқда жойлашган Нижнегорская темир йўл бекати томон йўналган эшелон видеотасвири эълон қилинган эди. Ташилаётган ҳарбий техника десантчи қўшинларга оидлиги айтилмоқда.

7 апрель куни TikTok’да ҳам платформаларда терилган ҳарбий техникалар акс этган видео тарқалган эди. Изоҳларда ушбу лавҳа Псков вилоятида тасвирга олингани ҳақида сўз боради. CIT гуруҳи видео геоманзилини аниқлашга муваффақ бўлган.

“Иккала видеодаги ўрмалама занжирли ҳарбий техника воситаларини қиёслаб, Псковда ҳамда Қримда тасвирга олинганлар айнан бир эшелон эканлигини аниқладик. Псков вилояти ва унга туташ ҳудудларда 76-гвардия десант-ишғол дивизияси жойлашган. Аввалроқ биз дивизияга тегишли техника Қримга жўнатилаётгани ҳақида ёзган эдик. Ўшандан бери Псковдан Симферополга йўл олган вагонлар биздан бошқа суриштирувчилар томонидан ҳам намойиш қилинди”, — дея қайд этади CIT экспертлари.

Ҳарбий машиналар юкланган поездлар сонидан дивизия ҳарбий техникалари ва шахсий таркибининг каттагина қисми Қримга йўлланганини тахмин қилиш мумкин. Бироқ бу Симферополдан шимолда қайд этилган биринчи ҳолатдир.

Аксари машиналарнинг борт рақамлари кўринмайди — устига бўёқ суриб ташланган. Суриштирувчиларнинг фикрича, мазкур ҳолат — ҳарбий техникаларнинг келгусида донбасслик бўлгинчиларга совға қилинишидан кўра, умумий ҳарбий ниқобланиш зарурати билан изоҳланади.

8 апрелда Conflict Intelligence Team гуруҳи ижтимоий тармоқлардаги хабарларни таҳлил қилиб, Россия ҳарбийлари Украина чегараларидан тахминан 250 чақирим ичкарида, Воронеж вилоятидаги дала жамлоғида тўпланишган, деган хулосага келди. 2014-2015 йилларда россиялик ҳарбийлар жамлоғи чегарага анча яқин жойлашганди.

Россия Украина билан чегарадош ҳудудларга қўшин тўплай бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:36 0:00

CIT фото ва видеолавҳаларда акс этган ҳарбий техникаларнинг катта қисми Марказий ҳарбий округга мансублигини аниқлади. Улар юзлаб, минглаб чақирим олисдан ташиб келинмоқда.

CIT суриштирувчилари тахминига кўра, жамлоқ "Погоново" полигонининг шимолий қисмидан ўрин олган — у ердан Украинанинг Луганск ва Харьков вилоятларигача салкам 250 километр келади. Маҳаллий аҳоли ҳарбийларнинг аҳоли уйлари билан ёнма-ён жойлашгани тўғрисида ёзишмоқда.

Бундан ташқари, Воронеж вилоятининг Острогожск шаҳри атрофига (Украина чегараларидан 150 чақирим) ҳам ҳарбийлар кўчириб келтирилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Сўнгги кунларда Россия ўз қўшинларининг кўчирилиши ҳеч кимга хавф солмаслигини айтмоқда. Айни пайтда Украина Донбасс бўлгинчиларига ҳужум қилгудек бўлса, “оқибати ёмон бўлиши”дан огоҳлантирди. Путин администрацияси бошлиғининг ўринбосари (постсовет ҳудуд бўйича куратор) Дмитрий Козак: “Агарда Киев Донбассда жанговар ҳаракатларни бошлаб юборса, бу “Украина интиҳосининг ибтидоси” бўлади”, деб очиқ айтди.

Унинг сўзларига кўра, Москва уруш кўламидан келиб чиқиб, “ўз фуқаролари ҳимояси”га отланишга мажбур бўлади. Донецк ва Луганск вилоятларининг Украина назорат қилмайдиган районларида Россия паспортини олганлар салмоғи аллақачон бир неча юз мингдан ошган. Киев уларнинг Россия фуқаролигига ўтганини тан олмайди.

Журналистлар 2014 йилда 76-сонли дивизиянинг бир неча ҳарбий хизматчиси Донбассда украин ҳарбийларига қарши жангларда ҳалок бўлганини аниқлашган эди. Россия ҳукумати эса, уларнинг ўлганини тан олмаган ёки ҳарбийлари гўёки хизматдан бўшатилганидан сўнг ёхуд “таътил вақтида” ўлганини иддао қилган.

XS
SM
MD
LG