Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:59

Россияда ҳар уч шифокорнинг бири коронавирус статистикасини "камайтириб кўрсатиш"га кўрсатма олган


Россияда расмий рақамларга қаралса, 23 майга қадар 335 882 нафар одам вирусни юқтирган, уларнинг 3 388 нафари нобуд бўлган.
Россияда расмий рақамларга қаралса, 23 майга қадар 335 882 нафар одам вирусни юқтирган, уларнинг 3 388 нафари нобуд бўлган.

Россияда коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаган шифокорларнинг учдан бир қисмидан кўпига пандемия статистикасини манипуляция қилиш, яъни камайтириб кўрсатиш кўрсатмаси берилган. Бу ҳақда шифокорлар орасида ўтказилган сўровдан маълум бўлди.

"Сизга COVID-19 келтириб чиқаргани тасдиқланган пневмония ҳолатларини инфекция ва ўлимлар кўрсаткичларини ўзгартириш имконини берадиган тарзда кодлаш кўрсатмаси берилдими?" саволига сўровда қатнашган шифокорларнинг 35.8 фоизи "ҳа" деб жавоб берган.

Беморнинг ўлими код тизими ёрдамида қайд этилади.

Сўров 1-15 май кунлари 509 нафар респондент орасида ўтказилган.

Кейинги пайтда Россия коронавирус туфайли нобуд бўлганлар сонини озайтириб кўрсатаётгани ҳақида шубҳалар урчимоқда.

Хусусан, Россия расмийлари коронавирус туфайли содир бўлган ўлимларни беморларда олдиндан мавжуд бўлган касалликларга, жумладан, пневмонияга қайд қилишда айбланмоқда.

Сўров русча сўзлашувчи шифокорлар орасида кенг тарқалган смартфон иловаси орқали ўтказилган.

Иловани ишлаб чиққан Medical Informational Decisions ширкати директори доктор Константин Команов рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сўровлар, мақолалар ва бошқа контентдан фойдалана олиши учун шифокорлик фаолиятини олиб бораётганини тасдиқлаши лозимлигини айтди.

Озодлик билан суҳбатда Команов:

- Шу йўсинда фойдаланувчиларимиз тиббиёт мутахассислари эканлигини биламиз, — деди.

Айни дамда Россия коронавирусга чалинганлар сони бўйича жаҳонда иккинчи ўринда.

Мамлакатда, расмий рақамларга қаралса, 23 майга қадар 335 882 нафар одам вирусни юқтирган, уларнинг 3 388 нафари нобуд бўлган.

Расмий маълумотларга ишонмаган россиялик тиббиёт ходимлари касаллик туфайли нобуд бўлган ҳамкасблари рўйхатини туза бошладилар. Рўйхатга бугунга қадар 250 нафар шифокор исми киритилди.

"Медиазона" мустақил нашри ўтказган тергов Россияда шифокорларнинг коронавирусдан ўлиши эҳтимоли бошқа давлатлардаги ҳамкасбларига таққослаганда 16 баробарга кўплигини аниқлади.

Кейинги 20 йил ичида мунозарали ислоҳотлар ортидан Россиядаги шифохоналарнинг деярли ярми ёпилди. Танқидчилар кичик шифохоналарнинг катта шифохоналарга бирлаштирилгани хроник тақчилликлар келтириб чиқарганини, ушбу ҳолат бугунги кунда шифокорлар орасида вирус тез суратда тарқалаётганига сабаб бўлаётганини айтишмоқда.

Шифокорлар орасида ўтказилган сўров натижалари аввалига "Медуза" нашрида эълон қилинди.

Сўровда 39 фоиз шифокор шахсий ҳимоя воситалари етарлича берилмаётганини ёки ўз вақтида берилмаётганини изҳор қилган. Бундан ташқари, 48,5 фоиз респондент шахсий ҳимоя воситаларини қайта ишлатишга мажбур бўлаётганини айтган.

Сўров қатнашчиларнинг 77 фоизи эса ёки COVID-19 вирусини аллақачон юқтирганини, ёки юқтириш хавфи остида эканлигини айтган.

Шунингдек, сўровда қатнашган шифокорларнинг 78 фоизи жисмонан ёки руҳан қаттиқ чарчаганини изҳор қилган; 62,5 фоизи эса белгиланган вақтдан анча кўп ишлаётганини айтган.

Апрель ойида президент Владимир Путин ҳамшираларга ва тез ёрдам машинаси ҳайдовчиларига ҳар ой 25-50 рубль ёрдам пули берилишини ваъда қилди. Коронавирусга чалинган беморларни даволаган шифокорларга эса 80 минг рубль ваъда қилинди.

Аммо Россия бўйлаб тиббиёт ходимлари ваъда қилинган бонуслар тўланмаётганидан шикоят қилмоқда. Айрим шифокорларда ижтимоий тармоқларда Путинга мурожаат қилиб, ваъдасини бажаришга чорлади.

Сўров қатнашувчиларининг 53 фоизи одатий маошларига қўшича пул ажратилмаганини айтишди.

XS
SM
MD
LG