Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 11:00

Болгария жосусликда гумон қилинаётган россиялик дипломатга мамлакатдан чиқиб кетиш учун 24 соат муҳлат берди


Россиянинг Софиядаги элчихонаси

Болгария Ташқи ишлар вазирлиги жосусликда айбланаётган россиялик дипломатга 24 соат ичида мамлакатдан чиқиб кетишни буюрди. Бунга уни 28 октябргача чақириб олиш тўғрисида Москвадан қилинган илтимос бажарилмагани сабаб бўлди.

Вазирлик дастлаб Россиянинг Софиядаги элчихонаси 9 нафар биринчи котибидан бири 28 октябрда Болгариядан чиқиб кетганини эълон қилган эди.

Россия элчихонаси 30 октябрда гумон қилинган рус жосуси персона нон грата – номатлуб шахс деб эълон қилингани ва 24 соат ичида Болгариядан чиқиб кетишига оид хат олганини тасдиқлади. Элчихона ўз ходимининг ушбу муҳлатга риоя қилишини билдирди.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко Москвада мамлакати элчихонаси ходимини Болгариядан чиқариб юборилишига жавоб қайтаришини айтди.

Гумон қилинаётган жосус номини на Болгария ташқи ишлар вазирлиги, на Софиядаги бош прокуратура ва на Россия элчихонаси очиқлади.

Россия элчихонаси ходимига нисбатан суддан олдинги тергов ишлари унинг дипломатлик иммунитети борлиги сабаб 28 октябрда тўхтатилди.

Россиялик гумонланаётган шахс болгариялик юқори лавозимли амалдорлар, жумладан, Болгария, НАТО ва Европа Иттифоқига оид махфий маълумотларга эга бир шахс билан фитнали учрашувлар ўтказган.

Софиядаги бош прокуратурага кўра, россиялик гумонланаётган шахс маълумотларни бир чет мамлакатга узатмоқчи бўлган.

Болгария 2004 йил мартида НАТО га, 2007 йилда эса Европа Иттифоқига аъзо бўлган эди.

Бу Болгариядан Россия элчихонаси ходимининг чиқариб юборилиши 2001 йилдан бери кузатилаётган илк ҳолатдир, дея хабар қилди Болгариянинг Mediapool ахборот агентлиги.

2018 йилда Британияда россиялик собиқ жосусга асабни фалажловчи газ билан ҳужум қилинганидан сўнг Болгария Россия дипломатларини чиқариб юбориш масаласида НАТО ва ЕИдаги иттифоқчиларига қўшилмаган эди.

Болгария сентябрда мамлакат социалистик партиясидан собиқ парламент депутати, айни дамда россияпараст нодавлат ташкилот раҳбари Николай Малиновни Россиянинг иккита ташкилоти фойдасига жосуслик қилиш ва пул ювишда айблаган эди.

Болгария прокуратураси Малинов Софиянинг Ғарб билан Россияга нисбатан сиёсатига таъсир кўрсатиш мақсадида “Икки бошли бургут” жамияти ва Россиянинг стратегик тадқиқотлар институти билан ҳамкорлик қилганини айтмоқда.

София, шунингдек, Россиянинг таъсир кучига эга олигархи Константин Малофеевга ҳам жосуслик можароси билан боғлиқ тарзда ушбу Болқон мамлакатига киришни 10 йилга тақиқлаб қўйганини маълум қилди.

Малофеевга Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлагани учун Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатларга кириш ҳам тақиқланган.

Шарҳларни кўринг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG