Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:10

Поезд проводниги учун "бир миллиардлик сарой". Тармоқни титратган трендлар


Президент Мирзиëевнинг тоғлар орасига яширилган қасри ҳақидаги Озодлик суриштируви тармоқларда фаол муҳокама қилинмоқда - коллаж
Президент Мирзиëевнинг тоғлар орасига яширилган қасри ҳақидаги Озодлик суриштируви тармоқларда фаол муҳокама қилинмоқда - коллаж

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик ўтган ҳафтада тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка тиктокчи блогер Диëра Абдужабборова ҳамроҳлик қилди.

Абдужабборовага кўра¸ тармоқда “Президент саройи"¸ Луизанинг тўтиси ва “Биз билгандик” меми билан танилган Рухсора Машарипованинг ТикТокдаги чиқиши энг кўп муҳокама қилинган.

Озодлик суриштируви Шоввозсойдаги махфий мажмуа Ўзбекистондаги олтита учиш тақиқланган ҳудуддан бири эканини кўрсатди
Озодлик суриштируви Шоввозсойдаги махфий мажмуа Ўзбекистондаги олтита учиш тақиқланган ҳудуддан бири эканини кўрсатди

Мирзиëевнинг тоғлар орасига яширилган қасри ҳақидаги Озодлик суриштируви асосидаги видеолавҳа Фэйсбук ва Ютубда энг кўп томоша қилинган ва шарҳланган видеолардан бўлди. Лавҳа остида изоҳ қолдирган Отабек Жуманиëзов президентнинг ўзи кўп такрорлайдиган адолатига шубҳа қилади:

“Мана сенга халқпарвар адолатли Мирзиёев!!! Ўзини Амир Олимхон деб ўйлаяпти шекилли. Нима ҳаққи бор халқ пулини талашга?”

Ўзбек расмийлари Мирзиёевнинг тоғдаги қароргоҳига оид Озодлик суриштируви юзасидан раддия тарқатгани Фэйсбукда анча муҳокама қилинди. Хабар остида қолдирилган юзлаб изоҳларда раддиянинг ишончсизлиги муҳокама қилинди. Тармоқ юзери Лазиз Рустамов бу раддияга ишонмаслигини ëзди:

“Кааатта савол: шунча пул сарфлабди, неча киши дам олар экан бир ойда, бир йилда. Қанча пул тушар экан. Нега ҳеч жойда рекламаси йўқ. Ким дам олибди. Расмларидан ташласин. Бир кўрайлик. Яна ҳам кааааттта савол. Дам олиш маскани учун 70 метрлик тўғон қуриш бу энг ақлсизликку. 100 йилда ҳам ўзини оқламайдику бу. Алдасаларинг ишонарли қилиб алданглар. Қайси дам олувчининг вертолёти бор эканки, бир эмас, 2 та қўниш майдони қуришган..."

Раддиянинг ишончсизлиги ҳажв ҳам қилинди. Фэйсбук фаоли Раҳимовдан иқтибос:

“Тоғдаги бир миллиардлик "дача" пойиз праводниклари (орфография сақланди-таҳр.)ва уларнинг йиртиқ пайпоқ кийган хотин ҳалажиники экан. Хўп ишандик. Очилбой Раматўп ëшуллини гапига. Лекин бу бўйни ювилмаган провадник дам оладиғон жойнинг устида нега қуш ва самалет учиши тақиқланган. Нима у қовун олибсотар жулдирвоқи провадниклар атом бомбасини кнопкасини яратганми?”

Пост тагига “Учрашув” комедиясида темир йўл проводниги ролини ўйнаган Эргаш Каримов сурати қўйилган.

“Учрашув” комедиясида темир йўл проводниги ролини Эргаш Каримов ижро этган
“Учрашув” комедиясида темир йўл проводниги ролини Эргаш Каримов ижро этган

Мирзиëев қандай уйда яшайди?

Ҳафта давомида Ютуб каналида “Мирзиëев қандай уйда яшайди?” деган лавҳани 4 миллиондан кўпроқ одам томоша қилган. Шу мазмундаги “Сарой” мультфилми ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Мультфилм остида қолдирилган изоҳларда “Президентнинг оëғи ердан узилиб, дабдабага ружу қўйгани” қораланади. Ҳасанов исмли юзер мана бундай изоҳ қолдирган:

“Уйини бузсаям жим ўтирса, иш, пул йўқ деса, шартта қулликка кетса. Газ йўқ деса, дарров йўлини қилиб тезак ёқса. Бундан кейин иштонини ечиб олсаям индамаса. Бундайин оми, қўйдай ювош халқ бер деса, қўшқўллаб топширса. Президент сарой қурмай нима қилади? Бу шаршарадай оқиб келган бойлик увол бўлмасин деган-да”.

"Мирзиëевнинг уйи" тармоқда катта қизиқиш уйғотди
"Мирзиëевнинг уйи" тармоқда катта қизиқиш уйғотди

“Биз билгандик¸ биз кутгандик...”

“Биз билгандик¸ биз кутгандик” дея бошланадиган Шимолий Корея матбуоти услубидаги риторика муаллифи, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори 21 яшар Рухсора Машарипова бир муддат танаффусдан кейин тармоққа қайтди. Машарипованинг ТикТокдаги чиқиши бирданига минглаб одамларни ўзига мафтун қилди.

Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори 21 яшар Рухсора Машарипова
Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори 21 яшар Рухсора Машарипова

Диëра Абдужабборовага кўра, “Алишер Узоқов кетиб, етим қолган тармоқ саҳнаси Машарипова мисолида бағри тўлди”. Машарипова видеода ҳашаматли уйлар қурилган Ўзбекистондаги кўчалар бўйлаб юриб боради ва “Биз кутгандик¸ биз билгандик. Аммо бунақа бўлишини сира кутмагандик”, дея тармоқларда мем ва ўзбек тилида иборага айланган сўзларини такрорлайди. Машарипованинг абадий бахт барқ урган юзидан нимага шаъма қилганини тушуниш қийин. Қолдирилган изоҳларда Машарипова “Додани саройидан даҳшатга тушгани” тахмин қилинади.

Луизанинг тўти билан ўпишгани ëки узоққа кетган Узоқов

Тиктокчи блогер Диëра Абдужабборовага кўра¸ аксар тармоқлар, хусусан ТикТок ҳафта давомида Мирзиëев қурдирган махфий саройни ошкора муҳокама қилишдан қочган:

“Мирзиëев саройи YouTube ва Тwitterda муҳокама бўлди. ТикТок ва Инстаграм кино актёри Луиза Расулованинг тўтиқуш билан ўпишгани видеосини муҳокама қилди”.

ТикТокдаги видеода Луиза тўтиқушни эркалаб “Бобош сени севаман" дегани ортидан тўти Луизага суйкалиб, тумшуғини чўзади. Луиза эса “оҳ, жоним” деб тўтидан бўса олади. Лавҳа остида қолдирилган минглаб изоҳларда “мен ўша тўтини ўрнида бўлсайдим” деган энтикиш бор.

Абдужабборовага кўра¸ киноактёр Алишер Узоқовнинг кино ва саҳнани тарк этиб¸ Ўзбекистондан бутунлай кўчиб кетганини тармоқнинг барча олтита платформаси бирдай муҳокама қилган.

“Актёр Алишер Узоқов кинони бутунлай тарк этиб, Дубайга кўчиб кетганини маълум қилди. У халқаро ИТ компаниясининг ОАВ бўлимида иш бошлайди. Аммо на араб ва на инглиз тилини яхши биладиган Узоқовнинг айнан қайси ширкатда ишлаши номаълум. Унинг муридкалари йиғисидан тармоқ чўкиб кетай демоқда".

XS
SM
MD
LG