Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2020, Тошкент вақти: 08:44

Ўзбекистонда “қўш соҳил булбули” Отажон Худойшукуров таваллуди нишонланмоқда


Отажон Худойшукуров

Ўзбекистон¸ Қорақалпоғистон¸ Татаристон ва Туркманистон халқ артисти¸ марҳум ҳофиз Отажон Худойшукуровнинг 75 йиллиги у туғилган Тўрткўл туманида 5 декабрь куни нишонланди.

Ҳофизнинг таваллуд куни муносабати билан Ўзбекистон Маданият вазирлиги "Она диёр куйчиси" номли республика кўрик-танловини бошлади.

Танловда Отажон Худойшукуров қўшиқларини ижро қилуви хонандалар иштирок этмоқда. Шунингдек, 5 декабрь куни Тўрткўл шахрида Отажон Худойшукуров ижодига бағишланган илмий -амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анджуманда ҳофизнинг издошлари ҳамда Туркманистон ва Татаристондан (РФ) келган қўшиқ мухлислари иштирок этди.

Тўрткўлдаги хофиз уй музейи
Тўрткўлдаги хофиз уй музейи

Анжуман иштирокчиси, Отажон Худойшукуров ҳақида китоб муаллифи¸ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, 82 яшар шоир Эркин Мадрахимов (Ошиқ Эркин) Озодлик билан суҳбатда ҳофиз билан бундан 56 йил олдин танишганини эслаб, бундай деди:.

- Мен 1965 йили Хоразм телевидениясида Отажон Худойшукуров ҳақидаги бир соатлик кўрсатувга муаллифлик қилган эдим. Кўрсатув жонли тарзда олиб борилди. Ўшанда Отажон 21 ëшда эди. Ҳатто баъзи таниқли қўшиқчиларнинг ғайирлиги ҳам келганди. Аммо ўтган давр бу ҳофиз борасидаги юксак умидимизни оқлади¸ Худойшукуров 50 йилгина умр кўрган бўлса ҳам ҳурмат ва эътирофдан бебаҳра қолмади. У ҳали 9 ëшида эканида республика миқëсидаги қўшиқ танлови ғолиби бўлди. 23 ëшида Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонига эга бўлди. Кейинчалик у Ўзбекистон¸ Туркманистон¸ Қорақалпоғистон ва Татаристон халқ артисти унвонлари соҳиби бўлди. Ҳамза номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрилди.

Эркин Мадраҳимов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:44 0:00
Бевосита линк


"У киши мен учун севимли ота эди"

Озодлик мухбири Отажон Худойшукурованинг 38 яшар қизи Индира Худойшукурова билан суҳбатлашди. Инглиз тили муаллимаси бўлиб ишлайдиган Индира Озодликка оила альбомида сақланаëтган нодир суратларни тақдим қилди:

- Мен Отажон Худойшукуровнинг қизи эканимдан ғурурланаман. Отам доимий банд бўлишига қарамай, мен билан ўйнашга¸ суҳбатлашишга вақт топар эди. Отажон Худойшукуров барча учун улуғ ҳофиз бўлса, мен учун ота эди. Отам¸ отажоним. Мен ëшлигимда унинг машҳурлиги ва эл таниганини унча билмасдим. У мен доим соғиниб кутадиган отам эди. У мени велосипед ҳайдашга ўргатганини эслайман. У ҳатто мен билан футбол ҳам ўйнар эди. Шунақа меҳрибон ота сифатида хотирамда мухрланган. Уни бошқалардан қизғанардим. Уни ҳамма яхши кўрар эди. Уйимиздан меҳмон аримас эди. Бугун шунча йил ўтиб кўчада мени кўриб қолган одамлар менга қараб сен Индира Худойшукуровасан. Эсингдами, мен сизларнинг уйда меҳмон бўлувдим, дейди. Отамни “Аму тўлқини” деган ансамбль раҳбари бўлган пайтларини яхши эслайман.

Хофиз¸ рафиқаси ва унинг қизи Индира (Илк бора эълон қилинмоқда)
Хофиз¸ рафиқаси ва унинг қизи Индира (Илк бора эълон қилинмоқда)

Опера шиддати бор ҳофиз

"Агар Отажон Худойшукуров Италияда туғилганида эди¸ Паваротти каби опера ҳофизи бўлган бўлар эди"¸ деган фикрни айтган эди Озодлик мухбири билан суҳбатларнинг бирида хоразмлик рассом ва опера санъати билимдони Икром Қаландаров.

"Отажон Худойшукуров менинг яқин дўстим эди" деб гап бошлади шоир Омон Матжон - Шахсан биз иккимиз жуда яқин дўст эдик. У Тошкентга келса¸ мен у ëққа борсам тўхтовсиз кўришиб турар эдик.

Бундай фикрни марҳум шоир Абдулла Орипов ҳам Озодлик мухбири билан суҳбатда таъкидлаган эди.

- Отажон Худойшукуров билан дўст эдик. Менинг шеърларимни қўшиқ қилиб куйлар эди. Биринчи мухаббатимни Отажон Худойшукуров ижро қилгани менга жуда ëқади. У уйга келиб¸ менга ижро қилиб берган эди. У опера йўлига солиб айтган. У ҳам жуда оригинал айтган¸ - деган эди 2009 йили Озодлик билан суҳбатда Орипов.

Омон Матжон эса, Озодлик билан суҳбатда уни опера санъаткори бўлишга ундаганини эслайди:

- Мен Отажоннинг ўзига “Сен Навоий театрига келиб ишлаб кўрмайсанми? Овозинг операга жуда ҳам тушади” деб айтганман. У менга “Э Омон ака, опера санъати бу жуда мураккаб. Бизларнинг ўзимизнинг йўлимиз бор. Халқ берган¸ устозларимиз дуо қилган. Шу йўлдан бораверайлик. Эътиборингиз учун раҳмат” деб қўйган.

Учинчи дарë

Омон Матжон ўз дўсти Отажон Худойшукуровга бағишлаб шеър ҳам ëзди.

“Учинчи дарë” деган бу шеърни Отажон Худойшукуров қўшиқ қилиб ҳам айтган эди¸ деб эслайди Омон Матжон.

- Агар эшитган бўлсангиз¸ мен унга “Учинчи дарë” деган шеърни бағишлаганман. Агар хоҳласангиз¸ ўқиб бераман.

Гоҳи мен Сирдарë сайрига борсам¸

Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу¸

Гўë шу яқин жойдан оқиб ëтгандай¸

Сирдарëдан кўра каттароқ бир сув.

Шу ҳолга тушаман Хоразмда ҳам¸

Буюк Амударë бўйида туриб¸

Гўë Жайҳундан ҳам баҳайбат наҳр¸

Яқингина жойдан оқар ўкириб.

Бу нима¸ кўринмас қандай оқим бу¸

Ерданми кўкданми келар бу садо¸

Наҳот тупроғимда кўзга ташланмай¸

Оқиб ëтган бўлса учинчи дарë.

Билмадим мени кўп таъқиб этади¸

Шу сирли акс-садо¸ шу илоҳий ун¸

Жуда юксак бўлар руҳим шу кезлар¸

Вужудим ва менга жудаям яқин.

- Раҳматли Отажон бу шеърни жуда яхши кўрарди. Уйга кўп келиб-кетар эди, шуни ўқиб беринг¸ деяверар эди. Яхши дўст эдик. Овози энди қудратли овоз¸ - дейди Омон Матжон.

Сўнгги концерт

Отажон Худойшукуров 1944 йилнинг 4 октябрида Тўрткўл шаҳрида туғилди; 1994 йилнинг 22 декабрида оламдан ўтди. Худойшукоровнинг сўнгги кунларида у билан бирга бўлган журналист Рўзимбой Хасан Озодлик билан суҳбатда шу пайтгача кам одам биладиган тафсилотларни айтиб берди:

- Юраги хаста Отажон Худойшукуров ўлимига саноқли кунлар қолганида¸ ўзининг сўнгги қўшиғини айтди. Маҳаллий журналист Ҳусайн Раҳмон ҳовлисида айтилди бу қўшиқ.

Ўлмасларидан 16 кун олдин қўшиқ айтганларига гувоҳ бўлдик. Бу охирги касал бўлган уч йилда сўнгги қўшиқ айтиши эди. Ҳусайн Раҳмон неварасига суннат тўй қилганида Отажон ака келди. Қўлидан ушлаб олиб келдилар. Ўшанда Отажон ака “Агар мен тирик бўлсам¸ шу неварангни уйлантирганингда мен қўшиқ айтаман” деган экан.

Одам кўп эди. "Тўйлар муборак"дан бошлади. “Ўртанаман¸ ëнаман” деган ашуласи бор. Бу қўшиқ у кишининг аҳволига мос тушди. Хаста бўлган бўлса ҳам овози ўзгармаган экан. Ҳамма одамлар йиғлади. Ҳусайн Раҳмон “Врачлар таъқиқлаган бўлса ҳам шунча йил айтмай юриб¸ бугун айтди¸ ваъдасида турди” деб эртасига садақа берди. Вафотидан икки ҳафта олдин эди. Овози ўзгармаган экан. Жонли ижро қилди. Мусиқасини ëнида шогирдлари чалиб туришди. Мен ўша пайтда газетага “Дарë яна тошди” деб ëзиб чиқдим. Чунки Отажон ака уч йил деганда ашула айтди. Ўлгунча овозини йўқотмадилар. Жисмонан мажруҳ бўлсалар ҳам овози шундай қолди.

Ҳофизнинг тори кимга мерос қолди?

Ўзбекистондаги бир неча ҳофиз Отажон Худойшукуров ўз торини менга қолдириб кетган¸ деган ривоятни гапириб юради. Хўш¸ Отажоннинг тори кимга насиб қилди? Бу саволга Отажон Худойшукуров ҳаëти ҳақидаги китоб муаллифи Эркин Мадраҳимов жавоб берди:

- Отажон Худойшукуровнинг тори унинг Тўрткўлдаги уй музейида осилиб турибди. У ҳеч кимга торини бермаган. Отажоннинг тори фалончида экан деган гаплар шунчаки афсона. Отажоннинг торини чала оладиган санъаткор шу кунда йўқ. Лекин қўлидан келган қадар Худойшукуров асос солган йўлдан бориб эл ардоғига тушганлар бор. Мана ака-ука Эшжоновлар халқ артисти бўлди.

Отажон Худойшукуровнинг 1980 йилда берган концерти
Отажон Худойшукуровнинг 1980 йилда берган концерти

Отажон Худойшукуров бу дунëда 50 йил умр кўрди. Бу 50 йилнинг 40 йилида қўшиқ куйлади.

Бир пайтлар магнит ленталарига муҳрланган овоз бугун глобал Интернет тўридаги порталлар воситасида дунëнинг турли бурчагидаги Отажон ака мухлисларига етиб бормоқда.

Ҳофизнинг таваллуд куни муносабати билан Ўзбекистон Маданият вазирлиги ўтказаётган "Она диёр куйчиси" номли республика кўрик- танлови йил охиригача давом этади.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG