Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 22:57

Кремль Googleни россияликларни намойишга чиқишга чақиришда айбламоқда


10 август куни Москвада бўлиб ўтган норозилик митинги иштирокчилари.

Россия расмийлари қароргоҳи Калифорнияда жойлашган Google ширкатини Москва шаҳри аҳолисини норозилик намойишларига чиқишга чорлашда айбламоқда.

Роскомнадзор 11 август куни эълон қилган баёнотда Googleга тегишли YouTube платформасини "москваликларнинг намойишга чиқишдаги роли" учун танқид қилди.

10 август куни Россияда сўнгги 8 йилдаги энг йирик намойишлар бўлиб ўтди.

Роскомнадзор Googleга юборган мактубида ширкатдан бу каби “ноқонуний оммавий ҳодисаларни“ реклама қилишни бас қилишни сўради.

Баёнотда “Биздаги маълумотларга кўра, YouTube каналига эга бир неча тараф рухсат берилмаган оммавий ҳодисалар, жумладан, ҳудудий ва федерал сайловларни издан чиқариш мақсадини кўзловчи ҳодисалар ҳақида маълумот тарқатиш мақсадида эълон инструментларини харид қилган“, дейилади.

Кремль ҳужумидан бир неча кун олдин АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Америка сайловларида ён босиш масаласи бўйича Google ширкатини яқиндан кузатаётганини айтган эди.

Москва, шунингдек, АҚШ ҳукуматини ҳамда Германиянинг Deutsche Welle (DW) давлат нашрини россияликларни ҳар ҳафта ўтказилаётган намойишларга чиқишга чорлашда айблади.

9 август куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги юқори лавозимли АҚШ дипломатини чақиртириб, Америка элчихонаси 3 август куни ўтказилган намойиш маршрутини ўз сайтида эълон қилгани учун эътироз билдирди.

Ундан бир кун олдин эса, Германия элчиси Россия расмийси Deutsche Welle яна россияликларни намойишга чиқишга чорласа, Россия қонунчилиги бўйича жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирганини айтди.

АҚШ Кремль айбловларини асоссиз, дея рад этди.

10 август куни 60 мингга яқин одам Москва ва яна камида беш шаҳарда мустақил номзодлар рўйхатга олинишини талаб қилиб, норозилик акциясига чиқди. 10 август кунги намойишлар 2011 йилдан бери Россияда ўтказилган энг йирик аксилҳукумат акцияси, деб эътироф этилмоқда.

“ОВД-Инфо” мустақил нашри берган маълумотларга кўра, 10 август куни тунга қадар умумий ҳисобда 350 дан ошиқ намойишчи қўлга олинган.

Норозилик намойишларига Россия расмийлари Москва шаҳар думаси сайлови олдидан мустақил номзодларни рўйхатга олишдан бош тортаётгани сабаб бўлмоқда.

45 ўринли Москва шаҳри думаси шаҳар бюджети учун масъул бўлиб, унда энг кўп ўринни Кремлпараст “Единая Россия” партияси эгаллаган. Навбатдаги сайлов 8 сентябрга белгиланган.

Бундан аввал Россия полицияси 27 июль ҳамда 3 август кунлари ўтказилган намойишларда иштирок этган 2300 дан ошиқ одамни қўлга олди. Уларнинг кўпчилигига қарши полиция ошиқча куч ишлатгани кескин қораланди.

Таниқли блогерлар полиция ва расмийларнинг бу ҳаракатларини қоралаб, москваликларни намойишга чиқишга чорлади. Улар орасида 5 миллион обуначига эга YouTube юлдузи Дудь, 1.3 миллион обуначига эга рэпер Oxxxymiron ҳамда 2.5 миллион обуначига эга қизиқчи Данила Поперечнийлар бор.

Кремлни ҳамда ҳукуматни қўлловчи тадбиркорлар Россиядаги энг таниқли телеканал ва газеталарни бошқаради. Шу сабаб норозилик намойишларини рус нашрлари деярли ёритмади.

Аммо Google ва Twitter каби ижтимоий тармоқлар Кремль учун бошоғриқ бўлиб келади, чунки улардан фуқаролар ҳукумат элагидан ўтмаган маълумотни ола оладилар.

Россия кўп ҳолатларда бирор исбот-далилсиз АҚШ ҳамда бошқа хориж давлатларини Россиядаги норозилик акцияларига алоқадорликда айблайди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG