Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:28

Мирзиёевнинг “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси фермерлар норозилигига учради


Ўзбекистонда экин ерларининг 10 фоизини ишсиз ёшларга ажратиб бериш ҳақидаги президент қарори фермерлар норозилигига учрамоқда.

Жойларда ҳокимлар “Ҳар бир ёшга бир гектар” дастурини амалга ошириш учун кучишлатар тизимлар босимларини қўллаб, фермерларни ишсиз ёшларга бир гектардан ер ажратишга мажбурлаётгани ҳақида Озодликка хабарлар келмоқда.

Озодлик суҳбатлашган айрим фермерлар ишсизларга ўз ҳисобидан ер бериш зарарига бўлаётганини айтишади.

“Ер солиғи бизни бўйнимизда қоляпти. Ерни ҳар бир қаричини ҳисоблаб иш қиламиз. Ҳозир ҳокимиятдан келиб ҳар ўн гектар ерни бир гектарини ёшларга берасан, деяпти. Фойдаси уники, бир тийин тўламайди, ҳаражати бизни ҳисобдан. Кимга ёқади бу”, - дейди Самарқанднинг Қўшработ туманидан бўлган фермер.

Исми очиқланишини истамаган Наманганнинг Уйчи туманидан бўлган фермер эса кучишлатар тизимлари босими остида ишсиз ёшларга ер ажратишга мажбурланганини айтади.

“Ҳокимликдан, прокуратурасидан келиб мажлис ўтказишди. Туманда уч юздан зиёд ишсиз бор, шуларга бир гектардан ер бериш керак дейишди. Мажбур бўлдик, давлатни топшириғи, кўнмасак умуман еримизни олиб қўйиши мумкин ”, - дейди фермер.

Аммо ҳокимлик расмийлари ишсиз ёшларга ер ажратиш фермерларни мажбурлаш эвазига бўлаётганини рад этди.

“Ҳеч қанақа мажбурлаш бўлаётгани йўқ”

Наманган вилояти ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги масалаларига масъул расмийси ёшларга ерлар ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб ажратилаётганини айтди.

“Ҳеч қанақа мажбурлаш бўлаётгани йўқ. Ҳар бир хўжаликни, ҳудудни имкониятидан келиб чиқиб ажратиляпти. Шу ишсиз ёшлар келиб ерда ишласа уларга ҳам фойда, қайтанга раҳмат айтишяпти”, - деди исми очиқланмаслигини сўраган мулозим Озодлик билан 5 март куни бўлган суҳбатда.

Самарқанднинг Қўшработ туманида эса ишсиз ёшларга ажратилган ерларнинг қайтариб олингани норозиликка сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг Озодликка айтишича, туманнинг Қийим маҳалласида 24 февраль куни туман ҳокимлиги заҳирасидаги 22 гектар ер ишсиз ёшларга ажратилган эди.

Бир ҳафта ўтиб, ҳокимлик ерларни қайтариб олган.

Шунча одам ишсизми? Хоразмда "Артел"га ишга кириш учун минглаб одам тўпланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:57 0:00

“Ҳали иш бошланмай туриб, ерни қайтариб олишди. Булар об-ҳаво ёмон бўлишига қарамай, ишсизларга ер ажратганди 40 сотихдан. Газеталарга чиқаришди, шунча ер бердик, деб. Бир ҳафта ўтиб қайтариб олишди. Ахир, бу президентимиз сиёсатига қаршику”, - дейди исми очиқланмаслигини истаган самарқандлик йигит.

Ерлар нега берилдию нега олиб қўйилди? Озодлик бу борада ҳозирча Қўшработ тумани ҳокимлигидан изоҳ оллгани йўқ.

“Бизга зиён энди, лекин деҳқончилик”

Андижон вилоятининг Улуғнор туманидаги “Собитхон ота” фермер хўжалиги раҳбари Элёрбек Ҳакимов ҳам тўртта ишсизга ўз хўжалигидан ер ажратганини айтади.

“Бермасликнинг иложи йўқ. Маҳалладошларимиз ишсиз юрибди. Бизга зиён энди, лекин деҳқончилик Худо ризқимизни бераверади. Ҳозир кўряпсизку, ёшларга бирор жойга, Россия ёки Қозоғистонга чиқиш имкони бўлмай қолди. Картошка экса ҳам даромад қилса бўлади. Агар шу билан иш билан таъминланса, яхши бу. Мана, биз ҳам ер бердик, макка экяпти, картошка экяпти. Ўзлари қараб ўзлари экяпти. Фойдаси ўзларига. Дорисини ҳам ўзлари олади, ўзлари қарайди. Меҳнат қиладиган одам бўлса ўртача икки марта ҳосил олса бўлади. Бир мавсумда ўртача 5 милллион сўм фойда кўрса бўлади”, - дейди андижонлик фермер.

Ҳукуматнинг жорий йил январида ўтган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги учун ер ажратиш орқали ёшлар орасидаги ишсизлик муаммосини ечишни таклиф қилган эди.

Президент Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб қилиш, ҳар 10 гектар экиладиган ернинг 1 гектарини ёшларга ажратиш ҳақида топшириқ берди.

“Ҳар бир фермер 2 гектардан ерини ярим гектардан қилиб, 4 нафар ёшларга бўлиб берсин. Улар бу ерга истаган экинини эксин, ҳеч ким аралашмайди”, — деган эди президент.

“Ер бериш орқали ёшлар бандлигига эришиш мумкин, лекин…”

Мирзиёев ўз чиқишида ўтган йили фермерлик учун ер олиш бўйича мурожаат қилган 14 минг ёшдан атиги 3000 нафарига ер участкаси берилганини ҳам айтиб ўтганди.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими, айни дамда Қозоғистондаги Евросиё университети доценти Сапарбай Жубаев ишсизларга ер бериш орқали ёшлар бандлигига эришиш мумкинлигини айтади.

“Буни олдиндан қилиш керак эди. Қозоғистонда, масалан шимолий ҳудудларга кўчиб бораман, деган ёшларга ер, мол, техника, иш беришяпти. Бунга қўшимча рағбат пуллари ҳам беришяпти. Аммо фермер хўжаликлари зиёнига бўлмаслиги керак бу. Масалан, Хитойда 60-йилларда ҳамма металл ишлаб чиқара бошлаган, Мао Цзедуннинг иш билан таминлаш ташаббуси эди бу, оқибатда бу металлургияни барбод қилган”, - дейди Жубаев.

Ўзбекистоннинг 35 миллионли аҳолисидан 20 миллион киши меҳнатга лаёқатли ёшда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, ишга лаёқатли ўзбекистонликларнинг 5-6 миллиони хорижий давлатларда доимий ёки мавсумий меҳнат билан банд. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг ўтган йил октябрь ойида эълон қилган сўнгги ҳисоботида эса мамлакатда ишсизлик даражаси 13 фоизни ташкил этгани айтилади.

Аввалроқ "Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор" дастури доирасида хусусий ширкатлар ишсиз ёшларни иш билан таъминлашга мажбурланаётгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG