Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:41

МИБ ходимларини ёқиб юборишга уринган самарқандлик аёл қамоққа олинди


Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бузилиши режалаштирилган уй фонида Дилором Розиқова билан суҳбатлашмоқда. 2019, октябрь.
Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бузилиши режалаштирилган уй фонида Дилором Розиқова билан суҳбатлашмоқда. 2019, октябрь.

Самарқандда уйидан мажбурий чиқариш тўғрисидаги суд қарорини ижро этиш учун 21 январда келган МИБ ходимларини ёқиб юборишга уринган Дилором Розиқовага нисбатан тергов жараёни якунлангунига қадар қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Адвокатнинг 28 январь куни Озодликка айтишича, 23 январда суд ўз қарорини чиқаришда Розиқованинг балоғатга етмаган болани тарбиялаётган ёлғиз она эканини эътиборга олмаган.

Дилором Розиқова билан боғлиқ вазият маҳаллий матбуотда ҳам кенг ёритилган ва ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.

Адвокат: "Суд инсонпарварлик тамойилларини эътиборга олмади"

Дилором Розиқованинг исмини айтилмаслигини илтимос қилган адвокати Озодлик радиосига ўз ҳимоясидаги Дилором Розиқова айни пайтда Каттақўрғон шаҳар 7-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётганини билдирди.

Адвокат Розиқовани эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш тўғрисида Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари Ҳакимовнинг илтимосномасига асосан Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Раҳмонов 23 январь куни қарор чиқарганини айтди:

“Дилором Розиқовага нисбабатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисмига асосан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан айблов қўйилди. Аммо суд унинг ёлғиз она эканини ва 14 ёшли боланинг ёлғиз қаровчиси эканини ҳисобга олиши керак эди. Масалан, уй қамоғи билан чекланса ҳам бўлар эди”.

Адвокатга кўра, ҳозирда Розиқованинг 14 ёшли ўғлини унинг синглиси ўз қарамоғига олган.

Адвокат тергов жараёнида Дилором Розиқовани гаров пули ёки хотин-қизлар қўмитасининг кафолати билан қамоқдан чиқариш бўйича судга мурожаат тайёрлаётганини билдирди.

Розиқованинг қўшниларидан бири суд ҳукмини “адолатсиз қарор” деб атади:

“Масалан, бюджетнинг 7 миллиард сўмдан ортиқ пулини талон-торож қилишда иштирок этганликда айбланиб судланаётган Самарқанд вилоят Бош архитектори Бобир Элмурадовни на тергов, на суд пайтида қамоққа олишди. У бемалол очиқда юрибди. Ўз ҳақини талаб қилиб, охир-оқибат иложи қолмаганидан сўнг бу ишга қўл урган аёлни эса, ёш боласи борлигига қарамай қамаб қўйишди. Шу ҳам адолатданми?!”

Ўзи нима бўлган эди?

Самарқанд шаҳри, “Тинчлик” маҳалласидаги икки қаватли домда яшовчи фуқаро Дилором Розиқова 2017 йилдан бери ўз уйининг бузилишига қарши чиқиб келаётган эди.

Розиқовага кўра, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2017 йилда “Тинчлик” маҳалласидаги тўртта икки қаватли уйни бузиш тўғрисидаги қарори ноқонуний бўлган. Розиқова бузиладиган хонадони ўрнига унга муносиб турар-жой берилмаётганини иддао қилган.

Аммо 21 январь куни МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М.Бекмуҳаммедов 12 нафар давлат ижрочиси ёрдамида Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан жавобгар Дилором Розиқовани хонадонидан мажбурий чиқариш учун борган. Розиқова МИБ ходимларига ёнаётган сочиқ отган ва елим идишда бензин олиб чиқиб ҳар томонга, жумладан, ёнаётган сочиққа ҳам сепган.

“Мазкур ҳолатда бирор-бир МИБ ходими ёки фуқаролар тан жароҳати олмаган. Турли жойлардаги ёнғин ўчоқлари ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан бартараф этилган. Самарқанд шаҳри прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида жиноят иши очган”, деб ёзган эди 22 январь куни маҳаллий матбуот.

Қўшнилар ва Розиқова

Айни пайтда Дилором Розиқованинг қўшнилари уни эски уйлар ўрнига янги уйларни қурмоқчи бўлган қурилиш ширкатини “шантаж қилаётганликда” айблаб келадилар. Уларга кўра, Розиқова қурилиш ширкатидан белгиланганидан кўпроқ пул ва уй ундириш учун шундай йўл тутмоқда.

“Бузиладиган уйда 18 хонадон яшар эди. 14 хонадон қурилиш ширкати берган вақтинча уйларга кўчиб ўтди. Қурилиш ширкати авария ҳолатига келиб қолган уйимизнинг ўрнида янги уйни қуриб битказиб, бизга ҳам аввалги хонадонларимиздан кенгроқ ва каттароқ бўлган хонадонларни беришга рози бўлган. Шартномаларни имзолаганмиз, аммо Розиқова ва яна бир неча одам бу гапларга ишонмасликларини, уйларнинг бузилиши ноқонуний эканини айтиб, икки йилдан бери бизларнинг янги уйларга кўчиб ўтишимизга тўсқинлик қилмоқда”, қўшнилардан бири.

Самарқанд вилоят ҳокими ҳам жанжалга аралашди

Самарқанд вилоят ҳокимияти матбуот хизмати 2019 йилнинг 29 декабрида “Тинчлик” кўчасидаги бузиладиган уйлар билан боғлиқ жанжалли вазият вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов даражасигача етиб борганини маълум қилган эди.

Ҳокимият матбуот хизмати эълон қилган видеолавҳада Розиқованинг ўндан ортиқ қўшниси вилоят ҳокимининг сайёр қабулига келгани ва Розиқова билан муаммони тезроқ ҳал этиб беришини илтимос қилгани акс этган.

Ушбу видеода Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўз ихтиёри билан кўчиб ўтишга рози бўлмай келган Розиқова ва бошқалар юзасидан қурувчи ташкилот томонидан таклиф қилинган уйни ўзи шахсан кўзи билан кўришини ва ҳокимга ёққан тақдирда маҳалла оқсоқолларини чақириб ўша уйга норози фуқароларни кўчиришини билдирган. Ўшанда ҳоким:

«Бир ярим йилдан бери бу нарса тўхтаб қолган. Уйлар вайрон ҳолатда, одамлар кўчиб кетган. Битта сизни деб мана шу ерда тўхтаб тура олмаймиз. Шу нуқтаи назардан уч кун мухлат ичида ўзиз самостоятельно кўчиб ўтсангиз ўтасиз, бўлмаса мана бугун сайёр суд бўлади. Бизлар ҳамма ҳужжатларни судга берганмиз, суддан илтимос қилганмиз» деб айтган.

Орадан тўққиз ой ўтиб вилоят ҳокимининг айтган сўзлари амалга ошади ва опа-сингил Розиқованинг кўрсатилган уйга мажбурий кўчирилиши бўйича Олий Суд Хайъатининг ажрими эълон қилинади.

Суд ажрими МИБ Самарқанд шаҳар бўлими томонидан фуқароларга қонунда кўрсатилган 15 кунлик суд қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати берилмасдан мажбурий амалга оширилади.

МИБдан норози бўлганлар анчагина

Ўзбекистонда МИБ ходимларидан норози бўлиб, турли ҳаракатларни содир этган одамлар тўғрисида Озодликка тез-тез хабарлар келиб туради.

Масалан, Дилором Розиқова МИБ ходимларини ёқмоқчи бўлган 21 январь куни Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи 31 яшар Хушнуд Ғойибназаров уйини мусодара қилишга келган Мажбурий ижро бюроси ходимлари олдида устига бензин қуйиб, ўзини ëқиб юборди. 25 январь куни Хушнуд Ғойибназаров шифохонада вафот этди.

2018 йилнинг ноябрь ойида эса Самарқандда электр ҳақини ундириш учун келган МИБ ходимларига болта билан ҳужум қилган хонадон эгаси қамоққа олиниб, уч йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Мажбурий ижро бюроси маълумотига кўра, ўтган йилнинг ўзида МИБ ходимларига қаршилик кўрсатилгани билан боғлиқ 132та ҳолат қайд этилган.

Бюро ташкил этилган 2017 йилдан буён эса фуқароларнинг қаршилик кўрсатиши туфайли 4 нафар МИБ ходим ўз вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган. 200 дан ортиқ ходимларга турли даражада тан жароҳати етказилган.

XS
SM
MD
LG