Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 04:32

Оёғини аппарат чайнаб кетган ўзбек мигранти протезга маблағ йиғмоқда (ФОТО)


Ленинград областидаги пластикни қайта ишлаш цехларидан бирида оёғидан айрилган 38 ёшли чустлик Ғуломжон Пўлатов оёқ протезига пул йиғмоқда.

Цехда ишга рухсатномасиз ишлаб келгани боис, иш берувчиси мигрант ишчига моддий ёрдам кўрсатишдан бош тортмоқда.

Петербургдаги Ўзбекистон консуллиги Ғуломжон Пўлатов ишини ўз назоратига олди.

24 август куни Россиянинг Ленинград область, Колпино шаҳри яқинида жойлашган “ПластЭкоСервис” МЧЖсининг пластикни қайта ишлаш цехида ишлаб келган 38 яшар ўзбекистонлик муҳожир Ғуломжон Пўлатовнинг оёғини пластик майдаловчи аппарат чайнаб кетган эди.

Ўзбекистоннинг Чуст туманидан бўлган мигрантни ўз ҳимоясига "Migration78SPb" Миграция-адаптация маркази раҳбари Илгиза Яхшибоева олган.

Ғуломжон Пўлатов Колпино шифохонасида
Ғуломжон Пўлатов Колпино шифохонасида

Илгизанинг Озодликка айтишича, Ғуломжон Пўлатов тиқилиб қолган пластик хом-ашёни оёғи билан итармоқчи бўлганида аппарат ишлаб кетган ва оёғини тортиб кетган:

- Ғуломжон Пўлатов 2008 йилда Россияга келган ва охирги пайтларда ноқонуний ишлаган. Май ойида патенти муддати тугаганига қарамай, у ноқонуний ишга кирган ва 24 август куни соат 11 ларда оёқларини дробилка чайнаворган. Оёқларига латта боғлаб, иш берувчи “Тез ёрдам” чақирмасдан, кундузги 2-3ларда касалхонага олиб келган.

Вазиятни ўрганган Яхшибоевага кўра, Ғуломжоннинг бу цехда ноқонуний ишлаб келгани ҳеч қандай ҳужжатларда акс этмаслигини истаган “ПластЭкоСервис” директори, қолган ишчиларга “Тез ёрдам” машинасини чақиришни тақиқлаб қўйган.

Мигрантлар ҳимоячиси меҳнат хавфсизлигига риоя қилинмаган цехнинг бу аппаратларида малакасиз ўзбекистонлик ишчилар жалб қилингани барча қонун ва тартибларга хилоф эканини билдирди:

- Иш берувчи Пўлатов цехда жароҳат олганини энди тан олмаяпти. Катта жаримадан ташқари, бизнинг ҳаракатларимиз туфайли, жиноят иши очилди. Ташкилот эгалари чет элда яшаркан. Икки маротаба полиция ходими келиб, “Мен оёғимни ўзим йўқотдим, бу бахтсиз ҳодиса”, деб ариза ёздириб кетган экан – биз бошқаттан ариза топширтирдик!

Аниқланишича, Колпино шаҳрида жойлашган “ПластЭкоСервис” ширкати картон, пластик, резина ва целлюлоза ва бошқа маҳсулотларни қайта ишлаш билан шуғулланиб келади. Бу ширкатда Ғуломжондан ташқари ноқонуний тарзда яна бир қанча ўзбек ва тожик ишчилари ҳам ишлагани маълум бўлди.

Колпинодаги “ПластЭкоСервис” ширкати цехи
Колпинодаги “ПластЭкоСервис” ширкати цехи

Озодлик билан телефонда гаплашган завод директори Пётр Драгун ўзбекистонлик Пўлатовни танимаслигини айтиб:

- Йўқ, бизда ўзбекистонликлар умуман ишламайди, - дея трубкани ташлади.

Илгиза Яхшибоева кийим-кечаксиз, телефонсиз, пулсиз ночор аҳволда Колпино шаҳар шифохонасида ётган оёқсиз ўзбекистонлик йигит ҳақида ўз танишларидан эшитиб борганини айтди.

У тушкун ҳолатда бўлган Ғуломжон Пўлатов ишига Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консуллиги ва Меҳнат миграцияси агентлиги вакилларини жалб қилганини айтиб, деди:

- Бу йигитнинг ҳолатини кўрган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакили Зоҳид ака тутаб кетдилар! Кейин полиция, Меҳнат инспекцияси, Петербург миллатлараро қўмитасига консул Равшан ака шахсан мурожаат қилди. Консулликда Пўлатов масаласида махсус йиғилиш ҳам бўлди кеча. Уни болнисадан чиқариб, Ўзбекистонга юборишга кўмаклашишмоқчи.

Ўзбекистон консуллиги вакиллари Ғ.Пўлатов олдида
Ўзбекистон консуллиги вакиллари Ғ.Пўлатов олдида

Илгиза шу кунларда оёғига қўйилган чоклар ечилиб кетгани боис чустлик муҳожир яна бирмунча вақт Колпинонинг 33-шифохонасида қолишини ҳам қўшимча қилди. Миграция маркази раҳбари шифохонадан чиқарилиши керак бўлган чустлик мигрантга вақтинчалик яшаб туришга жой ҳам зарурлигини билдирди.

Мигрант ҳимоячисининг айтишича, Ғуломжон Пўлатовнинг қарамоғида Чустда аёли, учта вояга етмаган фарзанди ва ёши кекса отаси қолган. Илгиза Яхшибоева ижтимоий тармоқлар орқали ногирон бўлиб қолган ўзбекистонлик муҳожир оёғига қўйилиши керак бўлган протезга маблағ зарурлигини ҳам маълум қилди:

- Оёқ йўқотиб, у бироз руҳий тушкунликка тушди, бироқ умумий аҳволи яхши. Ким нима ёрдам бера олса – карта номерлари бор. Унинг ҳатто кундалик эҳтиёж буюмлари йўқ. Биз протезга пул йиғишга ҳаракат қиляпмиз. Бўлимнинг бош шифокори билан гаплашган эдик – протез 250 минг рубль (~3800 АҚШ долл.-таҳр) турар экан. Уни 3 ойдан сўнг қўйиш мумкин. Унгача у яшаши, даволаниши ва бола-чақасини боқиб туриши керак, оёққа турволгунча,

Чуст туманида 1981 йилда туғилган ва ҳозирда Колпинонинг 33- шифохонаси Травматология ва ортопедия бўлимида қолаётган Ғулом Усмонович Пўлатовга кўмак бериш истагида бўлганлар жабрланган йигитнинг “Гулом Усмонович П.” номига берилган 5469 5500 5429 0769 рақамли шахсий картасига маблағ ўтказишлари мумкин.

Шунингдек, устки кийимда ишхонадан келтирилган Ғуломжонга кийим-кечак, дори-дармон ё озиқ-овқат етказмоқчи бўлганлар Илгиза Яхшибоеванинг +7-921-588-00-83 рақамли телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG