Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:54

ФСБ яна тўққиз муҳожирни "ҳизбчи"ликда гумонлаб, қўлга олди (ВИДЕО)


Россияда "ҳизбчи"ликда айбланаётганларнинг аксари мигрантлар ва қрим татарларидир
Россияда "ҳизбчи"ликда айбланаётганларнинг аксари мигрантлар ва қрим татарларидир

Москва ва Челябинскда террорчиликда гумон қилинаётган 9 меҳнат муҳожири ҳибсга олинди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) расмий хабарида бу шахслар “Ҳизб ут-Таҳрири Исломия” ташкилотига алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олингани айтилмоқда.

Қўлга олинган Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия фуқаролари эканлиги хабар қилинди. Улар орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлигини аниқлашнинг ҳозирча иложи бўлмади.​

9 муҳожир "ҳизбчилик"да айбланмоқда

3 декабрда Россиянинг Москва ва Челябинск шаҳарларида ФСБ ва ИИБ ходимлари ўтказган махсус амалиёт давомида Россияда тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрири Исломия” диний ташкилотининг 2 раҳбари ва 7 аъзоси ҳибсга олингани хабар қилинди.

Бу хабарни тарқатган Россия Федерал хавфсизлик хизмати расмий сайтига кўра, улар ҳаммаси Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия фуқароларидир.

- Халқаро террорчи ташкилот аъзолари яшаш жойларидан улар террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланган Россияда тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрири Исломия” ташкилотининг тарғибот-ташвиқот материаллари, алоқа воситалари, маълумотларни ташувчи электрон воситалар аниқланди ва мусодара қилинди, дейилади расмий хабарда.

Махсус кучлар бу шахсларга нисбатан жиноят иши очилганини ҳам маълум қилди.

ФСБнинг журналистларга берган маълумотича, ушланганлар “мавжуд ҳокимиятни зўравонлик йўли билан ағдаришга қаратилган террорчилик ташкилоти идеологиясини хорижлик эмиссарлар кўрсатмаси асосида тарғиб этганликда” айбланмоқда.

- Террорчиликда гумонланаётганлар махфий квартираларда йиғилиб, маҳаллий мусулмонлар ва меҳнат мигрантларини ёллаш билан шуғулланиб келган, дея қўшимча қилди ФСБ матбуот котиби.

ФСБ бу амалиёт олиб борилгани тўғрисида махсус видео ҳам ҳозирлади.

Россия 10 минг кишини террорчиликда айблаб, қидирувга берган

Бундан олдинроқ, МДҲнинг Террорчиликка қарши маркази (ТҚМ) Россия томонидан террорчиликда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган шахслар сонига оид маълумотларни эълон қилган эди.

Марказ директори Андрей Новиков 3 декабрда ТАССга берган интервьюсида экстремизм ва терроризмда айбланиб халқаро қидирувга берилган гражданлар сони 10 минг кишидан ошган, деди. У қидирувдагиларнинг ярми МДҲ тарқибига кирмаган давлатларда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ёки иштирок этаётган жангарилар ташкил этганини билдирди.

Андрей Новиков Террорчиликка қарши марказ 2015 йилдан буён “200 нафар террорчини аниқлаб, терактларни уюштиришни молиялаштирган яна 300 киши аниқланганини” маълум қилди.

Новиков у бошқариб келаётган ташкилот 4 мингдан зиёд “террорчи ва экстремист” фотосурати базасини жамлагани билан ҳам мақтанди.

МДҲнинг Террорчиликка қарши маркази (ТҚМ) тарқатган маълумотларга биноан, бугунда Россияда 104 ташкилот, Қозоғистонда 20 та, Қирғизистонда 40 та, Тожикистонда 18 ва Ўзбекистонда 22 тузилма террористик ёки экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган.

Озодлик Россия ҳукуматининг бу мамлакатда олиб борилаётган “терроризм ва экстремизга қарши кураш” шиори остида берилаётган маълумотларга танқидий кўз билан караш кераклиги борасида кўп маротаба ёзган.

Жумладан, Россиянинг турли минтақаларида уюштирилаётган қатор судловлар ва махсус амалиётлар қурбонларига муҳожирлар, жумладан Ўзбекистондан келган оддий ишчилар бўлаётгани тўғрисида ҳам айтилган эди.

Россия ҳукумати “ҳизбчилик” билан кураш шиори остида Қримнинг Украинадан ажратиб олинганига фаол қаршилик кўрсатиб келаётган қрим татарлари аксар намояндаларини “Ҳизб-ут Таҳрир”га аъзоликда айблаб, қамоққа ташлаётгани халқаро норозилик кампаниясини келтириб чиқарди.

Озодлик Шавкат Мирзиёев ҳукумати ҳам сўнгги пайтларда Ўзбекистонда «диний мутаассиблик тарғиботи ëки унга мойиллиги бор шахс ва гуруҳларни жиддий назоратга олишга оид” топшириқлар берилгани ва махфий қарорлар тарқатилгани ҳақида хабар қилганди.

"Ҳизб ут-Таҳрир", бошқа яна 13-та ташкилот билан бирга, 2003 йилда Россия Олий Суди қарори билан мамлакатда тақиқланган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати бу радикал фирқа давлатда ўта фаол экани тўғрисида хабар бериб туради.

Шу йиллар давомида Россиянинг турли минтақаларида махсус хизматлар "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилотига алоқадорликда гумонлаб юзлаб одамларни ҳибсга олди ва жиноий жавобгарликка тортди.

XS
SM
MD
LG