Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:56

"Матбуот котибининг асосий иши раҳбарни “ёвуз кучлардан” ҳимоя қилиш экан"


Матбуот котиблари ташкилотга раҳбарнинг устидан кимдир ёзганда, ёки мурожаат тушганда ва ёҳуд ижтимоий тармоқларда бирон бир нохуш хабар тарқалганда жонинни жабборга бериб, кўксини қалқон қилиб ўртага чиқиши, “юрист” ва “адвокатлик” вазифасини қойилмақом тарзда бажарувчи (барчага ёмон кўриниб, келтираётган фактлари ҳақиқатга зид бўлсада) раҳбарининг бошидан мағзава ағдарилмаслиги учун керак экан.

Бу фикрларни Озодликка келган мактубдан олдик. Хавфсизлигини ўйлаб, исми сир қолишини сўраган муаллиф хатини эътиборингизга ҳавола қиляпмиз. Мактуб таҳрирсиз, қисқартиришсиз берилмоқда. Имло ва стилистика муаллифники.

***

Ассалому алейкум, мен Ўзбекистондаги Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлигининг ОТМ ларидан бирида матбуот котиби бўлиб ишлайман.

Не-не орзу-умидлар билан шу ишга ўтгандим. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий Ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларига ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-4366 сонли қарори чиққандан сўнг мен қатори республикадаги барча шу соҳада ишлаётганлар ҳам қувонишди.

Ростда, матбуот котиблари “раҳбар ўринбосарига тенглашармуш, уларни маоши ошармуш, ҳамма керакли анжомлара билан таъминланармуш...” ушбу қарор ортимизда қалқондек туради ва бизни ҳимоя қилади деб ўйлагандим.

Афсуски қувончимиз узоққа бормади. Орзуларимиз чўпчакка айланди. Қарорда келтирилганидек матбуот котиблари ҳечам “чўққига” чиққани йўқ.

Мен қатори кўпчиликни қийнаётган масала шуки, матбуот котиблари ташкилотга раҳбарнинг устидан кимдир ёзганда, ёки мурожаат тушганда, ва ёхуд ижтимоий тармоқларда бирон бир нохуш хабар тарқалганда жонинни жабборга бериб, кўксини қалқон қилиб ўртага чиқиши, “юрист” ва “адвокатлик” вазифасини қойилмақом тарзда бажарувчи (барчага ёмон кўриниб, келтираётган фактлари ҳақиқатга зид бўлсада) раҳбарининг бошидан мағзава ағдарилмаслиги учун керак экан.

Уни маддоҳга, троллга ва ёки қўрқоққа чиқаришларига қарамай, ўз шаъни топталса-да раҳбарга гап теккизмаслик учун “темир қалқон” экан...

Шахсан мен ҳар бир ташкилотга матбуот котиблари тайинланаётганда жуда хурсанд бўлган эдим. Менинг вазифам, ахборот тарқатиш, жамоатчилик билан ташкилотни ўртасида узилмас риштани мустаҳкамлаш, холис ахборотни жамоатчиликка етказиш ва ҳақиқат учун курашиш, ташкилот имиджини кўтариш деб ўйлаган эдим. Бунинг учун ўша юқоридаги давлат раҳбари чиқарган қарорда келтирилган бандлар бўйича ишлаб ўзимни кўрсатмоқчи ҳам бўлдим.

Афсус, матбуот котибининг асосий иши раҳбариятни топшириғи, вазирликка топширадиган бемаъни ҳисобот ва АОКА хабарларини тарқатиш шу билан биргаликда раҳбарни “ёвуз кучлардан” ҳимоя қилишдан иборат экан. ( 1 млн З00 мингга яқин маош ҳақида гапирмасам ҳам бўлади)

Матбуот котибларига дабдаба билан “меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш шартларига кўра ташкилот раҳбари ўринбосарига тенглаштириш” (кошки шуларни биронтаси амалга оширилган бўлса) каби юзаки обрў эътибор берилишидан қандай маъно бор эди?...Матбуот котиби аслида ким?

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

XS
SM
MD
LG