Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:38

Авиаҳалокат қурбони бўлган 7 ўзбекистонликнинг 6 нафари Канадада дафн қилинди


Авиаҳалокатда қурбон бўлган оила жанозасига йиғилганлар. Канада, Скарбўрў шаҳри, 2019, 6 декабрь.(Б.Шоҳназарнинг Фейсбукидан олинди)
Авиаҳалокатда қурбон бўлган оила жанозасига йиғилганлар. Канада, Скарбўрў шаҳри, 2019, 6 декабрь.(Б.Шоҳназарнинг Фейсбукидан олинди)

6 декабрь, жума куни Торонто шаҳри (Канада) яқинидаги Скарбўрў шаҳридан 25 километр шимолда жойлашган Ричмонд Ҳилл яқинидаги мусулмонлар қабристонида 27 ноябрда содир бўлган авиҳалокат қурбонлари - таги ўзбекистонлик 7 марҳумдан 6 нафари дафн этилди.

Бу ҳақда дафн маросимида қатнашган Бахтиёр Шоҳназар ўзининг Фейсбук саҳифасида хабар қилди.

  • Техаснинг Ҳюстон шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик оила Канададаги яқинлари билан 27 ноябрь кечқурун ҳаво ҳалокатига учраб нобуд бўлгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.
  • Канада матбуоти хабарларига кўра, АҚШ жанубидаги Хюстон шаҳрида яшаган ўзбекистонлик Отабек Облоқулов ўзининг шу йил бошида сотиб олган 6 йўловчига мўлжалланган “Piper PA-32R” енгил моторли учоғида рафиқаси, уч фарзанди ҳамда Канадада яшайдиган икки қариндоши - қайниси ва унинг турмуш ўртоғи билан 27 ноябрь куни Торонтодан Кингстон шаҳрига дам олиш учун учиб кетаётганда ҳалокатга учраган.
  • Отабек Облоқуловнинг ўзи ҳамда у бошқарган самолёт бортида бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлган.
  • Канада матбуоти хабарларига кўра, самолёт ҳалокатига ёмон об-ҳаво сабаб бўлган, деган тахминдан ташқари учоқ ёнилғисига сув аралашиб қолган бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам ўрганилаётган эди.
Отабек Облоқулов ўзининг шахсий учоғи билан АҚШнинг Хюстон шаҳрида. Сурат марҳумнинг Facebook саҳифасидан олинди.
Отабек Облоқулов ўзининг шахсий учоғи билан АҚШнинг Хюстон шаҳрида. Сурат марҳумнинг Facebook саҳифасидан олинди.

Бахтиёр Шоҳназар 7 декабрь кунги постида марҳумларга оид қўшимча тафсилотларни хабар қилди.

Айтилишича, Отабек Облоқулов билан бирга ҳалок бўлган Бобомуроднинг турмуш ортоғи Канадага атиги бир неча ой олдин оилани бирлаштириш дастури доирасида Бобомуроднинг ҳомийлиги остида келган. Аёл фожиа юз берган куни илк бор янги ишда ярим кун меҳнат қилишга ҳам улгурган.

Аввалига марҳумларни Ўзбекистонга олиб кетиш ҳақида гап бўлган эди. Бироқ Шоҳназарнинг хабар қилишича, Отабек ва Бобомуроднинг оиласи уларни Канадада дафн қилишга қарор қилган.

Лекин, Бобомуроднинг турмуш ўртоғининг ота-онаси ёлғиз қизини она-юртига олиб кетиб, дафн қилишга қарор қилган. Отасининг тез орада Торонтога етиб бориши кутилмоқда.

"6 декабрь, жума куни Торонто яқинидаги Скарбўрў шаҳридаги Aбу Бакр Сиддиқия масжидида юзлаб юртдошларимиз ва бошқа мусулмонлар қатнашувида еттита марҳумнинг жаноза намози ўқилди. Ўзбек дўпписи кийган ўнлаб киши жамоанинг диққатини тортди" деб ёзди Бахтиёр Шоҳназар..

Намозда қатнашиш учун Aмериканинг Ҳюстон ва Чикаго каби шаҳарларидан ҳам ўзбекистонликдан етиб борган. Улар бошида дўппи, белбоғли чопон кийган Отабекнинг укасига далда берган.

Намоздан кейин, олтита тобут солинган автомашиналар юздан ортиқ киши кузатувида 25 километр шимолда жойлашган Ричмонд Ҳилл яқинидаги мусулмонлар қабристонига олиб борилди.

Жасадлар олти киши учун қазилган битта қабрга дафн қилинди. Биринчи бўлиб марҳум Отабек қабрга қўйилди. Унинг ёнига навбати билан 15 ва 5 ёшли ўғиллари, қизи ва турмуш ортоғи, ундан кейин Бобомуроднинг жасади қўйилди.

Бахтиёр Шоҳназарга кўра, ҳозирча ҳалокат об-ҳаво қулай бўлмаганидан юз берганми, техник носозлик сабаб бўлганми ёки инсон омилиданми - аниқ эмас. Буни аниқлаш учун учоқнинг ҳамма бўлаклари Канада авиация хавфсизлик кенгаши томонидан олиб кетилган.

XS
SM
MD
LG