Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 11:02

Калининградда ҳожатхонада ёқиб юборилган ўзбек муҳожири ватанида дафн этилди


Азамат Ҳамраев

16 сентябрь куни Қашқадарё вилоят, Касби туман, Тошқўрғон қишлоғида 10 йилдан бери Калининградда ишлаётган 46 яшар Азамат Ҳамраев дафн этилди.

11 сентябрда Россиянинг Калининград шаҳрида Азамат Ҳамраевни ўлдирган шахс ҳибсга олинди.

Минтақа Тергов бошқармасидан олинган маълумотга кўра, ўзбек муҳожирини 24 яшар калининградлик белкурак билан ўриб ўлдирган ва жасадни биотуалетда ёқиб юборган.

Бироқ, гувоҳлар қотилликка бир неча киши алоқадор экани ва ҳодиса жойидан яна бир оёғи синган ўзбекистонлик шифохонага келтирилганини гапиришмоқда.

11 сентябрь, эрта тонгда Калининград шаҳрининг П. Морозов кўчасидаги қурилиш майдончасида ёниб ётган биоҳожатхонада номаълум шахс жасади топилди.

Ҳодиса тафсилотларини Озодликка сўзлаб берган Россия Тергов қўмитасининг Калининград вилояти бўйича бошқармаси расмийси Наталья Гацкога кўра, ёниб кетган мурда Ўзбекистон граждани бўлган ва унинг ўлимига алоқадор шахс шу куниёқ қўлга олинган:

- Ўлдирилган ҳақиқатан Ўзбекистон граждани бўлган. Терговчилар унинг ўлими борасида консулликка билдиришнома юборган. 11 сентябрь куни қотиллик содир этилишидан бир неча соат ўтиб, гумонланувчи шахс ушланди ва тергов якунига қадар ҳибсга олинди.

Наталья Гацко мигрантнинг ўлдирилиши юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105- моддаси, 1- қисми (Қотиллик) асосида жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Тергов қўмитаси 46 яшар ўзбек муҳожирини ўлдиришда гумонланаётганнинг сўроқ видеотасвирини тақдим этди.

"Икки марта урдим: бир марта оёғига, иккинчи марта елкасига урдим. Текширганимда у нафас олмаётганди. Ўликни туалетга олиб кирдим, ахлатхонадан олиб келинган покришкалар билан ўраб, устига краска сепиб, ёқвордим" дейди терговчилар саволларига жавоб берган 24 яшар калининградлик.

Калининградлик терговчилар тахминларига кўра, 10 сентябрь, кечки пайт айбланувчи шахс дўстлари билан П. Морозов кўчасидаги ташландиқ боғда спиртли ичимлик ичиб ўтирган.

Боғда у унга ёқмаган нотаниш осиёликни учратиб қолган ва белкурак сопи билан унинг боши ва танасига урган. Тонг саҳарда айбланувчи гаражлар орасида калтакланганни ўлик ҳолатда топган ва жиноят изларини йўқотиш мақсадида уни ҳожатхонада ёқиб юборган.

Суд-тиббий экспертизаси 46 яшар ўзбекистонлик бош миянинг ёпиқ жароҳати туфайли жон берганини расман очиқлади.

"Ҳодиса жойида яна бир ўзбекнинг оёқларини синдиришган!"

Терговчилар жиноятда бир кишини гумонлаётганини билдираётган бўлсада, ўлдирилган ўзбек мигрантини шахсан таниганлар Озодликка Морозов кўчасидаги қотилликнинг бошқача талқинини сўзлаб беришди.

Калининградда бир неча йилдан буён қурилишда ишлаётган Зафар ўлдирилган шахс қашқадарёлик 46 яшар Азамат Ҳамраев экани, ҳодиса жойидан яна бир ўзбек муҳожири – А.П. шифохонага келтирилгани тўғрисида полиция лом-мим демаётганидан хавотир билдирди:

- Кечки 8 ларда бўлган бу воқеа. Марҳум Азамат Ҳамраев ва А.П. ўша куни Морозов кўчасида пиво ичиб ўтирган. Маҳаллий ёш қизлар-болалар улардан пул талаб қилган, сигарет сўраган. Кейин улар тортишиб қолган. Соат 8 ларда улар А.П.нинг оёғини уриб синдиришган. Азамат А.-ни ўзи шифохонага скорийда жўнатган.

Зафар калининградлик ёшлар билан ўша кечаси бўлган муштлашувда ўзбек мигрантлари паспортларини олдириб қўйган, дейди. Зафарнинг айтишича, Азамат ҳужжатларини қайтариб олиш учун маҳаллийлар олдига борган ва қайтмаган:

- Шифохонага келтирилган А. дўсти Азаматга ёрдам бериш учун бошқа ўзбек болаларни телефон орқали чақиртирган. Улар борса, боғда наркоман ва ичволган ўрис болалар кўп экан. Кечаси қўрқишкан уларнинг олдига боришга. Эрталаб ўзбек болалар қайтиб келган ва ёниб ётган туалетда одам жасадини кўриб қолган: иккита оёғи эшикдан чиқиб турган экан! Менинг жаҳлимни чиқартираётгани – полиция жиноятда бир кишини айбламоқда ва калтакланиб, оёғи синдирилган А.ни тилга ҳам олишаётгани йўқ. Оддий маиший жанжал сифатида ёпти-ёпти қилмоқчи булар.

Ҳодиса жойига борган ўзбек ишчилари ёниб кетган ҳожатхона яқинида паспортларни ва Азамат Ҳамраевнинг уст-бошини топган.

Озодлик 10 сентябрь кечаси жароҳатланган 44 яшар А.Н.ни Калининград шаҳар Марказий клиник шифохонасидан топди. Шифохона врачлари касалхонанинг травматология бўлимида ётган ўзбек муҳожирининг сон суяги сингани, танасида қатор бошқа жароҳатлар борлигини Озодликка тасдиқлашди.

Жабрланган қашқадарёлик А.П. аҳволидан хабардор бўлган Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси унга зарурий ёрдам кўрсатишга ҳозир экани ҳам маълум бўлди.

Марҳум Азамат Ҳамраев Калининградда 10 йилдан ортиқ вақт яшаб келган ва уй таъмирлаш ишлари билан шуғулланган.

Ўлдирилган Азамат Ҳамраевнинг жасади 15 сентябрь куни ҳамқишлоқлари кўмагида Ўзбекистонга юборилди. 16 сентябрда туғилиб ўсган Қашқадарё вилоят, Касби тумани, Тошқўрғон қишлоғида дафн этилди.

Тошқўрғонлик Азамат Ҳамраев икки қиз ва бир ўғилнинг отаси эди.

Ҳодиса тафсилотларини сўзлаб берган Зафарга кўра, қотиллик содир этилган кечаси Азамат Ҳамраевнинг Қашқадарёда катта қизи фарзандли бўлган.

Шарҳларни кўринг (9)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG