Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:56

ИИВ мулозими: Жиноятчиликни камайтириб кўрсатиш учун биргина Фарғона шаҳрида 100 дан ошиқ ўғрилик қайд этилмаган


Ички ишлар ходимлари Қуръонга қўл қўйиб порахўрлик қилмаслик¸ ўз вазифасини ситқидилдан адо этиш ҳақида қасамëд қилмоқда.
Ички ишлар ходимлари Қуръонга қўл қўйиб порахўрлик қилмаслик¸ ўз вазифасини ситқидилдан адо этиш ҳақида қасамëд қилмоқда.

25 ноябрда, Фарғонадаги ҳуқуқ тизими мулозимининг Озодликка айтишича¸ Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича янги ўринбосари Азизбек Икромов вилоятга сафар қилган.

Бир неча кун аввал эса, Ички ишлар вазирлигининг ўрта бўғин амалдорларидан бири иддаосича¸ президент давлат маслаҳатчисининг Фарғонада ўтказган сайëр қабуллари давомида вилоятда юзлаб майда жиноятнинг рўйхатга олинмагани факти аниқланган.

Юзага чиққан жиддий рақам ортидан президент администрацияси ва прокуратура ходимларидан иборат махсус гуруҳ вилоятда текширув ўтказган.

«Текшурув натижасида ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларини рўйхатга олишни тақиқлаган бошлиқлар қолиб¸ буйруқни бажарган оддий ИИБ ходимларини намойишкорона жазолашмоқчи»¸ деди бу хабарни юборган тизим вакили.

Мавзуни ўрганиш давомида Озодлик гаплашган ички ишлар тизимининг бошқа вилоятлардаги вакиллари ўз ҳудудларида ҳам айни жараëн бораëтганини билдирди.

ИИВ¸ хусусан¸ Фарғона вилояти ИИБнинг Озодлик боғланган расмийлари бу масалада Ўзбекистонда аккредитациядан ўтмаган журналистларга "ҳеч қандай маълумот берилмаслиги"ни таъкидлади.

«Фарғонада жиноятчиликни бекитиш авжга чиққан»

Озодликка шахси очиқланмаслигини сўраб маълумот юборган ички ишлар тизими расмийсига кўра¸ Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Фарғонада ўтказган халқ қабуллари давомида жиноятчиликка оид «қўрқинчли рақамлар» фош бўлган.

«16 ноябрь куни президент маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов Фарғона вилоят Боғдод туманида сайёр қабул ўтказган вақтида маҳаллий аҳоли юзлаб ўғриликлар содир бўлаëтгани, лекин ИИБ ходимлари жиноятларни яшираётганидан норози бўлиб гапиришди. Шундан кейин президент администрацияси ва Бош прокуратура ходимларидан иборат махсус гуруҳ тузилиб, 18 ноябрдан 22 ноябргача вилоятда текширув ўтказди. Натижада 2019 йилнинг 10 ойи давомида 200 дан ошиқ жиноятлар яширилгани аниқланди»¸ деб хабар берди ўзининг вазиятга оид расмий маълумотдан бевосита хабардорлигини таъкидлаган вазирлик мулозими.

Озодлик ихтиëрида Фарғона вилоятида 2019 йилнинг 10 ой давомида қанча жиноятнинг расмий қайдга олинганига оид расмий маълумот йўқ.

Вилоят ИИБ Матбуот хизмати раҳбари Озодликнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб беришдан очиқчасига бош тортди.

Озодлик билан шахси сир қолишни сўраб гаплашган ИИВ мулозими эса¸ йил давомида жиноятчиликка оид рақамларни камайтириш мақсадида¸ асосан¸ майда безорилик¸ ўғрилик ва фирибгарликка оид шикоятларнинг қайдга олинмаганини таъкидлади.

«Биргина Фарғона шаҳрининг ўзида 100 дан ошиқ телефон ва хонадон ўғрилиги ва фирибгарлик жиноятлари яширилган. Бу жиноятларни яширишни¸ яъни рўйхатга олмасликни вилоят ИИБ бошлиғининг шахсан ўзи берган. Бошлиқ Маматов ИИВга вилоятда жиноятчиликни камайтирдик¸ деб сохта маълумот бериб келган. Вилоят бўйича жиноятчиликни ҳисобга олишга Маматовнинг 1-ўринбосари ва штаб бошлиғи масъул. Аммо махсус текширувдан сўнг буйруқни берганлар қолиб¸ уни бажаришга мажбур бўлган оддий ходимларни жазолаш масаласи кўрилмоқда»¸ деди Озодликка Фарғонадаги халқ қабуллари ҳақида маълумот йўллаган ИИВ мулозими.

Айтилишича¸ ҳозирда Фарғона шаҳар ИИБнинг бир неча ходими шаҳар прокуратурасига чақиртирилиб¸ сўроқ қилинмоқда.

«Ҳамма айбни оддий ходимларга тўнкаб¸ бошлиқлар сувдан қуруқ чиқмоқчи. Фарғона шаҳар ИИБ профилактика инспекторларидан иккитасига совуққонлик бўйича айб қўйишмоқчи. Бу йигитларнинг ота-онаси вилоят прокурори ва президент қабулига адолат сўраб мурожаат қилган»¸ деди Озодлик гаплашган мулозимлардан бири.

Ҳозирча жиноятчиликни рўйхатга олмаганлик учун прокуратурада сўроқ қилинаëтган профилактика инспекторлари шахсига оид маълумот Озодликда йўқ.

Вилоят прокуратурасидан бу иддаолар юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Вазир янги ўринбосари Фарғонада

Фарғонадаги ҳуқуқ тизими мулозимининг Озодликка айтишича¸ 25 ноябрь куни Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича янги ўринбосари Азизбек Икромов вилоятга сафар қилган.

«Икромов бугун Ўзбекистон туманига бориб¸ одам ўлдирилган ИВСни бориб кўрди. Вилоятда замминистр борлиги учун ИИБ боғлиғи Маматов прокуратурадан яширилган жиноят ишлари бўйича профилактика ходимларига жиноят иши қўзғатмасликни илтимос қилган. Шунга ҳозирча бу ишни тўхтатиб туришипти»¸ деди вилоят прокуратурасига яқин мулозим.

Жиноятлар рўйхатга олинмаганидан халқ жабр кўрмоқда

Озодлик гаплашган тизим мутахассислари таъкидича¸ президентга Фарғонада жиноятчиликни камайтирдик¸ деган ҳисобот бериш мақсадида уларни рўйхатга олмасликдан оддий аҳоли зарар кўрмоқда.

«Аҳолидан тушган аризаларни яшириб, рўйхатга олдирмаслик жиноятлар оқибатида етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмаслигига олиб келади. Бу юзлаб одам миллионлаб зарар кўрди¸ деганидир. Энди эса бу жиноятларни фош этиш қийин бўлади. Чунки излар йўқолган, далиллар топилмайди ва ҳоказо. Агар аризалар вақтида рўйхатга олинганида жабрланувчиларнинг ярми бўлса ҳам зарари қопланишига эришган бўларди»¸ деб изоҳ берди ИИВ мулозимларидан яна бири.

«Бошқа вилоятларда ҳам айни аҳвол»

Фарғонада жиноятчиликка оид асл рақамларни сохталаштириш ҳақидаги ИИВ мулозими иддаоси ортидан Озодлик Андижон вилоятидаги ИИБ ходимларидан бири билан суҳбатлашди.

Айни мулозим¸ йил бошида Андижон вилоятида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Собиров “содир этилган ҳар бир жиноятни фақат ўз розилиги билангина рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий қилган”и ва оқибатда қотилликдан бошқа жиноятларни рўйхатга олиш қарийб тўхтатилганини хабар қилган эди.

Йил охирига келиб жиноятчиликни рўйхатга олиш жараëнида биро нарса ўзгардими¸ деган саволга андижонлик ИИБ ходими берган жавоб шундай бўлди:

- Бекитиш¸ рўйхатга олмаслик айни шаклда давом этаяпти. Бундан кейин ҳам шундай кетади. Жиноятни камайтир¸ хавфсиз ҳудуд бўлсин деб ҳар кун бошимизни қотиришаяпти.

Президент Шавкат Мирзиëев 2019 йил 10 январь кунги селектор йиғинида ички ишлар тизими раҳбарларига мамлакатдаги жиноятларни очиш даражасини ошириш¸ жиноятчиликни жиловлаш ва жиноят сонини камайтириш ҳақида буйруқ берган эди.

Озодлик гаплашган тизим мулозимлари майда жиноятларни рўйхатга олмаслик¸ ана шу буйруқдан кейин «ëзилмаган қонун»га айланганини таъкидлади.

Президентнинг бундай топшириғи ортидан мамлакат ҳуқуқ тизимлари жиноятчиликнинг кескин камайиб бораëтгани ҳақида расмий баëнот беришни урфга айлантирди.

XS
SM
MD
LG