Линклар

Шошилинч хабар
08 март 2021, Тошкент вақти: 14:47

Халқаро хабарлар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Pfizer-BioNTech вакцинаси қўллашга рухсат берди

АҚШ ва Европа Иттифоқида Pfizer/BioNTech вакцинаси билан аҳолини эмлаш ишлари бошланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти - ЖССТ АҚШнинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech ширкатлари ҳамкорликда ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцинани фавқулодда қўллашга рухсат берди. Ташкилот Pfizer-BioNTech вакцинаси хавфсизлик ва самарадорлик бўйича талабларга жавоб беришини билдирган.

ЖССТ коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакциналар орасида биринчи бўлиб Pfizer-BioNTech вакцинасини қўллашга рухсат берди. Энди, ЖССТнинг расман билдиришича, ҳар бир давлат ўз ички талабларидан келиб чиққан ҳолда, бу вакцинани қўллаш ва аҳолини эмлаш ишларини бошлаши мумкин.

ЖССТнинг қарори ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотларга бу вакцинани жаҳон давлатларига тарқатишга имконият яратади.

Аввалроқ ЮНИСЕФ коронавирусга қарши 2 миллиард вакцина сотиб олиш режасини эълон қилган эди.

Бугунги кунда жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 83 миллиондан, ўлган беморлар сони 1,8 миллион кишидан ошди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи ўтган ойда Pfizer-BioNTech вакцинаси билан аҳолини оммавий эмлаш ишларини бошлаган.

Айни пайтда Россия коронавирусга қарши ўзи ишлаб чиққан "Спутник V" вакцинаси билан аҳолини эмламоқда.

Кун янгиликлари

Рим папаси “Ислом давлати” гуруҳининг собиқ “пойтахт”ида чиқиш қилди

Мўсулдаги насронийлар билан учрашган Рим папаси Франциск, 2021 йил 7 марти

Рим-католик черкови раҳбари Франциск якшанба куни Ироқнинг Мўсул шаҳрига келди. У Рим папалари орасида Ироққа сафар қилган илк руҳоний бўлди.

Ироқ шимолидаги Мўсул шаҳри уч йилдан кўпроқ муддат “Ислом давлати” террор ташкилоти жангарилари назорати остида бўлган. Айнан шу шаҳарда ИДнинг собиқ раҳбари, кейинчалик АҚШ махсус амалиёти чоғида ўлдирилган Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йили “халифалик” тузилганини эълон қилган. Мўсул 2017 йили халқаро коалиция кўмагида Ироқ армияси томонидан ИД жангариларидан озод қилинган.

Рим папаси шаҳардаги вайрона ҳолига келиб қолган черковлар ўртасидаги майдонда диндошлари олдида чиқиш қилди.

Шанба куни папа Франциск нуфузли шиа уламоларидан бири оятуллоҳ Али Систоний билан учрашган. Нажаф шаҳрида бўлиб ўтган мазкур учрашувда Ироқда турли дин вакилларининг биргаликда тинч-осойишта турмуш кечириши имконияти муҳокама қилинган.

Рим папаси Ироққа жума куни келиб, мамлакат президенти Барҳам Солиҳ билан учрашган. Бу мамлакатда православ, католик ва бошқа мазҳабларга мансуб насронийлар яшайди. Улар сони бир пайтлар 1,5 миллион чоғли бўлган, аммо урушлар туфайли уларнинг кўпи мамлакатни тарк этган ва бугунга келиб Ироқда 300 минг нафар атрофида насроний қолган.

Швейцариядаги референдумда сайловчилар бурқага қарши овоз беришди

Швейцария кўчаларидан бирига осилган баннер

Швейцариялик сайловчиларнинг кўпи 7 март куни бўлиб ўтган референдумда юзни ёпадиган бурқа кийиб юришни тақиқлашни ёқлаб чиқишди.

SFR телерадиокорпорацияси ва Tagesanzeiger нашрининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра, мамлакат аҳолисининг 51 фоиздан кўпроғи ўзлари яшаган шаҳар кўчаларида юзлари ёпиқ аёлларни кўришни истамайди.

Мазкур тақиқ учун Швейцария конфедерациясидаги 26 кантондан кўпчилиги овоз берган. Эндиликда бу мамлакатда муслималар оммавий диний байрамлардагина бурқа кийиб юра оладилар.

Бурқани тақиқлаш ташаббуси Швейцария миллий-консерватив халқ партияси ўнг қаноти депутатларидан чиққан.

Референдум натижалари тасдиқланганидан кейин жамоат жойларида кийиб юриш мумкин бўлган кийим-бош турларига оид кўрсатма Швейцария Конфедерацияси конституциясида пайдо бўлади.

2018 йилдаги маълумотларга кўра, Швейцарияда 450 мингга яқин мусулмон истиқомат қилади, бу мамлакат аҳолисининг 5,3 фоизига тенгдир.

Туркманистонда маълумот устидан назорат янада кучайтирилмоқда

Туркманистон полицияси маълумот устидан назоратни янада кучайтирмоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг хабар беришича, полиция касалхоналарда тиббиёт ходимлари телефонларини текшира бошлаган ва Интернет фойдаланувчиларига чекловларни четлаб ўтиш имконини берувчи VPN хизматларидан фойдаланадиган ёшлар изидан тушган.

Хабарларга кўра, Туркманобод шаҳрида полиция соғлиқни сақлаш ходимларининг телефонларини текшириб, мамлакатдаги пандемия ҳолати тўғрисида Озодлик ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан алоқага чиққан шахсларни аниқлашга уринмоқда.

Озодлик ва бошқа мустақил нашрлар мамлакат аҳолиси коронавирусдан азият чекаётгани, шифохоналар касаллар билан тўлгани ва ўлимлар сони ошиб бораётгани ҳақида хабар бериб келади.

Туркманистон расмийлари эса мамлакатда бирорта ҳам вирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаганини иддао қилишда давом этмоқда. Аммо бир вақтнинг ўзида мамлакат бўйлаб кўплаб чекловлар жорий қилинган.

Давлат оммавий ахборот воситалари коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида лом-мим демай келади.

Туркманистон хавфсизлик хизматлари мунтазам равишда аҳолининг шахсий маълумотларини текширади ва VPN фойдаланувчиларини таъқиб қилади.

Швейцарияда бурқани тақиқлаш масаласида референдум ўтказилмоқда

Швейцариядаги тарғибот баннерларидан бири.

7 март куни Швейцарияда жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпишни тақиқлаш масаласида умумхалқ референдуми бўлиб ўтади.

Референдумдан олдин ўтказилган сўровномалар бундай чорага қаршилар ва уни қўлловчилар сони деярли тенг эканини кўрсатган.

Бундай қонун кучга кирса, норозилик намойишлари давомида ҳам юзни тўлиқ ёпиш тақиқланади. Бунга қарамасдан, тақиқни қўлловчи кампания асосий масала ўта консерватив мусулмон аёллар киядиган ниқоб ёки паранжи эканини очиқ-ойдин айтиб келади.

Агар сайловчилар тақиқни қўллаб овоз берса, эркакларнинг аёлларни юзларини ёпишга мажбурлаши ҳам тақиқланади.

Ибодат жойларида, соғлиқ билан боғлиқ ҳолатларда ҳамда анъанавий карнавал байрамларида юзни ёпишга рухсат берилади.

Швейцария ҳукумати бундай чора сайёҳлар сонини чеклашини айтиб, унга қарши чиқиб келади. Бундан ташқари, танқидчилар паранжи тақиқи диний эркинликларга зид эканини айтмоқдалар.

Афғонистон разведка бошқармаси бош прокурори ўлдирилди

Афғонистон хавфсизлик кучлари.

6 март куни Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармаси бош прокурори Сайид Маҳмуд Оға бомба ўрнатилган автомашина ёрдамида амалга оширилган ҳужум натижасида нобуд бўлди.

Ҳилманд вилояти вилоят кенгаши раҳбари Аттауллоҳ Афғоннинг сўзларига кўра, Маҳмуд Оғани Лашкаргоҳ шаҳрига олиб кетаётган карвонга портловчи моддалар билан тўлдирилган автомашинани ҳайдовчиси ҳужум қилган.

Ҳужум натижасида Маҳмуд Оғанинг тансоқчиларидан бири ҳам нобуд бўлган. Бундан ташқари, саккиз киши, шу жумладан, икки ўткинчи жароҳат олган. Ҳужум учун жавобгарликни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Қатарда Афғонистон ҳукумати ва Толибон вакиллари ўртасида тинчлик музокаралари давом этаётган бўлишига қарамасдан, сўнгги ойларда Афғонистон бўйлаб журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва расмийларга қарши суиқасдлар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Толибон ушбу ҳужумларнинг аксарига алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда. Аммо Афғонистон ва АҚШ расмийлари ҳужумларда жангари гуруҳни айблаб келади.

Шарқий Польшада автобус ҳалокатида 6 украин ҳалок бўлди

Бахтсиз ҳодиса 6 март куни Польша ва Украина чегарасига яқин жойлашган Ярослав шаҳри яқинида содир бўлган.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олеҳ Николенконинг маълум қилишича, ўнлаб украиналикни олиб кетаётган автобус Польшада ариққа қулаб тушган, натижада камида олти киши ҳалок бўлган ва 41 киши жароҳат олган.

Бахтсиз ҳодиса 6 март куни Польша ва Украина чегарасига яқин жойлашган Ярослав шаҳри яқинида содир бўлган.

Хусусий TNV24 телеканалининг хабар беришича, автобус Украина давлат рақамига эга бўлган ва 57 нафар Украина фуқаросини олиб кетаётган бўлган.

Ҳалокатга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.
Кўп сонли украиналик Польшада муҳожир ишчидир.

Рим папаси Ироқда шиа уламоси Систоний билан учрашди

Рим папаси 2021 йилнинг 6 мартида Бағдодга борди.

6 март куни Рим папаси Франциск машҳур шиа уламоларидан бири оятуллоҳ Али ас Систоний билан тарихий учрашув ўтказди. Бундан олдин Рим папаси Ироққа бирор марта ташриф буюрмаган эди.

Учрашув муқаддас Нажаф шаҳрида бўлиб ўтди. Учрашув давомида Рим папаси Франциск икки дин вакилларини тинч яшашга чорлади ва азият чекиб келаётган ироқлик насронийларга мадад бўлишга уринди.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган учрашувдан сўнг ас Систоний Ироқ насронийлари бошқа ироқликлар билан тенг ҳуқуқларга эга экани эътироф этилган баёнотни эълон қилди.

Ироқда православ, халдей католик ва бошқа насронийлар яшайди. Уларнинг умумий сони бир вақтлар 1,4 миллионга тенг бўлган, аммо бугунга келиб 300 мингга тушиб қолган.

Бунинг асосий сабаблари 2003 йилда АҚШ мамлакатга бостириб киргани ва 2014 йилда ИШИД жангарилари Ироқ шимолини ишғол қилганидир.

АҚШ Сенати йирик кўламли коронавирус ёрдам пакетини маъқуллади

АҚШ президенти Жо Байден.

6 март куни АҚШ Сенати 1,9 триллион долларлик коронавирус ёрдам пакети тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Ёрдам пакети қиймати АҚШ умумий иқтисодиётининг ўндан бир қисмига тенгдир.

50 нафар демократ сенатор қонун лойиҳасини қўллаб овоз берди, 49 нафар республикачи сенатор эса унга қарши чиқди.

Сенат овоз бериб бўлганидан кейин президент Жо Байден:

«Халқимиз жуда узоқ вақтдан бери оғир азоб чекиб келади. Бу [ёрдам] пакети халқ мушкулини енгиллатишни ва халқнинг энг долзарб эҳтиёжларини қондиришни кўзлайди ва мақсадимизга эришишимиз учун йўл очади», - деди.

Қонун лойиҳасига биноан, аксарият АҚШ фуқаролари 1400 долларгача тўғридан-тўғри тўлов олади, фавқулодда ишсизлик нафақалари муддати узайтирилади.
Шунингдек, қонун лойиҳаси мактаблар, касалхоналар ва COVID-19 вакциналари ва тестлар учун маблағ ажратади.

Эндиликда қонун лойиҳасини Намояндалар палатаси кўриб чиқади.

Европада коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна ўса бошлади

Ўтган ҳафтада Европада тахминан 1 миллион киши вирусга чалинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Европада коронавирус юқтириш ҳолатлари яна кўпая бошлаган. Минтақада сўнгги олти ҳафта давомида вирусга чалиниш ҳолатлари озайиб келаётган эди.

Ўтган ҳафтада Европада тахминан 1 миллион киши вирусга чалинган. Бу олдинги ҳафтага қиёслаганда 9 фоизга кўпдир.

ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клуге бунга вируснинг янги штаммлари тарқалаётгани ҳамда чекловлар шошма-шошарлик билан бекор қилинаётган сабабчи эканини айтди.

Вируснинг биринчи марта ўтган йили Англияда аниқланган юқумли янги тури Европанинг 27 мамлакатида тарқалмоқда.

Хабарларга кўра, Европа давлатлари АҚШ, Исроил, Чили ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларга нисбатан ўз аҳолисини секин суръатда эмламоқда.

Бу орада Германияда сотувга чиққан илк тезкор коронавирус тестлари бир неча соат ичида сотиб бўлинди.

Эрон йўловчи учоқни олиб қочиш уриниши тўхтатиб қолинганини иддао қилди

Эрон Исломий инқилоб посбонлари корпуси йўловчи самолёт ўғриланиши олдиолганини даъво қилди, аммо айнан нима содир бўлгани ҳақида тўлиқ маълумот бермади.

5 март куни ҳарбий корпус веб-сайтида эълон қилинган баённомага кўра, исми очиқланмаган шахс 4 март куни Аҳвоз шаҳридан Машҳад томон йўл олган Iran Air ширкатига тегишли Fokker 100 учоғини ўғирлашни режалаштирган бўлган.

Самолёт Исфаҳон шаҳрига фавқулодда қўнган ва гумонланувчи шахс «нейтраллаштирилган». Гумонланувчи ҳибсга олинганми ёки ўлдирилганми, номаълум бўлиб қолмоқда.

Эрон Исломий инқилоб посбонлари корпусига кўра, жиноятчи учоқни Форс кўрфазидаги бошқа мамлакатга йўналтирмоқчи бўлган.

Хабар қилинишича, ҳар қандай ҳужум ёки ўғирлаш уриниши олдини олиш учун Эрон бўйлаб учадиган рейслар Эрон Исломий инқилоб посбонлари корпусининг қуролланган аъзолари иштирокисиз амалга оширилмайди.

Россияда Навальний намойишида қатнашган шахс 3 йилга қамалди

Россиянинг Владимир шаҳри суди 23 январь куни мухолифат етакчиси Алексей Навальний тарафдорлари ўтказган митинг давомида полиция ходимига ҳужум қилганликда айбланган Виталий Тимофеенкони уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

5 март куни Владимир шаҳридаги Ленин туман суди Тимофеенкони намойишчиларни тарқатиш пайтида полиция ходимига қарши қалампир пуркагич ишлатишда айбдор деб топди.

Тимофеенко пуркагичдан фойдаланганини тан олди, аммо полиция ерга ётқизган бошқа бир намойишчига ёрдам бериш учун бундай қилганини айтди.

Тимофеенко Навальний ҳимоясига Россия бўйлаб ўтказилган митингларда қатнашиши ортидан жиноий жавобгарликка тортилган иккинчи шахсдир.

2 март куни Кострома шаҳрида яшовчи 26 ёшли фуқаро 23 январь куни бўлиб ўтган митингда полиция ходимига ҳужум қилгани учун 18 ой давомида мажбурий меҳнат қилишга маҳкум этилди.

Беларусда "Весна" инсон ҳуқуқлари ташкилотига қарши жиноят иши қўзғатилди

Беларус ҳукумати мамлакатдаги энг таниқли инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири бўлмиш «Весна» марказига қарши жиноят ишини қўзғатиб, унинг бир нечта аъзосини ҳибсга олди.

Ташкилотнинг 5 март куни маълум қилишича, Беларус Тергов қўмитаси марказни рухсат берилмаган оммавий норозилик намойишларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишда ҳамда жамоат тартибини бузишда айбламоқда.

Ташкилотга кўра, унинг тўрт аъзоси ҳибсга олинган.

Беларусда ўтган йил 9 августидаги президент сайлови ортидан мамлакат Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилганидан кейин оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Бир неча ойдан бери тинчимаётган намойишлар расмий Минск томонидан шафқатсиз бостирилмоқда. «Весна» Беларус хавфсизлик кучлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, жумладан, қийноқлар ва ҳибсга олишлар ҳақида маълумот бериб келаётган саноқли мустақил ташкилотларнинг биридир.

Путин Интернетни “ахлоқий қоидалар” асосида тартибга солиш кераклигини айтди

Россия президенти Владимир Путин интернет “ахлоқий қоидалар” асосида тартибга солиниши лозимлигини, акс ҳолда, жамият “таназзулга учрашини” айтди. Путиннинг фикрича, вояга етмаганларни нафақат намойишларга чиқариш учун, балки уларни суицидга чорлаш, уларга наркотик сотиш учун ҳам интернетдан кенг фойдаланилмоқда.

Путиннинг 4 март куни эфирга узатилган бу чиқиши АҚШда жойлашган ижтимоий медиа корпорацияларини Кремль “ўйин қоидаларига” бўйсундириш ҳаракатининг бир қисми сифатида қаралмоқда. Мухолифатчи Алексей Навальний ҳимояси учун Россия бўйлаб ўтказилган намойишларда ўн минглаб одам қатнашганидан сўнг, Москва ижтимоий тармоқларни аксил-ҳукумат намойишлар ҳақидаги “фейк” хабарларни олиб ташламаётганликда айблади. Декабрда Россия давлат Думаси тақиқланган контентни олиб ташламаётган платформаларга қарши жиддий жарималар белгилашга ҳамда Россия матбуотини модерация қилгани учун “YouTube”, “Facebook” ва “Twitter” каби тармоқларни блоклашга йўл берувчи қонунни маъқуллаган эди.

Расмийлар, шунингдек, мухолифатни ёшларни рухсат этилмаган оммавий намойишларда иштирок этишга чорлаётганликда айблаган.

“Нишони айнан вояга етмаган ёшлар бўлган онлайн болалар порнографияси ва фоҳишалиги ҳамда наркотиклар савдосига дучор бўляпмиз”, деган Путин.

Путин аксил-ҳукумат намойишлар ташкилотчиларини “безорилик қилиш, полиция билан уришиш учун кўчага чиққан ёшлар ортига беркинганликда” айблаган.

Россия мухолифатининг айтишича, бу гаплар ёлғон ва туҳматдир. Россияда ўтган йилларда интернетдаги эркинликларни тобора йўққа чиқаришга улгурган Путиннинг бу иддаолари янги намойишлар арафасида интернетни янада чеклаш ҳаракатининг давоми деб баҳоланмоқда.

Россия Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилевга қўйилган тақиқни 2034 йилгача узайтирди

Қрим татарлари Жамилев Қрим Россия томонидан аннексия қилинишини тан олмагани учун таъқиб қилинмоқда, деб ҳисоблашади

Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилевга Россия ҳудудига киришга қўйилган тақиқ муддати узайтирилди. Эндиликда 77 ёшли Жамилев ўз ватани бўлмиш Қримга 2034 йилгача киролмайди.

Тақиқ узайтирилганлиги аннексия қилинган Қримда Жамилевга қарши бўлиб ўтаётган суд жараёнида ошкор бўлди, деб хабар бермоқда Крым.Реалии нашри мухбири.

Тақиқ 2019 йилнинг 5 мартида 15 йилга қўйилган экан.

Армянскда 2019 йилда Жамилевга қарши қўзғатилган иш бўйича суд маҳкамаси бўлиб ўтмоқда. Жамилев Қримга ноқонуний киришга уринишда, ноқонуний қурол-аслаҳани харид қилиш ва сақлашда айбланмоқда.

Унинг ўзи бу айбловларни рад этиб, уларни сафсата деб атайди. Жамилев тарафдорларининг фикрича, Жамилев Қрим Россия томонидан аннексия қилинишини тан олмагани учун таъқиб қилинмоқда.

Душанбеда Озодлик мухбирлари ҳужумга учради

Иллюстратив сурат

Тожикистон пойтахти Душанбеда Озодликнинг тожик хизматида фаолият юритувчи икки журналист ёқилғи нархларининг ошишига оид сюжетни тасвирга олиш чоғида ҳужумга учради. Шаҳло Абдуллоева ва Муллоражаб Юсуфзодага 4 март куни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида ҳайдовчи билан суҳбатлашиб туришган пайтда ҳужум қилинган.

Ўз вазифасини бажариб юрган Тожикистондаги икки мухбиримизга қилинган ҳужум мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолатдир. Биз Тожикистон милицияси мазкур нохуш ҳодиса юзасидан тўлиқ текширув ўтказиб, журналистларнинг шу кунда ва келажакда воқеаларни очиқ ва тўсиқсиз ёритиш ҳуқуқини таъминлашини кутмоқдамиз”, дея баёнот берди Озод Европа / Озодлик радиоси президенти Жейми Флай.

Озодлик мухбирларига кўра, улар ҳайдовчилардан бири билан автомобиль ёқилғиси нархларининг ошиши ҳақида суҳбатлашиб туришган пайтда АЁҚШ ходимларидан бири журналистлардан тасвирга олишни бас қилишни талаб қилган. Кейин у Шаҳло Абдуллоевани қаттиқ туртиб юбориб, қўллари билан видеокамера объективини тўсиб олган. Ҳодисани мобиль телефони орқали тасвирга олаётган Юсуфзода ўртага тушган чоғда АЁҚШ ходими унга ҳужум қилган. Ходим ширкат раҳбариятининг ёзма розилигисиз журналистлар АЁҚШ ҳудудида видеотасвирга олишга ҳақли эмаслигини билдирган.

Юсуфзодага кўра, улар АЁҚШ биносини тасвирга олган эмаслар, улар шунчаки бензин нархи кескин ошиб кетганидан шикоят қилаётган ҳайдовчилар билан суҳбатлашаётган эдилар, холос. Юзига енгил жароҳат етган журналист ҳужум ҳодисаси ортидан шифокорга борган.

Озодлик мухбирлари Тожикистон Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат этишган. Сино туман ИИБ терговчилари оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳужум ҳодисаси бўйича дастлабки суриштирувни бошлаганлар.

Қирғизистон президенти кейинги ҳафтада Тошкентга сафар қилади

Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11-12 март кунлари Ўзбекистонга сафар қилади. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев 4 март куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида билдирган.

Қазақбаевга кўра, сўнгги кунларда президент Жапаров қатор мамлакатлар лидерларидан таклиф олган ҳамда у Ўзбекистондан кейин Тожикистон, Туркманистон ва Хитойга бормоқчи.

Садир Жапаровнинг Қирғизистон президенти вазифасига киришганидан кейин илк хорижий сафари февраль ойи охирида Россия Москвага бўлган. Март ойи бошида эса С. Жапаров Қозоғистонга сафар қилган.

Халқаро суд Фаластин ҳудудларида содир этилган жиноятларни тергов қилади

Фаластин- Исроил армияси Ғазо шаҳрига фосфорли бомба отмоқда. 2009 йил, 8 январь.

Халқаро жиноий суд (ХЖС) бош прокурори Фаластин ҳудудларида содир этилгани иддао қилинаётган жиноятлар юзасидан расмий тергов ўтказди.

Суднинг бу қарорини Исроил ва АҚШ танқид қилди. 3 март куни АҚШ давлат котиби Антони Блинкен Қўшма Штатлар суд қарорига «қатъий қарши ва ундан ҳафсаласи пир бўлганини» билдирди. Исроил ҳам суд қарорини қоралади.

Фаластин ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса бу хабарни олқишлади.

ХЖС бош прокурори Фату Бенсуданинг айтишича, суд беш йиллик дастлабки экспертиза ортидан 2014 йил июнидан бери Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳил, шарқий Қуддус ва Ғазо секторида содир бўлган воқеаларни тергов қилишга қарор қилган.

Тергов давомида Хамас назоратидаги Ғазо секторидаги можаролар ҳамда Исроил босиб олган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги аҳоли пунктларидаги ҳодисаларга асосий эътибор қаратилиши кутилмоқда.

Торонтода 10 пиёдани машинаси билан босиб ўлдирган шахсга ҳукм чиқарилди

Канада байроғи.

3 март куни Канада суди 2018 йилнинг 23 апрелида пиёдалар устига автомобилини ҳайдаб юбориб, 10 одамни ўлдирган Алек Минасянни айбдор деб топди.

Минасяннинг адвокати мижози аутизмдан азият чекишини ва шу сабабдан нима қилаётганини билмаганини таъкидлади.

28 ёшли Минасяннинг ўзи фургони билан пиёдалар устига ҳайдаб юборганини тан олган. Шунингдек, у жинсий алоқадан кўнгли қолган эркакларнинг онлайн ҳамжамиятига аъзо эканини айтган.

Онлайн ҳамжамиятнинг айрим аъзолари жинсий алоқада бўлган одамларга ҳужум уюштиришни режалаштирган бўлган.

Минасян Торонтонинг гавжум маҳалласида пиёдалар устига автомобилини ҳайдаб юборганидан кейин, 22 дан 94 ёшгача бўлган саккизта аёл ва икки эркак нобуд бўлган эди.

Судья Минасян ҳужумни режалаштиргани ва қасддан қилганига шубҳа йўқлигини айтди.

Канадада қотилликда айбдор деб топилганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Швеция жанубида пичоқ билан қуролланган ҳужумчи саккиз одамни яралади

Швед полицияси ҳодиса жойини текширмоқда.

Швеция полицияси мамлакат жанубида содир этилган пичоқбозлик замирида терроризм ётган бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Ҳужумда саккиз киши жароҳат олган эди.

20 ёшлардаги ҳужумчи 3 март куни Ветланда шаҳрида пичоқ билан ўткинчиларга ҳужум қилган. Полиция уни яралаб, ҳибсга олган.

Маҳаллий касалхонадан олинган маълумотларга кўра, жароҳат олган уч кишининг аҳволи оғирдир.

Полиция ушбу жиноят қотилликка уриниш сифатида тергов қилинаётгани, шунингдек, терроризмга алоқаси текшираётганини билдирди.

Ички ишлар вазири Микаэль Дамберг Швеция радиосига берган интервьюсида хулоса чиқаришдан олдин тергов натижаларини кутиш кераклигини айтди:

«Мен полицияни тинглаганимда, улар иккаласи ҳам жиноятни қотилликка уриниш сифатида тергов қилмоқдалар, шунингдек, терроризмга алоқадор ҳар қандай алоқаларни кўриб чиқмоқдалар», - деди у.

Полиция ҳужумчи қандай қурол ишлатилгани ва у қайси давлат фуқароси эканини айтишдан бош тортди. Гумонланувчи айни дамда касалхонада даволанмоқда.

SpaceX ширкатининг навбатдаги прототип ракетаси қўнганидан кейин портлаб кетди

Starship SN10 ракетаси ширкатнинг Техас штатидаги космодромига қўнганидан кейин портлаган.

3 март куни АШҚдаги SpaceX фазо ширкатининг Starship ракетасининг яна бир прототипи синов парвозидан сўнг муваффақиятли равишда қўнди, аммо қўнганидан кейин бир неча дақиқа ўтиб, портлаб кетди.

Starship SN10 ракетаси ширкатнинг Техас штатидаги космодромига қўнганидан кейин портлаган.

Бундан аввал ширкатнинг икки прототип ракетаси қўна олмай портлаб кетган эди.

Бу сафарги портлаш сабаби нима экани ҳозирча номаълум
SpaceX қайта ишлатиш мумкин бўлган ракета ишлаб чиққан илк ширкатдир.

Ширкат асосчиси Илон Маск бундай ракеталар ёрдамида кенг оммани фазога учиришни йўлга қўйишга бел боғлаган.

АҚШ Афғонистон тинчлик музокараларини жадаллатиш учун БМТ анжуманини ўтказишни таклиф қилди

Афғонистон манзараси.

Америка Қўшма Штатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида Афғонистон бўйича халқаро анжуман ўтказишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийси маълум қилди.

АҚШ таклифини Вашингтоннинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод 4 март куни Қатарда Толибонга тақдим этиши кутилмоқда.

Халилзод 3 мартга қадар Кобулда Афғонистон тинчлик музокараларини жонлантириш ва мамлакатда авж олаётган зўравонликларни тўхтатиш мақсадида музокара ўтказди.

Хусусан, у президент Ашраф Ғани, Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла ва бошқалар билан учрашиб, толиблар билан музокараларни тезлаштириш йўлларини муҳокама қилди.

Президент Жо Байден 2020 йилнинг февраль ойида АҚШ ва Толибон имзолаган шартномани қайта кўриб чиқмоқда.

Битимга мувофиқ 1 майга қадар АҚШ ва хорижий давлатлар қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши керак.

Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийсига кўра, БМТ анжуманига минтақадаги давлатлар, жумладан, қўшни Эрон ва Покистон вакиллари чақирилади.

Арманистонда минглаб одам бош вазир Пашинян истеъфосини талаб қилиб намойишга чиқди

Арманистонда Пашинянга қарши норозилик намойиши иштирокчилари.

Арманистон пойтахти Ереванда минглаб мухолифат тарафдори бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилиб намойишга чиқди.

3 март куни 10 мингдан ортиқ намойишчи парламент биноси олдида тўпланди. Уларни кўп сонли хавфсизлик ходимлари кузатиб турди.

2 март куни Арманистон президенти армия бошлиғини лавозимидан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни имзолашдан бош тортган, натижада мамлакатда юзага келган сиёсий инқироз янада мураккаблашган эди.

Ўтган ҳафтада Арманистон қуролли кучлари бош вазир Пашинян ва у бошқараётган ҳукумат истеъфосини талаб қилган эди. Пашинян бу талабни давлат тўнтариши уринишига тенглаштириб, Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянни ишдан олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Аммо Арманистоннинг асосан рамзий ваколатларга эга президенти Армен Саркисян 2 март куни Гаспарянни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни имзолашдан иккинчи марта бош тортди.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида бошланиб, 9 ноябрда Озарбайжон ғалабаси билан якунланган Тоғли Қорабоғ уруши ортидан Арманистонда Пашинян истеъфоси талаб қилинган намойишлар тинчимаяпти. Бунга Пашинян Россия воситачилигида Озарбайжон билан сулҳ битимини имзолагани туртки бўлди.

Навальний ўзининг “Кольчугина” тергов ҳибсхонасида экани ҳақида хабар чиқарди

Мухолифатчи Алексей Навальний суд залида, Москва, 2021 йил 20 феврали

Мухолифатчи Алексей Навальний Москвадаги ҳибсхонадан этап қилинганидан кейин ўзининг қаерда эканига оид илк маълумотни чиқарди. 3 март куни сиёсатчининг Инстаграмида ёйинланган хабарга мувофиқ, у Владимир вилоятидаги “Кольчугина” тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.

Навальний штаби маълумотига кўра, мухолифатчи у ерда камида уруш фахрийси Игнат Артеменкога туҳмат иши бўйича апелляция аризаси кўрилгунича тутиб турилади. Мазкур иш бўйича Навальнийга 850 минг рубль жарима солинган.

Тергов ҳибсхонасидаги Навальний аҳволи яхши экани, бироқ ҳали ташқаридан хат-хабар ололмаётгани, шу важдан ташқи олам ҳақида Москвадаги “Матросская тишина” ҳибсхонасида ушлаб турилган пайтдан кўра камроқ маълумот билишини билдирган.

Аввалроқ Навальний Владимир вилояти Покров шаҳридаги 2-жазо колониясига етказилгани хабар қилинган, бироқ бу маълумот расман тасдиқланган эмасди.

Мухолифатчи Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд “Ив Роше” иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган. Ўтган ҳафта у Москвадаги “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасидан этап қилинган.

Мьянмада норозилик намойишини тарқатиш чоғида ёш болалар дохил 38 киши ўлдирилди

Мандалай шаҳридаги намойишдан лавҳа, 2021 йил 3 марти

Мьянмада ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларга қарши чоршанба куни ўтказилган норозилик акцияси иштирокчиларининг камида 38 нафари ўлдирилди. Бу ҳақда БМТ баёнотида айтилган.

Би-Би-Си хабарига кўра, шу тариқа 3 март Мьяанмада ҳарбий хунтага фуқаровий бўйсунмаслик ҳаракати бошланганидан буён энг қонли кунга айланган.

Ҳарбийларга тобеъ кучлар бир нечта шаҳарда, жумладан, Янгон, Мандалай ва Минжанда намойишчиларга қарата ўт очишган. Ўлдирилганларнинг камида икки нафари вояга етмаганлардир.

Мьянмада 1 февраль куни ҳарбий тўнтариш содир бўлганидан сўнг мамлакат бўйлаб оммавий норозилик акциялари бошланиб кетган, намойишчилар ҳибсга олинган ҳукумат вакилларини озод қилиш талаби билан кўчага чиққанлар. Ҳибсга олинганлар орасида ўтган йил ноябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонган “Демократия учун миллий лига” етакчиси Аун Сан Су Чжи ҳам бор. Ҳарбийлар унинг партиясини сайловларда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйганликда айблаб келади. Хунтачилар аввалги сайлов комиссиясини тарқатиб юборишган ва бир йилдан сўнг янги сайлов ўтказишга ваъда қилганлар.

БМТнинг Мьянма бўйича махсус элчиси Кристина Шранер-Бургенер маълумотларига кўра, ҳокимият тўнтаришидан сўнг бошланган норозилик акциялари чоғида 50 дан зиёд одам ўлдирилган. Бир кун аввал қўшни давлатлар Мьянма ҳарбийларини босиқликка чақиришганди.

Туркия пойтахтида Муҳаммад ал-Хоразмий бюсти очилди

Анқарада очилган Муҳаммад ал-Хоразмий бюсти (“Дунё” АА фотоси)

Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ташаббуси билан Туркий маданият халқаро ташкилоти – ТУРКСОЙ ҳамда Анқара шаҳар муниципалитети билан биргаликда Туркия пойтахти Анқара шаҳрида 3 март куни Муҳаммад ал-Хоразмий ёдгорлигининг очилиш маросими ўтказилган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, ўзбек дипломатлари, ТУРКСОЙ вакиллари, туркиялик депутатлар ва маҳаллий мулозимлар иштирокидаги тадбир “Хива - туркий дунёнинг маданият пойтахти” халқаро дастури доирасида бўлиб ўтган.

Ёдгорлик Анқара шаҳрининг Кечиўрен туманидаги машҳур боғлардан бири – “Жўка водийси” (Ihlamur Vadisi) ҳудудида ўрнатилган.

Озодлик ўтган йил декабрида Испания пойтахти Мадридда ҳам Хоразмий ҳайкали ўрнатилгани ҳақида хабар қилганди.

VIII асрда Хивада дунёга келган жаҳонга машҳур олим Муҳаммад Хоразмийнинг “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр вал-муқобала” асари номидан “алгебра” атамаси пайдо бўлган. Рисола XII асрдаёқ лотин тилига таржима қилиниб, “Algorithmi” рисоласи номи билан бутун Европага тарқалгани айтилади. Ҳозирда "алгоритм" калимаси IT соҳасида энг кўп қўлланиладиган сўзлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG