Линклар

Шошилинч хабар
30 май 2020, Тошкент вақти: 17:29

COVID-19: Сеулда карантин яна кучайди, АҚШда 3 бола ўлди, Германия кушхоналарида вирус тарқала бошлади


Мэрилендда карантин чоралари юмшатилиши ортидан сайрга чиққан ниқобли аёл

Коронавирусдан энг кўп зиён кўрган Осиё, Европа ва Шимолий Америка давлатлари, вирус қайтадан тарқалиши олдини олган ҳолда, жорий қилинган чекловларни бекор қилиш устида бош қотирмоқда.

9 май куни Жанубий Корея пойтахти Сеулда коронавирус қайтадан тарқала бошлагани учун 2100 дан ошиқ бар, дискотека ва клублар ёпилди.

Сабаби вирусга чалиниш ҳоллари асосан ўтган ҳафта дам олиш кунлари сайр қилган шахсларда қайд этилган.

Шаҳар мэри Пак Вонсун янги эпидемия ўчоғи ўлароқ кўрилаётган уч клубга борган 1 минг 940 дан ошиқ одам изланаётганини билдирди.

Мэр коронавирусга қарши курашда эришилган ютуқлар «саноқли эҳтиётсиз одам туфайли таҳдид остида қолаётганини» таъкидлади.

Германияда эса кушхоналарда вирус кенг тарқала бошлади. Хабарларга кўра, мамлакатдаги кушхоналарнинг бирида 180 нафар ходим вирусни юқтирган.

Италияда эса расмийлар чекловлар юмшатилган илк ҳафта давомида аҳоли ижтимоий масофа сақламаётганидан ташвиш изҳор қилди.

АҚШда пандемияга қарши кураш саъй-ҳаракатларига етакчилик қилган ишчи гуруҳнинг уч нафар аъзоси кейинчалик вирус юқтиргани аниқланган шахс билан мулоқотда бўлгани учун ўзини изоляция қилишга қарор қилди.

Булар АҚШнинг Касалликлар назорати ва уларнинг олдини олиш марказларининг (Centers for Disease Control and Prevention, CDC) 68 ёшдаги директори Роберт Редфилд, АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идорасининг (Food and Drug Administration, FDA) 60 ёшдаги комиссари Стивен Ҳан ҳамда АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош эксперти, Аллергия ва юқумли касалликлар миллий институтининг 79 ёшдаги директори Энтони Фаучидир. Улар кейинги икки ҳафта давомида уйдан ишлаши хабар қилинди.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугунга қадар жаҳон бўйлаб янги коронавирусни юқтирганлар сони 4 миллиондан ошди, вирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони 279 мингдан ошди.

АҚШнинг айрим штатлари пандемия туфайли жорий қилинган иқтисодий чекловларни аста-секин бекор қилаётган бўлса-да, тадбиркорлар қатор қийинчиликларга дучор бўлмоқда.

9 май куни президент Дональд Трамп ҳукумат фермерлардан 3 миллиард доллар қийматга эга маҳсулотларни харид қилишини эълон қилди. Президент ўз Twitter саҳифасида фермерлардан 3 миллиард доллар қийматга эга сут, гўшт ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олинишини ёзди.

Коронавирус пандемияси АҚШ ва кўплаб мамлакатда таъминот занжирларини издан чиқарди. Натижада айрим фермерлар етиштирган маҳсулотларини сақлай олмагани учун йўқ қилишга мажбур бўлмоқда.

АҚШда пандемия ўчоғига айланган Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо штатда шишиб кетган қон томирлари ва юрак хасталиги туфайли икки нафар ёш бола ва бир нафар ўсмир ҳалок бўлганини билдирди. Бу ҳолатлар коронавирус туфайли юзага келган бўлиши мумкин.

Штат бўйлаб камида 73 нафар ёш болада Кавасаки касаллиги аломатлари аниқланди. Камдан-кам учрайдиган бу яллиғланиш касаллиги коронавирус туфайли юзага келаётгани ҳали тасдиқлангани йўқ.

АҚШнинг бошқа штатларида ҳам ёш болаларда Кавасаки касаллиги ҳамда юқумли-токсик шок синдроми аниқланди. Нью-Йоркда қайд этилган ўлимлар вирус айрим болалар танасига улғайган шахсларга қиёслаганда бошқача ҳужум қилиши мумкинлигидан далолат беради.

Бугунга қадар коронавируснинг болаларга таъсири чекланган, деган фикр кенг тарқалган эди. Коронавирус туфайли ҳалок бўлганларнинг жуда оз қисми болалар бўлиб, нобуд бўлган болаларнинг деярли барчасида бошқа жиддий касаллик бўлган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG