Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:48

OzodDayjest: Гувоҳлар: ИИБ ходимлари кечикмаганида, қотилликнинг олдини олиш мумкин эди


Tashkent City эгалари Конституцияга зид йўл тутишда айбланди. Чемпион йигитнинг калтакланганига гувоҳлар қотилликнинг олдини олиш мумкин бўлганини айтмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Президентликка номзод “Толибон” ҳокимияти легитимлигини савол остига олди


Ўзбекистон Экологик партияси раиси, мамлакат президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов Афғонистонда Ашраф Ғани ҳокимиятининг қулаши ва бошқарув жилови “Толибон” қўлига ўтганига муносабат билдирди (“Оила ва табиат” газетаси, 19 август).

“Марказий Осиёнинг оловли нуқтасида ҳукмрон куч, ғоя ўзгарди. “Толибон” ҳаракати қудратга эга бўлди. Бу ҳолат, менинг назаримда, ўша ҳаракат вакилларининг ютуғи эмас, уни жуда қудратли ҳарбий кучга эгалигини ҳам англатмайди. Аввалги ҳукумат, раҳбарият афғон жамиятида ўзаро мувозанатни бузганининг ҳосили, оқибати, деб қарасак тўғри бўлади. Хуллас, ана шу мувозанат бузилиши оқибатида давлат бой берилди, ноқобил тизим бутун бир халқни боши берк кўчага олиб кириб қўйди”, - дейди Н.Обломуродов.

Экологик партия раиси, айни чоқда, “Толибон” бошқарувининг легитимлигини ҳам савол остига олган.

“Тўфондек бостириб келган бу кучнинг легитимлиги алоҳида масала, баҳсли мавзу. Уларни аниқ дастурий мақсадларга эга сиёсий куч дейишга ҳам шошилмаган маъқул”, - деб ҳисоблайди у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 август куни “Толибон” ҳаракати пойтахт Кобулни ҳам ўз назоратига олганини эълон қилди. Бунинг ортидан Ашраф Ғани истеъфо берди ва мамлакатни тарк этди.

ХДП: Tashkent City ҳудудига кириш пулли экани конституциявий тамойилларга зид


Ўзбекистон пойтахтининг марказидаги 80 гектар ҳудудда жойлашган Tashkent City мажмуасини “шаҳар ичидаги давлат” деб аташ мумкин, чунки қонунлар бу “давлатча”га таъсир қилмайди (“Рост24”, 14 август).

“Бу шаҳар марказидаги давлат Ўзбекистонда чиқарилган тақиқ ва чекловларни қабул қилмайди. Ўзининг алоҳида бошқарув тизими бўлиб, ҳудуди жиҳатидан жойлашган туманига ҳам бўйсунмайди. Архитектура ва қурилиш борасида шаҳарсозлик нормаларига амал қилишда ҳам республика архитектурасига ҳам ҳисобот бермайди. Сектор раҳбарларининг сўзи улар учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас” , - деб ёзади “Рост24” нашри.

Биргина мисол, Ўзбекистонда карантин сабаб ўрнатилган чекловларни бу “давлат” инобатга олмади. Журналистлар Tashkent City ҳудудидаги кафе ва ресторанлар карантин чекловларига риоя қилмаётганини фош қилгач, мазкур ҳолат бўйича чора кўрилмади, аксинча, ўша чекловнинг ўзи бекор қилинди.

Шунингдек, мақолада Tashkent City бизнес мажмуасига кириш бепул экани ноқонуний экани таъкидланган.

“Рост24” нашрининг мақоласига муносабат билдирган Халқ демократик партияси бизнес мажмуага кириш пулли экани конституциявий тамойилларга зидлигини билдирган.

Партия жамиятда барқарорликни сақлаб туриш учун ижтимоий кескинликни юзага келтириши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни тезкор ҳал этиш, жумладан, Tashkent City мажмуасига кириш бепул бўлиши шартлигини таъкидлайди.

“Бундай табақалашув фуқароларнинг кайфиятига ёмон таъсир кўрсатади”, - дейилади партия баёнотида.

Чемпион йигитнинг калтакланганига гувоҳлар қотилликнинг олдини олиш мумкин бўлганини айтмоқда


Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида спортчи Элбек Раҳимовнинг ваҳшийларча калтакланишига гувоҳ бўлган шоҳидлар ИИБ ходимлари воқеа жойига кечикиб келгани, шу боис қотилликнинг олди олинмаганини айтмоқда (www.daryo.uz, 17 август).

“102 га шахсан ўзим уч марта қўнғироқ қилдим. Воқеа ҳақида айтиб, тез етиб келинг, ҳозир ўлдириб қўйишади, дедим. Хўп, ариза қабул қилинди, ёзиб олдик, дея менга қўполлик қилишди. Келаверишмагач, 09:51 да яна телефон қилдим. Яна келишмагач, соат 10:11 да яна тердим. Ҳеч бўлмаса рация орқали хабар бериб, номерсиз қора “Gentra”ни ушланглар, дедим. Хуллас, ИИБ ходимлари воқеа ҳақида хабар берилганидан сўнг ҳам 40-45 дақиқа ўтгач келишди. Улар келишганда эса безори болалар йигитни яримжон ҳолатда машинага тиқиб олиб кетишганди. Атрофда кўпчилик бор эди, аммо ҳеч ким ёрдам бермади. Мен ҳам қиз бола бўлганим учун йигитларнинг қўлидаги пичоқни кўриб, ёрдамга боролмадим”, - дейди “Дарё” мухбири билан суҳбатлашган гувоҳлардан бири.

Суҳбатдошнинг айтишича, ИИБ ходимлари ўз вақтида етиб келганида мудҳиш қотилликнинг олди олинган бўларди.

“Ҳеч бўлмаса номерсиз машина ортидан тушиб, чалажон бўлса-да, ўша йигитни олиб қолишарди. ИИБ ходимлари воқеа жойига етиб келишгунча безорилар йигитни Чироқчи туманининг Еттитом қишлоғига олиб кетишган. Ходимларнинг шунчалик секин ҳаракатланиши оғир оқибатларга олиб келди”, - дейди у.

Воқеа ҳақида гапирган Ҳулкар Жалилова ҳам ИИБ ходимлари воқеа жойига жуда кеч келганини айтган.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов эса 19 август куни Қарши шаҳрида ташкил этилган матбуот анжуманида тизим ходимлари воқеа жойига жиноят ҳақида хабар келганидан 21 дақиқа ўтиб етиб борганини маълум қилган.

Хабарларга кўра, ушу-санда бўйича жаҳон чемпиони, MMA жангчиси Элбек Раҳимов 17 август куни бир гуруҳ шахслар томонидан ваҳшийларча калтакланиши оқибатида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва 8 нафар шахс гумонланувчи тариқасида жалб қилинган.

XS
SM
MD
LG