Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:39

"Гепатит А"га қарши вакцинанинг қимматлиги кам таъминланган оилаларни ташвишга солмоқда


Кейинги бир неча ой ичида “Гепатит А”га қарши эмлаш вакцинасининг 30 фоизга қимматлагани ва қимматлашда давом этаётгани жиззахлик кам таъминланган оилаларни ташвишга солмоқда.

Озодлик боғланган расмийлар ҳақиқатан ҳам вакцина нархи қимматлаганини, лекин эмлаш мажбурий эмас, ихтиёрий эканини айтдилар.

Жиззахлик айрим манбалар эса, эмлаш ихтиёрий бўлгани билан, “Гепатит А”га қарши эмланмаган болаларни боғча ва мактаблар қабул қилишдан бош тортаётганидан шикоят қилмоқда.

"Ишсиз бўлсам, уч боламни эмлаш учун 600 минг сўмни қаердан оламан?"

Жиззах вилоят, Зомин туманидаги “Истиқлол” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Ём қишлоғида яшовчи Иномжон Муллаев “Гепатит А”га қарши эм воситаси нархи қимматлигидан шикоят қилди.

“Ҳар бир болага икки юз минг сўмдан экан, эмлаш. Қизиғи шундаки, эмланмаган болаларни богча, мактабга олишмас экан. Эмлаш шарт экан. Менга ўхшаб ишсизликдан қийналиб, оилавий шароити бўлмаган одамлар нима қилади? Менинг учта болам бор. Учаласини эмлашга 600 минг сўм кетар экан”, деди Иномжон Муллаев.

Суҳбатдошимиз бу масалада Омбудсман ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишонч телефонларига бир неча кун давомида қўнғироқ қилиб туша олмаганини ҳам айтиб ўтди:

“Бир неча кундан бери телефон қиламан. Ишонч телефонига овози ёзиб олинган қиз жавоб беради, кейин шу билан телефон ўчади, ёки телефонни мутлақо ҳеч ким кўтармайди. Шунинг учун саволимга жавоб топиш учун Озодликка мурожаат қилмоқдаман”, деди Иномжон Муллаев.

"Гепатитга қарши вакцина бир ойда 25 минг сўмга қимматлади"

Ём қишлоғидаги тиббиёт пункти шифокори Дилрабо Жўраева “Гепатит А”га қарши вакцина нархи бир неча ойдан бери қимматлаб кетганини ва бундан кейин ҳам қимматлашда давом этишини тасдиқлади:

“Ноябрь ойида ва декабрнинг бошланишида вакцина 175 минг сўм эди. Декабрнинг ўрталарига келиб 190 минг бўлди. Мана бугунги кунда эса 200 мингга чиқди. Бу СЭС томонидан белгиланган давлат нархи. “Гепатит А”га қарши 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар эмаланади”, деди шифокор.

Бироқ суҳбатдошимизнинг тан олишича, эмланган болаларнинг ота-оналарига 200 минг сўм тўлангани тўғрисидаги квитанция берилмаяпти.

“Мен СЭСдан нақд пул тўлаб, вакцина олиб келаман. Ўша тўлаган пулларим учун менга ҳам квитанция берилмайди. Квитанция берилиши кераклиги ҳақида энди эшитаяпман”, деди Дилрабо Жўраева.

"Вакцина ўзимизда чиқмайди, Хитойдан олиб келамиз"

Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўз исмини айтишни истамаган расмийси эса, Озодликка гапирар экан, ҳақиқатан ҳам “Гепатит А”га қарши эмлаш пулли эканини билдирди.

“Вакцинани ҳозир чет элдан олиб келаяпмиз. Ўзимизда чиқмайди. Ҳозирги вакциналар Хитойда ишлаб чиқарилган. Шунинг учун ҳам эмлаш пулли бўлиб қолди. Бироқ эмлаш мажбурий эмас, ихтиёрийдир. Шундан келиб чиқиб, мактаб ва боғчалар ҳам “Гепатит А”га қарши эмланганлик тўғрисидаги маълумотномани талаб қилишга ҳақли эмас. Мажбурий эмлашлар бор, ўша мажбурий эмлашлардан сўнг, шифокорлар ўзлари мактаб ва боғчаларга тегишли маълумотларни ёзиб беришади”, деди расмий.

Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийсининг Озодликка айтишича, мана шу маълумотномада шифокорлар мажбурий бўлган барча эмловларни, жумладан “Гепатит В”га қарши эмни ҳам қайд этади ва мактаб бундан бошқа эмларни талаб қилишга ҳақли эмас.

Бироқ ўз номини айтишимизни истамаган жиззахлик ўқитувчилардан бирининг Озодликка айтишича, боланинг мактабга ва боғчага қабул қилинишида биринчи эътибор унинг қизамиқ ва сариқ касаллилига қарши эмланганига қаратилади:

“Чунки, ўзингиз биласиз, мактаб ва боғчада болалар бевосита муомалада бўлишади. Бировида юқумли касаллик бўлса, дарров бошқаларга юқади. Шунинг учун боланинг юқумли касалликларга қарши эмланганлигига биринчи ўринда эътибор қаратилади. Биз тиббиёт мутахасисиси эмасмиз. Бизга сариқ касалига қарши эмланганлиги тасдиқланса бўлди, бу “Гепатит А” бўладими ёки “Гепатит В”ми - буни биз тушунмаймиз”, деди ўқитувчи.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нима дейди?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий сайтида қайд этилишича, “Гепатит А” бемор билан контактда бўлган одамга юқади.

“Шунинг учун “Гепатит А”га қарши эмлаш вирус гепатитининг олдини олиш ва назорат қилиш комплекс режасининг бир қисми бўлиши шарт. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “Гепатит А”га қарши эмлашни 1 ёш ва ундан катта болаларни эмлаш миллий календарига киритишни тавсия қилади”, дейилади ташкилот маълумотномасида.

Маълум бўлишича, “Гепатит А” вирусли гепатитларнинг 40 фоизи юзага келишининг асосий омили ҳисобланади.

Жиззаҳ соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийси Озодликнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотномасидан келиб чиқиб, “пулли эмлаш “Гепатит А” эпидемияси юзага келишига омил яратиши мумкинми?” деган саволига жавоб бера олмади.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланиш ҳаракатларимиз эса самара бермади. Икки кун мобайнида вазирликнинг ишонч телефонини ҳеч ким кўтармади.

Тадбиркор: "Гепатит А"ни миллий эмлаш дастурига киритишга ҳаракат қилинмоқда

«Гепатит А»га қарши эмлаш воситаларини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмаси билан мамлакатга олиб келиш билан шуғулланадиган «Тиббиёт олами» ширкати раҳбари Содиқ Содиқовнинг Озодликка айтишича, айни пайтда Ўзбекистонда ҳам “Гепатит А”ни миллий эмлаш дастурига киритиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

«Ҳозирда Ўзбекистон миллий эмлаш дастурига 12 та касалликка қарши, жумладан, кўп учрайдиган оғирроқ «Гепатит В»га қарши вакциналар киритилган. Буларнинг ҳаммаси бепул. Айни пайтда 2021 йилгача «Гепатит А»ни ҳам миллий эмлаш дастурига киритиш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигида иш олиб борилаяпти. Аниқ айтадиган бўлсам, ҳозир «Гепатит А» вакцинаси учун бюджетдан қанча пул ажратилиши зарурлиги ҳисоб-китоб қилинаяпти. Мутахассис сифатида айтаманки, бунинг учун жуда катта миқдордаги пул талаб қилинади ва буни аниқ, тийин-тийинигача ҳисоблаб чиқиш керак», деди Содиқ Содиқов.

Мутахассиснинг айтишича, «Гепатит А» вакцинасининг қимматлигидан шикоятлар унга ҳам келиб тушган.

«Ҳозир вакцинанинг нархини арзонлаштириш масаласини ҳам кўриб чиқаяпмиз. Менга ҳам кўп одамлар вакцинанинг қимматлигидан шикоят қилиб мурожаат қилишмоқда. Аслида 200 минг сўм унча қиммат нарх эмас, чунки уни Хитойдан олиб келамиз. Лекин аҳолининг талабларини ҳам инобатга олмасак бўлмайди».

“Эмлашнинг пулли эканлиги, яъни имконияти йўқларнинг болалари эмланмай қолиши “Гепатит А” эпидемияси юзага келишига омил яратиши мумкинми?” деган саволимизга жавоб берар экан Содиқ Содиқов: “Бу санитария-эпидемиология назорати мутахассисларининг аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини қай даражада самарали олиб боришига боғлиқ. Шу кунгача “Гепатит А” эпидемияси кузатилмади, ҳолбуки шу кунгача ҳам вакцина пулли эди”, деб жавоб берди.

XS
SM
MD
LG