Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:06

Британия парламенти: Хитой уйғурларга қарши геноцид содир этмоқда


2014 йилда Шинжонда аёлларга 200 мингдан ортиқ туғилишни назорат қилиш мосламалари ўрнатилган.
2014 йилда Шинжонда аёлларга 200 мингдан ортиқ туғилишни назорат қилиш мосламалари ўрнатилган.

Буюк Британия парламентининг қуйи палатаси Хитойнинг Шинжон минтақасида уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликларга қарши инсониятга қарши жиноятлар ва геноцид содир этилаётгани тўғрисидаги декларацияни қабул қилди.

22 апрелда қабул қилинган декларация Буюк Британия ҳукуматини бирор чора кўришга мажбурламайди. Шундай бўлса-да, ушбу қадам қонун чиқарувчилар ўртасида Хитой ҳукуматига нисбатан норозилик кучайиб бораётганидан далолат беради.

Шинжондаги лагерларда камида 1 миллион уйғур ва бошқа аксарият мусулмон озчиликлар сақланаётганига ишонилади. Шинжонда кўплаб қонунбузарликлар, жумладан, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, аёлларни мажбурий стерилизация қилиш, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва бошқа асосий эркинликларни мунтазам равишда бузиш каби ҳолатлар қайд этилган.

Бугунга қадар АҚШ ҳукумати ва Бельгия, Голландия ва Канада парламентлари Пекинни геноцидда айблади.

Ўтган ой АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Европа Иттифоқи Шинжондаги жиноятлар туфайли бир қатор хитой амалдорига қарши санкция жорий қилди.

Пекин Шинжонда олиб борилаётган сиёсат мамлакатнинг ички иши эканини айтиб, геноцид айбловлари ва Ғарб санкцияларини қоралаб келади. Хитой расмийлари минтақадаги лагерлар бўлгинчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган қайта тарбиялаш марказлари эканини иддао қилмоқда.

Бош вазир Борис Жонсон ҳукумати Шинжонда геноцид содир бўляпти, деб топишга ошиқмаётир. Шундай бўлса-да, Жонсон ҳукумати Шинжонда «саноат миқёсида» инсон ҳуқуқлари бузилаётганини тан олган. Ҳукуматнинг айтишича, геноцид эълон қилиш қарори миллий ва халқаро судларга ваколатига киради.

Яқинда Хитойнинг уйғурларга нисбатан муносабатини танқид қилгани учун Пекин санкциясига йўлиққан беш нафар инглиз қонунчисининг бири Нус Ғани ҳукумат чора кўриши кераклигини таъкидлади.

«Геноцид фақат битта ҳаракат – қатлиом деган тушунмовчилик мавжуд. Бу хато», - деди у ва Шинжонда геноциднинг барча мезонлари содир бўлаётганини кўрсатувчи исбот-далиллар борлигини қўшимча қилди.

Ғанининг айтишича, лагерларда сақланаётганлар «шафқатсиз қийноқ усуллари, шу жумладан, металл буюмлар, электр токи ва қамчи билан» жазоланмоқда ва буларнинг барчаси «индоктринация қилишга ва мияни “ювиб тозалашга” қаратилган» сиёсатнинг бир қисмидир.

Ғани 2 миллионга яқин одам қонуний асоссиз қамоқ фабрикаларида ва тарбиялаш марказларида ушлаб турилгани ҳақида маълумот борлигини айтди. У, шунингдек, этник уйғурлар сонини камайтириш учун минтақадаги аёллар мажбурий стерилизация қилинаётгани ва туғилиш назорат қилинаётганини айтди.

«Мен Ер юзида бу миқёсда аёллар таҳқирланаётган бошқа жой борлигига ишонмайман», - деди Ғани.

Унинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати тарқатган маълумотлар шуни кўрсатадики, 2014 йилда Шинжонда аёлларга 200 мингдан ортиқ туғилишни назорат қилиш мосламалари ўрнатилган, аммо 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 60 фоизга ошган.

«Минтақада Хитой аҳолисининг атиги 1,8 фоизи яшаса-да, Хитойдаги туғилишни назорат қилиш мосламаларининг 80 фоизи уйғурлар минтақасида ўрнатилган», - деди у.

Консерватив партиянинг собиқ етакчиси Иен Дункан Смит эса:

«Нега биз буни геноцид деб эълон қилмадик? Мен ҳукуматни бу борада ўз позициясини қайта кўриб чиқишга чақираман», - деди.

XS
SM
MD
LG