Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:28

Бозордаги пичоқлашувда дўкон ишчиси ўлди, аравакашлар ҳибсга олинди


Иллюстратив сурат. Чинни бозордаги воқеага алоқаси йўқ.
Иллюстратив сурат. Чинни бозордаги воқеага алоқаси йўқ.

25 октябрь куни Зангиотадаги Чинни бозорда йўл талашув устида келиб чиққан жанжал пайти аравакашлар дўкон ишчисини пичоқлади.

20 ёшлардаги Исмоил исмли дўкон ишчиси олган жароҳатлари оқибатида оламдан ўтди.

Воқеа гувоҳларига кўра, дўкончи йигит ўлимида айбланиб уч аравакаш ҳибсга олинган, кейинчалик улардан бири қўйиб юборилган.

Воқеа юзасидан очилган жиноят ишини Тошкент вилоят ИИБ Тергов бўлими олиб бормоқда.

Воқеа 25 октябрь куни эрталаб, тахминан соат 10 ларда Тошкент вилоят, Зангиота туманидаги янги Чинни бозорида (эски "Абу Сахий" бозори ўрнида) содир бўлган.

Воқеа гувоҳларидан бири, хавфсизлигини ўйлаб исмини очиқлашни истамаган савдогар Озодликка бундай деди.

“3 та аравакаш бир дўкончи бола билан йўл талашиб уришган. Жанжал пайти аравакашлар Исмоил исмли дўкончи болани уриб, бўйнидан сўйиб қўйишган. Мен жанжалдан сал кеч бордим. Ҳаммаёқ қон эди. Бир неча метргача қон оқиб кетганди. Исмоил 20 ёшларда эди. У шу бозордаги дўконда ишчи бўлиб ишларди”.

Ушбу бозордаги бошқа бир савдогарга кўра, жанжал эрталаб савдогарлар молларини ёяётган пайти содир бўлган:

“Одатда ўзи эрталаб жуда тиқилинч бўлади. Сабаби бозор маъмурияти дўконлар ўртасидаги йўлларни ҳам савдогарларга сотган. Ўртадаги йўлда ҳам палатка қилиб, савдо қилиниши сабаб юк олиб келишга жуда кам йўл қолган. Шунинг учун эрталаблари бу каби уруш-жанжаллар кўп бўлади. Эрталаб ҳамма молини складдан олиб келади. Аравакашлар юришга йўл топа олмаганидан жанжаллашиб кетишади. Жума кунги воқеада ҳам аравакаш билан дўкончи йигит йўлга сиғмай, урушиб қолишган. Кейин жанжалга яна иккита аравакаш қўшилган. Шу билан жанжал каттага айланиб кетган. Натижада бир ёш йигит оламдан кўз юмди”.

Чинни бозордаги эрталабки ҳолат.
Чинни бозордаги эрталабки ҳолат.

Савдогарлар билан суҳбатдан маълум бўлишича, шу куни бозорда тирбандлик бўлгани сабаб “Тез ёрдам” машинаси ҳам воқеа жойига кечикиб етиб келган.

“Бозорда на арава юра олади, на одам. Скорий ҳам кечикиб келди. Исмоил касалхонага етмай жон берибди. Воқеа жойидан лезвие - пичоқ топишибди. Дўкончи йигитни урган уч аравакашни ҳам мелиса олиб кетди. Лекин эшитишимизча, кейин улардан биттасини кечаси қўйиб юборишибди”, деди Чинни бозор савдогарларидан яна бири.

Жанжал оқибатида ўлган дўкон ишчиси - 20 ёшлардаги Исмоилнинг шахсига оид қўшимча маълумотлар Озодликда мавжуд эмас.

Янги Чинни бозорни назорат қилувчи ташкилот - "Тошкент савдо маркази" раҳбарлари душанба (28 октябрь) куни бозор ишламаслигини важ қилиб, Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

"Бугун бизда дам олиш. Қонуний дам олиш кунимиз. Эртага расман мурожаат қилсангиз, барча маълумотларни берамиз", деди марказ раҳбарларидан бири.

Воқеа содир бўлган Чинни бозори ҳудуди Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қарашли.

Зангиота туман ИИБининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, "ушбу воқеа бўйича жиноят иши очилган ва ишда қотиллик ҳолати бўлгани боис иш Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасига ўтказилган".

Тошкент вилоят ИИБсининг Озодлик боғланган ходимига кўра, "бозордаги қотиллик воқеаси билан ИИБнинг Тергов бўлими шуғулланмоқда". Ходим тергов давом этаётгани боис матбуотга тафсилотлар очиқланмаслигини билдирди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG