Линклар

Шошилинч хабар
01 июн 2020, Тошкент вақти: 14:11

БМТ ҳисоботида Ўзбекистонда қийноқлар давом этаётганидан хавотир билдирилди


Human Rights Watch ташкилоти фикрича, БМТ ҳисоботи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун ҳали кўп иш қилиниши лозимлиги кўрсатмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига бағишланган навбатдаги ҳисоботида мамлакатда тергов ҳибсхоналарида қийноқлар давом этаётгани ҳамда фундаментал эркинликларнинг чекланаётгани юзасидан хавотир изҳор қилинди.

Human Rights Watch ташкилотининг8 апрель куни эълон қилинган баёнотида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси хулосалари «Ўзбекистонда ваъда қилинаётган ислоҳотлар бутунлай амалга ошмаганидан дарак бериши» айтилади.

Ўтган ҳафтада БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистонда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга қай даражада амал қилинаётгани юзасидан ҳисобот эълон қилган эди.

Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон БМТ ҳисоботи Ўзбекистон «инсон ҳуқуқлари аҳволи оғир бўлган авторитар давлат бўлиб қолаётганини» кўрсатишини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан бери ислоҳотларни амалга ошириб келади. Аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакатдаги вазият юзасидан хавотир изҳор қилишда давом этмоқда.

БМТ қўмитаси «озодликдан маҳрум этилган шахслар қийноққа тутилаётгани ҳамда уларга нисбатан шафқатсиз муносабат, шунингдек, виждон ва диний эътиқод эркинлиги, сўз эркинлиги, уюшиш ва тинч йиғинларда қатнашиш эркинликларига қўйилган чекловлар» юзасидан хавотир изҳор қилди.

Аммо қўмита Ўзбекистонда коррупция, аёлларга нисбатан зўравонлик, суд тизимини ислоҳ қилиш ҳамда болалар меҳнатини ва мажбурий меҳнатни йўқ қилишда ижобий ўзгаришлар кузатилганини эътироф этди.

XS
SM
MD
LG