Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:17

Бишкекда қиз олиб қочишга қарши митинг. Ўғирланган қиз ва уни ўғирлаган шахс ўлик ҳолда топилди


Бишкек ва Ўшда норозилик намойишларига йиғилган одамлар Ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилди.
Бишкек ва Ўшда норозилик намойишларига йиғилган одамлар Ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилди.

Бишкекда никоҳ қуриш учун олиб қочилган ва икки кундан кейин жасади топилган Айзада Канатбекова ўлик ҳолда топилгани ортидан Бишкек ва Ўшда бир неча юз одам Ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилиб норозилик намойишига чиқди.

Бишкек кўчаларидан бирида ўғирланган 27 ёшли Айзада Канатбекованинг жасади 7 апрель куни топилган. Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳабарига кўра, уни ўғирлашда гумонланган 31 ёшли шахс қизни бўғиб ўлдирган, кейин ўзини пичоқ билан ўлдирган.

Қизнинг бедарак йўқолгани тўғрисидаги хабар 5 апрелда пайдо бўлган. Маълумотларга кўра, 27 ёшли Айзада Канатбековани Бишкекнинг Тинистанов ва Медеров кўчалари кесилишида номаълум шахслар олиб қочган.

Кўчадаги кузатув камераларидан бирида ёзилган қизни олиб қочиш жараёни видеоси интернетда ҳам тарқалган. Қиз ўғирланаётганида йўлдан ўтаётган одамлар бунга ҳеч қандай реакция билдирмаган.

Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 175-моддаси (Одамни никоҳ қуриш мақсадида ўғирлаш) бўйича тергов ишлари кетмоқда.

Бишкек милицияси матбуот хизматининг маълум қилишича, 7 апрелда Чуй вилоятининг Аламудун тумани Ички ишлар бўлимига Арашан ва Чўқмўрўв қишлоқларига яқин ердаги далада машина ичида аёл ва эркак жасади топилгани тўғрисида маълумот келиб тушган. Улар Айзада Канатбекова ва уни ўғирлаган шахснинг жасади экани аниқланган.

Мазкур воқеа Қирғизистонда катта норозилик уйғотди. Икки кун мобайнида қизни тополмаган милиция ишидан норозилар 8 апрель куни Пойтахт Бишкек ва Ўшда митинг ўтказди.

Пойтахт Бишкекда ўтган ва бир неча юз одам иштирок этган митингда норозилар Ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилди. Ички ишлар вазирлиги биноси олдига йиғилган юзлаб норозилар “Вазир истеъфога кетсин”, “Уят”, “Позор” деб ҳайқирдилар.

Ички ишлар вазири норозилар олдига чиқмаганидан сўнг, намойишга йиғилганлар Ҳукумат уйи олдига бордилар. Норозилар олдига Қирғизистон Бош вазири Улуғбек Марипов чиқди.

- Мазкур воқеа содир бўлган кундан бери назоратимизда. Мен ҳам бу воқеадан қайғудаман. Эшитиб туринглар, чин юракдан гапираяпман. Ҳолат юзасидан барча масъулларга тўла чоралар кўрилади, хизмат суриштирувлари олиб борилаяпти. Бу масалани президент ҳам кузатяпти. Бироз вақт беринглар, -деди Бишкекда норозилар олдига чиққан Қирғизистон Бош вазири Улуғбек Марипов.

Бироқ унинг гапидан қониқмаган намойиш иштирокчилари уни “Позор”, деган хайқириқлар билан қаршилади.

Митинг иштирокчилари, вафот этган қиз Ички ишлар тизимидаги инқироз қурбони бўлган деб ҳисобламоқда.

- Нега бизда тизим ишламайди. Айзада бу тизимли инқирознинг қурбони бўлиб қолди. Айзада халқимиз бефарқлиги қурбони бўлди. Камерада кўриниб турибди, ўша ерда ўтаётган машиналарнинг бири ҳам тўхтамади. Ўтаётган аёлларнинг биронтаси ҳам тўхтамади. Нега? Чунки улар қизни олиб қочишаётганини билса ҳам “майли бахтли бўлсин”, деб ўйлади. Нима учун? Аёллар мол эмаску. Бугун келганлар бекорчилар эмас, қизлари, аёллари, сингилллари ҳимоя қилган, қўрмас одамлар, -деди митинг иштирокчиларидан бири.

Бу орада Қирғизистон президенти Садир Жапаров Айзада Қанатбекованинг ўлими юзасидан Фейсбукдаги саҳифасида марҳумнинг яқинларига таъзия билдирди.
Жапаров ўз постида қирғиз милициясини қонун талабларини бажармагани учун танқид қилди.

"Айзада воқеаси унинг оиласи учунгина эмас, бутун мамлакатимиз учун катта фожиа. Қиз олиб қочиш, қизларни зўрлаб ушлаб туриш орқали уларни истакларига қарши никоҳ қуришга мажбурлаш ҳар доим фожиага олиб келади. Бу фожиали воқеага тўғридан-тўғри қатнашганлар қонун доирасида жазоланади”,- дейилади президент саҳифасида.

Жапаров бир неча йил аввал шу каби олиб қочиш қурбони бўлган Бурулай воқеасини ҳам эслаган.

Бишкекда ўғирланиб ўлдирилган Айзада Қанатбекова яқинлари милиция ишига норозилик билдирмоқда.

Марҳуманинг онаси Назгул Шакенова 5 апрель куни Айзада ўғирланганидан кейин соат тахминан 13.30ларда Бишкекнинг Биринчи май туман милициясига ариза ёзганини айтади.

Шундан кейин Айзаданинг ўзи телефон қилиб, холаси билан гаплашган, унинг овозидан қўрқиб кетгани сезилган, бироқ милиция ўз вақтида тезкор тадбирларни уюштириб, қизни топмаган.

Марҳум жасади 8 апрелда Балиқчи шаҳрида дафн этилди. Айзада Қанатбекова 1994 йили туғилган. Қирғиз-Турк "Манас" университетининг Спорт факультетини 2020 йилда тамомлаган.

XS
SM
MD
LG