Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2021, Тошкент вақти: 15:33

Беларусда сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилган адвокатлар лицензиясидан маҳрум қилинди


Минскдаги норозилик намойишларидан бири.

Беларусда камида 20 нафар адвокат лицензиясидан маҳрум қилинди. Улар сиёсий маҳбуслар, жумладан, Виктор Бабарико ва Мария Колесниковани, шунингдек, юрист Максим Знакни ҳимоя қилишда иштирок этишган.

“Настояшчее время”нинг Минскдаги мухбири ўз касби бўйича ишлашдан маҳрум қилинган ва таъқибларга қарамай ўз фаолиятини давом эттираётган адвокатлар билан учрашди.

“Шаҳар марказида ниқобли уч эркак йўлимни тўсди, қўлларимни қайириб, лом-мим демай машинага судради”...

Мария Колесникованинг адвокати Людмила Казак ўзининг 2020 йилнинг сентябрида қўлга олинишини шундай хотирлайди.

Ўшанда уни милицияга бўйсунмаганликда айблаб баённома тузган ва Окрестинадаги ҳибсхонага жўнатган. Кейинроқ Людмила Казак жаримага тортилган, баённома эса уни адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилиш учун расмий сабаб бўлиб қолган.

“Бунчаликка боришади деб кутмагандим, албатта, – дейди у.- Тўғри, ҳар турли кўнгилсизликлар бўлиши аниқ эди, чунки ўтган йилларда шов-шувли ишларда ҳимоячи сифатида иштирок этиб, Адлия вазирлиги эътиборини тортиб улгургандим”.

Касбидан четлатилганлардан яна бири – Елена Шинкаревич. Март ойида у навбатдан ташқари аттестацияга чақирилган ва адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилинган: расман – малакаси етишмагани учун.

Шинкаревичнинг ўзи эса, тинч намойишларда қатнашганларни судларда ҳимоя қилгани, зўравонлик ва қатағонларни очиқча қоралаб чиққани учун жазоланганини айтади:

“Сиёсий жараёнлар энди бошланган кезлар эди... Биз аҳмоқ эмасмиз-ку, ҳар қанақа сиёсий ишнинг биз учун оқибати нима бўлишини биламиз. Ҳамкасблар билан кенгашдик: бу ишларга бош суқарканмиз лицензиямиз хавф остида қолажагини тушунамиз, хўш, таваккал қилишга тайёрмизми? Бу августгача бўлган эди, гарчи мен ўшангача ёқ участка сайлов комиссияси билан келиша олмаганларни ҳимоя қилишни бошлаб юборгандим. Аммо августда юз берган воқеалардан сўнг шахсан мен учун бошқа ахлоқан тўғри вариант қолмади”.

Лицензияси олиб қўйилганлардан яна бири – Ольга Баранчикнинг “айби” шуки, у сиёсий ишлар билан шуғулланган ва мамлакатда рўй бераётган воқеалар юзасидан ошкора фикр билдирган ҳамкасби Михаил Кирилюкни адвокатурадан бадарға қилишларига рози бўла олмаган. Март ойида уни ҳам имтиҳонга чақиришиб, пировардида “малакаси етишмайди”, деган баҳона билан адвокатлик лицензиясидан айирадилар.

“Биз адвокатларни, улар бор-йўғи “Facebook”даги шахсий саҳифасида ўз фикрини билдиришгани учун соҳадан ҳайдай олмаймиз. Адлия вазирлиги “материаллар” деб шунақа учта хабарни юборган экан. Мен комиссия йиғилишига қадар лингвистика экспертизаси ўтказишни сўрадим: қани, бу хабарларда кимнидир таҳқирловчи маълумот борми, йўқми? Лингвистлар хулоса беришди. Кейин биз “мана, мутахассислар хулосаси, қандай қилиб адвокатни ўз касбига нолойиқ иш қилганликда айблай оламиз”, дея эътироз билдирдик. Вазирлик буни бизнинг ўз хулосамиз деб қабул қилди”, – дейди Ольга Баранчик касбидан четлатилгани ҳақида эсларкан.

Мамлакатда аввало, сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилган ва ошкора фикр билдирган адвокатлар қатағонга учради.

Александр Лукашенко амалдорлардан адвокатурада тартиб ўрнатишни талаб қилганидан сўнг адвокатларга босим янада кучайди.

Сиёсатчи Виктор Бабарикони ҳимоя қилган Дмитрий Лаевский адвокатура тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартишлар киритиш лойиҳасини “Facebook”да танқид қилгани учун “ҳайфсан” олди.

“Бугунги кунда ҳукумат идораларига – ушбу ҳолатда Адлия вазирлигини назарда тутяпман – шунақа кенг ваколатлар берилганки, улар исталган адвокатни лицензиясидан маҳрум қила олади”, - дейди Лаевский.

Людмила Казакка кўра, амалдорлар қонунчиликка киритмоқчи бўлаётган ўзгаришлар Беларусда мустақил адвокатурани буткул йўқ қилиши мумкин.

“Мустақиллик – адвокат мавжудлигининг энг асосий тамойилидир. Агар адвокат давлатнинг қатъий назоратида бўлса, табиийки, адвокатлик бурчини ҳалол адо этгани учун бир бурда нонини тортиб олишларидан қўрқиб ишлайди. Эҳтимол мақсад аслида шудир: қўрқинглар, акс ҳолда, ишламайсанлар, демоқчи бўлишаётгандир”, -дейди у.

Ольга Баранчикнинг айтишича, мулозимлар адвокатларнинг якка ҳолда ва адвокатлик бюролари таркибида ишлашини тақиқлашмоқчи.

“Мазкур ўзгаришлар қабул қилиниши адвокатуранинг ҳалокатини англатади”, - дейди у.

Яна бир ўзгаришга кўра, адвокат стажёри бўлишга талабгор Адлия вазирлиги розилигини олиши шарт қилиб белгиланмоқда. Лаевскийга кўра, вазирлик розилик бермаса, талабгор амалиётни ўтай олмайди ва, табиийки, унга адвокатура эшиклари ёпилади.

“Умуман олганда адвокатурага рўшнолик йўқ, чунки бизда қонунлар жуда ёмон ишлайди. Адвокат нега кераклигини, фуқаролар, биринчи галда, юридик шахсларга унинг қандай фойдаси тегишини, нега у ортиқча эмаслигини такрор-такрор асослашимизга тўғри келяпти”, - дейди Шинкаревич.

Сўнгги бир неча ойда 20 дан ортиқ киши сиёсий сабабларга кўра адвокатлик лицензиясидан айрилди, уларнинг сони ортмоқда.

XS
SM
MD
LG