Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:16

АҚШ Марказий Осиёга нисбатан стратегиясини ўзгартирди


Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг “C5+1” шаклидаги учрашуви. Тошкент, 2020, 3 февраль.
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг “C5+1” шаклидаги учрашуви. Тошкент, 2020, 3 февраль.

Оқ уй ва Давлат департаментига кўра, Марказий Осиёга нисбатан ёндашув ўзгаргани асосан минтақадаги жараёнларга боғлиқ. Ўзбекистон ва Қозоғистонда раҳбарлар янгилангани - АҚШнинг регионга нисбатан стратегиясини янгилаган муҳим омиллардан бири.

"Умуман олганда стратегиямизнинг асоси янги эмас," дейди Элис Уеллс, АҚШнинг минтақа бўйича бош дипломати.

Яқинда Давлат котиби Майк Помпео билан Қозоғистон ва Ўзбекистонда президентлар, шунингдек, Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари билан мулоқот қилиб қайтган расмий дейдики, Вашингтон минтақа Россия ва Хитойдек йирик ва қудратли қўшниларга тобе бўлиб қолишини хоҳламайди.

"Бироқ ким билан қандай ҳамкорлик қилишни давлатларнинг ўзи эркин танлай олиши керак. Америка улар танлаш имкониятига эга бўлишини истайди," - дейди Уэллс.

АҚШ Марказий Осиëга нисбатан стратегиясини ўзгартирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:28 0:00

АҚШнинг тилаги - Марказий Осиё мустаҳкам регион, ҳар бир республика эса ўзига ишонган, фаровон, барқарор ва эркин юрт бўлсин. Янгиланган стратегияда шунга урғу берилади.

Оқ уйда Президент Дональд Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси Лиза Куртис ва дунёнинг бу қисми билан алоқа ва ҳамкорликни тебратишга масъул Элис Уэллс бугун тақдим этилган стратегия устида бош қотирган расмийлардир. Уни амалга ошириш ҳам бу икки хоним зиммасида.

Стратегияга кўра, АҚШ минтақада олти катта мақсадга эга:

1. Марказий Осиё республикалари мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш ва минтақа ҳар томонлама мустаҳкам ҳудуд бўлиши учун кўмаклашиш. Америка ҳар бир давлатни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қувватлаб, энергетикадан тортиб таълим соҳасигача, жамиятлар кучли тизимларга айланиши учун мадад кўрсатади.

2. Марказий Осиёда терроризмга қарши кураш. Экстремизмнинг олдини олишда ҳарбий ва фуқаровий чора-тадбирлар кўришдан тортиб чегара хавфсизлиги ва ёшлар билан ишлашгача, Қўшма Штатлар 2025-йилгача ўнлаб миллион доллар ажратишни кўзламоқда.

3. Афғонистонда тинчликка эришиш ёълида минтақа билан яқиндан ишлаш. Дипломатик ҳамкорлик кучаяверади. Вашингтон Афғонистоннинг шимолдаги қўшнилари билан мунтазам равишда маслаҳатлашиб иш кўради.

4. Афғонистон ва Марказий Осиёни бир-бирига боғлаш. Иқтисод ва савдо, энергетика ва маданий жиҳатдан жамиятлар яқинлашиш учун кўмаклашиш. Бундан томонлар манфаатдор. Америка афғон заминидаги узоқ йиллик можаро тугаб, барқарорлик томон қадам ташланишида қўшнилар ижобий рол ўйнай олиши учун мадад кўрсатади.

5. Ислоҳотлар, эркинлик ва инсон ҳуқуқлари тарғиботи. Демократик сайловлар, фуқаро жамияти, мустақил адлия, ошкоралик, қонун устуворлиги каби қадриятлар олға сурилади. Ҳозирда бошланган ислоҳотлар самара бериши учун ёрдамлашади.

6. Марказий Осиёга сармоя қилишни тарғиб қилиш. Минтақада адолатли бизнес муҳити яратилиши учун ёрдамлашади. Бунинг учун зарур ўзгаришларни қилишга ундайди ва таълимдан тортиб инновацион ташаббусларгача, минтақани иқтисодий фаровонликка етакловчи омилларга эътибор бераверади.

Лиза Куртис дейдики, Трамп маъмурияти назарида "C5+1", АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш республикасини бир даврага тўпловчи форматдаги учрашувлар самара бера бошлаган. Ҳукуматлар бугун бир-бирини яхшироқ тушунади, дейди у. Лекин халқлар-чи?

Расмийларга кўра, ҳукуматлар халққа хизмат қилишни ўрганиши, одамлар дарди ҳукуматлар фаолиятида акс этишида тепадаги олти мақсад амалиёти муҳим роль ўйнайди. АҚШнинг муддаоси ҳам шу, дейди улар. Демократик давлатлар - Америка учун ҳам ишончлироқ шериклар.

Бу мақсадлар шу пайтгача кўп янграган ва одатда Американинг ҳар бир президенти минтақага нисбатан стратегияни янгилайди, нафақат Марказий Осиё балки дунёнинг барча қисмлари учун.

Куртис ва Уэллсни тинглаган кекса сиёсатдонлар фикрича, Америка минтақада конструктив дипломатияга, эҳтиёткорона оптимизмга таяниб тўғри қилмоқда.

Лекин катта ваъдалар бермаслик керак, дейди регион билан ишлаган арбоблар. Ҳар бир давлатдаги ўзига хос шароитга қараб, узоқ, ўрта ва қисқа муддатли приоритетларни белгилаб олиб, ҳаракат қилиш керак. Муаммолар ҳеч қачон ёппасига ҳал бўлмайди. Ҳар қандай ўзгариш ҳамкор томоннинг қўлида эканини уқтиравериш керак. Америка бошқа давлатлар таклиф қилмайдиган имкониятларга йўл очиши лозим. Қатъийлик ва кучли ирода талаб этилади.

Навбаҳор Имамова, "Америка овози"

XS
SM
MD
LG