Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:02

Ашхободда озиқ-овқат тақчил. Суратга олиб қўйишмасин деб тухумни қоронғида сотишмоқда


Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирининг билдиришича, Ашхободда, айниқса, нон тақчиллиги яққол кўзга ташланмоқда.
Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирининг билдиришича, Ашхободда, айниқса, нон тақчиллиги яққол кўзга ташланмоқда.

Туркманистон пойтахти Ашхободда ҳам озиқ-овқат тақчиллиги бошқа минтақаларда юзага келган вазиятга деярли яқинлашди.

Ашхободда ҳам нон, ёғ, тухум ва бошқа маҳсулотлар тақчиллиги кучайди. Ашхободдаги давлатга қарашли дўконлар олдида навбатда турганлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда.

"Ашхободда нон тақчил"

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирининг билдиришича, Ашхободда, айниқса, нон тақчиллиги яққол кўзга ташланмоқда.

“Давлат дўконларида нон етишмовчилиги кучайиб бормоқда. Нон олиш учун юзлаб одамлар навбатга турмоқда. Нонни соат 10-11ларда чекланган миқдорда сота бошлайдилар. Одатда, нон ҳаммага ҳам етмайди. Нонни 20 дақиқада сотиб тугатишади ва навбатда турганларнинг тўртдан учи уйга нонсиз қайтади. Белгилангани каби учта нон сотиб олишга муваффақ бўлган айрим одамлар нонсиз қолганларга баъзида битта нонни беришади”,-деди Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири.

Унга кўра, бу каби ҳолатларни у ҳар куни «Дессе» давлат дўконлари тармоғида, 32-, 42- ва 8 - давлат дўконлари олдида кузатмоқда.

“Давлат дўконларида бир буханка нон 60 танга туради. Бир одамга фақат уч буханка нон берилади. Хусусий дўконларда эса бир буханка нон 5 манат (тақрибан 1,5 доллар)дан сотилмоқда”,-деди мухбир.

"Тухумга навбат эрталаб соат 5дан бошланмоқда"

Яна бир тақчил маҳсулот тухум бўлиб қолмоқда. Тухумни Ашхободдаги давлат дўконларида ҳали кун ёришмасдан туриб сотишмоқда.

Мухбирнинг айтишича, бу иш “тухум учун навбатда турганларни бошқалар суратга олиб қўймаслиги” учун шундай қилинмоқда.

“Одамлар тухум учун эрталаб соат 5дан навбатга туради. Давлат дўконлари соат 7да очилиши керак. Бироқ улар 6:50да очилади ва кун ёришгунича 15-20 дақиқа ичида сотиб тугатилади. Савдо вазирлигидаги ишончли манбанинг айтишича, “тухумга навбатга турганларни йўловчилар суратга олиб қўймаслиги учун” мана шундай қилинмоқда”,-деди мухбир.

Унга кўра, давлат дўконларида бир кишига фақат 11 дона тухум 5 манат (тақрибан 1,5 доллар)дан сотилмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизмати бу масалада Туркманистон Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигидан изоҳ олмоқчи бўлди. Бироқ бу уринишдан натижа бўлмади.

"Ёққа муддати ўтган ширинликлар қўшиб сотилади"

Радио мухбири дўконлар омборхоналарида ун мавжудлигини аниқлашга муваффақ бўлди. Бироқ ун сотувга кам ҳолатларда чиқарилади. Давлат дўконларидан бирининг сотувчиси мухбирга унни бир килодан қилиб тортиб қадоқлаш учун вақт етишмаётганини айтган.

“Ўсимлик ёғи сотиб олмоқчи бўлсангиз, унга қўшимча қилиб, албатта гурунч, томат пастаси, муддати ўтган қанд-қурс ёки печеньени, турли ичимликларни ҳам қўшиб беришади. Ёғнинг бир литри 13 манат (тақрибан 4 доллар). Ёққа қўшилиб сотиладиган маҳсулотлар билан биргаликда 25-28 манат (тақрибан 7-8 доллар) бўлади”,-деди мухбир.

Бир неча йилдан бери озиқ-овқат етишмовчилиги кузатилаётган Туркманистонда озиқ-овқат маҳсулотлари давлат дўконларида хусусий дўконларга нисбатан бир неча маротаба арзон нархда сотилади. Шунинг учун иқтисодий ва молиявий қийинчиликда яшаётган аҳолининг асосий қисми озиқ-овқат маҳсулотларини давлат дўконларидан сотиб олишга ҳаракат қилади.

Туркманистонда "Дўкон дафтари" бор

Айни пайтда Туркманистон ҳукумати мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги мавжудлигини тан олмай келмоқда. Давлат оммавий ахборот воситалари эса Туркманистон ҳукумати эришган иқтисодий ютуқларни алқаб, “озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлангани” ҳақида бонг уради.

Аввалроқ Озодлик радиоси Туркманистоннинг Лебоп вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олмоқчи бўлган аҳолига президент Гурбангули Бердимуҳамедов портретлари ҳам мажбурий равишда сотилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Июнь ойида Туркманистонда озиқ -овқат маҳсулотларини тақсимлаш янада кучайтирилди, давлат дўконларида харидларни ёзиб бориш учун махсус қайд дафтарлари жорий қилинди.

Озодликнинг мамлакатдаги мухбирининг хабар қилишича, ҳар бир оилага маҳалла қўмитаси тасдиқлаган, оила аъзолари сони ва адреси кўрсатилган дафтар берилади. Давлат дўконларида қилинган харидлар ўша дафтарга ёзиб борилади.

Дафтари бўлмаган шахслар ҳукумат субсидия ажратган айрим маҳсулотларни, жумладан, ун, гуруч, мой, шакар ва картошка харид қила олмайди.

XS
SM
MD
LG