Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 00:27

Андижонда “диний фонни” камайтириш имом хатиб ва отинчалар зиммасига юкланди


Иллюстратив сурат.

“Биз турк эмасмиз¸ эроний эмасмиз, биз ўзбекмиз. Ота- боболаримиз удумини қилайлик. Оллоҳ қалбимизда, қўлимиз ишда бўлсин. Отаси қўймаган соқолни боласи ëки набираси қўйиб кулгига қолмайлик”.

Шаҳрихон туман (Андижон вилояти) ИИБ профилактика инспекторининг бу хитоби унинг соқол қўйган консерватив диндор ëшлар билан мулоқоти акс этган аудиода янграйди.

Аудиони Озодликка йиғилиш қатнашчилардан бири тақдим этди.

Озодликка маълум бўлишича, кейинги кунларда Фарғона¸ Наманган ва Андижон вилоятларида “Диний мухитни соғломлаштириш” бўйича ИИБ ¸ МФЙ ва мактаб ўқитувчилари иштирокида профилактик йиғилишлар ўтказилмоқда.

Аудиони жўнатганларнинг айтишича, унда акс этган йиғилиш Шаҳрихон туман Қалача МФЙсида ўтказилган. Унда тумандаги 20 дан зиëд “махсус хисобда турган¸ соқол қўйган ва миллий бўлмаган дўппи кийиб мунтазам масжидга борадиган” 18 ва 19 ëшлар атрофидаги йигитлар қатнашган.

Айни йиғилишда қатнашган диндор йигитга кўра¸ бир соатлик тушунтириш ортидан йигитлар соқолини олдирган.

Шаҳрихон туман ҳокимлиги мулозимининг 8 октябрь куни Озодликка билдиришича¸ консерватор ва радикал диндорлар орасида профилактик тушунтириш ишлари яна давом этади.

Тушунтириш йўли билан соқоли олдирилди

Шаҳрихондан келган аудиоёзув жорий йилнинг 4 сентябрида “соқолга қарши” тадбирлар бошланганидан бери бу жараëннинг қандай кечаётганини очиқловчи илк аудиоҳужжатдир..

Аудиоëзувда Шахрихон туман ИИБ профилактика инспектори ўзини майор Элмурод Ахмадалиев деб таништириб, консерватив диндор ëшларни қандай қилиб соқол қўймасликка ундагани акс этган.

Элмурод Аҳмадалиев “агар ҳамма соқол қўйса халқ хўжалиги ва давлат ишларини ким қилади” дея ëшларга тушунтиради. Ахмадалиевга кўра, соқол қўйиш “ 60 ëшга тўлган нуроний отахонларга мумкин”.

"Биз эронлик эмасмиз"

ИИБ профилактика инспекторига кўра¸ араб ва бошқаларнинг кийиниш тарзи ўзбеклар учун ўрнак бўла олмайди:

“Биз турк эмасмиз¸ эроний эмасмиз биз ўзбекмиз. Ота -боболаримиз удумини қилайлик. Оллох қалбимизда қўлимиз ишда бўлсин. Отаси қўймаган соқолни боласи ëки набираси қўйиб кулгига қолмайлик”.

Аудиоëзувдан маълум бўлишича, йиғилиш қатнашчиларидан бири 19 яшар йигит “соқол қўйиш тақиқланган қонун борми”¸ дея савол қўяди.

19 яшар йигитнинг бундай савол беришини ИИБ майори “кибр” деб атаб¸ йигитга “сени опоқингни (бувангни демоқчи - таҳр.) танийман¸ отангни танийман¸ бундай савол бермагин. Хонамга кирсанг тушунтираман сенга” дея тахдид оҳангида гапиради.

Озодлик тасарруфида бўлган аудиода ИИБ майори билан суҳбатга кириб келган консерватив диндор ëшлар вакилининг “Биз енгилдик” деган гапини эшитиш мумкин.

Озодликда нусхаси бўлган Қалача МФЙ йиғилишининг 47 - рақамли қарорида айтилишича¸ шаҳрихонлик ëшларга “Телефонларига интернетдаги қорилар маърузаларини юкламаслик¸ эшитмаслик¸ кўрмаслик¸ тингламаслик ва бошқа танишларига юбормаслик“ кераклиги алоҳида тушунтирилган.

Ҳужжатда “60 ëшдан ошиб нуроний қаторига ўтканларга соқол қўйиш изни берилиши ва жума номозларига ëши улуғ оқсоқоллар ва нафақадаги катталар бориши кераклиги” таъкидланган.

Дастурхончи ва отинчалар ҳижобга қарши "жиҳод"га ташланди

Йиғилиш қарорига кўра¸ тумандаги диний фонни камайтириш Қлачадаги ягона Салмон Форсий масжиди имом хатиби ва маҳалла отинчалари зиммасига юклатилган.

Шунингдек, Шаҳрихон тумани маҳаллаларида хижоб кийиб юрадиган аëл ва қизлар¸ қизларини мактабга ҳижоб ўратиб юборадиган оилалар билан маҳалладаги отинча ва дастурхончилар ишлаши лозимлиги ҳужжатда белгилаб қўйилди.

Отинча ва дастурхончилар хижоб кийишга мойил оилаларга бориб ва тўй-маъракаларда диний фонни камайтириш борасида профилактик тушунтириш ишларини олиб бориши ҳужжатда уқтирилган.

Шаҳрихонлик фаол: Радикал диндорлар жамиятда негатив реакция уйготмоқда.

Шахрихонлик врач ва фаол Отабек Аҳлидинов радикал диндорликни чеклаш борасидаги тадбирларни мақуллайди:

- Радикал диндорлар жамиятда негатив реакция уйготмоқда. Конституция ва мавжуд конунчиликка асосан орган ва ташкилотлар ўз функционал вазифаси ва ваколати доирасида ишлаб чикилган ва тасдиқланган режа хамда чора-тадбирлар асосида ташкил килинган ишлар самарасини кўряпмиз ва мақуллаймиз.

Аввалроқ Наманган вилоят, Тўрақўрғон туман Хотин-қизлар қўмитаси тарғибот гуруҳлари туманда уйма-уй юриб, рўмолли аёллар ва соқол қўйган эркакларни миллий удумларга мос равишда кийинишга тарғиб қилаётгани хабар қилинган.

Бундан ташқари Қўқон шаҳридаги мактабларда ўқиётган рўмолли қизлар рўйхати тузилгани ва махсус ишчи гуруҳлар улар билан тушунтириш ишларини олиб бораётгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса, 29 сентябрь куни аудиоёзуви тармоққа тушган мажлисида, айни ишчи гуруҳлар зиммасига вилоятда "беўхшов соқол" қўйган ва рўмол ўраганга қатъий чора кўриш вазифасини юклаган.

Айтилишича, бундай тадбирлар президентнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида олиб борилмоқда.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG