Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2018, Тошкент вақти: 11:54

Қўшма Штатлар Сурияга яна зарба беришга "шай турибди" (ВИДЕО)


Қўшма Штатлар Сурия ҳукуматини огоҳлантиришича, агар Дамашқ яна кимёвий ҳужумларни амалга оширса, Вашингтон такрорий зарбаларни беришга шай турибди.

Бундай огоҳлантириш Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари – Франция ва Британия – 14 апрелда Сурияга ҳаво ҳужумларини амалга ошириши ортидан янгради.

Мазкур ҳужум ўтган ҳафта Суриянинг Дума шаҳрида амалга оширилган ва кимёвий дея даъво қилинган ҳужумга жавоб бўлди.

Пентагоннинг билдиришича, бомбалар учта нуқтага - пойтахт Дамашқ яқини ва Ҳомс шаҳри атрофидаги иккита жойга ташланди.

14 апрелда БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳужумларини муҳокамага қўйиш бўйича Россия тақдим этган резолюция лойиҳасини рад этди.

Лойиҳани Россия дохил фақат уч давлат дастаклади. Саккиз давлат лойиҳага қарши овоз берган бўлса, яна уч давлат овоз беришдан тийилди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари Сурияда етти йилдан буён давом этаётган қонли урушда президент Башар Асад ҳукуматига қарши Ғарб кучлари томонидан берилган энг кучли зарбадир.

Москва ракета зарбаларини кескин қоралаб чиқиши ортидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғини қизғин баҳсларга саҳна бўлди.

Россиянинг БМТдаги доимий элчиси Василий Небензия Хавфсизлик Кенгашининг аъзолари Россия мавқесини қўллаб-қувватламаганига кескин эътироз билдирди.

“Бундан ҳам ёмонроқ кунларни кўрмаймиз, деб умид қиламиз,” деди у.

Василий Небензя, шунингдек, Совет Иттифоқида нашр этилган "Дунёга таҳдид қаердан келмоқда" номли китобни эслади ва бундай таҳдид АҚШ, Британия ва Франциядан келаётганини қўшимча қилди.

Аммо АҚШнинг БМТдаги элчиси Никки Ҳейли ҳаво ҳужумлари “асосланган, қоунуний ва пропорционал” бўлганини айтди.

"Мен бугун эрталаб президент билан гаплашдим ва у '"гар Сурия режими заҳарли газни яна ишлатса, Қўшма Штатлар (ҳужумга) шай турибди" деб айтди”, деди у.

БМТдаги Сурия элчиси Башар Жаъфарий Думадаги ҳужум исёнчилар уюштирган “маскарад” бўлганини иддао қилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Сурияга қарши амалиётга қўшилгани учун Франция ва Британияни олқишлади.

"Ўтган кечаси мукаммал амалга оширилган ҳужум бўлди, - деб ёзди Дональ Трамп ўзининг Твиттер саҳифасида. - Ажойиб ҳарбий кучни кўрсатгани ва ақли расолик қилгани учун Франция ва Бирлашган Қиролликка ташаккур. Бундан яхшироқ бўлиши мумкинмас. Миссия бажарилди".

15 апрелда Би-би-сига гапирган Британия Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ҳужумлар "ваҳшийларча" ишлатилган кимёвий қарши қаратилганини айтди.

Шарқий Ғута тўлалигича Сурия армияси назоратига ўтди

Айни пайтда Сурия Армияси 14 апрелда Дума шаҳри жойлашган Ғута минтақаси сўнгги исёнчилардан тозалангани ва тўлалигича ҳукумат назоратига ўтганини эълон қилди.

Шарқий Ғута бир неча йилдан буён турли исёнчи гуруҳлар назорати остида қолиб келаётганди.

Сурия Мудофаа вазирлиги тарқатган хабарни Россия ҳарбийлари ҳам тасдиқлади.

"Жайш ал-Ислом" қуролли гуруҳининг жангчилари ва уларнинг оила аъзолари Дума шаҳрини тарк этди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 20 мингга яқин одам Сурия шимолидаги турк ҳарбийлари назорат қилаётган ҳудудга автобусларда чиқиб кетган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG