Линклар

Шошилинч хабар
24 май 2022, Тошкент вақти: 10:02

Россия: “Росфинмониторинг” рўйхатига тушган одамлар қандай яшамоқда?


Москвадаги "Нордея банк" идораси, 17 декабрь, 2020. Иллюстратив сурат.

Сўнгги бир йилда Россияда “хорижий агент”га чиқарилган одамлар ва ташкилотлар сони кескин кўпайди. Бу ўзгача фикрловчиларга босим ўтказишнинг ягона воситаси эмас. Яна бир восита бор – “Росфинмониторинг” рўйхати. Россия молиявий мониторинг хизмати рўйхатига давлат экстремистик фаолият ёки терроризмга алоқадор деб топган одамлар тушади.

Айни пайтда унда 11569 киши қайд этилган. Ҳукумат уларнинг банк ҳисобварақларини ёпиб қўяди, кўпчилиги шахсий карталардан фойдалана олмайди ва ишга киролмайди.

“Банкка кириб: “Карта очдирсам бўладими?” деб сўрадим. “Албатта, паспортингизни беринг”, дейишди. Аммо маълумотларни базага киритгач: “Кечирасиз, банк сизга рад жавоби беряпти”, деб айтишди”, ҳикоя қилади Иван Асташин.

Иван Асташин тўққиз йил “ўтириб чиққан”. Суд уни терроризмда ва “Мухтор жанговар террорчилик ташкилоти” фаолиятида иштирок этганликда айбдор деб топганди. Россияда ушбу ташкилот “террорчи” деб топилган ва тақиқланган. “Мемориал” Иван Асташинни сиёсий маҳкум дея эътироф этган, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди эса қамоқда сақлаш қоидалари бузилгани учун унга олти минг евро товон пули тайин қилган. Бироқ Иван бу пулларни, умуман ҳеч қанақа пулни ололмайди.

“Росфинмониторинг” рўйхатидаги одамларни давлат жамиятдан ажратиб қўйган. Терроризм учун ўтирганман, десанг ҳамма ҳам тушунавермайди”, давом этади Иван Асташин.

Асташин суд ҳукмидан сўнг “Росфинмониторинг” рўйхатига тушди. Рўйхат терроризмни молиялашга қарши кураш мақсадида тузилган бўлиб, унда қайд этилганлар молиявий амалиётларни амалга ошириш чоғида синчиклаб текшириларди. Бироқ 2013 йилда қонунчиликка тузатиш киритилгач, терроризм ва экстремизм учун судланганлар ва ушбу жиноятларда гумон қилинаётганлар, агар терговчи хоҳламаса, банк карталаридан фойдаланиш, мол-мулк билан боғлиқ молиявий операцияларни амалга ошириш, мерос ва суғурта тўловларини олиш имкониятидан маҳрум бўлишди.

“Бир одам ўзига ёки қарамоғидаги кишига ойига 10 минг рубль сарфлаши мумкин, бундан кўпроқ пул керак бўлганида эса илтимоснома ёзиб, нега унга кўпроқ пул зарурлигини тушунтиради. У пул билан боғлиқ бўлмаган муайян қилмиш учун судланган бўлса-чи? Нима учун автоматик равишда қўшимча жазо олиши керак? У қанақадир фаолиятни молиялаштиради, деб ўйлашга қандай асослари бор?” дейди “Сова” маркази раҳбари Александр Верховский.

Тюменлик блогер Алексей Кунгуров терроризмни оқлашга доир иш бўйича судланган. Блогер 2016 йили ўзининг “Livejournal”даги саҳифасида Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётини танқид қилган эди.

“Қамоқдалигимда хотиним зэклар таъбирича, “дўкон” ҳисобига минг рубль ўтказган эди. Шу заҳоти гўёки “терроризмни молиялагани учун” унинг банк ҳисобини блоклаб қўйишди”, дейди Алексей Кунгуров.

Озодликка чиққанидан сўнг Кунгуров хотинининг картасидан фойдаланишга мажбур бўлди, чунки ўзига карта очишига рухсат беришмасди. Янги жиноий таъқиб туфайли у Грузияга кўчиб кетди. “Нафрат ва адоват қўзғатгани учун” бир ярим йил қамалиб чиққан Данила Бузанов ҳам Грузияда яшайди. Бузанов “ДХР” ва “ЛХР”га симпатияси бор бир таниши билан муштлашган. Терговчи талқинига кўра, Бузанов муштлашув чоғида Украин миллатчиларининг шиорларини айтган эмиш.

“Росфинмониторинг” шуниси билан ёмонки, сен гўё Усома бин Лодин каби хавфли одамдек экстремист ва террорчиларнинг очиқ рўйхатида турасан. Сен ҳақингда дарҳол янгиликларда айтишади. Мана шу нарса руҳан эзади ва турмушингга таъсир қилади”, дейди Данила Бузанов.

Колониядан озод этилганидан сўнг Данила расмий ишга жойлаша олмади. Судланганлиги тугатилгач, уч йил ўтиб уни “Росфинмониторинг” рўйхатидан ўчиришди.

“Бунақа рўйхатларда турадиган одамни ёллашга рози иш берувчи топилиши амри маҳол. Ҳар қандай ширкат қўшимча текширувлар бўлишини, полиция эътиборига тушишни истамайди. Шу боис кўпинча дўстларим билан ишлаб юрдим, пулни фақат нақд шаклда олдим, уч йил бир амалладим хуллас. Жуда қийин бўлди”, давом этади Бузанов.

Александр Верховскийга кўра, терроризм ва экстремизмда гумон қилинган ва ушбу жиноятлар учун судланган барчани автоматик равишда “Росфинмониторинг” рўйхатига тиркаш амалиётида мантиқ йўқ.

“Судларга ҳавола қилинганида тушунган бўлардим. Дейлик, терговчи судга келиб “Фалон кишининг экстремистик фаолиятни молиялаштираётгани тўғрисида маълумот бор, унинг ўз ҳисобварағидан фойдаланишини чеклаб қўйиш керак”, деса. Ва суд қарори билан чеклов киритилса ёки терговчининг илтимоси рад этилса. Бу худди жиноятда айбланувчиларга эҳтиёт чорасини белгилашга ўхшаш тартиб-таомил бўлур эди”, мулоҳаза қилади Верховский.

Геленжиклик Иван Шукшин дастурчи бўлиб ишлайди. У “Росфинмониторинг” рўйхатидан гўё диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилгани учун судланган Мария Мотузная ишидан сўнг хабар топганди. Шукшин махсус телеграм-бот яратган бўлиб, унда Россия ҳукумати назарида терроризм ва экстремизмга алоқадор шахслар рўйхатидаги янгиликларни эълон қилиб боради.

“Июнда яна юзта “экстремист” қўшилди. Мен кузатиб келаётган давр учун рекорд кўрсаткич бу. Умуман, ёз жуда ҳам беҳаловат кечди. Бу рўйхатга болаларни ҳам кирита бошлашганида ёқамни ушладим. Мактаб ўқувчиларини ашаддий жиноятчилар ўрнида кўришяпти”, дейди Иван Шукшин.

Рўйхатга янги тушганлар кўпинча ўзлари Иванни топиб, унга хабар ёзишади. Айримлар рўйхатдан ўчирилгани ҳақидаги хушхабарни бўлишади, бошқаси исм-фамилиясини телеграм-ботдан олиб ташлашни илтимос қилади. Иван гоҳида уларга ҳуқуқий ёрдамга доир маслаҳатлар бериб туради. Баъзан антиқа воқеалар ҳам бўлади.

“Бир йигитнинг мақоми йигирмадан ортиқ ўзгарган эди: у 13 марта террорчи ва 14 марта экстремист мақомида бўлди. Қайсидир идоралар бу масалада анчага довур ўзаро келиша олишмаган чамаси”, жилмаяди Шукшин.

“Сова” ахборот-таҳлил маркази раҳбари Александр Верховский фикрича, одамларни ёппасига “Росфинмониторинг” рўйхатига тиркаш нафақат қўшимча жазо бўлиши билан бирга, судланганларни тўғри йўлга солишда мутлақо бесамар амалиётдир.

“Ҳар қанақасига олганда ҳам оқилона иш эмас бу. Хўп, бу одамлар жиноятчи дейлик, улар жазо муддатини ўтагач яна жамиятга қайтиши керакми? Легал ишга жойлаша олишмаганидан сўнг улар қандай қилиб қайтадан жамиятга мослашади?” дея савол қўяди Верховский.

Октябрь ойида “Росфинмониторинг” терроризм, экстремизм, оммавий тартибсизликларни уюштириш ва наркотиклар айланмасини молиялашда қўлланилгани гумон қилинган ҳисобварақлар ва банк карталарини суд қарорисиз блоклашни таклиф қилган эди.

XS
SM
MD
LG