Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:17

OzodDayjest: Бош вазир ўринбосари уйда ўтирган эркакларни танқид қилди


Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева.
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева.

Танзила Норбоева аёлини ишлатиб қўйиб, ўзи уйда ўтирган эркакларни танқид қилди. Хорижга чиқиб кетган қўлёзмаларни Ўзбекистонга қайтаришга оид ҳукумат қарори бажарилмаяпти. Хўроз уриштирувчилардан кунлик чўтал олиб турган милиция мансабдори маҳкамага тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Аёлини ишлатиб, ўзида уйда ўтирган эркаклар кўпаймоқда

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раисаси Танзила Норбоева аёлини ишлатиб қўйиб, ўзи уйда ўтиришга одат қилган, аёлини хорижга ишга юборган эркаклар кўпайиб бораётганини айтди (“Даракчи”, 31 январь). Бу ҳолни кескин танқид қилган бош вазир ўринбосари айни пайтда дин вакиллари билан ҳамкорлик қилинаётгани, жума мавъизаларида мазкур мавзуда ҳам сўз бораётганини қайд этган. Расмий маълумотга кўра, ҳозирда 219 минг нафар аёл ишлаш учун четга чиқиб кетган. Улар орасида фарзандини меҳрибонлик уйларига вақтинчалик топшириб, қайтиб келмаганлари ҳам бор.

Хотин-қизлар қўмитаси раисаси оилаларда ажрашишлар кўпайиб бораётгани, масалан, шу кеча-кундузда 30 мингдан зиёд оила ажрашиш ёқасида турганини ҳам хавотир билан қайд этган. Қўмита никоҳ ёшини йигит билан қизларга бир хил – 18 ёш қилиб белгилаш, шунингдек, ажримларга сабаб бўлаётган учинчи томонга жазо чоралари жорий этишни таклиф қилмоқда.

Милиция мансабдори қиморбозлардан кунлик чўтал олиб тургани аниқланди

Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қўрғони милиция бўлими бошлиғи, ички ишлар майори муттасил пора олиб келгани аниқланди (“Инсон ва қонун”, 29 январь). Тошкент вилоят прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Иқболжон Султоновга кўра, Назарбек қишлоғида ташкил этилган хўроз уриштирувчилар клубида турли вилоятлардан келганлар йиғилган. Хўроз ўйини қиморга айланиб кетган. Бундан хабар топган Назарбек қўрғони милиция бўлими бошлиғи хўроз уриштирувчилар клуби раҳбарини жиноий жавобгарликка тортиш билан қўрқитган. Милиция мансабдори жиноий иш очмаслик эвазига ундан кунлик чўтал бериб туришни талаб қилган. Шу тариқа хўроз уриштирувчилар клуби милиция бўлими бошлиғига дастлаб 1,5 миллион, кейинроқ 2 миллион сўмдан кунлик чўтал бериб келган. Жуда катта даромаддан иштаҳаси карнай бўлиб кетган милиция майори кунлик 4 миллион сўм чўтал талаб қила бошлагач, хўроз уриштирувчилар клуби раҳбари ҳуқуқ идорасига мурожаат қилган. Милиция майори ашёвий далиллар билан ушланган. Унга қандай жазо тайинлангани маълум қилинмаган.

Хориждаги нодир қўлёзмаларни Ўзбекистонга қайтариш ҳақидаги ҳукумат қарори бажарилмаётир

Ўзбекистондан турли сабабларга кўра хорижга чиқиб кетган ва мамлакат аҳолиси сандиқларида пўпанак босиб ётган нодир қўлёзмаларни қайтариш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда (“Адабиёт газетаси”, 24 январь). Давлат томонидан қимматли ёдгорликларни сотиб олиш ҳақида қарор чиқарилган, аммо у ҳалигача кўнгилдагидек бажарилмай келаяпти. Бунинг учун ҳар икки томон – сотувчи ва сотиб олувчилар орасидан ҳомийлар, яъни меценатлар ҳам чиқиши керак. Газетага кўра, қўлёзмаларни тадқиқ этиш учун малакали мутахассислари ҳам етишмаётир. Ўтган асрнинг 80-йилларида академик Эркин Юсупов қадимий қўлёзмаларни ўрганиш шундай суръатда давом этса, биргина Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондидаги қўлёзмаларни ўрганиш ва нашр этиш учун 400 йил керак бўлишини айтган.

XS
SM
MD
LG