Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:35

OzodDayjest: Электр тармоқлари корхонаси жиззахликлар гарданига асоссиз равишда катта қарз юклангани фош этилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг катта қисми қайта ишланмасдан қолмоқда. Жиззахда аҳоли гарданига электр учун 5 миллиард сўм қарз юклангани фош бўлди. Самарқандда уч қизни босиб кетган ҳайдовчи жазога тортилди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг қарийб 80 фоизи қайта ишланмай қолиб кетмоқда

Ўзбекистонда йилига 20 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда, бироқ шунча маҳсулотнинг 70-80 фоизи қайта ишланмасдан қолмоқда (“XXI аср”, 28 март). Пишиқчилик мавсумида мева-сабзавот нархи арзон бўлиб кетади, уларни сақлаш эса каттагина харажат талаб қилади. Деҳқон ва фермерлар қўлида маҳсулот қолиб кетаётгани нафақат уларнинг оилавий бюджети, мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Қайд этилишича, мева-сабзавот маҳсулотларини хорижлик истеъмолчига етказиб бериш тизими ҳали-ҳамон шаклланмаган. Бу борада Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия каби давлатлар билан ҳамкорликда савдо уйлари ташкил қилиш лозим. Шунингдек, чет эллик харидорлар талабига жавоб берадиган сабзавот уруғи, дарахт кўчати етиштириш ва унинг сифатини кафолатловчи тизим яратиш муҳимлиги ҳам таъкидланган.

Жиззахда аҳоли гарданига электр учун 5,4 млрд сўм қарз юклангани фош бўлди

Жиззах шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбарлари аҳоли гарданига 5,4 миллиард сўм асоссиз қарз юклагани фош бўлди (“Ҳуқуқ”, 28 март). Ушбу нореал қарздорлик “Электр ҳисоб” дастурига ҳам киритилган. Шу тариқа расмий ҳужжатларни қалбакилаштиришдан 26 мингдан зиёд истеъмолчи манфаатига жиддий зарар етказилган. Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ вакилига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мамлакат миқёсида электр энергияси учун аҳоли гарданига асоссиз қарз юклаш кўрсаткичи жуда катта экани айтилади. Электр энергияси корхоналари мансабдорлари қинғир ишларини яшириш мақсадида қўл урадиган бундай жиноятдан миллионлаб аҳоли жабр кўради.

Самарқандда уч қизни босиб кетган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

Уч опа-сингилни босиб кетган ҳайдовчига ҳукм ўқилди, деб хабар беради жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Марат Эргашев “Даракчи” нашри орқали. Фожиа 2018 йил 9 октябрда рўй берган. Бировга тегишли бўлган “Ласетти” автомобилини ҳужжатсиз бошқариб кетаётган 20 ёшли Искандар Қаландаров соат 21:30 ларда йўлнинг пиёдалар ўтиш қисмидан кесиб ўтаётган Озода, Ирода ва Хурсандой Убайдуллаеваларни босиб кетган. Ҳайдовчи соатга 80 км тезликда ҳаракатлангани қайд этилган. Озода Убайдаллаева жароҳат оқибатида 16 октябрь куни шифохонада вафот этган. Айтилишича, айбдор томон узр сўраб, етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаган. Марҳуманинг отаси Насимжон Убайдуллаев ҳам ҳайдовчига даъвоси йўқлигини билдирган. Суд қизнинг ўлимига сабабчи бўлган И. Қаландаровни 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 3 йил ахлоқ тузатиш жазоси тайинлаган.

XS
SM
MD
LG