Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:01

“Нефтчи” мажмуасининг 79 тренер ва техник ходими ҳозирча ишсиз қолмайдиган бўлди


"Нефтчи" спорт мажмуаси
"Нефтчи" спорт мажмуаси

Фарғона вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбарияти “Нефтчи” спорт мажмуасининг ишсиз қолаётган 19 нафар тренерини иш билан таъминлашга ваъда берди.

Спорт бошқармаси раҳбарияти, шунингдек, ишсиз қолаётган ўнлаб техник ходимлар маоши декабрь ойи охирига қадар тўланишини маълум қилди.

Ушбу ваъдалар Спорт бошқармаси раҳбарияти ва “Нефтчи” спорт мажмуаси ходимлари иштирокида 24 октябрда бўлиб ўтган мажлис чоғида янгради.

21 октябрдан бошлаб Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи маъмурияти “Нефтчи” спорт мажмуасидаги 79 нафар мураббий ва техник ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилишни бошлагани уларнинг норозилигини уйғотган эди.

Янги эгалар ваъдалари

Озодликка Фарғона вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ва “Нефтчи” спорт мажмуаси ходимлари ўртасида бўлиб ўтган мажлис аудиоёзуви етиб келди.

Аудиодан мажлиснинг бир соатдан кўпроқ давом этгани англашилади. Йиғилиш чоғида Фарғона вилоят Жисмоний тарбия ва спорт боқшармаси раҳбарлари “Нефтчи” спорт мажмуаси ўнлаб ходимларининг ишсиз қолаётганини спорт мажмуасининг келгусида болалар ва ўсмирлар спорт мактабига айланиши билан изоҳлаган.

Аудиоёзувдан маълум бўлишича, Фарғона вилоят ҳокимининг 2019 йил 7 сентябрдаги қарори билан “Нефтчи” спорт мажмуаси заводдан Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфига ўтказилмоқда.

Бошқарма раҳбарлари Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига келгусида болалар ва ўсмирлар спорт мактабини барпо этиш бўйича таклифлар юборилганини маълум қилган.

Мазкур таклиф юзасидан тез кунда ижобий натижага эришамиз. Мураббийларни келгусида айни спорт мактабига ишга қабул қилиш режалаштирилган,” деган бошқарманинг кадрлар бўйича бўлим бошлиғи Воҳид Эргашев.

Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбарларига кўра, "Нефтчи" спорт мажумасида ишлаган 19 нафар спорт мураббийи 25 октябрдан бошлаб Фарғона шаҳри ва вилоятидаги спорт мактаблари балансига ўтказилади.

Улар, шунингдек, мажмуада ишлаган 60 нафар техник ходимларнинг маошлари 2019 йил декабрь ойи охирига қадар тўлиқ тўлаб борилишини билдирганлар.

"Техник ходимларнинг иш ўринларини 2010 йил январь ойидан кейин ҳам имкон даражасида сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Аммо бу муддат ичида бошқа жойларда иш қидиришингиз мумкин," деб айтган мажлисда иштирок этган техник ходимларга гапирган ҳокимлик мулозими.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи маъмурияти “Нефтчи” спорт мажмуасидаги 79 нафар мураббий ва техник ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилди.

Ортидан спорт мажмуаси ходимлари ишсиз қолишлари эҳтимоли ва турли секцияларда машғулот ўтказаётган 2000дан ортиқ боланинг кейинги тақдири номаълум қолишидан шикоят қилди.

Муаммо тарихи

Жорий йилнинг февралида “Нефтчи” спорт мажмуаси ходимлари ишсиз қолиши мумкинлиги ҳақида Озодликка ёзган эди.

Ўшанда шаҳар ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармаси ҳеч ким ишсиз қолмаслигига ваъда берган бўлса, ўтган 9 ой давомида бу масала ечимини топмади.

Президентнинг махсус қарори билан Фарғона водийсидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоизлик улушига эгалик ҳақини Индонезиянинг «РТ Trans Asia Resources» ширкати олган.

Унинг эгалари асли ўзбекистонлик Аслановлардир.

Асли ўзбекистонлик деб айтиладиган Аслановлар ва уларнинг бизнесига оид очиқ манбаларда деярли маълумот йўқ - Фарғона заводига 875 миллион доллардан кўпроқ инвестиция киритиши айтилаëтган "РТ Trans Asia Resources" ширкатининг расмий сайти ҳам мавжуд эмас.

XS
SM
MD
LG