Линклар

Шошилинч хабар
21 апрел 2019, Тошкент вақти: 19:06

АҚШ-Мексика девори учун Трамп сўраган пулнинг тўртдан бири ажратиладиган бўлди


Президент Трамп Эл-Пасода. 2018, 11 февраль.

АҚШ қонун чиқарувчилари душанба куни ҳукумат фаолияти яна бир марта тўхтаб қолишига йўл қўймаслик учун келишувга эришганини ва Мексика билан чегарада девор қурилишига 1,4 миллиард долларга яқин пул ажратишга рози бўлганини билдирди. Президент Дональд Трамп эса, чегара шаҳар Эл-Пасодаги митингда сиёсий жиҳатдан хавфли "салб юришини" эълон қилди.

1,4 миллиард доллар Трамп талаб қилганидан анча кам. Лекин у қабул қилинса, яна бир кескин қарама-қаршиликнинг олди олинади, чунки Трамп келаётган жумада ҳукумат харажатларини қисқартириш билан таҳдид қилаётган эди.

Республикачилар номидан бош музокарачи Ричард Шелби журналистларга республикачилар билан демократлар ўртасида келишувга эришилганини маълум қилди. Унга кўра, АҚШ билан Мексика ўртасидаги девор қурилишига 1,375 миллиард доллар ажратиладиган бўлди. Бироқ Трамп ушбу лойиҳага 5,7 миллиард доллар сўраган эди.

Конгресс вакилларининг айтишича, ушбу маблағ, тахминан, 55 миляга (89 километр) девор тиклаш учун етади ва у Техас штати жанубидаги Рио-Гранде водийсига ажратилади.

Келишувни ҳали Оқ Уй маъқуллаши керак.

Ушбу хабар Трампга у Эл-Пасо аренаси саҳнасига чиқаётган пайтда етказилди. Президент йиғилганларга қарата ҳали келишув тафсилотларидан бехабарлиги ва саволга жавоб беришга тайёр эмаслигини айтди.

‒ Яхши хабар келганга ўхшайди, лекин яна ким билади дейсиз... ‒ деди у.

Трамп “Американи яна буюк қиламиз” деган ёзувли кепкалар кийиб олган минглаб кишиларга қарата шундай деди:

‒ Девор бизга керак, у қурилиши шарт ва биз уни тез қуриб битиришни истаймиз.

Трампга кўра, ноқонуний иммигрантлар Қўшма Штатларнинг миллий хавфсизлигига таҳдид солмоқда ва уларни мавжуд тўсиқларни тез орада кенгайтириш билан тўхтатиб қолиш мумкин.

Чегара билан боғлиқ мунозараТрампнинг 2020 йилдаги қайта сайланиши учун курашнинг бошланиши бўлди. У Эл-Пасода ташкил этган митинг бўлғуси воқеалар қандай кечиши ҳақида бир қадар тасаввур беради.

Трамп бу жойни тарихий чорраҳа сифатида танлагани бежиз эмас. Унинг айтишича, девор мексикалик жиноятчиларнинг чегарадан назоратсиз ўтишига йўл қўймайди.

‒ Девор одамлар ҳаётини сақлаб қолади, кўплаб кишилар ҳаётини сақлаб қолади, ‒ деди у.

Бу митингда нутқ сўзлашдан кўзланган бошқа мақсад ҳам бор. Ўша шаҳарда демократларнинг энди танилиб келаётган сиёсатчиси Бето О’Рурк ҳам митинг ўтказди. У 2020 йилги сайловда Трампга рақиб бўлиши ҳам мумкин.

Асли эл-пасолик О’Рурк ўтган йил ноябрида республикачи сенатор Тед Крузни енгиб, сенатор бўлди ва демократлар сайловчилари олқишига кўмилиб кетди.

‒ Биз бугун кечқурун АҚШ-Мексика чегарасидан ёлғон-яшиқ ва нафратни ҳамда келажак ҳақидаги ижобий, кенг қамровли ва иззатталаб қарашга оид фикрларни тинглаймиз, ‒ деди у.

Трамп О’Рурк ҳақида “имконияти жуда кам, аммо исми жуда чиройли йигит”, деди. У сенатор уюштирган митингга жуда кам одам келганини масхара қилди: “унинг президентлик учун кураши шу билан тугаса керак”.

Девор билан боғлиқ мунозара Трамп президент этиб сайлангандан сўнг ўнглар ва сўллар ўртасидаги дарзни чуқурлаштириб юборди. Мамлакат тарихида энг узоқ давом этган шатдаун ҳам шундан далолат бермоқда.

Трамп девор қуриш борасидаги мақсадига эришиш учун мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этиши ва Пентагон учун ажратилган маблағни ишлатиши мумкин. Лекин бу билан у бошини суд сиртмоғига тиқиши ва сиёсий айбловларга дучор бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

XS
SM
MD
LG