Линклар

Шошилинч хабар
20 май 2024, Тошкент вақти: 06:30

Андижонлик 65 яшар аёл 45 км наридаги Ўшга самолётда ўтди (Блог)


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Дўстлик чегара маскани.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Дўстлик чегара маскани.

Андижонликмас ҳамда ўшликмаслар учун баъзи рақамлар:

Марафон масофаси 42 километру 195 метр. Бу масофани спортчилар тақрибан 2 соату 10 дақиқада босиб ўтади.

Андижоннинг четидан Дўстлик чегара постигача бўлган масофа Марафон масофасига тенг – 1-2 км кўпроқдир, 1-2 км озроқдир – фарқ принципиал эмас.

Демак, Андижондан Ўшгача пиёда борса ҳам бўлади.

Совет даврида Ўшдан Андижонга, Андижондан Ўшга қараб ҳар 20 минутда битта автобус йўлга чиқарди. Андижонга қатнаб ишлаган ўшликларни биламан.

Андижондан келаркансиз, Дўстликка етиб, чегарадан ўтишингиз биланоқ Ўш шаҳри бошланади.

Ҳарфхўрлар учун: расмий Ўш чегара чизиғидан 1 (бир) километрдан сўнг бошланади. Дўстликдан расмий Ўшгача бўлган 1000 метр Қорасув туманига қарайди. Лекин Ўш шаҳри жамоат транспорти Дўстликкача келади.

Андижондан Тошкентгача 367 км.

Тошкентдан Бишкеккача 614 км.

Бишкекдан Ўшгача 648 км.

Демак, Андижондан Тошкент ва Бишкек орқали Ўшга борадиган одам ҳаммаси бўлиб 1629 км йўл босиши лозим.

Бу масофа Андижон билан Ўш ўртасидаги 45 километрдан 36 баробар узундир.

Андижонлик опанинг Ўшга сафари

Шу кунда Ўшда, опасининг уйида меҳмон бўлиб турган 65 яшар андижонлик онахон бир ҳафта олдин ўша 36 баробар узун йўлни босиб ўтди:

Андижондан Тошкентга таксида борди.

Тошкентдан Бишкекка самолётда учди.

Бишкекдан Ўшга таксида борди.

Бишкекдан Ўшга самолётда учиши ҳам мумкин эди. Лекин қўрқди: бир бало бўлиб, самолёт Ўшга қўнолмай қолсаю энг яқин аэропорт деб Андижонникига қўндириб қўйсалар, шунча меҳнатим бекор бўлади – Ўшга ўтолмай қоламан, деб ўйлади.

Андижонлик онахон Ўшга ўлим тўшагида ётган 75 яшар опаси билан видолашишга улгуриб қолиш учун келди.

Ўшга бориш учун керагидан 36 баробар ортиқча йўл босишга, керагидан 36 баробар ортиқча йўл кира сарфлашга андижонлик онахон мажбур эди.

Чунки уни Дўстликдан ўтказмайдилар. Ўз мамлакати чегарачиси ўтказмайди. Уч кунлаб ётиб олса ҳам, очлик эълон қилса ҳам, харакири қилса ҳам ўтказмайди (яхшиям онахон харакири нималигини билмайди).

Чегарадан ўтказишлари учун опанинг қўлида Ўшдаги опаси ўлди, деган телеграмма бўлиши лозим.

Опаси синглиси учун атайлаб ўлиб берган тақдирда ҳам ўтказмайдилар чегарадан. Чунки ўлгичнинг фамилияси бошқа, сингилники бошқа.

Лекин андижонлик опа Тошкентдан Бишкекка учар экан, ўзбек паспорт назорати ундан телеграмма-таклифнома сўрамади.

Сўрамаслиги керак эди ҳам: икки қўшни мамлакат ўртасидаги сўнгги келишувга биноан ўзбекистонлик Қирғизистонга, қирғизистонлик Ўзбекистонга визасиз боришга, 60 кун туришга ҳақли. Лекин Тошкент аэропортидаги рамзий чегарада ишлайдиган бу келишув Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги реал чегарада ишламайди.

Тошкент нега бу қадар қаҳҳор?

Нега бу қадар бешафқат? Ўйлайман, ўйлаб ўйимга етмайман-етолмайман.

Терроризмдан қўрқадими, дейин десам – кулгим қистайди: ўшлик ўзбекни террорчи, деб ўйлайдими Тошкент?

Ёки ўзининг андижонлигини террорчи, деб ўйлайдими?

Қаҳрамонимиз - андижонлик 65 яшар опа Дўстликдан ўтмоқчи бўлса террорчию Ўшга Андижон-Тошкент-Бишкек-Ўш қилиб борса террорчи бўлмай қоладими?

Ўйлайман, ўйлаб ўйимга етмайман-етолмайман.

Андижонлик билан ўшлик – корейсларми ё? Қайсиниси Шимолию қай бири Жанубий Корейс?

Ўйлайман, ўйлаб ўйимга етмайман-етолмайман.

Мао Цзе Дун билан Хрушчев урушиб қолганидан сўнг Шарқий Туркистон уйғурлари чегаранинг икки томонида қолиб кетган, она ўғилни, ака укани, опа сингилни кўролмай қолган эди. СССР синиб, чегаралар очилди: ака укани, опа сингилни кўрди, осмон узилиб ерга тушмадику?!

Ўйлайман, ўйлаб ўйимга етмайман-етолмайман.

Лекин андижонликлар ва ўшликларнинг аксарияти бу нарсаларни ўйламайди. Тошкентга бориб Бишкекка, Бишкекка бориб Тошкентга учаверади. У ёғига – такси: Андижон ё Ўшгача учишдан қўрқишади – бир бало бўлиб...

Ўйлайман, ўйлаб ўйимга етмайман-етолмайман.

Лекин андижонликлар ва ўшликларнинг аксарияти бу нарсаларни ўйламайди.

Улар Зўрни тан олади-қўяди.

Зўрнинг кети тегирмон тоши юргизади, деб қўйишади ва аламлари бироз юмшайди.

Баъзи қувлари бу гапни бошқачароқ айтади:

Кетнинг зўри тегирмон тоши юргизади.

***

P.S. Опа-сингиллар - реал. Уларнинг исм-фамилиялари, Андижон ва Ўшдаги манзиллари муаллифга маълум.

XS
SM
MD
LG