Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:36

Ўзбекистон яна матбуоти бўғилган давлатлар қаторида


2013 йилги Матбуот эркинлиги индекси харитаси.
2013 йилги Матбуот эркинлиги индекси харитаси.

Ўзбекистон матбуот эркинлиги мутлақ бўғилган давлатлар қаторида қолди. Маркази Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 2013 йил учун эълон қилган “Матбуот эркинлиги индекси”га кўра, Ўзбекистонда матбуот ўтган йилгига нисбатан янада бўғилган.



Чегара билмас мухбирлар ташкилоти чоршанба куни очиқлаган “Матбуот эркинлиги индекси”да Ўзбекистон 179 мамлакат орасида 164-ўринни эгаллаган. Ўтган йилги ҳисоботда Ўзбекистон 157 ўринга қўйилгани ҳисобга олинса, бу етти поғона пастроқдир ва ҳукумат матбуот устидан назоратни кучайтирганини англатади.

“Ўзбекистонда вазият ўзгаргани йўқ. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мустабид диктаторлик режими Интернет устидан назоратни янада кучайтирди, матбуотни бўғишда давом этди ва ўнлаб журналистни аянчли шароитда қамоқда ушлаб турди”, дея таъкидланади Чегара билмас мухбирлар ҳисоботида.

Ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йоханн Бир, Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистоннинг бу йилги рейтингда 7 поғона пастга тушиб кетиши, аслида “диктатор Ислом Каримов” бошчилигидаги режим “лойиқ бўлган” жойга қайтганини англатади, дейди.

- Ўтган йили Ўзбекистон 157-ўринга қўйилган эди. Аслида бу Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият яхшилангани боис эмасди. Дунёнинг турли минтақаларида кейинги 2 йил давомида кузатилаётган исёнлар туфайли матбуотга нисбатан босимлар кучайгани боис баъзи мамлакатларнинг рейтинги пасайган эди ва натижада Ўзбекистон сунъйи тарзда, бир нечта поғонага кўтарилиб қолган эди. Бу йил эса, Ўзбекистон яна ўзи лойиқ бўлган жойига қайтди. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ўтган йилги рейтингини аслида бу мамлакат учун ғайриоддий, бу йилгисини эса одатий, деб атаса бўлади,- дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакили.

Матбуот эркинлиги индекси одатдагидек икки асосий омилга кўра тузилган. Биринчиси, матбуотнинг умумий манзараси, цензура даражаси ва ҳукуматнинг матбуот устидан ўрнатган назорати кўлами бўлса, иккинчиси, муайан вақт давомида матбуотга нисбатан тазйиқ ва таъқиблар кўламидир.

Айни пайтда, деб давом этади Йоханн Бир, Ўзбекистоннинг рейтинг тубида қолиб келаётгани бу мамлакатда мустақил журналистлар йўқлигини англатмайди.

- Репрессиялар давом этаётгани ва ҳукумат матбуотни бўғиш кўламини ошираётгани журналистлар эркинлик учун курашмаяпти, дегани эмас. Аксинча, мамлакатда қолаётган саноқли журналистлар мустақил тарзда ахборот йиғиш, воқеаларни холис ёритиш ҳаракатларини давом эттирмоқда. Улар, албатта, эркин фаолият олиб бора олмайди ва Фергана.ру, Озодлик ўзбек хизмати каби хориждаги матбуот воситалари билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Лекин бу жуда муҳимдир, уларнинг ҳаракатлари тақсинга сазовордир ва буни доимо ёдда тутишимиз керак.

Ўзбекистонда кейинги бир йил давомида Интернет устидан назоратнинг кучайтирилиши, маҳаллий матбуот мамалакатда рўй бераётган воқеаларни ёрита олмагани, халқаро журналистларнинг мамлакатга киритлмагани кўзга ташланди.

2012 йил бошида Би-Би-Си мухбири Наталья Антелава ва Россияда чиқадиган “Новая газета” мухбири Виктория Ивлева Ўзбекистонга киритлмади.

Ўзбекистон ҳукумати мустақил, расмий кўз-қарашлардан фарқ қилувчи хабарларни бериб борадиган Интернет сайтларига тўсиқ қўйишда давом этди.

Бундан ташқари 2012 йил давомида, Ўзбекистон ҳукумати “Ориат Доно” кўнгилочар радио раҳбари Алишер Холдоров Россиянинг “Голос России” радиоси билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб, 6,5 йилга қамалди.

Хоразм вилоят телевидениеси рахбари, 36 яшар журналист Ботир Султонов порахўрлик ва бесоқолбозликда айбланиб, қамоққа олинди.

Журналистларнинг яқинлари бу айбловлар уларнинг фаолияти билан боғлиқлигини айтишмоқда.

Шунингдек, Солижон Абдураҳмонов, Димурод Саид, Хайрулла Ҳамидов, Муҳаммад Бекжонов, Юсуф Рўзимуродов ва бошқа журналистлар ҳамон Ўзбекистон қамоқларида қолмоқда.

2013 йилги “Матбуот эркинлиги индекси”да Ўзбекистондан ташқари рўйхат тубидан ўрин олган мамлакатлар орасида Судан, Шимолий Корея, Туркманистон, Эрон, Эритрея каби мамлакатлар бор.

Минтақа давлатларидан Қирғизистон 106, Тожикистон 123, Қозоғистон 160 ва Туркманистон 177-ўринларга қўйилган.

Матбуот энг эркин бўлган мамлакатлар қаторида Финляндия, Ҳолландия, Норвегия, Люксембург каби мамлакатларни кўриш мумкин.

Қўшма Штатлар ўтган йилги 47-ўриндан 32-ўринга кўтарилган.
XS
SM
MD
LG