Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:16

26. Халқ билан учрашув


Илгари илғор хўжаликларда, завод-фабрикаларда учрашув уюштириларди.

Бориб-бориб илғор хўжаликлар ҳам, завод-фабрикалар ҳам хусусийлашиб йўқ бўлиб кетди. Янгиерда салкам ўн минг киши меҳнат қилиб, бола-чақасини боқадиган қурилиш-монтаж корхонаси бор эди. Шу корхона мустақиллик синовларига бардош беролмади; рақобатда енгилиб, охир-оқибат Россия армияси томонидан ер билан яксон этилган Грозний шаҳрига ўхшаб қолди. «Бетонка»нинг Еттисув ҳудудидан ўтадиган қисми ёпилиб, йўловчи машиналар Самарқанд томонларга бориб-келишда Янгиер орқали ўтаётиб корхона харобаларини кўриб беихтиёр ёқасини ушлайдиган бўлди. Халқ орасида ҳар хил мишмишлар тарқалди. Паст-баланд гапларга чек қўйиш мақсадида Оқолтин туманини қоқ иккига бўлиб ўтадиган янги йўл қуриб, йўловчиларнинг узоғини яқин қилдик. Етти чақиримлик масофа етмиш чақиримга узайган бўлса-да, аммо одамлар энди тўғри йўлдан кетаяпти.

Учрашувлар завод-фабрикалардан муҳташам саройларга, пахта далаларидан шинам шийпонларга кўчирилди. Учрашувда қатнашадиган ишчи-деҳқон вакиллари коллектив томонидан сайланарди. Дастлаб шунақа эди. Ишчи-деҳқон вакили кутилмаганда мавзудан четга чиқиб, ижтимоий муаммолар тўғрисида йўғон-йўғон савол бериб асабимни ўйнатиб юборарди.

— Касаба союз нима қиляпти? — деб сўрардим ўзимни гўлликка солиб.

— Касаба союз ишламаяпти.

— Ундай бўлса, ўртоқлар, Касаба союзини эскилик сарқити сифатида бартараф этиб, унинг базасида Касаначиликни ривожлантириш лозим. Касаначилик истиқлол ячейкаси бўлиб, ҳар қандай муаммони оператив тарзда ҳал этиш имкониятига эга.

Албатта, касаначилик моҳиятини одамлар яхши билмасди. Инқилобдан олдинги турмуш тарзи аллақачон кўпчиликнинг эсидан чиқиб кетган. Бўзчи — бўз тўқийди, этикдўз — этик тикади, маҳсидўз — маҳси-кавушга ямоқ солади ва ҳоказо. Ҳар ким ўз касб-кори орқасидан бир кунини кўради. Хом ашёни ким қаердан олса, олаверади. Истаса — жаҳон бозорига ўз маҳсулотини чиқаради, истаса — ички бозор эҳтиёжини қондиради.

Бундай таклиф, шак-шубҳасиз, одамларга жўяли туюлади. Гулдурос қарсаклар остида янги йўл қўллаб-қувватланади.

— Ана, кўрдингзими, халқимиз мустақилликни соғиниб қолган экан. Ота-боболаримизнинг асрий орзулари амалга ошганини кўриб беқиёс хурсанд бўламиз. Дориломон кунларга етиб келганимиз учун дўппимизни осмонга отишимиз керак.

Ҳамма дўпписини осмонга отади. Айрим одамларнинг дўпписи қандилга илиниб қолади, қайтиб тушмайди: бечора уйига ялангбош кетади.

Ўзи билиб-билмай тузоққа илинган одамлар ўз ёғига ўзи қоврилиб юраверади. Солиқ идораси ходимлари, божхона хизмати, бозорқўмлар косибларнинг тинка-мадорини қуритиб юборади. Косиблар ўзлари пиширган бўтқани ким билан баҳам кўришни билмасдан бошини чангаллаб дўконида аза тутиб ўтираверади.

Бари бир халқ билан учрашиб туриш керак. Пахтазорларга, буғдойзорларга қўлбола кўчма шийпон ўрнатиб маҳаллий фаоллар билан учрашадиган бўлдим. Учрашувга танлаб олинган фаоллар қирқ кун мобайнида бўлажак савол-жавобларни худди Миллий театр актёрларидек обдон репетиция қилади. Узун монолог айтадиган фермер-актёрлар алоҳида кўрикдан ўтказилади, оқсоқолларга ҳам махсус кўрсатма берилади. Дуогўй чол-кампирлар далайўл четида сафга тизилиб, қиблага қаратиб қўйилади. Оригинал дуо қилган чол-кампир, хоҳласа — ҳажга бепул жўнатилади, хоҳласа — нафақасига йигирма фойиз қўшиб қўйилади. Аксарият чол-кампирлар шумлик қилади: агар нафақасига йигирма фойиз қўшилса, қирқ йил давомида уч-тўрт миллион сўм қўшимча маблағга эга бўлади; бепул ҳажга борса, бирйўла уч-тўрт миллион сўмни Саудия Арабистонига бориб совуриб қайтади. «Қирқ йилгача суякларимиз гўрда чириб адойи тамом бўлади, ундан кўра, нақдига эришиб қолайлик!» Ундан сўнг ҳожи рутбасига эга бўлиб, тўй-маъракаларнинг тўрини бўшатмасдан роҳат-фароғатда ҳаёт кечираверадилар.

Кейинги пайтларда халқ билан учрашувларни Баҳодир Йўлдошевга ўхшаган етук режиссёрлар саҳналаштиряпти. Актёрлик қобилияти бўлган деҳқон-фермерлар ҳар бир қишлоқдан топилади. Аслида, улар ёшлик чоғларида актёр бўлишни орзу қилган, лекин омадсизлик туфайли орзуси ушалмай қолган, қулай фурсат келганда нафақат мол-дунёсидан, ҳатто иймон-эътиқодидан воз кечиб юборишга ҳам рози бўлади. Режиссёрлар халқ психологиясини яхши билар экан. Бундан кейин мудом режиссёрларга суяниб халқ билан учрашувлар ўтказишни ўз олдимга қатъий мақсад қилиб қўйдим.

Кимки ман билан учрашувни орзу қилса, марҳамат, аввало Баҳодир Йўлдошевга йўлиқсин...
XS
SM
MD
LG