Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:41

25. Ливерпул — бидъатнинг ўчоғи


Эски шаҳарда Моҳирбек исмли новвой йигит бор эди.

Беш вақт намозини канда қилмасди, бировнинг ҳаққига хиёнат қилишни хаёлига ҳам келтирмасди. Солиқни ўз вақтида тўларди, электр ёки газ тармоқларидан қарз бўлмаган. Шогирдларини рози қиларди. Ўзи тобига келтириб хамир қориб, ўзи тандирга кириб нон ёпарди. Ҳали тандирдан нон узилмасдан мижозлари дарвозахонада навбатга тизилишиб турарди. Ҳар куни беш қоп уннинг нони пешиндан кейиноқ сотилиб кетарди. Харидорлар кўпайиб кетди¸ деб бир қоп ортиқча унни хамир қилмасди; беш панжасини оғзига тиқмасдан, меҳнатни азобга айлантирмасдан рўзғор тебратарди. Унинг ҳалоллигини ҳамма биларди.

Шу новвойнинг битта ғалати одати бор эди. У диний маросимлар учун асло буюртма асосида нон ёпмасди. «Йигирма», «йил оши» каби маъракаларга буюртма бергани келган одамга: «Мен бидъатга қаршиман, бидъат исломни издан чиқаради», деб битта этикка икки оёғини тиқиб туриб оларди. Кунлик мижозлари орасида ғайридинлар ҳам анчагина бўлгани ҳолда мусулмонларнинг ҳар хил диний маросимлари учун рапидани қўлига олмасди. Новвойнинг шу қилиғи бошига мусибат тушган одамларни ранжитарди.

— Жаноза ўқилиб мозорга дафн этилдими — тамом, маййит ҳеч қандай маросимга муҳтож бўлмайди. Энди ўзининг қилмишлари учун ёлғиз ўзи жавоб беради.

Моҳирбекнинг юриш-туриши назорат остига олинади. Лекин шубҳали бирор нарса аниқланмайди. Шундай бўлса-да, у ортодоксал ислом тарафдори эканлиги билан либерал мусулмонларнинг қитиқ-патига тегиб юраверади. Маълумки, ваҳҳобийлик оқими ҳам ортодоксал ислом ҳисобланади. Хуллас, маҳалла посбонларининг астойдил саъй-ҳаракатлари туфайли Моҳирбек ҳибсга олинади: тергов жараёнида ҳеч қандай диний оқим аъзоси эмаслигини таъкидлашдан чарчамайди, айни замонда дунёвий давлат қонунларида таъқиқланган Жиҳод ғояси Оллоҳ таоло томонидан буюрилганини, демак, ҳар бир мусулмон то қиёматгача Жиҳодга даъват этилса ундан бўйинтовламаслигини ҳам тан олади. Хуллас калом, Моҳирбек мавжуд конституцион тузумни қурол кучи билан ағдариб ташлашга йўналтирилган ғояни кўнглида пинҳона сақлаб юргани учун 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади ва Жаслиқ қамоқхонасига юборилади. Шундай қилиб, жамият потенциал битта террорчидан халос этилади.

Ливерпул шаҳрида халқаро пахта бозори бор. Биз ҳам шу пайтгача ўзимиз етиштирган «оқ олтин»ни ўша бозор орқали реализация қилардик. Ўтган йилдан эътиборан «болалар меҳнатидан фойдаланиб йиғиб-териб олинган, халқаро Конвенцияларда болалар меҳнатидан фойдаланиш қатъиян ман этилган» деган баҳонада пахтамизга бойкот эълон қилинди. Харидорларимиз қочириб юборилди. Натижада бир йиллик ҳосил омборларда қолиб кетди.

Тўғри, халқаро Конвенцияга биз ҳам қўшилганмиз, уни парламентда ратификация ҳам қилганмиз. Аммо, хусусий мулкчилик жорий этилган жойда давлат ҳар бир фермер фаолиятини доимий равишда назорат этиш мажбуриятини ўз зиммасига олмайди. Агар қатъий назорат тартиби жорий этилса, жаҳон оммавий ахборот воситаларида яна дод-фарёд кўтарилади: «Давлат ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини монополия қилиб олган...» Демоқчиманки, ер — фермерники, ўқувчи-ёшлар ҳам фермернинг фарзандлари бўлса, улар ота-оналарига ўқишдан бўш пайтларида ёрдам берса, бу ҳол «болалар меҳнатини эксплуатация» этиш деган модда асосида қораланиши мумкинми? Ливерпул бозорини эгаллаб олган корчалонлар бизнинг пахтамизга харидорми ёки тирноқ остидан кир қидириб, пашшадан фил ясашдек номаъқул юмуш билан машғул бўладими?

Манимча, Ливерпул — қип-қизил бидъатнинг ўчоғи бўлиб, бизни иқтисодий ютуқларимизни камситиш ва халқаро кризис домига бизни ҳам тортиб юбориш каби аллақандай бадбин ниятни кўзлаётган бир ҳовуч «қора юрак»ларнинг буюртмаси асосида фаолият юритадиган халқаро террор марказидан бошқа нарса эмас.

Биз ўз уйимизда ҳар қандай террор личинкасини эмбриондаёқ чақиб ташлаб, бутун дунёни хавф-хатардан мосуво этсак — яхшимиз, жамиятдаги айрим онгсиз гражданлар томонидан халқаро қонун нормаларига амал қилинмаётган бўлса — ёмонмиз. Ўрислар бундай ҳодисани «двойной стандарт» дейди. Ўгай бола кўкрагидан итариб кўчага ҳайдаб чиқариб юборилса, ҳар қандай инсоннинг иззат-нафси оғрийди ва ўзини емиш топиш илинжида кўчма-кўча санғиб юрган дайди итдек бахтиқаро ҳис эта бошлайди.

Ҳар қандай кўринишда бўлмасин, биз бидъат ўчоқларидан узоқроқ юришимиз керак. Эртами-кечми, бурнидан нарини кўрмаётган калтабинлар бизнинг йўлимиз тўғри эканини эътироф этиб, эшигимизга бош уриб келажак. Ўшанда эшикни очамизми-йўқми, буни жиддий ўйлаб кўрамиз.
XS
SM
MD
LG