Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:40

"Испаниядан инсон ҳуқуқлари борасида ҳаракат кутманг!"


Ўзбекистон раҳбарининг Испания қироллик оиласи ва ҳукумати билан илиқ алоқалари ҳам иттифоқ ва Тошкент муносабатлари янада илиқлашувига элтиши мумкин.
Ўзбекистон раҳбарининг Испания қироллик оиласи ва ҳукумати билан илиқ алоқалари ҳам иттифоқ ва Тошкент муносабатлари янада илиқлашувига элтиши мумкин.

Мадридда жойлашган таҳлилчи Йёс Бунстра 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб Европа иттифоқига раисликни бошлаëтган Испания президентлиги учун Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлик устивор бўлажагини айтади.

Oлдинги уч президентлик – Франция, Чехия ва Швеция президентлиги даврида Иттифоқнинг, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан сиёсати бироз сустлашгандек, томонлар мулоқотида асосий масала бўлиб турган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятлар масаласи эътибордан бироз четда қолгандай бўлди.

Испания иттифоқ президентлигига келиши билан блокнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан сиёсати қай томонга ўзгаради?

Ана шу савол билан Озодлик мухбири Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича сиёсати мониторинг гуруҳи раиси ҳамда қароргоҳи Мадридда жойлашган “FRIDE” таҳлил марказининг етакчи тадқиқотчиси Йёс Бунстрага мурожаат қилди.

Озодлик: Сизнинг фикрингизча, Испания раислиги даврида Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида ўзгариш бўладими?

Йëс Бунстра: Испания ҳам Марказий Осиё минтақаси масаласини устивор масалаларидан бири қилиб қўйиш ва иттифоқнинг бу минтақага оид сиёсатини айни руҳда давом эттириш ниятида. Албатта, бу давлат бирор-бир катта тадбирни режалаштираётгани йўқ. Аммо у Марказий Осиёга нисбатан сиёсий стратегияни қайта кўриш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Ҳозирда Европа комиссияси ҳам бунга қизиқиш билдирмоқда. Шу боис, Испания раислиги даврида баъзи йўналишларнинг бу стратегия устивор йўналиши қилиб танлаб олингани қанчалик тўғри экани ёки эмаслигини қайта кўриб чиқиш жараёни бошланиши мумкин.

Озодлик: Сизнингча, бу устивор йўналишлар орасида нотўғри танланган, деб ҳисобланаётган йўналишлар ҳам борми? Бўлса¸ бу борада Испания ҳукуматининг фикри қандай?

Йëс Бунстра: Испания ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқалар кўлами бироз чекланган аслида. Аммо сўнгги йилларда Испаниянинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан алоқалари ривожланмоқда. Испания ва Қозоғистон ўртасида, асосан, нефт компаниялари ҳамкорлиги жуда кучли. Бундан ташқари, Испания қироли ва Қозоғистон президенти ўртасидаги ҳам кучли дўстлик алоқалари бор. Улар тез-тез учрашиб туришади. Ўзбекистон билан эса Испания иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни режа қилмоқда. Мисол учун, Испаниянинг поезд вагонларини ишлаб чиқарувчи заводи Самарқанд ва Тошкент ўртасидаги янги темир йўли йўналиши учун вагонларни етказиб беришни режалаштирмоқда. Аммо бу ҳамкорлик Испаниянинг иттифоққа раислиги даврида Марказий Осиёга доир сиёсатига таъсир кўрсатмайди, деб ўйлайман.

Озодлик: Испаниянинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига нисбатан позицияси қандай? Мисол учун, биз Швеция ва Чехия ҳукуматларидан деярли ҳеч нарса эшитмадик.

Йëс Бунстра: Менимча, бу масалада катта ўзгаришлар бўлмаса керак. Албатта, инсон ҳуқуқлари масаласи Испания учун ҳам муҳим масала. Аммо 2007 йил Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислиги давомида Испания учун инсон ҳуқуқлари масаласидан кўра ҳам кўпроқ кўпмиллатли алоқаларни ривожлантириш муҳим эканини кўрдик. Шу боис, инсон ҳуқуқларига оид масалаларда Испания раҳбариятидан кескин танқид, қатъий ҳаракатларни кутманг. Аммо бу давлат минтақа ҳукуматлари билан мулоқот орқали алоқаларни ривожлантириш ва шу билан инсон ҳуқуқлари аҳволини ўнглашга ҳаракат қилади. Испаниянинг ЕХҲТ га раислиги даврида кескин танқидлардан бироз четланиб, мулоқот йўли билан юритган сиёсати Тожикистонда яхши натижалар берди. Шу боис, ўйлайманки, Испаниянинг бундай сиёсат Марказий Осиё учун узоқ муддатли истиқболда яхши самаралар берадиган сиёсат бўлади.

Озодлик: Испаниянинг Европа иттифоқига раислиги даврида эътибор қилиниши керак бўлган яна бошқа жиҳатлар борми, сизнингча?

Йëс Бунстра: Ҳа, дарвоқеъ, эслатиш керак, 2010 йилда ЕХҲТ га Қозоғистон раислик қилади. Шу боис, ўзаро яқин алоқалар ва ичзил мулоқотга эга бўлган икки ҳукуматнинг ҳамкорлиги бу давр ичида Марказий Осиёга оид сиёсат бобида яхши натижалар бериши мумкин, деб ҳисоблайман.
XS
SM
MD
LG