Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:48

Эркин микрофон - "Ўзбек халқ эмас¸ ҳалиям оломон"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

"Ўзбекистон халқи шаклланган эмас. Оломон бўлган¸ шу тарзда ҳозир давом этаяпти. Яқинда “87 фоизи овоз берди” деб эълон қилишди. 100 фоиз овоз берди, деса ҳам мен ишонишим мумкин. Нима учун деганда, халқимиз лоқайд", дейди якшанба кунги сайловга муносабат билдирган қўқонликлардан бири.

"Кетаëтган одам" кечинмалари

Илк суҳбатдошимиз Қашқадарëдан. 90 ëшдаги Раҳмонқулбобога қулоқ берамиз.

Раҳмонқул бобо: Озодлик радиосига айтадиган гапларим бор эди. Эшитасизми?

Озодлик: Эшитаман гапиринг.

Раҳмонқул бобо: Қашқадарë вилояти¸ Косон тумани¸ Арабхона маҳалласида яшайдиган фуқароман. 90 ëшдаман. Ўзбекистонда олим билан илмнинг қадри қандай? деган бир нарса бўлди сизларда. Шунда энг юқори даражадаги илмли одамлар¸ Ўзбекистонда яшаб турганлар “Бизларнинг қадримиз отарчининг доирачисичалик ҳам эмас” деганига мен жуда ҳайрон бўлдим. Шунча илмли одамлар¸ нафақага чиққан одамлар ватаннинг қадр-қимматини камайтириб гапиргандай бўлди. Мен уларнинг айтганини яхши қабул қила олмадим.

Бундан ташқари яна битта масалани гапиргим келади. Пайғамбаримиз Муҳаммад “Сенинг яшаб турган ватанингга вабо келса ҳам, ташлаб чиқиб кетма” деган. Мен мухолифатчилик қилиб¸ ватандан чиқиб кетган одамларни ўта ақлли одам, деб тан ололмайман. Мухолифатчилик қилиб, ҳеч кимдан устун кела олмаслигини фаҳмлай олмаса¸ мухолифатда юриб ҳам қўлидан бир иш келишига ҳеч кимни ишонтира олмаса¸ уларни қандай қилиб ақлли одам деб биламан?

Кейин яна битта масала бўлди. Хоразмлик бир йигит “Мамлакат ичида бўлаëтган камчиликлар¸ айрим ишлар¸ айрим раҳбарларнинг нотўғри йўл тутиши масаласини Каримов билмайди” деди. Сизлар Юсуф Жуманинг “Каримовнинг хабари йўқ” деган шеърини жавоб қилдингизлар.

Кеча Комила деган қиз депутатликка чиқаман, деганда ўзининг қайсидир бир раҳбарлар томонидан камситилганлигини¸ буни Каримов билмайди, деган маънода айтди. Тўғри айтди¸ мен қабул қиламан.

Озодлик: Яъни сиз ҳам Каримовнинг хабари йўқ демоқчисиз-а?

- Албатта, кўп нарсалардан хабари йўқ, мен шундай тушунаман. Хабари бўлганда, албатта, муносабатини билдирар эди. Индамай туришига мен ишонмайман. Унда ҳам виждон бор. Каримов 1000 йил яшамаслигини яхши билади. Айтилаяптики¸ сўз эркинлиги йўқ. Бир рўзғорда бир одамдан бўлган тўртта-бешта фарзанддан биттаси ë иккитаси бойиб кетаяпти¸ қолганлари иш билмайдиган одамларда. Бир ëққа кетувчилар¸ шикоят қилувчилар дунë бино бўлгандан бери бор. Дунë борки¸ ношуд одамлар бор. Бу мулк ҳам топа олмайди¸ ҳеч кимдан зўр ҳам бўла олмайди¸ ҳаммани ëмонлайди. Ëмондан ëмонлик дегандай ўзини танимайди. Ҳамма танқидчилар иш билмас одамлар. Мен айтаманки¸ дунëда яшаëтган инсонларнинг барчасига Худо инсоф берсин. Мана шу Ўзбекистондагиларга ҳам инсоф берсин. Мен дунëни яшаб ўтиб бўлган поғонага келиб бўлган одамман. Мен ҳеч кимни яхши ҳам демайман¸ ëмон ҳам демайман. Тўғри гап айтилишини хоҳлайман¸ дейди Раҳмонқул бобо.

Сайловга бормаган ўзбекистонлик

Қўқонлик амакини эса сайловга бориб сайламасдан келган халқнинг омилиги ва авомлиги ташвишга солмоқда.

- Бу Қўқондан. Фамилиям Қўшматов. Мана Ўзбекистонда сайловлар ўтди. Менинг бошқача фикрим бор. Тўртта партия бўлса¸ тўртта партиядан сайланаëтганларнинг ҳаммаси битта режимни, яъни муҳтарам Каримов яратган режимни ҳимоя қилади. Бу ерда мухолифат ëки қандайдир одамлар қатнашгани ҳам йўқ. Аммо бир нарсани айтмоқчиманки¸ бутун режимни танқид қиламизку¸ халқ соҳасида бир оғиз гапирмаймиз. Мана шу тўғрисида тўхталмоқчи эдим. Мисол учун, Ўзбекистон халқи шаклланган эмас. Оломон бўлган¸ шу тарзда ҳозир давом этаяпти. Яқинда “87 фоизи овоз берди” деб эълон қилишди. 100 фоиз овоз берди, деса ҳам мен ишонишим мумкин. Нима учун деганда, халқимиз лоқайд.

Сизлар Озодлик информацион хабар берасизларку¸ аммо ўзларингизнинг муносабатларингизни айтмайсизлар. Мана шу депутатларни сайлаш борасида “Депутатнинг вазифаси нима?” соҳасида ҳеч бўлмаса Озодликнинг муносабатини берса яхши бўларди. Халқ тушунарди. Халқ ўзи депутат нима эканлигининг фарқига бормайди. Нима учун деганда мустақиллик бошланганда биринчи даврда бу нарсада бўлди. Жаноб Каримов тўғри гапираяпти. Билади Каримов. У ерда 100 фоиз бир фикрда дейди. Ҳеч қачон демократия бир фикрда бўлмайдику. Ҳаммаси аслида халқимизнинг тайëр эмаслиги. Сайловга худди обед қилгани боргандай боришади.

Мустақилликдан бери мен бирор марта депутатликка қатнашганим йўқ. Қайта қуриш даврида қатнашганман. Ундан бери қатнашганим йўқ. нима қиламан қатнашиб? Озодлик радиоси халққа сайловда қатнашмасликка ҳаққи борлигини айтса бўлмайдими? Халқ бормаса ҳам бўлмаслигини билмайди. Биздаги лоқайдлик¸ тушунмаслик шу даражада. Ҳар кун бир овқатланишга боргандай сайловга ҳамма борди. Сайлов комиссиясининг раиси тўғри айтди. Мисол учун “Сайлов – демократия кўзгуси” деб ëзиб қўйган. Тўғри ëзган. Аслида бу нарса бўлгани йўқку. Хулоса сифатида шуни айтмоқчиманки¸ сизлардан илтимос шу шароитда¸ биламан сизларники информационний радио¸ ҳар қандай масалада ўзларингизнинг муносабатларингизни билдирсангизлар яхши бўларди. Халқнинг уйғонишига¸ демократик жамият қуришга ўтишига ëрдам берган бўлардингизлар.

Мен норозиман¸ мана Бухорбоева билан Обид қори ўртасидаги муносабатни радиода бердингизлар. Обид қори айтган¸ умуминсоний қадриятга тўғри келмайдиган гапларга ўз муносабатларингни билдиришларинг керак эди. Бизга ўхшаган тушунмайдиган одам бир нарса деса¸ майли садқаи сар. Аммо Обид қорига ўхшаган одамлар¸ у киши шу ерни ташлаб кетган диссидент одам. Аммо айтган вақтида кўп хатоликларга йўл қўйди у киши. Демократияни олиб боришга тўсқинлик қилишди. Сизлар Озодлик радиоси ўз муносабатини билдириши керак эди¸ дейди Қўқондан сим қоққан суҳбатдошимиз.

Ижтимоий таназзул боис ўзини ўзи ўлдираëтганлар

Самарқанддан қўнғироқ қилган врач акамиз ўзи гувоҳ бўлган ҳодисалардан сўзлайди.

- Мен Самарқанд вилоятиданман. Ëшим 47 да. Врачман. Кўп ножўя ҳаракатлар бўлаяпти. Икки йил илгари 12 яшар ҳамсоям ўзини осиб қўйди.

Озодлик: Нега осиб қўйди?

- Ижтимоий муҳтожликдан. Домкомдан отаси ëрдам сўради¸ бермади. Даже менинг гувоҳлигимда сўради. Бу ҳақда мен Олий Мажлисга мурожаат қилдим. Кейин Олий Мажлис пастдагиларга юбориб¸ пастдагилар мени таъқиб қила бошлади. Ана ўша 12 яшар бола ўқийдиган мактабнинг 35 яшар олий маълумотли ўқитувчиси бир ҳафта олдин уйига ўт қўйиб юбориб¸ машиналарни портлатиб¸ ўзини оловнинг ичига осиб жуда мудҳиш ишлар бўлди.

Озодлик: У киши ҳам ўз жонига қасд қилди.

- Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Нимага?

- Бунинг ҳам оилавий аҳволи ночор бўлган. Тошкент шаҳрида эри билан яшаган. Иккаласи ҳам олий маълумотли бўлган. Ўғил фарзанди турмаган. Бола бир ëшга бормай ҳар хил нималар билан нобуд бўлади. Натижада бояги аëл тушкунликка тушган. Қишлоқда ҳеч ким унга қарамай қўйган. Оиласидаги олий маълумотли ака-укалари бунга эътибор бермаган. На маҳалла¸ на қариндошлари¸ на мактаб эътибор берган. Илмли¸ ўта қобилиятли аëл эди у. Мен уни ëшлигидан биламан. Мен у куни Самарқандда малака оширишда эдим. Келсам¸ ҳовли ëниб кетган¸ портлаб кетган¸ даҳшатли воқеада¸ дейди самарқандлик врач.

Ман на туркман¸ балки ТУРКман

Алишер Навоий ўзининг бутун турк улусининг вакили эканлигини шундай ифодалаган эди. Яъни ман туркман ëки ўзбек эмасман ман ТУРК ман деб.

Навоийнинг хароб бўлган қабридан сал наридаги термизлик тарихчи мушоҳадалари ҳам шу руҳда.

- Термиздан тингловчингиз безовта қилаяпти. Бир-икки оғиз гапим бор эдида. Мен тарихчиман. Юртбошимиз “тарихсиз келажак йўқ” деяпти. Лекин ҳақиқий тарихсиз келажак бўлмайдида. Мана қўшниларимиз Тожикистон халқи ўзларини тожикон насли ориëн деяпти. Мана сиз Чехияда ишлаяпсиз. Чех халқи ҳам славян миллатига мансуб. Мана бизнинг аждодларимиз турк миллатига мансуб. Ўзбек халқи турк миллатига мансуб халқ. Ҳозирги Ўзбекистон ҳукуматининг олиб бораëтган сиëсати бизнинг тарихимизга мутлақо қарши. Мисол учун Турон¸ Туркистон сўзидан қўрқишади. Туркия билан алоқаларимиз ëмон. Борди-келди йўқ. Маданият алоқалари ҳам йўқ ҳисоби. Туркия бизга визасиз борди-келди қилиб қўйган. Ўзбекистон виза қилиб қўйибди. Қўшни Туркманистон¸ Тожикистон¸ Қирғизистон¸ Қозоғистонлар билан маданият борди-келдилари¸ олди-берди умуман йўқ ҳисобида.

Менинг айтмоқчи бўлганим Ўзбекистон Туркистоннинг маркази бўлганлиги учун¸ Туркистоннинг гавҳари бўлганлиги учун бутун туркий халқларни бирлаштириши керак. Борди-келди яхши бўлиши керак. Россияда ҳам туркий халқлар кўп. Ўзбекистоннинг вазифаси бутун туркий халқларни бирлаштириб¸ борди-келдини яхшилаши керак. Сиëсий бирлик бўлмасин¸ экономик бирлик¸ маданий бирлик бўлиши керак. Турк қардошларимиз билан ҳам борди-келди яхши бўлиши керак. Худди Туркия билан Озарбайжон қилгандай визасиз борди-келди қилиш керак. Институтларда¸ мактабларда ўқитилаëтган тарих мутлақо зид. Бизнинг аждодларимиз кимлигини айтмаяпти. Аждодларимиз турк. Биз туркий халқмиз. Тилимиз туркий¸ ватанимиз Туркистон. Булар ўйлаб топган ўзбек деган ном революциядан кейин пайдо бўлди. Амир Темур бобомиз ҳам¸ Навоий бобомиз ҳам¸ Мангуберди бобомиз ҳам ўзларини туркман (туркман халқи назарда тутилаëтгани йўқ – таҳр.) деган. Ўзбекман демаган. Амир Темур бобомиз турк миллатининг барлос қабиласидан эди. Ўзини туркман деган. Унинг машҳур гапи бор. “Бизким миллатларнинг энг улуғи ва энг қадимийси туркнинг бош бўғинимиз” деган гапи бор. Бу ерда олиб борилаëтган сиëсат мутлақо қарши бўлаяптида. Болаларни мутлақо манқурт қилиб тарбиялаяптида ака¸ дейди термизлик тарихчи.

**********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG