Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:45

Халқаро хабарлар

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай бугун Туркияга сафарини бошлайди.

Карзайнинг Туркия президенти Аҳмад Неждет Сезер, Бош вазир Ражап Таййип Эрдўғон ва Ташқи ишлар вазири Абдулла Гул билан учрашиши кутилмоқда. Пайшанба куни ўтказилиши режалаштирилган асосий музокаралар чоғида икки томонлама алоқалар ҳамда Афғонистонни қайта қуриш ишлари муҳокама этилиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, Туркия ширкатлари Афғонистонга 130 миллион АҚШ доллари ҳажмида сармоя ётқизган. Бу 1957 йилдан бери Афғонистон раҳбарининг Туркияга биринчи ташрифидир. Карзай 2002 йилда Бош вазир сифатида Туркияга қисқа муддатли сафар қилган.

Кун янгиликлари

Туркманистонда мулозимлар ота-ўғил Бердимуҳамедовлар тасвири туширилган соатларни сотиб олишга мажбурланяпти

Сердар Бердимуҳамедов тасвири туширилган соатлардан бири
Сердар Бердимуҳамедов тасвири туширилган соатлардан бири

Туркманистон ғарбида жойлашган Болқон вилоятидаги давлат муассасалари раҳбарлари циферблатларига амалдаги президент Сердар Бердимуҳамедов ва унинг отаси Гурбангули Бердимуҳамедов тасвири туширилган соатларни сотиб олишга мажбур қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати хабар қилди.

Бу соатларга, ўлчами ва дизайнидан келиб чиққан ҳолда, 1500 манатдан (тақрибан 428 АҚШ доллари) 3000 манатгача (тақрибан 850 АҚШ доллари) нарх бичилган.

Озодлик манбасига кўра, мазкур соатлар вилоятдаги юқори лавозимли амалдорларга мажбуран сотиляпти, кичикроқ бюджет ташкилотлари раҳбарларига эса бундан арзонроқ соатлар таклиф қилинмоқда.

Озодликнинг туркман хизмати мухбири билан суҳбатда мактаб директорлари қимматбаҳо соатларнинг мажбурий сотилиши ортида Бердимуҳамедовларга яқин шахслар турганини айтишган.

Бу соатлар Хитойда махсус тайёрланиб, мамлакатга олиб келиниб, халққа мажбуран сотилмоқда. Улар Миллий хавфсизлик вазирлиги органлари орқали соат савдосини назорат қилиб боришяпти”, деган Болқон вилоятидаги мактаблардан бирининг директори.

Озодликнинг бошқа бир суҳбатдоши Сапармурод Ниёзов даврида Туркманистонда президент тасвири туширилган соатлар чиқарилиб, мактаб ўқувчилар дохил ҳаммага тарқатилганини эслатган.

“Сердар [Бердимуҳамедов] ҳам ўз портретлари акс этган соатлар чиқара бошлаганига ажабланмаса ҳам бўлади. Энди унинг бутун мамлакат бўйлаб ўз ҳайкалларини ўрнатиши қолди, холос”, деган у.

Туркманистонда давлат муассасалари ходимларига мунтазам равишда ноҳақ солиқлар солиб турилади. Бу пуллар улардан президент китобларини сотиб олиш, унинг портретларини янгилаш ва шу каби кўплаб баҳоналар билан йиғилади.

Қирғизистонда “Ўлмас полк” юриши бекор қилинди

Бишкекда 2022 йилнинг 9 май куни бўлиб ўтган "Ўлмас полк" юришидан лавҳа
Бишкекда 2022 йилнинг 9 май куни бўлиб ўтган "Ўлмас полк" юришидан лавҳа

Қирғизистонда ҳар йили 9 май куни ўтказиладиган “Ўлмас полк” юриши бекор қилинган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Ички ишлар вазирлигининг 1 майдаги баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.

Вазирлик юриш бекор қилинишига оид қарорни “жамоат хавфсизлигига мавжуд таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда” қабул қилингани билан изоҳлаган. Айни пайтда ИИВ ҳуқуқ-тартиботчилар жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш учун чора кўраётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Қирғизистон Мудофаа вазирлиги 9 май куни Бишкекдаги Олатоғ майдонида ҳарбий парад бўлмаслигини маълум қилган эди. Бу куни фақат Ғалаба майдонида хотира митинги бўлиб ўтиши режаланган.

“Ўлмас полк” тадбирини ўтказиш ташаббуси илк бор 2011 йили россиялик бир гуруҳ фаоллар томонидан кўтарилган. Бу тадбир, анъанага кўра, 9 май — Ғалаба байрами куни ўтказилади. Аввалроқ Қирғизистонда бу юришни ўтказиш баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, чунки тадбирга қарши бўлганлар Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин “Ўлмас полк” россияликлар тажовузини ёдга солишини иддао қилишган. Бироқ Қирғизистонда 2022 йилда ҳам, 2023 йилда ҳам юриш ўтказилган.

Маълумотларга кўра, 2024 йил 1 апрель ҳолатига Қирғизистонда Иккинчи Жаҳон уруши фахрийларининг умумий сони 41 нафарни ташкил қилади.

Грузия ИИВ: Норозилик акциясига чиққанлардан 60 дан зиёди ушланди

"Хорижий агентлар"га оид қонунга қарши Тбилисидаги акциядан лавҳа, 2024 йил 30 апрели
"Хорижий агентлар"га оид қонунга қарши Тбилисидаги акциядан лавҳа, 2024 йил 30 апрели

Грузия парламенти биноси олдидаги “хорижий агентлар”га оид қонуна қарши митингни тарқатишда 63 киши қўлга олинган. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Тбилисида 30 апрель оқшомида полиция махсус бўлинмаси “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасига қарши акция иштирокчиларга нисбатан махсус воситаларни қўллаган. Грузия мухолифати мазкур қонун лойиҳасини Россиядаги “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунининг муқобили эканини айтмоқда.

Хабарларга кўра, кеча митингчилар билан тўқнашув чоғида полиция сувотарлар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишга солган. Тўқнашув ортидан 20 дан зиёд мухолифат фаоли Руставели шоҳкўчасида навбатчилик қилаётган “тез ёрдам” врачларига мурожаат қилган. Жабрланганлар кўзлари қисман кўрмай қолганидан шикоят қилишган.

Маълумотларга мувофиқ, ИИВ махсус бўлинмалари митингчиларни парламенти биноси яқинидаги майдондан сиқиб чиқаришган. Тўқнашув чоғида ўндан зиёд одам қўлга олинган. ИИВ акция иштирокчилари “полициячиларга қарши куч қўлланиб, сўз ва фикр эркинлигини ифода қилиш меъёрларидан ташқарига чиқишган”ини билдирган.

30 апрель куни Грузия парламенти оммавий норозилик чиқишларига сабаб бўлган “хорижий агентларга қарши” қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилолган эмас. Мунозаралар ярим тунгача давом этгани ортидан муҳокама 1 майга қолдирилган. Митинг иштирокчилари парламент биносидан чиқишларнинг барчасини тўсиш ва “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси вакиллари учун “шармандалар йўлаги” ташкил қилишга урингани ортидан депутатлар бинодан полициячилар кордони кузатувида олиб чиқилган.

Норозилик тадбирида Михаил Саакашвилининг “Бирлашган миллий ҳаракат”, “Лело” партияси ва мухолифатнинг бошқа кучлари иштирок этган. Улар “Россия қонуни”нинг қабул қилиниши фуқаролик жамиятига қарши қатағонлар машруълаштирилишига, Грузияни Ғарб томон йўлдан бошқа ёққа буриб юборилишига ва “Россия томонидан ютиб юборилиши”га сабаб бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Қонун лойиҳаси танқидчилари Кремль бу каби ҳужжатдан ўз мухолифларининг унини ўчириш учун фойдаланаётганини урғулаганлар. Ғарб мамлакатлари Грузия парламентида муҳокама қилинаётган чора фуқаролик жамиятини назорат қилишга қаратилганидан огоҳлантирмоқда.

29 апрель куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоларидан икки нафари — Жерри Коннолли ва Остин Скотт Грузия расмийларини “ўз халқига қулоқ тутиш” ва баҳсли қонун лойиҳасини қабул қилишдан воз кечишга чақирган. Бунгача АҚШ Давлат департаменти ва бир гуруҳ сенаторлар ҳам шу мазмундаги чақириқ билан чиқишган эди.

“Путин хорижий агентлар тўғрисидаги бу қонундан Россияда сўз эркинлигини кескин чеклаш, фуқаролик жамиятини қарийб йўқ қилиш ҳамда ўзининг диктаторлик бошқарувини янада мустаҳкамлаш учун фойдаланди”, дея таъкидлашган Жерри Коннолли ва Остин Скотт ўз баёнотларида.

“Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ташаббуси билан парламентда кўриб чиқилаётган “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши кўп минг кишилик норозилик акциялари бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда. Бу ҳақда Озодлик аввал ҳам бир неча марта хабар қилган.

Москва аэропортидан 650 чоғли тожикистонлик юртига бадарға қилинди

Москванинг Внуково халқаро аэропортидаги табло (архив сурати)
Москванинг Внуково халқаро аэропортидаги табло (архив сурати)

Ўтган тўрт кун ичида Москвадаги Внуково аэропортидан Тожикистоннинг 643 нафар фуқароси депортация қилинган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Тожикистондаги маҳаллий нашрлар маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

“Азия-Плюс” медиагуруҳининг Тожикистон ТИВдан олинган маълумотга таяниб қайд этишича, 26 апрелдан 30 апрелгача Внуково аэропортига учиб борган 3101 нафар тожикистонликдан 643 нафари тегишли шарт-шароитсиз бир неча куч ушлаб турилгани ортидан россиялик расмийлар томонидан юртига депортация қилинган. Бундан ташқари, яна 117 нафар тожикистонликни депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Москвадаги бошқа аэропортларда ҳам вазият мураккаб экани айтилмоқда.

Аввалроқ Россия ТИВ 30 апрель куни ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Муҳриддин билан телефон мулоқоти бўлиб ўтгани ҳақида маълумот тарқатган. Хабарномага мувофиқ, Лавров Тожикистон ТИВ раҳбарига Россия чегараларида паспорт назоратидан ўтаётган хорижликлар тутиб қолинаётгани вақтинча экани ва бунда мамлакатга кириб келаётган кишиларнинг миллий мансубияти эътиборга олинмаётганини айтган.

“Интерфакс” агентлигининг урғулашича, хорижликларни мамлакатга киришда янада диққат билан текшириш “Россияда террорчиликни олдини олиш бўйича чоралар кучайтирилгани ортидан” бошланган.

Аввалроқ Тожикистон ТИВ томонидан ёйинланган баёнотда 27 апрель куни “Россия пойтахтидаги Внуково халқаро аэропортининг фуқароларни вақтинча сақлаш ҳудудида тегишли санитария шароитисиз 954 нафар тожикистонлик фуқаро” ушлаб турилгани, улар орасида Россияда ўқийдиган талабалар ҳам борлиги билдирилган. Внуково аэропортида қолиб кетган тожикистонликлардан 322 нафари бир неча соатлик текширувлардан кейин Россия ҳудудига қўйилган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги “Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида ўта салбий муомала қилинаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар жойда бузилаётгани муносабати билан жиддий ташвиш” билдирган ҳолда, 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьевга норозилик нотасини топширган.

Тожикистон ТИВ Россия элчисига норозилик нотасини топширди

Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьев (Фейсбукдан олинган сурат)
Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьев (Фейсбукдан олинган сурат)

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги “Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида ўта салбий муомала қилинаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар жойда бузилаётгани муносабати билан жиддий ташвиш” билдирган ҳолда, 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьевга норозилик нотасини топширган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Норозилик нотасига Россия томонидан ҳали жавоб бўлганича йўқ, бироқ уч кун муқаддам Россия ТИВ расмийси Мария Захарова РФ давлат чегара масканларида хорижлик фуқароларнинг паспорт назоратидан ўтишда кўпроқ тутиб қолинаётгани, хусусан Россия-Қозоғистон чегарасидан ўтишда юзага келган қийинчиликлар “Крокус Сити Холл”даги терактдан кейин террор хавфи сақланиб қолаётгани туфайли хавфсизлик чоралари кучайтирилгани билан боғлиқлигини айтган.

Захарова ўз баёнотида “бу каби қадамлар вақтинча” экани, “мамлакатга кириб келаётганларнинг миллий мансубиятига қаралмасдан амалга оширилаётган”ини урғулаган.

Бугунги кунда юзлаб тожикистонлик Россия-Қозоғистон чегараси ва Москва аэропортларида қолиб кетмоқда.

“Бу каби чоралар фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда, бу эса Тожикистон-Россия муносабатлари руҳи ва анъаналарига мутлақо тўғри келмайди”, дея қайд этилган Тожикистон ТИВ нотасида.

Тожикистон ва Россия стратегик ҳамкор мамлакатлар бўлиб ҳисобланади. Қатор минтақавий ташкилотлар аъзоси бўлган Тожикистон кўп ҳолларда Кремль хатти-ҳаракатларини қўллаб келади. Бундан ташқари, мамлакат ҳудудида Россиянинг хорижий ўлкалардаги энг йирик ҳарбий базаларидан бири жойлашган.

Бир неча кун аввал, аниқроғи 26 апрель куни Тожикистон ТИВ биносида Россия элчиси Семён Григорьев билан учрашув ўтказилиб, унда жумладан сўнгги бир неча ҳафтадан буён Россия Федерацияси давлат чегарасидан ўтишда Тожикистон фуқаролари дуч келаётган қийинчиликлар муҳокама қилинган эди. Ўшанда Душанбе вакиллари тожикистонликларга Россия ҳудудига киришда асоссиз равишда ёппасига рад жавоби берилаётгани юзасидан ташвиш билдирганлар.

Бу учрашувнинг эртасига, яъни 27 апрель куни Тожикистон ТИВнинг фуқароларга Россияга сафар қилишдан тийилиб туриш тавсия этилган баёноти ёйинланган.

Озодлик аввалроқ юзлаб тожикистонлик Москвадаги Внуково аэропортида тутиб турилгани ва Россия ҳудудига киргизилмаётгани ҳақида хабар қилган эди. Бу чора қандай асосда амалга оширилаётгани ҳақида йўловчиларга ҳеч ким изоҳ берган эмас.

Бундан ташқари, 22 апрелдан буён Тожикистон рақамлари тақилган ўнлаб автомобиль Россия-Қозоғистон чегарасининг “Сагарчин” назорат масканидаги нейтрал ҳудудда қолиб кетгани ҳақида маълумотлар бор. Автомашина ҳайдовчилари томонидан Озодликнинг тожик хизматига йўлланган видеода бу ерда Тожикистон рақамли 180 тача автомобиль Россия ҳудудига кириш учун рухсат кутиб тургани айтилган.

Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига ўтган ойда уюштирилган ҳужум ортидан Россия давлат тузилмаларининг Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мигрантларга босими кескин кучайиб кетган. Терактда айбланаётганларнинг кўпчилигини Тожикистон фуқаролари ташкил қилади.

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россияда ксенофобик кайфият ва тожик мигрантлари ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари ошиб бораётганидан хавотир изҳор қилган. HRWнинг аниқлашича, терактдан кейин ўтган бир ҳафта ичида миграцион қонунчиликни бузганлик важи билан мигрантларга қарши очилган ишлар сони 70 фоизга ошган.

Афғонистондаги тошқин оқибатида сўнгги кунларда 7 киши қурбон бўлди

Тошкин Афғонистон вилоятларидаги юзлаб уйларни вайрон қилгани айтилмоқда
Тошкин Афғонистон вилоятларидаги юзлаб уйларни вайрон қилгани айтилмоқда

Афғонистонда ёғин-сочин ва тошқинлар оқибатида охирги икки кун ичида 7 киши нобуд бўлган, 19 киши жароҳат олган. Бу ҳақда Tolonews нашри хабар қилди.

Нашр қайдича, ёғин-сочин айниқса Бадахшон, Панжшер, Ғазни, Вардак, Пактиё ва Бомиён вилоятларида шиддатли бўлган. Нангарҳор ва Лағмон вилоятлари расмийлар ҳам табиий офат туфайли одамлар ўлгани, уй-жой ва экинзорлар вайрон бўлгани ҳақида маълум қилишган.

Тошқин натижасида 800 та уй вайрон бўлган, 1600 акр экин майдонига шикаст етган. Сўнгги уч кун ичида уйлар қулашидан тўрт киши вафот этди, яна олти киши тан жароҳати олди”, дея билдирган Нангарҳордаги табиий офатларга қарши кураш департаменти раҳбари Сайфуллоҳ Холид.

Лағмон губернатори матбуот котиби Абдулмалик Ниёзий эса икки бола дохил уч киши нобуд бўлганини билдирган.

Яна 13 киши жароҳат олган, шунингдек, 515 та уй ва 400 жериб (8 гектар) ер вайрон бўлган”, дея қўшимча қилган мулозим.

Тошқиндан жабрланган вилоятлар аҳолиси ёрдам сўраб Толибон шакллантирган муваққат ҳукумат ва гуманитар ташкилотларга мурожаат қилган.

Бизга имкон қадар тезроқ ҳар қанақа ёрдам берилишини кутяпмиз. Мўминобод қишлоғи аҳлининг оқшом ейишга нони ҳам йўқ”, деган нангарҳорлик Риди Гул.

Афғонистон Транспорт ва фуқаро авиацияси вазирлиги Метеорология департаменти аввалроқ мамлакатдаги 34 та вилоятнинг кўпида шиддат ёғин-сочин кутилаётганидан огоҳлантирган эди.

Қозоғистонда собиқ ички ишлар вазири қўлга олинди

Ерлан Тургумбаев
Ерлан Тургумбаев

Қозоғистонда 29 апрель куни собиқ ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев қўлга олинган. Бу ҳақда 30 апрель куни Қозоғистон Бош прокуратураси маълумот тарқатди.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, Собиқ вазир ҳокимият ва хизмат ваколатларидан четга чиққанликда айбланмоқда.

“Жиноят ишида давлат сири бўлган маълумотлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда судгача терговга оид бошқа маълумотлар оммага ошкор қилинмайди”, дейилган Бош прокуратура матбуот хизмати хабарномасида.

Ерлан Тургумбаев қўлга олингани ҳақида 29 апрель оқшомидан маҳаллий ахборот агентликлари ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қила бошлаган.

Март ойида Бош прокуратура 2022 йил Январь воқеалари чоғида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминламаганлик, шунингдек, фуқароларга нисбатан қийноқ қўллаганлик бўйича куч ишлатар идоралар ходимларига нисбатан тергов давом этаётганини маълум қилган. Ўшанда БП Тургумбаев ўтказилаётган терговлар доирасида сўроқ қилинганини билдирган.

61 ёшли Ерлан Тургумбаев 2022 йил 11 январида очиқланган ҳукуматнинг янги таркибида вазирлик курсисини сақлаб қолган эди. Ўша йил 25 февралида президент Қасим-Жомарт Тоқаев уни лавозимидан озод қилган. Кейинроқ собиқ вазир бир неча ой президент маслаҳатчиси лавозимида ишлаган, 2023 йилда эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) маслаҳатчиси этиб тайинланган.

2022 йилдаги Январь воқеаларидан кейин Қозоғистонда ёпиқ судлар натижасида Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Карим Масимов, унинг бир неча ўринбосари ҳамда собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов давлатга хиёнатда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган эдилар. Бектановнинг ўрнига ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари — Миллий гвардия ва ИИВ ички қўшинлари қўмондони Руслан Жақсилиқов тайинланган.

Bloomberg: Оқ уй Россия урани импортини тақиқламоқчи

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россиядан бойитилган уран импортига тақиқ жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик қайдича, бу шундай лойиҳа Сенатда кўриб чиқилиши “оқсаб қолган”и манзарасида содир бўлмоқда. Лойиҳа 2023 йил декабрида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган, бироқ у ҳали Сенат томонидан маъқулланган эмас.

Уран импортини тақиқлаш учун президент маъмурияти ижроия ҳокимиятини ишга солиши мумкин. Бу орада, Bloomberg урғусига кўра, Оқ уй ва атом саноати вакиллари тақиқ барибир Конгресс томонидан қонун лойиҳасини қабул қилиш воситасида киритилишини маъқул кўрмоқда, чунки шундай қилинса, уни бекор қилиш қийинроқ бўлади.

Қўшма Штатларга уран сотиш Россияга йилига 1 миллиард долларга яқин даромад келтиради. Оқ уй Россиянинг уран манбаларига қарам бўлиш “АҚШ иқтисодиёти учун хатар туғдириши”ни билдирган. Айни пайтда, Bloomberg нашрининг ёзишича, уран етказиб берувчини алмаштириш қийин иш бўлиши ҳамда уран қийматининг 20 фоизга ошишига олиб келиши мумкин.

АҚШ: Ғазодаги урушга қарши акцияларда 900 киши қўлга олинди

Колумбия университети ҳудудидаги норозилар лагери
Колумбия университети ҳудудидаги норозилар лагери

Сўнгги ўн кун ичида АҚШ университетларида Ғазодаги урушга қарши намойишларда иштирок этган камида 900 киши қўлга олинган. Улар орасида “Яшиллар партияси”дан президентликка номзод Жилли Стайн ҳам бор.

Талабалар исёни тўлқини 18 апрель куни шаҳар полицияси Колумбия университети кампусида 100 дан зиёд норозини тутиб кетганидан кейин бошланган. Орадан тўрт кун ўтгач, университет кампус ҳудудидаги лагерни тарқатиб юбориш учун яна полиция чақирган. Бу ерда норозилик акцияси иштирокчилар билан тўқнашув бўлиб ўтган: улар полицияга ичига сув тўлдирилган шишалар отишган. The Washington Post хабарига кўра, у ерда 120 киши ҳибсга олинган.

Бостондаги Эмерсон коллежида ҳам полиция билан тўқнашув рўй берган – тўқнашувда тўрт нафар полициячи жароҳатланган, 108 киши ҳибсга олинган. Жорджия штатида полиция маҳаллий университет ҳудудидаги лагерни тарқатиб юборишда электрошокерлар ва “кимёвий моддалар”дан фойдаланганини билдирган.

Сент-Луисдаги Вашингтон университетида полиция фаластинликлар тарафини олиб ўтказилган акциянинг 100 дан зиёд иштирокчисини қўлга олган. Ушланганлар орасида “Яшиллар партияси”дан президентликка номзод Жилл Стайн ҳам бўлган. Стайннинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида бунга оид бир неча фото ёйинланган бўлиб, у ерда Стайн Ғазода содир бўлаётган воқеаларни “геноцид” деб атаган.

Жанубий Калифорния университетида ўнлаб одам ушланган. Шундан сўнг ОТМда хавфсизлик нуқтаи назаридан май ойида бўлиб ўтиши керак бўлган диплом топшириш маросими бекор қилинган. Мазкур маросимда 65 минг киши иштирок этиши кутилаётган эди.

Айни пайтда шаҳар полицияси ҳамма жойда ҳам университетлар чақируви билан келишга рози бўлмаяпти. Дейлик, Колумбия округи полицияси “оз сонли тинч намойишчиларга қарши чора кўриш департамент манфаатларига тўғри келмайди”, деб ҳисоблаб, Жорж Вашингтон университетига борган эмас, деб ёзган WP.

Лос-Анжелес полицияси ҳам Калифорния университети кампусидаги тартибсизликларни бостиришда иштирок этмаган. У ерда, Reuters хабарига кўра. 28 апрель куни фаластинпараст ва исроилпараст намойишчилар ўртасида тўқнашув содир бўлган.

ОТМ раҳбарияти акция иштирокчилари норозиларнинг икки гуруҳини ажратиш учун ўрнатилган тўсиқни бузиб ўтганини маълум қилган. Икки гуруҳ вакиллари бир-бирлари туртиб-суртиб, турли шиорларни қичқириб айтишиб, бир-бирларини ҳақорат қилишган – пировардида жанжалга тўқмоқлар билан қуролланган кампус полицияси аралашган. Бу ерда намойишлар ушлангани ёки ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ.

Фаластин тарафини олаётган акция иштирокчилари Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилиши, Исроил билан бизнес юритувчи мудофаа ширкатларига инвестиция ётқизмаслик ҳамда АҚШ томонидан Исроилга ҳарбий ёрдамнинг тўхтатилишини талаб қилишмоқда. Яҳудий миллатига мансуб талабалар Исроилни танқид қилиш кўпинча антисемитизмга айланиб кетаётгани ва ўзларини хатарда ҳис қилишларига сабаб бўлаётганини айтмоқдалар. Улар ҲАМАС Исроилда ўтган йил кузида гаровга олинган кишиларни ҳалигача ушлаб ўтирганини ҳам эслатганлар.

Университетлар раҳбариятлари рухсат этилмаган норозилик акциялари тартиб-интизомни бузаётгани, ўқишга халақит бераётгани ҳамда яҳудийларни камситиш ва антисемитизмга йўл очаётганини билдирмоқдалар. Талабалар ташкилотлари лидерлари антисемитизм ва камситиш кўринишлари онда-сонда учраб турганини тан олишмоқда, бироқ улар бунда “талабалик ҳаракатини қўлга олишга уринаётган бегона шахслар”ни айблашмоқда.

АҚШ президенти Жо Байден университетлар кампусларида содир бўлаётган воқеалардан хабардор. Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича вакили Жон Кирби норозиларда ўз фикрларини очиқ айтиш ҳуқуқи бўлиши кераклиги, бироқ бу иш тинч йўл билан амалга оширилиши лозимлигини айтмоқда. Айни пайтда мулозим Оқ уй антисемитизм ва нафрат ифодаларини қоралашини қўшимча қилган.

Тбилисида мухолифатнинг норозилик юриши ўтказилди

Georgia -- European March. Youth protest Rallies against `Agents Law`, `Russia Law`, Tbilisi, 28Apr2024
Georgia -- European March. Youth protest Rallies against `Agents Law`, `Russia Law`, Tbilisi, 28Apr2024

Тбилисида 28 апрель куни мухолифатнинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунга қарши юриши бўлиб ўтди. Норозилар Республика майдонидан шаҳар марказидаги Грузия парламенти биносигача юриб боришди, дея хабар қилди Озодликнинг “Кавказ садоси” (“Эхо Кавказа”) лойиҳаси.

Юриш иштирокчилари мамлакат номи ва “Россия қонунига йўқ, деймиз” дея қичқириб боришган. Парламент биносига проектор орқали “Россия — оккупант” ёзуви ва Грузия байроғи тасвири туширилган. Мухолифат хорижий агентлар тўғрисидаги қонун “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси томонидан Москва кўрсатмасига кўра қабул қилинаётганини иддао қилмоқда. Қонун лойиҳаси муаллифлари бу иддаони рад қилишяпти.

“Грузия орзуси” вакиллари 29 апрель куни қонун лойиҳаси тарафдорларини кўчага олиб чиқишни ваъда қилишган. Якшанба кунги акция чоғида қонун лойиҳаси тарафдорлари чиқиши учун ўрнатилган саҳнага чиқиб олишга уринишган. Норозилик тадбири чоғида бир неча киши қўлга олинган, улар орасида Грузиянинг евроинтеграция бўйича собиқ вазири Алекси Петриашвили ҳам бор. Ички ишлар вазирлиги уни майда безорилик ва полицияга бўйсунмаганликда айблаган.

Қонун лойиҳаси бўйича иккинчи ўқиш муҳокамаси Грузия парламентида 29 апрель куни бошланиши айтилган.

Бу Грузия парламентида хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни қабул қилиш бўйича биринчи уриниш эмас. Ўтган йилнинг 7 мартида парламент биринчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллагани ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган эди. 8 март куни акция давом этган, 9 март куни эса “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳаракати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишган.

Ўтган йилги норозиликларга қарамай, “Грузия орзуси” 2024 йилнинг апрель ойи бошида қонун лойиҳасини қайтадан парламентга киритган.

Москва аэропортларида мингдан зиёд тожикистонлик тутиб турилибди

Москвадаги Внуково аэропорти (архив сурати)
Москвадаги Внуково аэропорти (архив сурати)

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва аэропортларида Россияга қонуний йўллар билан киришга уринган мингдан зиёд тожикитсонлик ушлаб турилгани ҳақида маълум қилди. Улар тегишли санитария шарт-шароитисиз сақланаётгани ва иссиқ овқат билан таъминланмаётгани айтилмоқда, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Вазирлик маълумотига кўра, биргина Внуково аэропортининг вақтинча сақлаш ҳудудида 28 апрель тонгида Тожикистоннинг 954 нафар фуқароси бўлган, улар орасида Россия олий таълим муассасаларидан ўқийдиган талабалар ҳам бор. Кўп соатлик кутишдан сўнг улардан фақат 322 нафари чегара назоратидан ўтказилган. 306 кишини ватанига қайтариб юбориш режаланмоқда.

Бу каби чеклов чоралари фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда”, дея таъкидланган ТИВ баёнотида.

Россия расмийлари ҳолат юзасидан ҳали изоҳ бергани йўқ.

Аввалроқ Тожикистон ТИВ фуқароларига Россияга боришдан тийилиб туришни тавсия қилган эди. Гарчи вазирлик баёнотида бу ҳақда очиқ айтилмаган бўлса-да, қатор ҳуқуқбонлар тавсияга тожикистонликлар “Крокус Сити Холл” концерт залидаги терактдан сўнги Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сиқувга олинаётгани сабаб бўлганини тахмин қилмоқдалар. Россия расмийлари терактни амалга оширганликда айнан шу мамлакат фуқароларини айблашмоқда. Бу орада айбланувчилардан камида бир киши қўлга олиниш чоғида ва сўроқ пайтида қийноққа солинган.

АҚШ Давлат котиби Пекинда ХХР раиси билан учрашди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ХХР раиси Си Цзиньпин билан, Пекин, 2024 йил 26 апрели
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ХХР раиси Си Цзиньпин билан, Пекин, 2024 йил 26 апрели

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Хитойга сафари чоғида икки томонлама келишмовчиликларни хал қилиш масаласига “масъулият билан ёндашув” муҳимлигини таъкидлаган ҳолда, 26 апрель куни ХХР раиси Си Цзиньпин ҳамда бошқа юқори лавозимли расмийлар билан учрашган. Бу ҳақда Associated Press хабар қилди.

Агентлик қайдича, АҚШ ва Хитой ўртасида борди-келди сўнгги ойларда кўпайган, бироқ бу орада ўзаро келишмовчиликлар ҳам кучайган. Блинкенга кўра, Си билан суҳбат чоғида у Хитой Украинага қарши уруш олиб бораётган Россияни дастаклаётгани юзасидан хавотир изҳор қилган. Хусусан, Блинкен Пекин Москвага Россия расмийлари ўз ҳарбий имкониятларини кучайтиришда фойдаланишлари мумкин бўлган дастгоҳ ва микроэлектроника дохил материаллар етказиб берилаётганига эътибор қаратган.

Россия учун Хитой қўлловисиз Украина босқинини давом эттириши қийин бўлади”, дея таъкидлаган Блинкен Си билан учрашувдан кейин журналистлар билан суҳбатлашган Энтони Блинкен.

Пекиндаги музокараларда АҚШ Давлат котиби Тайвань муаммоси, ХХРнинг Жанубий Хитой денгизидаги ҳарбий фаоллиги ҳамда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга ҳам тўхталган.

Шу билан бирга, Блинкен ҳарбий алоқалар, наркотикларга қарши кураш бўйича уринишлар, сунъий интеллект ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни ижобий баҳолаган, деб ёзган AP.

Энтони Блинкеннинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи олдидан Financial Times нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, АҚШ Давлат котиби Хитой сафари чоғида, агар ХХР Россияга ҳарбий технология етказиб беришдан воз кечмаса, Пекинни аёвсиз санкциялар кутиб турганидан огоҳлантиражаги ҳақида ёзган эди.

Россия президент Владимир Путин 25 апрель куни шу йилнинг май ойида ХХРга сафар қилиши режаланганини билдирган.

Киевнинг иттифоқчилари Хитой Россияга ҳарбий технологиялар етказиб бераётгани ва Москва улардан Украинага қарши урушда фойдаланаётгани ҳақида бир неча бор баёнот беришган. Москва ва Пекин бунга доир барча айбловларни рад этиб келади.

Европарламент Россияни Алсу Курмашевани озод қилишга чақирди

Ярим йилдан буён Россия ҳибсхоналарида қолаётган Алсу Курмашева
Ярим йилдан буён Россия ҳибсхоналарида қолаётган Алсу Курмашева

Европа парламенти Россия расмийларига Озодликнинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашева ва мамлакатдаги бошқа сиёсий маҳкумларни қамоқдан зудлик билан қилиш чақириғи билан мурожаат қилинган резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда Европарламент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, европалик депутатларнинг 493 нафари резолюцияни ёқлаб овоз берган, 11 нафари қарши чиққан, 18 нафар депутат эса овоз беришдан тийилган.

Европарламент вакиллари Россия қамоқхоналаридан озод қилиши лозим деб билганлар орасида The Wall Street Journal нашри мухбири Эван Гершкович, мухолифатчилар Владимир Кара-Мурза ва Илья Яшин, ҳуқуқбон Олег Орлов, Алексей Навальнийнинг сафдоши Ксения Фадеева, давлатга хиёнатда айбланиб, қамалган “Коммерсант” ва “Ведомости” нашрлари собиқ журналисти Иван Сафронов кабилар бор.

Резолюция Россияда бўлиб ўтган нодемократик президент сайлови ҳамда унинг Украинада ноқонуний равишда ўтказилишини қораловчи умумий ҳужжатнинг бир қисми бўлган.

“Арзимаган одамлар арзимас ҳужжатни қабул қилишибди”, деб ёзган Россия ТИВ вакиласи Мария Захарова сайлов тўғрисидаги Европарламент резолюцияси юзасидан изоҳ бераркан.

Озодлик журналисти Алсу Курмашева ўтган йилнинг октябрь ойида Қозон шаҳрида ҳибсга олинган. 47 ёшли журналист аёл Россиянинг журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва бошқа шахсларни жазолашга йўналтирилган қонунига мувофиқ хорижий агент сифатида рўйхатдан ўтишдан бош тортганликда айбланган. Унга Россия армияси ҳақида “фейк” (ёлғон маълумот) тарқатганлик айблови ҳам қўйилган. Бу айблов судда исботини топган тақдирда, Курмашева 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

RFE/RL ва АҚШ ҳукумати мазкур айбловлар Курмашеванинг Прагадаги журналистик фаолияти учун қатағон усули эканини билдириб келади. Озодлик татар-бошқирд хизматининг Прагадаги қароргоҳида журналист бўлиб ишлайдиган Алсу Курмашева Татаристонга қари онасини зиёрат қилиб, унга ғамхўрлик кўрсатиш учун борган эди. У даставвал 2023 йилнинг 2 июнь куни Чехияга қайтаётганда Қозон аэропортида ушлаб қолинган, ўша ерда унинг АҚШ ва Россия паспортлари олиб қўйилган.

Кўплаб танқидчилар ва ҳуқуқбонлик ташкилотлари хорижий агентлар тўғрисидаги қонундан Кремль ҳар қанақа ўзгача фикрлиликни бостириш йўлида фойдаланаётганини иддао қилиб келишади. Шунингдек, Москва АҚШ фуқароларини Қўшма Штатлар қамоқхоналарида ўтирган россияликларга алмаштириш учун қўлга олаётганликда айбланади.

Жорий йилнинг 1 апрель куни Россиядаги суд RFE/RL журналисти Алсу Курмашеванинг ҳибсда қолиш муддатини 5 июнгача узайтириш ҳақида қарор чиқарган эди.

Ўзбекистон Афғонистонга галдаги инсонпарварлик ёрдамини йўллади

Афғонистонга гуманитар юкни олиб борган ўзбек расмийлари Толибон вакиллари билан, Ҳайратон, 2024 йил 25 апрели
Афғонистонга гуманитар юкни олиб борган ўзбек расмийлари Толибон вакиллари билан, Ҳайратон, 2024 йил 25 апрели

Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидан Афғонистоннинг Балх вилоятига қарийб 170 тонналик инсонпарварлик ёрдами карвони етиб борган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ҳокимлик қайдича, “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали Афғонистонга етказилган галдаги гуманитар юк таркибига 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 80 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лапша (Hot lanch) кирган.

Гуманитар ёрдам юки етиб боргани ортидан, ҳокимлик хабарномасида айтилишича, “Ҳайратон шаҳридаги Astras компанияси ҳудудида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамраев, Афғонистоннинг Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ҳамда икки томон расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими" бўлиб ўтган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон расмийлари “Толибон” ҳаракати вакиллари 2021 йил 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимият тепасига келганидан бир ой ўтар-ўтмас (2021 йил, сентябрь) Афғонистонга илк инсонпарварлик ёрдамини йўллаган. Ўшандан буён ўтган 2,5 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Тошкент толибларга бир неча бор гуманитар юк жўнатгани маълум.

Россияда военкоматни ёқишга уринган шахс 10 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Самарадаги Марказий округ ҳарбий суди жорий ой бошида ҳарбий комиссариат биносини ёқишга уринган пермлик Владислав Дилмухаметовни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. У террор фаолиятига кўмаклашганлик (Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1-қисми 1-банди) ҳамда террор хуружига ҳозирланганликда (РФ Жиноят кодексининг 30-моддаси 1-қисми ва 205-моддаси 1-қисми) айбдор деб топилган. Бу ҳақда “Зона солидарности” лойиҳаси маълум қилди.

Суд қаноатича, Дилмухаметов 2022 йилда Пермдаги военкоматлардан бирини қўлбола ёнувчи мослама ёрдамида ёқиб юборишни режалаган. У кўзлаган ишини амалга оширишга улгурмай туриб қўлга олинган. У 10 йиллик муддатнинг тўрт йилини қамоқда, қолган олти йилини эса қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.

Тергов иддаосича, Дилмухаметов бино ўт қўйишдан олдин бир таниши билан ёзишмалар олиб борган ва гўё “унда ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишда иштирок этиш истагини шакллантирган”.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан буён Россияда ҳарбий комиссариатларга ўт қўйишга уриниш ҳолатлари кўп кузатилган. Россиялик ҳуқуқ-тартиботчилар кўпинча “диверсантлар” биноларга ўт қўйишга “буюртма”ни “Украинадаги кураторлари”дан олганини иддао қилишади. Бунақа “кураторлар” ҳақиқатан ҳам мавжудлиги ёки улар қўлга олинганига оид маълумотлар очиқ манбаларда йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG