Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:04

Чечен уруши бошланганига ўн йил бўлди


Ф.Юсупов 1994 йилнинг 11 декабрида Россия армияси Чеченистонга бостириб кирди. Ҳарбийларнинг вазифаси сепаратчи республикада Москва назоратини қайта ўрнатишдан иборат эди. Ўша пайтда Россия мудофаа вазири бўлган Павел Грачев президент Борис Ельцинга Чеченистон пойтахти Грознийни икки соатда босиб олишни ваъда қилди. Бугун Чечен уруши бошланганига 10 йил тўлди. Бу вақт ичида иккита ҳарбий кампания ўтказилди. Лекин уруш ҳали ҳам давом этмоқда. Мавзуни ҳамкасбим Фаррух Юсуфий давом эттиради.

1991 йилда Россия Федерацияси таркибидаги Чечен-Ингуш мухтор республикаси иккига бўлинди. Ўша йилнинг октябрида эса собиқ Совет армияси генерали Жохар Дудаев Чеченистон президенти этиб сайланди.

Жохар Дудаев президент бўлганидан сўнг, тез орада Чеченистон бир томонлама равишда Россия таркибидан чиқишини маълум қилди.

Кейинги уч йил давомида Москва билан алоқлар таранглаша борди. Дудаев мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида Чечен армиясини туза бошлади.

Бу вақт давомида Москва исёнчи генерални ўз итоатига қайтаришга уриниб кўрди. 1994 йилнинг 29 декабрида эса Россия миллий хавсизлик кенгаши Чечнистонга ултиматум эълон қилди. Чечен раҳбариятидан қуролларни Москвага топшириш талаб қилинди. Акс ҳолда сепаратчи республикага нисбатан ҳарбий чоралар кўрилиши айтилган эди ултиматумда.

Жохар Дудаев Россия Чеченистонга қарши уруш бошлашига оҳиригача ишонмаганлигини айтди Ахмад Закаев. Закаев ўша пайтда Чеченистон маданият вазири бўлган. Ҳозир у Лондонда мухожирликда яшамоқда.

“Мен Жохарга нима бўлганда ҳам шу ерда қолиб, бошланаётган воқеаларга қаршилик кўрсатишимни айтдим. Жохар эса “Ҳеч қандай уруш бўлмайди. Бунга ишончим комил. Дунё уруш бошланишига йўл қўймайди”, деб атйди. Негалигини билмадиму, лекин Жохар уруш бошланмаслигига ишонар эди”, - дейди Озодлик радиосига Ахмад Закаев.

1993 йилда Москвада давлат тўнтарилишини содир этишга уринганларида Дудаев Россия Президенти Борис Ельцинни қўллаб-қувватлаган эди. Шунинг учун ҳам Дудаев Ельцин чечен муаммосини тинч йўл билан ҳал қилади, деб умид қилган эди.

1994 йил 29 ноябрдаги миллий хавфсизлик кенгаши мажлисида Россия Давлат Думасининг собиқ раиси Иван Рибкин ҳам қатнашган эди. Рибкин мажлисда, адлия вазири Калмиков ва Россия федераци кенгаши раиси Шумейкодан ташқари, ҳамма ултиматум эълон қилишга розилик берганини айтади. Ельциннинг эса бу ҳақда шубҳалари бўлганини эслайди Рибкин

“Ўшанда Борис Ельцин менга қараб, “Ишқилиб бу иккинчи Афғонистонга айланмаса бўлгани” деб айтди”, - дейди Рибкин.

Кейинчалик Ельцин Чеченистонга қарши уруш эълон қилиш катта ҳато бўлганини эътироф этди. Унинг “иккинчи Афғонистон” ҳақидаги хавотирлари ҳам тўғри бўлиб чиқди.

Афғонистондаги 10 йиллик урушда 13 минг Совет аскари ҳалок бўлган бўлса, Чеченистонда Россия икки баробар кўп аскар йўқотди.

Чечен сепаратчиларининг таҳминларига кўра, тинч аҳоли орасида 250 минг киши, жумладан 40 минг бола ҳалок бўлган.

Эмил Паин Москвада жойлашган Этно-Сиёсий марказ раҳбари. У Чечен уруши бошланганида Борис Ельнциннинг маслаҳатчиси бўлган. Паин Москва раҳбарлари Чечен уруши бундай оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ўйлаганми?, деган саволга бундай жавоб беради:

“Ишончим комилки, йўқ. Чунки мен эскпертлар кенгаши ва президент кенгаши аъзоси бўлганимда ҳарбий кампания раҳбарлари билан учрашганман. Улар билан суҳбатлашганимда, уларда аниқ бир режа борлигини кўрмаганман. Урушдан кейин чеченлар қуролли қаршилик кўрсатиши мумкинлиги эҳтимолини улар ҳатто эътиборга ҳам олмаган”.

Уруш бошлангач бир неча кунлик қуролли тўқнашувлардан сўнг Дудаев аскарлари Грознийдан чиқиб кетди. 1996 йилнинг апрелида эса Дудаев ҳалок бўлди.

Ўша йили Чечен сепартчилари Грознийни қайта эгаллади ва Москва улар билан тинчлик битимини имзолашга мажбур бўлди.
Шундан сўнг мамлакатда ўтказилган сайловда Аслан Масхадов Чеченистон президенти этиб сайланди. Бу сайловлар халқаро ҳамжамият ва Москва томонидан тан олинди.

Бироқ 1999 йилнинг кузида Россия кучлари яна Чеченистонга бостириб кирди ва уруш қайта бошланди.

Ўша пайтда Россия бош вазири бўлган Владимир Путин янги ҳарбий кампанияни Чечен террорчиларига қарши уруш ва бу террорчиларни тезда йўқ қиламиз, деб ваъда қилган эди. Лекин урушнинг ҳозиргача поёни кўрингани йўқ.

Собиқ Совет диссиденти, россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Александр Подрабинек Россия халқининг кўпчилиги урушни музокаралар орқали тўхтатиш мумкинлигига ишонишини, лекин Кремлнинг музокаралар олиб бориш истаги йўқ эканини айтади.

“Кремл мақсади душманни йўқ қилиш, урушни ютиш ёки тинчлик ўрнатиш эмас. Мақсад урушни давом эттириш. Менимча, бу Чеченистондаги Россия ҳарбий кампаниясининг асосий мақсади бўлган. Россияда уруш ҳолатини сақлаб туриш Кремллик сиёсатчиларга маълум дивидендлар беради. Асосийси уруш ҳолати жамиятда тангликни сақлаб туради, бу фуқаролик эркинликларини чегараловчи қонунларни қабул қилиш, армияни кучайтириш, ва ҳарбийларга мўмайгина даромад олиш имконини беради”, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.
XS
SM
MD
LG