Линклар

Шошилинч хабар
15 сентябр 2019, Тошкент вақти: 21:31

Халқаро янгиликлар

Трамп маслаҳатчи Жон Болтонни лавозимидан бўшатди

Эндиликда миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчи Жон Болтон.

АҚШ президенти Дональд Трамп миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жон Болтонни лавозимидан озод қилганини билдирди.

Трампнинг 10 сентябрь куни Твиттер орқали маълум қилишича, унинг Болтон билан «жуда кўп масалаларда нуқтаи назарлари турлича» бўлган.

«Кеча кечқурун Жон Болтонга Оқ Уй унинг хизматига бундан буён муҳтож эмаслигини айтдим. Мен, маъмуриятдаги бошқалар каби, унинг кўплаб таклифларига қўшилмайман. Мен эрталаб унга истеъфога кетишни таклиф қилдим. Жонга хизмати учун миннатдорчилик билдираман. Кейинги ҳафтада миллий хавфсизлик бўйича янги маслаҳатчимни эълон қиламан», деб ёзди Трамп.

Оқ Уйдаги манбалар Жон Болтоннинг ёрдамчисини маслаҳатчи лавозимини вақтинча бажарувчи сифатида тайинланганини билдирдилар.

Boeing ва Lockheed Martin ширкатларининг собиқ раҳбари Купперман 2019 йилнинг бошидан бери Болтоннинг ёрдамчиси эди.

10 сентябрь куни давлат котиби Майк Помпео ҳам Болтон билан сиёсий масалаларда келиша олмаганини билдирди. Айни пайтда Помпео президент маъмуриятидан бирон бир амалдорнинг истеъфога кетиши Трамп ўз сиёсатини ўзгартиришини англатмаслигини эслатди.

Она тилини ҳимоя қилаётган 79 яшар удмурт олим ўзига ўт қўйди

Альберт Разин

10 сентябрь куни Россиянинг Удмуртия Республикаси пойтахти Ижевск шаҳрида 79 ёшли киши ўзига ўт қўйди.

Қўлида “Тилим эртага ўладиган бўлса, мен бугун ўлишга тайёрман” ҳамда “Менинг ватаним борми?” деб ёзилган плакатларни тутган Альберт Разин Ижевск парламенти биноси олдида ўзига ўт қўйган.

Разин танасининг деярли 100 фоизи куйиб кетган ва у оғир аҳволда шифохона ётқизилган.

Тергов қўмитаси ҳодиса бўйича иш қўзғади.

Хабарларга кўра, Удмуртия кенгаши ҳодиса ортидан режалаштирилган сессиясини кейинга қолдирган.

Докторантурани тамомлаган Разин маҳаллий тилларни ўқитиш бўйича қонун лойиҳасига қарши Удмуртия парламентига мактуб юборган фаоллар орасида бўлган. Ушбу қонун лойиҳаси Россиядаги этник озчиликлар норозилигига сабаб бўлиб келади.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг уч қўмитаси Трамп Украинага босим ўтказаётгани ҳақидаги иддаоларни тергов қилади

Украина президенти Володимир Зеленский

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг демократ аъзолари АҚШ президенти Дональд Трамп Украинани АҚШ президентлигига потенциал номзодни ёмонотлиқ қилишга чорлаб, босим ўтказаётгани ҳақидаги иддаоларни тергов қила бошлади.

9 сентябрь куни Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар, Разведка ҳамда Назорат ва ислоҳот қўмиталари Трампнинг адвокати Пат Чиполлонега мактуб юбориб, Оқ уй тегишли ҳужжатларни, жумладан, Трампнинг Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказган суҳбати стенограммасини топширишни талаб қилди.

Трамп танқидчилари у Украина расмийлари ёрдамида АҚШ президентлигига демократлар партиясининг етакчи номзоди Жо Байденни ёмонотлиқ қилишга уринишда айбламоқда.

Байденнинг ўғли Ҳантер Байден 2014 йилда Украина собиқ президенти Виктор Янукович қўлида ишлаган Микола Злочевскийга тегишли Burisma Holdings газ ширкати директорлар кенгашига аъзо бўлган. Украина терговчилари ширкат Злочевский экология вазири ўлароқ ишлаган пайтда газ ишлаб чиқариш лицензияларини ноқонуний тарзда олган-олмаганини тергов қилган.

Вице-президент лавозимида ишлаган Байден собиқ президент Барак Обама қўли остида Украина билан алоқалар бўйича масъул шахс бўлган. Байден Киев расмийларидан Украинанинг коррупцияда айбланган бош прокурорини ишдан ҳайдашни талаб қилган.

Туркманистон, Эрон ва Беларус цензура энг кенг тарқалган 10 давлат қаторига киритилди

Ҳисоботда Туркманистонда президент Гурбангули Бердимуҳамедов “ҳаётнинг барча жиҳатини, жумладан, матбуотни мутлақ назорат қилиши ва улар ёрдамида шахсга сиғинишни тарғиб қилаётгани” айтилади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ўзининг навбатдаги ҳисоботида Туркманистон, Эрон ва Беларусни матбуот цензураси энг чуқур илдиз отган ўн давлат қаторига киритди.

10 сентябрь куни эълон қилинган ҳисоботда ушбу давлатларнинг “репрессив ҳукуматлари мустақил матбуот эркинлигини чеклашнинг анъанавий методлари билан бир қаторда мураккаб рақамли цензура ҳамда кузатишлардан фойдаланади”, дейилади.

Цензура энг кенг тарқалган ўн давлатда расмийлар мустақил матбуотни бутунлай ман этган ёки унинг фаолиятини кескин чеклаб қўйган. Мустақил журналистларни сукут сақлашга мажбурлаш учун эса улар қамоққа олишлар, рақамли ва анъанавий кузатиш ҳамда бошқа йўллар билан қўрқитилади. Ҳисоботда ушбу мамлакатларда журналистларнинг ўзларини цензура қилиши ҳам кенг тарқалгани эътироф этилган.

Матбуот эркинлиги энг кўп чекланган уч давлат, яъни Эритрея, Шимолий Корея ва Туркманистонда матбуот ҳукумат линиясидан чиқмайди, мустақил журналистлар фақат хорижда туриб фаолият юритади.

Ҳисоботда Туркманистонда президент Гурбангули Бердимуҳамедов “ҳаётнинг барча жиҳатини, жумладан, матбуотни мутлақ назорат қилиши ва улар ёрдамида шахсга сиғинишни тарғиб қилаётгани” айтилади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонни матбуот эркинлиги энг кенг чекланган 10 давлат қаторига киритмади.

CNN: АҚШ ўз информаторини Россиядан яширин олиб чиққан

АҚШнинг Москвадаги деворига осилган Америка байроғи.

Қўшма Штатлар 2017 йилда Россия ҳукумати аппаратида ишловчи ўзининг муҳим информаторини яширин тарзда Россиядан олиб чиққан. Бу ҳақда CNN телеканали Дональд Трамп маъмуриятидаги хабардор бир нечта манбаларга таяниб хабар қилди.

Қарор қабул қилишда бевосита иштирок этганлардан бирининг сўзларига қараганда, Россиядан информаторнинг эвакуация қилиниши Трамп атрофидагиларнинг махфий маълумотлар билан ишлашда малакаси етарли эмаслиги билан “қисман боғлиқ”дир. CNNнинг таъкидлашича, махфий маълумотлар билан ишлашда айрим кўнгилсизликлар хавотирларга сабаб бўлган, шунингдек, Россия хукуматида ишловчи америкалик жосуснинг фош бўлиш хавфи пайдо бўлган.

Эвакуация тўғрисидаги қарор 2017 йилда Оқ уйда май ойида Трампнинг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва ўша вақтдаги Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан махфий маълумотларни муҳокама қилганидан кейин қабул қилинган.

Ўшанда МРБ директори Майк Помпео эди. Трамп маъмуриятидаги расмийлар билан бўлиб ўтган суҳбатда Помпео Москвадаги манбадан олинган катта миқёсдаги маълумотларнинг муҳокама қилинишини шубҳа остига олган эди. Фош бўлиш таҳдиди бўлган қимматли махфий агентнинг зудлик билан эвакуация қилиниши фавқулодда ва мажбурий чора бўлган.

АҚШ давлат котибининг вакили изоҳ беришдан воз кечди. Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришам баёнот берар экан: "CNN хабари нафақат хато, балки одамлар ҳаёти учун таҳдид бўлиши мумкин" деди.

Трамп толиблар билан тинчлик музокараларини тўхтатишини эълон қилди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва АҚШ президенти Дональд Трамп билан. 2017, 21 сентябрдаги учрашув.

Оқ уй маъмурияти Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиш масаласида келишувга эришиш мақсадида икки йилдан бери толиблар билан музокара олиб бораётганига қарамай, АҚШ президенти Дональд Трамп “Толибон” ҳаракати билан мулоқот тўхтатилганини эълон қилди.

Трампнинг баёноти президент 8 сентябрь куни Кэмп-Дэвид қароргоҳида толиблар етакчилари ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ўтказилиши кутилган учрашувни бекор қилганидан сўнг янгради. Бу учрашувда Оқ уй 18 йилдан бери Афғонистонда бўлиб турган Америка қўшинларини олиб чиқиш масаласида ҳар икки томоннинг розилигини олишга ҳаракат қилмоқчи эди. Айни дамда бу ердаги Америка қўшинларининг сони тахминан 14 минг ҳарбий хизматчидан иборат.

Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай толиблар ўзларининг сайтларига музокараларнинг тўхтатилиши Қўшма Штатларнинг ўзига зарар келтириши борасидаги огоҳлантиришни жойлаштирдилар. АҚШ Марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Кеннет Маккензи душанба куни баёнот бериб, Афғонистондаги Америка ҳарбий контингенти тез орада мамлакатда толибларнинг эҳтимолий террор фаоллигига қарши ҳаракатларини кучайтиришини маълум қилди. Маълумки, Қатар пойтахти Дохада АҚШ маъмуриятии билан музокаралар олиб борилаётганига қарамай, толиблар сўнгги вақтларда ҳужумларни кучайтирмоқда. Шу каби ҳужумлардан бирида ўтган ҳафтада Қобулда америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.

Ўтган ҳафтада эришилган Келишув лойиҳасига кўра яқин ойларда Вашингтон 5000га яқин америкалик ҳарбий хизматчини олиб чиқиши, бунинг эвазига Афғонистон Қўшма штатлар ва унинг иттифоқчиларига қарши террор ҳужумлари учун база сифатида фойдаланилмаслиги борасида кафолат олиши керак.

Афғонистондан Америка қўшинларини бутунлай олиб чиқиш Трампнинг 2016 йилги президентлик кампаниясининг устувор ташқи сиёсати эди ва президент баёнот бериб ўз администрацияси ҳамон қўшинларини тўлалигича олиб чиқиш масаласи устида бош қотираётганини айтди.

Дохада бўлиб ўтган толиблар ва Америка маъмурияти вакиллари ўртасидаги музокараларда иштирок этмаган Афғонистон президенти Ғани душанба куни баёнот бериб яна бир бор ярашга даъват қилди, унинг фикрича толиблар ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишувга амал қилиши керак. Аммо улар бу келишувни ҳамон бажармаяпти.

Афғонистонда Америка ҳарбий контингентининг тақдири ҳамон ноаниқ бўлиб қолмоқда. Трамп Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сонини 8600 кишигача қисқартириш ниятида эканлиги борасида баёнот берди.

Жанаўзенда Хитойга қарши митинглар етти кундан бери давом этмоқда

Жанаўзенда 9 сентябрда митинг ўтказганлар гуруҳи.

Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида етти кундан бери президент Қасим-Жомарт Тоқаевдан Хитойга ташрифни бекор қилиш талаб этилган митинглар давом этмоқда.

9 сентябрь куни ҳам норозилар шаҳар бош майдонига йиғилиб, ҳукуматни «Хитой экспанциясини тўхтатиш»га чақирдилар.

Норозилар инвестицияларни Хитойдан эмас, Европа Иттифоқидан излаш керак, деган фикрларни билдирдилар.

Сўнгги кунларда Қозоғистоннинг бошқа шаҳарлари, жумладан, Нур-Султон ва Олмаотада ҳам фаоллар жанаўзенликлар талабларини қўллаб-қувватловчи намойишларни ўтказдилар.

Тоқаев Пекинга 11 сентябрда икки кунлик ташриф билан бориши кутилмоқда.

Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати Хитойнинг молиявий қўллови остида мамлакатда 55та ишлаб чиқариш объекти қуришни режалаштираётгани эълон қилинганди.

Хитой АҚШ давлат котибининг уйғурлар ҳақидаги нутқига норозилик билдирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар ҳуқуқлари бузилаётганига оид нутқ сўзлаганига норозилик билдирди.

-Биз кўп маротаба такрорлаганмизки, Шинжондаги вазият Хитойнинг ички ишидир ва бошқа давлатлар унга аралашиш ҳуқуқига эга эмас. Асосий мақсадимиз террорчи гуруҳлар таъсирига тушиб қолганларни қутқариб қолишдир, уларга хавфли экстремистик ғоялардан воз кечишга кўмак кўрсатишдир,- деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чунин 9 сентябрь куни.

Майк Помпео 6 сентябрь куни Канзас штатидаги Манхэттен университетида сўзлаган нутқида Хитойдаги мусулмонлар ҳуқуқлари топталаётганига эътибор қаратган эди.

Помпео сўнгги икки йил ичида Хитойда 1 миллиондан кўпроқ уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар қайта тарбиялаш лагерларида сақланаётганини таъкидлаб, бу ҳолатни “мусулмонларни ўз маданияти ва эътиқодидан воз кечтиришга ҳаракат қилиш”, деб баҳолаган.

Шимолий Корея АҚШ музокараларни қайта бошлаш тўғрисида таклиф киритганидан сўнг ракета синовини ўтказди

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳарбийлар билан.

Шимолий Корея 10 сентябрь куни АҚШ ядровий дастур юзасидан музокараларни сентябрь ойи охиридан бошлаб давом эттириш бўйича таклиф киритганидан бир неча соат ўтгач иккита ракета синовини ўтказди.

Жанубий Корея ракеталар Шимолий Кореянинг Пхёнган вилоятидан туриб отилгани аниқланганини, ракеталар мамлакат бўйлаб учиб ўтиб, денгизга тушганини билдирмоқда. Мазкур вилоят Шимолий Корея пойтахти Пхеньяндан унча узоқ бўлмаган масофада жойлашган.

Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Чхве Сон Хуэй 9 сентябрь куни агар Вашингтон ядровий дастур юзасидан Пхеньян қабул қила оладиган шартларни олға сурмаса, музокаралар мутлақо тўхтатилишини маълум қилган эди.

АҚШ президенти Трамп ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин жорий йилнинг 30 июлида февраль ойида муваффақиятсиз якунланган музокараларни жонлантириш ҳақида келишиб олган эди.

Кейинроқ Трамп Шимолий Кореянинг ядровий дастурни қисман тўхтатиш эвазига санкцияларни бекор қилиш талабини рад этган. Шундан сўнг АҚШ бир неча маротаба таклиф қилганига қарамай, музокаралар қайта бошланган эмас.

UNICEF: 2018 йилда 12 мингдан ортиқ бола ҳалок ёки майиб бўлди

UNICEFнинг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳи олдида 3758 та рюкзак қабр тошларига ўхшатиб териб қўйилди.

БМТ Болалар жамғармаси - UNICEF 8 сентябрь куни ҳар йили қанча бола можаролар туфайли ҳалок бўлишини эслатиш учун Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳи олдида 3758 та рюкзакни қабр тошларига ўхшатиб қатор қилиб терди.

UNICEFнинг жаҳон бўйлаб болалар аҳволи бўйича навбатдаги йиллик ҳисоботида ўтган йилда 12 мингдан ортиқ бола конфликт содир бўлаётган ҳудудларда ҳалок ёки майиб бўлгани эътироф этилган. Бу БМТ қайдлари бошланганидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

UNICEF директори Хенриетта Фор:

- Рюкзаклар доим болалар учун умид ва имкониятлар рамзи бўлиб келган. Икки ҳафтадан сўнг БМТ Бош Ассамблеясида тўпланадиган жаҳон етакчилари Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллигини нишонлайдилар, - деди.

10 сентябргача турадиган инсталляциядан мақсад жаҳон етакчиларига болалар билан боғлиқ ҳозиирги вазиятни эслатишдир.

UNICEF маълумотларига кўра, жаҳон бўйлаб тўрт боланинг биттаси конфликт ёки табиий офат қаърида қолган давлатда яшайди.

“2018 йилнинг июли бошига қадар 31 миллионга яқин ёш бола зўравонлик ёки можаро туфайли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Уларнинг орасида 13 миллион бола қочқин ҳамда 17 миллиондан ошиқ ўз мамлакати ичида қочишга мажбур бўлган бола бор”, дейилади агентлик ҳисоботида.

Путин ва Макрон мулоқоти ортидан икки мамлакат ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари учрашади

Россия президенти Владимир Путин Франция президенти Эммануэль  Макрон билан.

Россия президенти Владимир Путин 8 сентябрь куни Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбатлашиб, Украина шарқидаги можарони ҳамда Эрон ядровий дастури бўйича имзоланган келишувни муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль расмий сайтида маълум қилинди.

9 сентябрь куни эса, икки давлат ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари Москвада учрашади. ТАСС агентлигининг хабар беришича, учрашув давомида Форс кўрфазидаги, жумладан, Эрондаги ҳодисалар ҳамда Украина ва Марказий Африка Республикасидаги вазият муҳокама қилинади. Франция қуролли кучлари вазири Флоранс Парли икки тараф “очиқчасига“ суҳбатлашишини айтди.

- Россия ва Франция умумий манфаатларга эга бўлган кўплаб геостратегик масалалар бор. Табиийки, айрим масалалар бўйича қарашларимиз зид, аммо айнан шу нарса ўзаро диалогни мустаҳкамлашга чорлайди, - деди Парли.

Парли Москвада Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан эса Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашади.

Ле Дриан Москвага сафари олдидан берган интервьюсида Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари ва Қримни аннексия қилиб олгани учун Европа Иттифоқи жорий қилган санкцияларни бекор қилишга ҳали эрта эканлигини айтди.

Нидерландия терговчилари MH17 ҳалокатига алоқадор шахсни у Москвага юборилишидан олдин сўроқ қилди

Володимир Цемах

Нидерландиялик терговчилар 2014 йили Украина шарқида MH17 рейси билан учиб кетаётган учоқнинг уриб туширилишига алоқадор эканлиги айтилаётган Украина фуқароси Володимир Цемахни 7 сентябрь куни сўроқ қилган. Бу ҳақда Нидерландия ташқи ишлар вазири Стеф Блок мамлакат парламенти олдига қилган чиқишида билдирди.

Россия ва Украина алмашган асирлар орасида бўлган Цемахни нидерландиялик терговчилар у Москвага юборилишидан олдин сўроқ қилишни истаган эди.

Блок терговчилар асир алмашинувига қадар Цемахни сўроқ қилиш учун барча чораларни кўрганини, натижада Киев Москва билан асир алмашишни кечиктирганини айтди.

Вазир Цемах қанча пайт сўроқ қилинганини ёки ундан қандай қўшимча маълумот олинганини очиқламади. Хабарларга кўра, Цемах Украина шарқида, самолёт уриб туширилган ерга яқин шаҳарда Россия қўллаб келаётган айирмачиларнинг ҳаво мудофааси бўлимига етакчилик қилган.

MH17 рейси билан Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган учоқ 2014 йилнинг 17 июлида уруш зонаси устида, Украина ҳукумати бошқарувида бўлмаган ҳудудда “Бук” ракетаси билан уриб туширилган.

Фожиа 298 нафар одам, жумладан, 80 нафар ёш бола умрига зомин бўлди.

Москва шаҳар Думасидаги ўринларнинг деярли ярмини мухолифат қўлга киритди

8 сентябрь, якшанба куни бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки якунларига кўра, мухолифатдаги номзодлар Москва шаҳар Думасидаги 45 та ўриннинг 20 тасини қўлга киритди. Ҳисоблаб чиқилган бюллетенларнинг 99 фоизи натижалари шаҳар сайлов комиссияси сайтида эълон қилинди.

КПРФдан Москва шаҳар думасига 13 номзод ўтди. Шаҳар Думасига 2005 йилдан бери илк бор “Яблоко” партияси номзоди кирди: сайловда бу партиянинг уч номзоди ва партия қўллаб-қувватлаган яна бир номзод ғолиб бўлди, деб хабар қилди The Bell нашри. “Справедливая Россия”нинг уч номзоди сайланди.

Сиёсатчи Алексей Навальный ўзининг “Ақлли овоз бериш” стратегияси ғалаба қозонганини айтди - у “Единая Россия”нинг шаҳар парламентидаги монополиясига барҳам бериш учун мухолифатдаги номзодлар учун овоз беришга чақирган эди. У ўз тарафдорларига Твиттер орқали миннатдорчилик билдирди.

25 ўринни мустақил номзодлар олди. Москва шаҳар Думасида "Единая Россия" томонидан илгари сурилган номзодлар йўқ — уларнинг ҳаммаси партия обрўси тушиб кетгани боис номзодларини мустақил равишда кўрсатди.

"Единая Россия"нинг Москва шаҳар бўлими етакчиси Андрей Метельский шаҳар думасига бўлиб ўтган сайловда КПРФ номзоди Сергей Савостьяновга имкониятни бой берди. Савостьянов "Единая Россия" фойдасига овоз бериш натижалари сохталаштирилишига уриниш бўлганини маълум қилди.

45-округда бўлиб ўтган сайловда Олий иқтисод мактаби проректори Валерия Касамара Навальнийнинг “Ақлли овоз бериш” рўйхатидаги номзод Магомет Яндиевга мағлуб бўлди, дея хабар беради "Москва" агентлиги. "Мен Москвада ақлли овоз бериш самара берганини кўраяпман, мен уни инкор қила олмайман", - дея баёнот берди Касамара.

Москва шаҳар Думасига ўнлаб мустақил номзодлар қўйилмади. Уларнинг сайловга қўйилмагани Москвада июл ва августда оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Қримда довул оқибатида 6 одам ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Қримда довул оқибатида 6 одам ҳалок бўлди. Расман билдирилишича, довул ярим оролнинг жанубий қисмида, Катта Ялта деб аталувчи ҳудудда юз берди.

Отрадний туманида сувдан бир одамнинг жасади чиқариб олинди. Ҳалок бўлган яна икки одамнинг жасадини сувдан чиқариб олишга довул ҳалақит бермоқда.

«Ласточкино гнездо» қасри атрофида ҳам икки киши ҳалок бўлди, уларнинг жасади ҳам ҳозирча сувда қолмоқда. Массандра туманида ҳам денгизда сузаётган бир одам ҳалок бўлган.

8 сентябрь куни беш балли довул оқибатида Қримда 5 одам ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Якшанба куни расмийлар Қримда 8-9 сентябрь кунлари соатига 22 метр тезликда довул бўлиши эҳтимолидан аҳолини огоҳлантирган эди.

Путин "Бойтерак" комплексига Назарбоев номини беришни таклиф қилди

Бойқўнғир космодроми.

Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон билан ҳамкорликда қурилаётган “Бойтерак” ракета комплексига Назарбоев номини беришни таклиф қилди.

Бу ҳақда Путин 7 сентябрь куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан Москвадаги ВДНХга ташриф қилган чоғида гапирди.

Россия матбуотининг билдиришича, Путин дастлаб комплексни Нурсултон деб аташни таклиф қилган. Бироқ Қозоғистоннинг собиқ президенти “Назарбоев деб атасак яхши бўлади” деб айтган.

Шундан кўп ўтмай “Роскосмос” сайтида Бойқўнғир космодромида барпо этилаётган “Бойтерак” комплексига Назарбоев номи берилгани расман эълон қилинди.

Қурилиши 2018 йилда бошланган “Бойтерак” комплексидан 2022 йили биринчи ракетани коинотга учириш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 19 мартида мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган президент Назарбоев истеъфо берган, аммо у ҳукмрон "Нур Отан" партияси лидери, “Элбоши” мақомини ва Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ўзида сақлаб қолган.

Қозоғистоннинг янги президенти Тоқаев пойтахт Астана номини Назарбоев шарафига Нурсултон деб ўзгартириш тўғрисида фармон берган эди.

Россиядаги сайловларда кўплаб қонунбузарликлар кузатилгани айтилмоқда

Россиянинг 83 ҳудудида 8 сентябрда бўлиб маҳаллий ва ҳудудий сайловларда кўплаб қонунбузарликлар содир этилгани хабар қилинмоқда.

Сайловларни кузатган «Голос» ноҳукумат ташкилоти Россия сайлов участкаларида 1708та қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилганини билдирди. Улардан 564 ҳолат Москвадаги сайловда содир этилди.

Кремль учун жиддий синовга айланган мазкур сайлов арафасида Москвада мустақил номзодлар қатнашишига изн берилмагани ортидан Россия бўйлаб бир неча ҳафта давомида норозилик намойишлари тинмади.

Намойишлар уюштирувчиларидан бири бўлган Любовь Соболь 8 сентябрда:

-Бугун бизнинг келажагимиз учун кетаётган курашнинг муҳим босқичи,-деб айтди. Бироқ сайловлардан сўнг у: “Москвада хатто демократик сайлов иллюзияси ҳам дафн этилди”, деб билдирди.

Трамп Кобулдаги портлаш ортидан афғон тинчлик музокарасини бекор қилганини айтди

АҚШ президенти Доналд Трамп Кобулда бомба портлаб, 12 киши, жумладан, 1 АҚШ аскари ҳалок бўлгандан сўнг Толибон етакчилари ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан Вашингтонда бўлажак учрашувни бекор қилганини айтди.

Трамп 7 сентябрда Твиттерда қолдирган дарғазаб изоҳларида бир кун кейин Кэпд-Дэвидда иккала томон билан алоҳида-алоҳида “махфий” музокара ўтказмоқчи бўлганини билдирди.

У Толибон ҳаракатини 5 августда элчихоналар, ҳукумат бинолари ва НАТОнинг маҳаллий қароргоҳи жойлашган мавзеда бомба портлатиш йўли билан музокарага босимни кучайтиришга уринишда айблади.

“Модомики, ушбу ўта муҳим тинчлик музокараси вақтида оташкесимга рози бўлмас ва 12 бегуноҳ кишини ўлдирган экан, уларнинг муҳим битим бўйича музокара қилишга ҳам ҳаққи йўқ”, деб ёзди Трамп Твиттерда.

Трамп Афғонистондаги деярли 18 йиллик можарога барҳам беришни ва 2016 йилги сайловолди кампанияси вақтида АҚШ қўшинларини у ердан олиб чиқиш тўғрисидаги ваъдасини бажаришга ҳаракат қилмоқда.

Толибон шу пайтгача Афғонистон ҳукумати билан, уни АҚШ қўғирчоғи ҳисоблаб, музокара қилишни рад этиб келаётган эди.

Жангарилар гуруҳи АҚШ билан Толибон музокарачилари урушга барҳам бериш учун келишувга яқин қолганида, бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий амалиётларни кўпайтирди.

Таҳдидларга қарамай, Босния пойтахтида ЛГБТ намойиши бўлиб ўтди

Сараево, 08.09.2019.

Сараеводаги 8 сентябрь кунги парад “Ima izac!” (“Очиққа чиқишни истаймиз!”) шиори билан ўтказилди.

Босния ҳокимият идоралари намойишни қўриқлаб турди, Сараеводаги ЛГБТ жамоати ташкилотчилари эса унинг иштирокчиларини эҳтиёт бўлишга чақирди.

Зеро, инсон ҳуқуқи ва фикр эркинлигига бағишланган биринчи намойиш олдидан таҳдид ва муқобил намойиш уюштириш таҳдидлари билдирилган эди.

Ташкилотчилар апрелда намойиш ўтказиш режасини эълон қилганида, айрим консерватив гуруҳларнинг нафратига дучор бўлганди. Бундан ташқари, хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар ҳам мавжуд бўлиб, ўша пайт пойтахтда истеҳкомлар қуришга чақириқ бўлганди.

1995 йилда эришилган тинчлик битими шартларини бажариш бўйича халқаро муассаса – Олиймақом вакил девони ҳокимият идораларини “бу тинч йиғин ташқи аралашув ва зўравонлик билан қўрқитувчилар иштирокисиз ўтиши учун мақсадга мувофиқ ҳар қандай чорани қўллаш”га чақирди. Муассаса тарқатган баёнотга кўра, минтақадаги Босния ва Герцеговина ЛГБТ жамоати тинч йиғин ўтказа олмайдиган ягона мамлакат бўлиб қолишига ҳеч бир сабаб йўқ.

Босния ҳукумати собиқ Югославия ҳудудидаги бундай намойишни ўтказмаган ягона мамлакат эди.

Хабарларга кўра, Сараево полицияси намойиш хавфсизлигини таъминлаш учун ёрдамга бошқа минтақалардаги ҳуқуқни қўлловчи идоралар ва давлат агентликларидан ёрдам сўради. 2008 ва 2014 йилларда ЛГБТ фестиваллари чоғи исломчи ва консерватив гуруҳлар зўравонлик уюштиргани сабабли ўртада қўрқув бор эди.

Болтон Эрон нефть танкери айни пайтда Сурияда эканини айтди

АҚШнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Эрон нефть танкери Суриянинг Тартус портига етиб борганини айтди.

Бунинг исботи сифатида сунъий йўлдошдан олинган суратни Твиттерга жойлади.

Болтонга кўра, бу ўтган ойда Гибралтардаги ҳибсдан озод этилган ва шу пайтгача АҚШ ҳокимият идоралари қидираётган кемадир.

“Кимки “Adrian Darya 1” кемаси Сурияга йўл олгани йўқ деган бўлса, гапини рад қиламиз”, деб ёзди Болтон.

Эрон бир неча ой давомида илгари “Grace 1” деб аталган супертанкер Сурияга бормаётганини айтиб келаётган эди.

Бунга қадар Гибралтар ҳокимият идоралари “Grace 1” кемасини ҳибсга олган ва у 2 миллион баррель нефтни Европа санкцияларини бузган ҳолда Сурияга олиб кетаётганини гумон қилганди. Аммо бир неча ҳафтадан сўнг уни қўйиб юборди.

Номи “Adrian Darya 1” деб ўзгартирилган кема сўнгги 2 ҳафтани “мушук-сичқон” ўйини билан ўтказди, чунки АҚШ ҳукумати вакиллари уни Эрон армиясининг “террорчилик” бўлинмасига алоқаси бор, деб ҳисоблайди ва Европа портларини унга ёрдам кўрсатмаслик ҳақида огоҳлантириб келади.

Болтон жойлаган суратда улкан кема Суриянинг Тартус портидан икки денгиз мили – 3,72 км. узоқликдаги ҳарбий-денгиз иншоотида экани акс этган. Ушбу иншоотдан Россия Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланмоқда.

“Теҳрон ўз халқидан кўра қотил Асад режимини қўллаб-қувватлашни муҳимроқ, деб билади. Биз музокара қилишимиз мумкин, бироқ Эрон ёлғон гапириш ва террорчиликни ёйишни тўхтатмагунча Теҳронга нисбатан санкциялар енгиллатилмайди”, дея қўшимча қилди Болтон.

Вашингтон билан Теҳроннинг мунозаралари АҚШ ўтган йили Эроннинг ядро дастури бўйича 2015 йилда эришилган битимдан чиқиб кетганидан сўнг боши берк кўчага кириб қолди.

Россияда 20 йилга қамалган украиналик режиссёр Сенцов Киевга қайтди

Сенцовни Киев аэропортида қариндошлари ва журналистлар қарши олди.

Россияда 20 йиллик қамоққа ҳукм этилган украиналик режиссёр Олег Сенцов 7 сентябр куни Россия ва Украина орасида асирлар билан алмашиш доирасида озод этилди, Киевга олиб келинди.

Сенцов Россия шимолида жойлашган Ямал-Ненец автоном округида жазо муддатини ўтаётган эди.

Россиянинг Қримни аннексия қилиб олишига қарши чиққан Сенцов терроризмда айбдор деб топилиб, 20 йилга қамалган.

Журналистнинг ўзи ва унинг тарафдорлари бу айбловлар уйдирма эканлигини айтиб келади

Сенцов билан Украинага қайтаётганлар орасида Керч бўғозида қўлга олинган денгизчилар ҳам бор.

Айни вақтни ўзида Украинада ҳибсга олинган Россия фуқаролари "Бориспол" аэропортидан махсус учоқда Москвага олиб кетилди.

Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Володимир Зеленский ўртасида 12 июлда ўтган илк телефон мулоқотида Донбассдаги вазият, асирлар алмашиш, Норманд форматидаги музокаралар муҳокама қилинганди.

Россиядаги маҳкама "безори футболчилар"ни шартли озод этиш ҳақида ҳукм чиқарди

Шу йилнинг 8 май куни Москванинг Пресня суди Кокоринни 1 йилу 6 ой, Мамаевни 1 йилу 5 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилди.

Россиядаги маҳкама безориликда айбланиб, жазо муддатини ўтаётган футболчилар Александр Кокорин ва Павел Мамаевларни шартли равишда муддатидан олдин озод этиш ҳақида ҳукм чиқарган.

"Зенит" жамоаси ҳужумчиси бўлган Александр Кокорин ва "Краснодар" яримҳимоячиси Павел Мамаев 2018 йил 8 октябр куни Москва марказида 2та муштлашувда иштирок этиб, россиялик журналист Олга Ушакованинг ҳайдовчиси Виталий Соловчук ва автомобил саноати департаменти директори Денис Пакни дўппослашган эди.

Ҳар икки дўппослаш манзараси видеога тушган ва судда исбот сифатида тақдим қилинган эди.

Шу йилнинг 8 май куни Москванинг Пресня суди Кокоринни 1 йилу 6 ой, Мамаевни 1 йилу 5 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилди.

Улар Россиянинг Белгород вилоятидаги қамоқда жазо муддатини ўтамоқда.

"Зенит" жамоаси ҳозирда Александр Кокорин билан шартномани узган, "Краснодар" эса ўз яримҳимоячиси Павел Мамаевнинг жамоага қайтишига умид қилмоқда.

Зимбабвенинг 37 йиллик диктатори Роберт Мугабе 95 ëшда ўлди

Роберт Мугабе Зимбабвега 37 йил давомида ҳукмронлик қилди ва уни дунëнинг энг қашшоқ давлатига айлантирди.

Ўз сиëсий фаолиятини Африкани мустамлака бошқарувидан озод қилиш ҳаракатидан бошлаб¸ уни дунëнинг энг ëмон диктаторларидан бири сифатида тугатган Зимбабве собиқ президенти Роберт Мугабе 95 ëшида вафот этди.

Мугабе ўлганини унинг оила-аъзолари тасдиқлади.

Мугабе олдинги номи Жанубий Родезия бўлган ҳозирги Зимбабвени британияликлар мустамлакасидан озод этиш ҳаракати лидерларидан бири бўлган.

1980 йили мамлакатдаги фуқаролик уруши тугаб¸ сайловлар ўтказилганда Мугабе мустақил Зимбабве бош вазирлигига сайланган.

37 йил давомида Зимбабве бошқарувини узурпация қилиб келган Мугабе¸ 2017 йили ҳокимиятни хотинига топшириш ҳаракатини бошлаши ортидан ҳарбий тўнтариш воситасида ҳокимиятдан ағдарилди.

Мугабе режими Зимбабвени дунëнинг энг қашшоқ давлатига айлантирди – мамлакатда расмий инфляция даражаси 2 миллион фоиз¸ ишсизлик эса¸ 90 фоизга етди.

Мамлакатнинг бундай абгор аҳволи учун Мугабе доим ички ва ташқи душманлар¸ хусусан¸ глобал колониализмини айблаб келди.

Мугабе даврида Зимбабве халқаро ҳамжамиятдан четлатилган Шимолий Корея ва Венесуэла каби давлатлар сафида қолиб келди.

Хитой¸ Россия ва Эрон Мугабе режимининг яқин ҳамкорларидир.

Кобулдаги террор қурбонлари сони 12 нафарга етди

Кобулда 5 сентябрда ҳужум содир этилган жой.

Афғонистон пойтахти Кобулда 5 сентябрда содир этилган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 12 кишига етди, бир неча ўн қиши яраланди.

Ҳалок бўлганлар орасида НАТО таркибида Афғонистонда хизмат ўтаётган бир нафар америкалик ва бир нафар руминиялик ҳарбий ҳам бор.

Аввалроқ Кобулнинг элчихоналар, давлат идоралари ҳамда НАТОнинг маҳаллий штаби жойлашган қисмида автомобилга ўрнатилган бомба портлагани натижасида камида 3 нафар одам ҳалок бўлгани ва 12 одам жароҳат олгани хабар қилинган эди.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олди. Бу жорий ҳафтада Кобулда амалга оширилган иккинчи йирик террордир.

2 сентябрь куни Кобулда Толибон томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида тинч аҳолидан камида 16 киши ҳалок бўлган, 110 одам яраланган эди.

Махсус амалиёт пайтида тинч аҳоли ўлдирилгани ортидан Афғонистон бош разведкачиси истеъфо берди

Президент Ашраф Ғани.

Президент Ашраф Ғани Афғонистон бош разведкачисининг истеъфосини “афсус билан қабул қилгани”ни билдирди.

Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Маъсум Станекзай махсус амалиёт пайтида бир оиланинг тўрт нафар аъзоси ўлдирилгани ортидан 5 сентябрь куни истеъфо берган эди.

Ашраф Ғани Твиттер саҳифасида бу воқеага муносабат билдирар экан: “Давлатга масъул бўлган раҳбар сифатида айтаманки, тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишига тоқат қила олмаймиз”, деб ёзган.

Жалолобод вилоят маркази Нангарҳор шаҳрида махсус амалиёт пайтида махсус хизматлар томонидан тўрт ака-ука отиб ўлдирилган. Хавфсизлик кучлари ўлдирилганлар “Ислом давлати” гуруҳига мансуб террорчилар эканини билдирган.

Бироқ вилоят амалдорлари ва маҳаллий аҳоли ака-укалар террорчи гуруҳларга мансуб бўлганини инкор этган эдилар.

БМТнинг билдиришича, жорий йилнинг олти ойи ичида Афғонистонда тинч аҳолидан 3800 нафар одам ҳалок бўлган ва яраланган.

Россия ҳарбий саноати топ-менежери АҚШ сўрови билан Италияда қўлга олинди

Александр Коршунов.

Россия ҳарбий саноати топ-менежерларидан бири Александр Коршунов АҚШ сўрови билан Италияда қўлга олинди.

Хабарларда айтилишича, АҚШ Коршуновни жосусликда айбламоқда. АҚШнинг билдиришича, Коршунов бош қароргоҳи Огайода жойлашган General Electric ширкати бўлинмаларидан биридан тижорат сирини ўғирлашга ҳаракат қилган.

АҚШ Адлия вазирлиги 5 сентябрь куни 57 ёшли Александр Коршунов Неапол аэропортида 30 август куни қўлга олинганини билдирди. Коршунов “Ростех” давлат корпорациясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори экани айтилмоқда. У бунга қадар Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган.

Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Давлат департаментига норозилик билдириб, Александр Коршуновнинг қўлга олинишини “ноқонуний” деб атади ва Оқ Уйни уни Италиядан АҚШга экстрадиция қилиш талабидан воз кечишга чақирди.

Россия президенти Владимир Путин Коршуновнинг қўлга олинишини “ҳалол бўлмаган рақобат” сифатида баҳолади.

АҚШ эса Коршунов 2013-2018 йилларда General Electric ширкатининг Италиядаги GE Aviation шўъбаси раҳбарларидан бири Бьянка орқали ширкат мутахассисларини реактив двигателлар бўйича консалтинг ишларни олиб боришга ёллаганини билдирмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG