Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2020, Тошкент вақти: 09:06

Халқаро хабарлар

Қирғизистон билан Тожикистон чегара бўйича музокара ўтказади

Тожикистон ва Қирғизистон бош вазир ўринбосарларининг чегарага оид музокараси Исфарада бўлиб ўтади.

Исфара шаҳрида 14 январь куни Тожикистон ва Қирғизистон бош вазирлари ўринбосарлари Азим Иброҳим ва Жениш Разақов бошчилигидаги делегациялар иштирокида музокаралар ўтказилиши режаланган. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизматига Азим Иброҳим маълум қилган.

Музокаралар икки мамлакат чегараларида бир неча кун аввал яна кескинлашган вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган.

Бу галги таранглик 2020 йилнинг 9 январидан 10 январига ўтар кечаси бошланган бўлиб, ўша куни бу ерда яна ўқ овозлари эшитилди, чегара худудларида яшовчи аҳоли бир-бирларининг автомобилларини тошбўрон қилди. Ҳодисада ҳар икки томон бир-бирини айбламоқда.

Азим Иброҳимга кўра, қирғизистонлик ҳамкасблар билан учрашувда энг аввало чегарадаги сўнгги можаро билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади.

"Аввал айтганимдек, ҳар икки томон хуқуқбузарлик содир этганларни жавобгарликка тортиши керак”, деди А. Иброҳим. Унга кўра, “чегарадаги муаммолар билан боғлиқ масалалар аввал имзоланган баённомалар ва ҳар икки томоннинг манфаатлари эътиборга олинган ҳолда музокаралар орқали ҳал қилиниши керак”. Вазир ўринбосари “устувор вазифа келажакда шу каби ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймасликдан иборат”лигини таъкидлаган.

Озодлик радиосининг қирғиз хизмати ҳам 13 январь куни чегарадаги вазият Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг Чегара хизмати, МХДҚ, ИИВ, ТИВ, Бош штаб ва Бош прокуратура раҳбарлари иштирокида ўтказган мажлисида муҳокама қилингани тўғрисида хабар қилган. Мажлисда Жээнбеков “ҳар икки томондан фитнага йўл қўймаслик мақсадида чегара можароларидан огоҳлантириш ва профилактика борасидаги барча ишлар тожик томони билан мустаҳкам ҳамкорлик асосида олиб борилиши керак”лигини урғулаган.

Исфарадаги учрашув чоғида тожик-қирғиз чегарасидаги вазият, уни барқарорлаштириш мақсадида амалга ошириладиган ишлар, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари, чегара ҳодисаларидан огоҳлантириш борасида кўриладиган чоралар, шунингдек, тожик-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация ишларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Тошкент-Москва поезди йўлдаги туя туфайли 44 дақиқага кечикди

Иллюстратив сурат.

Тошкент-Москва йўловчи поезди Астрахань вилоятида темир йўлга чопиб чиққан туя сабабли 44 дақиқага кечикди. Бу ҳақда РИА Новости “Россия темир йўллари” ширкатининг Приволжскдаги филиали матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда 13 январь куни хабар тарқатди.

Темир йўлда чопиб бораётган туя видеоси YouTube каналида аввалроқ пайдо бўлганди. Видео муаллифи ҳодиса Приволжск темир йўлларида содир бўлгани, “сурбет” туя туфайли поезд икки соатга кечикканини иддао қилганди.

Темирйўлчиларга кўра, мазкур ҳодиса 5 январь куни содир бўлган ва бошқа поездларнинг ҳаракат графигига таъсир кўрсатмаган.

Канада бош вазири Эрон уриб туширган учоқ қурбонлари учун адолат ўрнатишни ваъда қилди

Канада бош вазири Жастин Трюдо.

Канада бош вазири Жастин Трюдо ўтган ҳафтада Эрон ҳужуми ортидан ҳалок бўлган учоқ йўловчилари ҳаққига адолат ўрнатилиши учун курашажаги тўғрисида баёнот берди.

13 январь куни ҳалокат натижасида ҳалок бўлган 57 нафар Канада фуқаросини Эдмонтон шаҳрида дафн этиш маросимида қатнашган Трюдо:

- Жавоб беришмагунича тинчимаймиз, - деди.

Бу орада Эрон бўйлаб ҳукуматга қарши норозилик акциялари давом этмоқда.

11 январь куни Эрон мудофаа вазирлиги 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини адашиб уриб туширганини тан олди.

Уриб туширилган самолёт бортида бўлган барча 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси нобуд бўлган.

Аввалига учоқ уриб туширилганини рад этган Эрон расмийлари учоқ “ғайриихтиёрий равишда” уриб туширилганини тан олиши ортидан пойтахт Теҳронда ва бошқа шаҳарларда Эрон етакчиларига қарши норозилик акциялари бошланиб кетди.

12 январь куни намойишчиларни тарқатиш учун Эрон полицияси кўзни ёшлантирувчи газ ҳамда ўқотар қуроллардан фойдаланаётган акс этган видеолар тарқалди.

Ливиянинг рақиб ҳукуматлари вакиллари тинчлик музокараларини ўтказади

Кузатувчилар Ливияда қарама-қарши тарафлар ўртасидаги тафовут йирик эканлигини айтиб, ўт очишни тўхтатиш келишуви самара беришига ишончсизлик билан қарамоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ливиянинг тўқнашиб келаётган етакчилари 13 январь куни Москвада тинчлик музокараларини ўтказишини маълум қилди.

Музокараларда Ливия пойтахти Триполида жойлашган бош вазир Фаёз Сарраж ҳукумати ҳамда мамлакат шарқида генерал Халифа Ҳафтар етакчилигида фаолият юритаётган рақиб администрация етакчилари қатнашади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарованинг маълум қилишича, бугун Россия ва Туркия ташқи ишлар ҳамда мудофаа вазирлари Ливияда тинчлик ўрнатиш бўйича йиғинда қатнашган.

Бу орада Ливия матбуоти Сарраж ҳамда Ҳафтар ўт очишни тўхтатишга келишиб олиши кутилаётганини хабар қилди.

Куни кеча Ҳафтарнинг ўзини “Ливия миллий армияси” деб атовчи кучлари Триполидаги “Миллий муроса ҳукумати” номи билан маълум бўлган ҳукумат билан вақтинча ўт очишни тўхтатишга келишиб олгани хабар қилинган эди. Аммо ҳар икки тараф бир-бирини келишув шартларини бузишда айблади ва пойтахт яқинида тўқнашувлар тинчимади.

Кузатувчилар Ливияда қарама-қарши тарафлар ўртасидаги тафовут йирик эканлигини айтиб, ўт очишни тўхтатиш келишуви самара беришига ишончсизлик билан қарамоқда.

Украинада Путинга суиқасд қилишда айбланаётган чеченга ҳужум қилганлар қўлга олинди

Адам Осмаев

Украина расмийлари 2017 йилда чечен Адам Осмаевга ҳужум қилишда гумонланаётган шахс қўлга олинганини маълум қилди. Россия Осмаевни президент Владимир Путинни ўлдириш учун фитна уюштиришда айблаб келади.

12 январда Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков Осмаевга ҳужум қилишда айбланаётган шахс билан бир қаторда яна бир неча одам қўлга олинганини айтди.

2017 йилнинг 2 октябрида Киев яқинида амалга оширилган ҳужумда Осмаевнинг турмуш ўртоғи Амина Окуева ҳалок бўлган эди. Унинг ўзи эса тирик қолган.

Бу ҳужумдан тўрт ой олдин Осмаевга яна бир ҳужум уюштирилган эди. Ўшанда ўзини Франциянинг Le Monde нашри журналисти деб таништирган одам Осмаев билан интервью олиш учун учрашишга келишиб олган. Кейинчалик у асли россиялик Артур Денисултанов-Курмакаев эканлиги маълум бўлди.

Осмаев ва унинг хотини автомобилга ўтиргач, Денисултанов-Курмакаев Glock тўппончаси билан Осмаевнинг кўксига икки марта ўқ отган. Бунга жавобан Осмаевнинг хотини Денисултанов-Курмакаега “Макаров” тўппончасидан ўқ узган. Ўшанда Осмаев ҳам, Денисултанов-Курмакаев ҳам тирик қолган эди.

Россия суди 2012 йилда Осмаевни сиртдан ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган. Аммо Украина уни Москвага экстрадиция қилишдан бош тортган.

Туркманистон билан Эрон ўртасидаги чегара пунктлари ёпилди

Туркманистон-Эрон чегарасидаги Бажгиран назорат-ўтказиш маскани.

Туркманистон билан Эрон ўртасидаги чегара-ўтказиш масканлари 8 январдан бери ёпиқ қолмоқда. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” нашри хабар қилади.

Ашхобод яқинидаги Бажгиран, Этрек қишлоғи яқинидаги Этрек пунктлари ҳамда Сагарт ва Артиқ масканлари бир неча кундан буён юк ва одамларни ўтказмаяпти.

Эрондан озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар олиб ўтиш билан шуғулланиб юрган майда савдогарларга кўра, чегарачилар чегара масканларининг ёпилишига оид аниқ сабабларни ҳам, пунктлар қачон очилишини ҳам айтолмаяптилар.

Бажгиран божхона пункти зобитларидан бири бунинг АҚШ ва Эрон ўртасидаги таранглик билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Аввалроқ “Туркманистон ҳаво йўллари” ширкати Эрон осмонидан учиб ўтгани сабабли Бирлашган Араб Амирликларига қатновларни вақтинча тўхтатгани хабар қилинганди.

Ироқдаги Балад авиабазаси яна ракета зарбасига нишон бўлди

Харитада сўнгги кунларда ҳужумга учраган Ироқдаги АҚШнинг икки базаси (қизил халқа ичида) акс этган.

Ироқнинг Салоҳиддин вилоятида жойлашган Балад ҳаво базаси яна ракета зарбасига нишон бўлди. Бу базада америкалик ҳарбийлар бор эди. Бу ҳақда 12 январь куни Reuters агентлиги Ироқ қўмондонлиги баёнотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Базага саккизта реактив снаряд отилган. Маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида тўрт нафар ироқлик тан жароҳати олган, улардан икки нафари ҳарбийлардир.

Реактив снарядлар учиш-қўниш йўлаги ва базага кириш ҳудудига шикаст етказган, дея хабар қилади DPA агентлиги Салоҳиддин вилоят полицияси маълумотларига таянган ҳолда.

Аввал бу базада бўлган америкалик ҳарбийларнинг аксарияти АҚШ ва Эрон ўртасидаги юзага келган таранглик ҳамда Теҳроннинг минтақадаги АҚШ базаларига зарба бериш таҳдидидан сўнг мазкур базани тарк этган. Бу ҳужум ортида ким турганига оид ишончли маълумот ҳозирча йўқ.

Балад ҳаво базасида Ироқ томонидан АҚШдан сотиб олинган Lockheed Martin F-16 русумли янги қирувчи учоқлар жойлаштирилган. AFP агентлигининг Ироқ қўмондонлигидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, америкалик ҳарбийларнинг 90 фоизи, Sallyport Global ва Lockheed Martin мудофаа ширкатлари ходимлари Тажи ва Эрбилдаги базаларга эвакуация қилинган.

АҚШ қўмондонлиги Баладдан қарийб бутун техникасини олиб чиқиб кетишга улгурган. Базада фақат 15 нафар америкалик ҳарбий ва биттагина жанговар учоқ қолганди.

Балад ҳаво базаси 4 январь куни ҳам ракета зарбасига нишон бўлганди.

Абхазия президенти Хажимба истеъфога кетди

Раул Хажимба.

Ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилиб олган Абхазия республикаси президенти Раул Хажимба ўз ихтиёри билан истеъфога кетишга рози бўлди. У бу ҳақдаги тегишли ҳужжатни имзолаган ва мазкур ҳужжат нусхаси мухолифат вакилларига топширилган.

“Эхо Кавказа” нашри хабарига кўра, 12 январь оқшомида Россия элчихонасида мухолифат лидери Аслан Бжания ва якшанба куни Сухумига етиб келган Россия президенти ёрдамчиси Владислав Сурков учрашган. Аввалроқ Хажимба Сурков билан учрашмасликка қарор қилганди.

Бир неча кундан бери Абхазия раҳбари маъмурияти биносини ўраб турган митингчилар якшанба куни тушдан кейин унинг қароргоҳига йўл олганлар. Норозилар лидери Ахра Авидзба йиғилганлар мухолифат билан музокаралардан сўнг қандай қарор қабул қилганини билишни истаётганларини айтган. Музокаралар шу куни Россия Хавфсизлик кенгаши котибининг муовини Рашид Нургалиев воситачилигида бўлиб ўтганди.

Абхазия Марказий сайлов қўмитаси қайта ўтказиладиган президент сайлови кунини (22 март) эълон қилган.

Мухолифатчи депутат Батал Табагуа президент қароргоҳи олдида йиғилган норозилар олдига чиқиб, Хажимбанинг истеъфога кетганига оид ҳужжат матнини ўқиб берган. Йиғилганлар бу янгиликни олқиш билан қарши олганлар.

Абхазия 1994 йили Грузия билан қуролли можаро тугаши биланоқ ўз мустақиллигини эълон қилган. 2008–2009 йилларда Россия-Грузия ҳарбий можаросидан кейин Абхазия мустақиллигини Россия ва яна бир нечта давлат тан олган. БМТга аъзо кўплаб давлатлар Абхазияни Грузия ҳудуди ўлароқ тан олади. Тбилиси республикадаги сайловларни тан олмайди, Абхазияни эса Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудуд сифатида кўради.

АҚШ президенти Эрондаги “жасоратли” намойишчиларни олқишлади

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрондаги “жасоратли” намойишчиларни олқишлаб, Теҳрон расмийларини уларни “бутун дунё кузатиб тургани” ҳақида огоҳлантирди.

Эрон расмийлари Украина учоғини ғайриихтиёрий равишда уриб туширганини тан олиши ортидан Теҳрон кўчаларида норозилик акцияси бошланди.

11 январь куни Трамп Twitter тармоғида “Жасоратли, кўпдан бери азият чекиб келаётган Эрон халқи эътиборига: президент этиб тайинлаганимдан бери сиз томон бўлиб келаман, менинг маъмурияти ҳам шундай давом этади. Намойишларингизни яқиндан кузатиб боряпмиз. Сизнинг жасоратингиз бизни илҳомлантиради,” деб ёзди.

Тинч намойишчилар қирғини ёки Интернет ўчириб қўйилишига бошқа йўл қўйиб бўлмайди. Дунё кузатиб турибди”, дея қўшимча қилди АҚШ президенти.

Хабарларга кўра, Теҳрондаги Амир Кабир олийгоҳи яқинида ҳамда мамлакатнинг бошқа шаҳарларида юзлаб намойишчи тўпланиб, адолат талаб қилган ҳамда давлат расмийларини истеъфо беришга чорлаган.

Намойишчилар, шунингдек, Украина учоғи уриб туширилиши учун масъул шахсларни суд қилишни талаб қилган.

Эрон расмийлари аввалига 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини рекета уриб туширганини кескин рад этишди. 11 январь куни эса расмий Теҳрон йўловчи учоқ “инсон хатоси сабаб” “бехосдан” уриб туширилганини тан олди.

Ҳужум ортидан учоқдаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзосининг ҳаммаси нобуд бўлган.

Ливияда исёнчилар Россия ва Туркиянинг ўт очишни тўхтатиш чақириғига рози бўлди

Архив фото, Ливия, август, 2016 йил

Ливия пойтахти Триполида жойлашган Бош вазир Фаёз Сарраж ҳукумати ҳамда мамлакат шарқида генерал Халифа Ҳафтар етакчилигида мухолиф кучлар ўзаро ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.

Ўзини “Ливия миллий армияси” деб атовчи генерал Ҳафтарга мойил кучлари 12 январда кучга кирадиган келишув шартларини Триполидаги “Миллий ярашув ҳукумати” номи билан маълум бўлган ҳукумат ҳам бажариши шартлигини таъкидлади.

Ҳафтарга тарафдор гуруҳ матбуот котиби келишув шартларининг ҳар қандай кўринишда бузилиши унинг бекор бўлишига олиб келишидан огоҳлантирди.

Триполидаги ҳукумат Туркия ва Россия президентлари чақириғига жавобан 12 январь куни соат 00:00 да ўт очиш тўхтатилади, дея баёнот берди.

БМТнинг Ливияни қўллаш миссияси ушбу хабарни олқишлаб, икки тарафни келишув шартларини бажариш ҳамда келишмовчиликларни диалог ёрдамида ҳал қилишга чорлади.

Генерал Ҳафтарга содиқ кучлар ўтган йилнинг апрелида пойтахтни қўлга олиш учун ҳужум уюштирган эди. Ҳарбий қўмондонни Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар қўллаётгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, апрелдаги ҳужумда Россиянинг ёлланма аскарлари ҳам иштирок этган. Россия Ҳафтар кучларини дастаклаётганини рад этиб келади.

YouTube тармоғида Путинни "суд қилган" татаристонлик ва шериклари қўлга олинди

Карим Ямадаев

Россия Федерацияси Татаристон Республикаси суди YouTube сайтида президент Владимир Путинни мазах қилган маҳаллий фаол ҳамда унинг икки шеригини қўлга олди.

Собиқ полиция офицери Карим Ямадаев 11 январь куни қўлга олинди ва бунга ўтган ойда ўзининг “Судья Грэмм” деб номланувчи каналига юклаган видеоси сабаб қилиб келтирилди. Фаол видеода терроризмни тарғиб қилишда айбланмоқда.

3 январь куни Набережние Челни шаҳрида истиқомат қилувчи Ямадаев Озодликка берган интервьюсида полиция унинг уйини тинтув қилгани ва компьютерлари, кредит карталари ҳамда ўз канали учун ёзган сценарийларини мусодара қилганини айтган эди.

29 декабрь куни юкланган видеода Ямадаев суд кийимида бошига ниқоб кийгизилган икки шахсни ўлим жазосига ҳукм қилгани акс этган. Уларнинг бўйнига “Дмитрий Песков” ҳамда “Игорь Сечин” деб ёзилган қоғоз ёрлиқлари илинган.

Песков Путиннинг матбуот котиби, Сечин эса "Роснефть" ширкати етакчисидир.

Видеода акс этган ниқобли учинчи шахс эса бўйнига эса “Владимир Путин” деб ёзилган қоғоз ёрлиғи илинган.

Украина Эрондан уриб туширилган "Boeing 737" учун товон талаб қилди

Украина Эрондан уриб туширилган "Boeing 737" учоғи учун товон талаб қилди.

Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Facebook’даги саҳифасида ёзди

Зеленский Эрондан учоқнинг уриб туширилиши бўйича очиқ тергов ўтказиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш, товон тўлаб бериш ва дипломатик каналлар орқали расмий узр сўрашни талаб қилди.

8 январь куни Украина авиайўналишларининг "Boeing 737" учоғи Теҳрон аэропортидан парвозга кўтарилганидан кейин бир мунча вақт ўтиб қулаб тушган эди.

Учоқ бортида бўлган 176 йўловчи, тўққиз экипаж аъзоси ҳалок бўлган эди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Украина авиайўналишларига тегишли "Boeing 737" самолётининг Теҳрон яқинида ўз мамлакати ҳарбийлари хатолик сабабли уриб туширганини тан олди.

Руҳоний "кечириб бўлмайдиган хато" бўйича ички текширув давом эттирилишини билдирди.

Уммон султони Қобус бин Саид 79 ёшида оламдан ўтди

Уммонда эллик йил ҳукмронлик қилган султон Қобус бин Саид 79 ёшида оламдан ўтди.

Уч йил аввал султон саратон касаллигига йўлиққан эди.

Унинг ўрнига ким янги султон бўлиши ҳақида қарор унинг оиласи аъзолари томонидан уч кун ичида қабул қилиниши керак.

Агар бу амалга ошмаса, якуний сўз армия етакчилари, парламент ва олий суд ихтиёрида қолади.

Қобус бин Саид Уммонни 1970 йилдан бери бошқариб келди. У 1970 йилда ўз отаси Саид бин Таймурни тахтдан ағдариб ҳокимиятни эгаллаганди.

Отаси мамлакатдан чиқиб кетиб, Буюк Британияга йўл олишга мажбур бўлган. Саид бин Таймур у ерда 1972 йилда вафот этган.

Эрон Украина учоғини уриб туширганини тан олди

Эрон ўз ҳарбийлари Украинанинг йўловчи учоғини хато туфайли уриб туширганини тан олди.

Ўтган ҳафта Теҳронда учоқ ҳалокатида унинг бортида бўлган 176 одам ҳалок бўлган эди.

Эрон қуролли кучлари бош штаби баёнотида айтилишича, ҳарбийлар учоқни душманига тегишли деб ўйлаб уриб туширган.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Twitter’да Boeing 737 самолётининг Теҳрон яқинида қулашига олиб келган "кечириб бўлмайдиган хато" бўйича ички текширув олиб борилишини маълум қилди.

Бундан аввал Европа мамлакатлари, шу жумладан, Украина ҳам самолётга ракета зарбаси берилгани ҳақидаги версия мавжудлигини айтишган.

Канада бош вазири Жастин Трюдо ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, шунингдек, АҚШнинг қатор оммавий ахборот воситалари разведка хизмати ва Оқ уйдаги манбаларга таяниб, Эрон ракетаси самолётни тасодифан уриб туширган бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот беришган эди.

Тожикистон ва Қирғизистон ​чегарадаги жанжалда бир-бирини айблади

10 январга ўтар кечаси қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган можарони Тожикистон чегара хизмати изоҳлаб, жанжалда Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Кўктош қишлоғи турғунларини айблади.

Тожикистон тарқатган маълумотга кўра, Кўктош қишлоғи аҳолиси вакилларидан бир гуруҳи тўпланиб, йўлдан ўтаётган Тожикистон фуқаролари ҳаракатланишига тўсқинлик қилган, Тожикистон фуқароси машинасини тошбўрон қилган. Шундан сўнг Тожикистон фуқаролари қирғизистонликлар автомобилларини тошбўрон қилган. Шунингдек, Тожикистон тарафи қирғизистонликлар икки марта овчи милтиғидан ўқ отганини иддао қилди.

Қирғиз чегарачилари иддаосича, ўқ фақат Тожикистон томонидан отилган ва бу ҳолат 10 январь эрталаб соат 6 гача давом этган.

Қирғизистон чегарачилари тарқатган маълумотга кўра,10 январга ўтар кечаси соат 00:40 ларда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен тумани ҳудудига кирган Яккаўрик деган жойда номаълум шахслар Боткен шаҳрига йўл олган қирғизистонликнинг автомашинасини тошбўрон қилган. Кейин ҳужумчилар Тожикистон ҳудудига кириб кетган.

Шундан тақрибан бир соат кейин тожикистонликлар Боткен шаҳридан Кўктош қишлоғига кетаётган бошқа бир қирғизистонликнинг автомобилини тошбўрон қилган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам машиналарнинг ойналари синган ҳамда биринчи автомобиль ичида бўлганлар жабрланганлар.

Қирғизистон чегарачиларга кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни айни пайтда “нисбатан барқарор” дея баҳолаш мумкин.

Эрон Украинага қарашли учоқ отиб туширилганини рад этмоқда

8 январда бўлган авиаҳалокат чоғида учоқдаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзосининг ҳаммаси нобуд бўлган.

Эрон 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини ракета уриб туширганини кескин рад этмоқда.

Эрон фуқаровий авиацияси етакчиси Али Обидзода:

- Бир нарса аниқ: бу учоқни ракета уриб туширгани йўқ, — деди.

Бу орада АҚШ, Британия, Канада разведка хизматлари учоқ Эрон ҳаво мудофаасининг жиддий хатоси натижасида уриб туширилганини айтмоқда.

Обидзоданинг билдирувидан бир неча соат олдин Теҳрон Украина терговчиларини ҳалокат жойига киритгани хабар қилинган эди.

Украина президенти Володимир Зеленский маъмурияти ҳалок бўлганлар жасадларини аниқлаш учун уларнинг қариндошларидан ДНК намуналари олинаётганини маълум қилди.

Авиаҳалокат чоғида учоқдаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзосининг ҳаммаси нобуд бўлган. Учоқда Эроннинг 82, Канаданинг 63, Украинанинг 11 фуқароси, шунингдек, Швеция, Германия, Афғонистон ва Британия фуқаролари бўлган.

10 январь куни Эрон АҚШ Транспорт хавфсизлиги бўйича миллий кенгаши (NTSB) ҳамда Boeing ширкатини терговда қатнашишга чорлагани хабар қилинди.

АҚШ Намояндалар палатаси Трамп Эронга қарши чора кўришини чеклашга чорловчи резолюцияни қабул қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

9 январь куни АҚШ Намояндалар палатаси президент Дональд Трампнинг Эронга қарши ҳарбий чора кўриш қобилиятини чеклашга чорловчи резолюция бўйича овоз берди. Палатанинг 224 аъзоси резолюцияни қўллаб, 194 намоянда эса қарши овоз берди.

Резолюцияга Эрон қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши юзасидан Оқ уй берган изоҳ сабаб бўлди — демократлар бошқарувидаги палатанинг аксар аъзоси президент маъмуриятининг ушбу ҳолат бўйича изоҳидан қониқмади.

Уч нафар республикачи резолюцияни қўллаб овоз берди. Саккиз нафар демократ эса қарши овоз берди.

Резолюция Конгресс расман уруш эълон қилмаса ёки Теҳронга қарши ҳарбий чора кўришни маъқулламаса, Трампни Эронда ёки унга қарши ҳарбий чора кўришни тўхтатишга чорлайди.

Резолюция овозга қўйилишидан олдин Палата спикери Нэнси Пелоси Сулаймонийнинг ўлдирилгани АҚШни хавфсизроқ қилганини ишонмаслигини айтди.

Пелоси резолюция президент томонидан имзоланиши шарт эмаслигини ва мажбурий эмаслигини айтди. Шунга қарамасдан, унинг сўзларига кўра, резолюция муайян кучга эга, чунки у “АҚШ Конгресси билдирувидир”.

Палатада резолюция овозга қўйилишдан олдин Трамп Twitterда “барча республикачи телба Нэнси Пелосининг Уруш ваколатлари резолюцияга қарши овоз беради, деб умид қиламан”, деб ёзди.

Қирғизистон Чегара хизмати: Тожикистон томонидан ўқ отиш тинди

Иллюстратив сурат.

Тожикистон томонидан ўқ отиш тўхтади, дея маълумот тарқатди Қирғизистон Чегара хизматининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.

Чегарачиларга кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни айни пайтда “таранг унсурларини ўз ичига олган ҳолда нисбатан барқарор” дея баҳолаш мумкин.

Чегара хизмати икки давлат чегарасидаги ўтказиш масканлари одатий тартибда ишлаётгани, Боткендаги чегара бўлинмалари эса кучайтирилган тартибда хизмат қилаётганларини қайд этади.

Маълумотларга кўра, 9 январдан 10 январга ўтар кечаси соат 00:40 ларда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен тумани ҳудудига кирган Жака-Ўрук деган жойда номаълум шахслар Боткен шаҳрига йўл олган қирғизистонликнинг автомашинасини тошбўрон қилганлар. Кейин ҳужумчилар Тожикистон ҳудудига кириб кетганлар.

Шундан тақрибан бир соат кейин тожикистонликлар Кўчў-Қарин деган жойда Боткен шаҳридан Кўктош қишлоғига кетаётган бошқа бир қирғизистонликнинг автомобилини тошбўрон қилганлар. Ҳар иккала ҳолатда ҳам машиналарнинг ойналари синган ҳамда биринчи автомобиль ичида бўлганлар жабрланганлар.

Қирғизистон Чегара хизмати маълумотига кўра, соат 2:40 ларда Дахма деган жойда қирғизистонликнинг уйи тошбўрон қилинган. “Қирғизистонликнинг уйига йўл олган чегарачилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари Тожикистон томонидан ов милтиғи воситасида ўққа тутилган”, дейилади Чегара хизмати хабарномасида.

Қирғиз чегарачилари иддаосича, ўқ фақат Тожикистон томонидан отилган ва бу ҳолат 10 январь соат 6 гача давом этган.

Кейинроқ Дахмадаги аҳоли хавфсизлик мақсадида уйларидан кўчирилиб, маҳаллий мактаб биносига жойлаштирилгани маълум бўлди.

Тожикистон томони ҳали ҳодиса юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Қирғизистонда ўтган йили 5 мингдан зиёд оилавий зўравонлик ҳолати қайд этилди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон 2019 йили 5 мингдан зиёд оилавий зўравонлик, жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонлик ҳолатлари қайд этилди, дея маълум қилади Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ўтган йили 580 дан зиёд қайд қилинган оилавий зўравонлик факти бўйича судга қадар тергов олиб борилган.

6 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Қирғизистонда 2017 йили оилавий зўравонликдан ҳимоялашга оид қонун қабул қилинганди.

2020 йил бошидан бери бу мамлакатда оилавий зўравонлик билан боғлиқ иккита ўлим ҳолати қайд этилган. 1 январь куни Норин вилоятининг Қўчқор туманида эри томонидан калтакланган аёл оламдан ўтган, 3 январь куни эса Боткенда оилавий зўравонлик натижасида уч боланинг онаси бўлган 26 ёшли аёл ҳаётдан кўз юмган. Ҳар иккала факт бўйича судга қадар тергов олиб борилмоқда, гумонланувчилар қўлга олиниб, улар устидан жиноят иши қўзғатилган.

4 январь куни Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳрида бир эркак хотинининг устига бензин сепиб, уни ёқиб юборган. Ҳозир 33 ёшли аёл шифохонада.

Бош вазир Муҳаммедқалий Абилғазиевнинг эътирофича, Қирғизистонда аёллар кўп ҳолларда яқинларининг ҳақорати ва зўравонлигига дучор бўлади. Ҳукумат раҳбари фуқароларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилишни таъминлаш механизмини яхшилаш юзасидан миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишларни фаоллаштириш ҳамда оилавий зўравонлик ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш масаласини ўрганаётган ишчи гуруҳ фаолиятини жадаллаштириш ҳақида топшириқ берди.

Абхазияда мухолифат президент маъмурияти биносини эгаллаб олди

Пайшанба куни мухолифат митинги иштирокчилари ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилиб олган Абхазияда президент маъмурияти биносини эгаллаб олди. Йиғилганлар президентлик сайлови натижаларининг бекор қилинишини талаб қилишди, деб ёзади Россия нашрлари.

Сухумидаги маъмурият биноси олдида 9 январь куни бир неча юз киши тўпланган. Улар бинонинг биринчи қавати эшик ва деразаларини синдириб, ичкарига бостириб кирганлар. Уларга кам сонли қўриқчилар қаршилик кўрсатишган.

Абхазияда президентлик сайловининг иккинчи босқичи сентябрь ойида бўлиб ўтган. Расмий маълумотларга кўра, унда 47,3 фоиз овоз билан амалдаги президент Раул Хажимба ғалаба қозонган. Унинг рақиби Алхас Квиниция эса 46,1 фоиз овоз тўплаган.

Сайловдан сўнг Квициния штаби Хажимбанинг ғалабасини тан олмаслигини ва овозлар қайта саналишини талаб қилишини билдирган. Аммо даъво аризаси суд томонидан рад этилган. Пайшанба куни республика Олий суди бу қарор юзасидан берилган шикоят аризаси кўриб чиқилишини кейинга қолдирган.

Президент маъмурияти олдида йиғилганлар Раул Хажимбанинг истеъфосини талаб қилганлар. Митингчилардан айримлари депутатлар тўпланган парламент биносига кириб олганлар. Квициния депутатларга вазиятга аралашиш чақириғи билан мурожаат қилган. Намойишчилар депутатларнинг муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказилиши ҳақида қарор чиқаришини кутишмоқда.

Интерфакс агентлигига кўра, ҳукумат юз бераётган воқеаларни давлат тўнтаришига уриниш дея баҳолаган. Хажимба Сухумида экани ва ўз вазифаларини бажараётгани ҳамда ҳеч қаерга яширинмоқчи эмаслигини билдирган.

Абхазия 1994 йили Грузия билан қуролли можаро тугаши биланоқ ўз мустақиллигини эълон қилган. 2008–2009 йилларда Россия-Грузия ҳарбий можаросидан кейин Абхазия мустақиллигини Россия ва яна бир нечта давлат тан олган. БМТга аъзо кўплаб давлатлар Абхазияни Грузия ҳудуди ўлароқ тан олади. Тбилиси республикадаги сайловларни тан олмайди, Абхазияни эса Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудуд сифатида кўради.

АҚШ Намояндалар палатаси Трампнинг ҳарбий ваколатларини чекламоқчи

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси.

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси президент Дональд Трампнинг Эронга қарши ҳарбий чора кўриш қобилиятини чекловчи резолюция бўйича овоз беради.

Резолюцияга Эрон қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши юзасидан Оқ уй берган изоҳ сабаб бўлди – демократларнинг кўпчилиги президент маъмурияти изоҳидан қониқмади.

Палата спикери Нэнси Пелоси овоз бериш 9 январь куни бўлиб ўтишини маълум қилди.

Резолюция Конгресс расман уруш эълон қилмаса ёки Теҳронга қарши ҳарбий чора кўришни маъқулламаса, Трампни Эронда ёки унга қарши ҳарбий чора кўришни тўхтатишга чақиради.

Резолюциянинг тўлиқ қабул қилиниши ва пировардида самара бериш-бермаслиги қизғин мунозарага сабаб бўлмоқда.

Демократлар бошқарувидаги Намояндалар палатасида таклиф қилинаётган резолюция қабул қилинишини кутиш мумкин. Аммо республикачилар бошқарувидаги Сенатда айни резолюция қабул қилиниши амри маҳол.

Жаҳон банки: 2020 йилда глобал иқтисодга савдо уруши ва геосиёсий танглик таҳдид солмоқда

Жаҳон банки 2020 йилда дунё бўйлаб иқтисодий ўсиш суръати паст бўлишини башорат қилмоқда. Бунинг асосий сабаби АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши авж олишига ҳақидаги хавотирлардир.

Жаҳон банки 8 январь куни эълон қилган “Глобал иқтисодий истиқболлар” ҳисоботида жорий йилда дунё иқтисоди 2,5 фоизга ўсиши башорат қилинди. Қиёслаш учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 2,4 фоизни ташкил қилган эди.

Аммо бундан олдин 2020 йилги ўсиш юқорироқ бўлиши башорат қилинган эди. Хусусан, июнь ойида Жаҳон банки 2020 йилда глобал иқтисод 2,7 фоизга ўзишини башорат қилган эди.

Жаҳон банкига кўра, 2019 йилги иқтисодий ўсиш ўн йил олдинги иқтисодий бўҳрондан бери кузатилган энг паст ўсиш бўлди.

Ташкилотга кўра, 2020 йилда глобал иқтисодга савдо бўйича ноаниқликлар ва геосиёсий тангликлар таҳдид солади.

Жаҳон банки ҳисоботида ёзилишича, 2019 йилда Россия иқтисодининг ўсиш суръати кутилгандан оз сармоя ва савдо кўлами ҳамда халқаро иқтисодий санкциялар туфайли 1,2 фоизга қисқарган.

Украина хавфсизлик кенгаши: Эронда қулаган учоқ Россияда ишлаб чиқарилган ракета билан уриб туширилган бўлиши мумкин

Учоқ қулаган жойда олинган сурат.

Теҳронда қулаб тушган “Украина халқаро ҳаво йўллари” ширкати учоғи ракета билан уриб туширилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов баёнот бергани тўғрисида цензор.нет нашри хабар қилди.

Даниловнинг сўзларига кўра, учоқ Россияда ишлаб чиқариладиган “Тор” ракета комплекси билан уриб туширилган бўлиши мумкин.

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов украиналик мутахассислар ҳалокатнинг тўрт версиясини кўриб чиқаётганини айтди. Улар орасида дрон билан тўқнашув, двигатель портлаши ҳамда учоқ бортида бомба портлаши каби тахминлар бор.

Куни кеча Интернетда учоқ бўлаклари ёнида ракета парчалари акс этган сурат тарқалди. Суратни улашганлар унда айнан 8 январь куни Теҳронда қулаган Boeing акс этганини иддао қилди. Bellingcat гуруҳи сурат айнан ҳодиса жойида олинганини тасдиқлашнинг иложи йўқлигини маълум қилди.

Учоқ уриб туширилгани ҳақидаги тахминлар аввал ижтимоий тармоқларда тарқалди, сўнгра айрим матбуот нашрлари ҳам шу тахминни илгари сурди.

Бу тахминларга учоқ қулашидан бир неча соат олдин Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилгани туртки бўлди. Теҳрон ҳужумларига эса Америка томонидан генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилгани сабаб бўлди.

Reuters агентлиги АҚШ, Европа ва Канада разведка агентликларига таянган ҳолда, учоқ уриб туширилмагани, балки техник носозлик туфайли қулагани ҳақида ёзди. Reuters мақоласига кўра, ҳалокатга қизиб кетган двигатель сабабчи бўлган.

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғи 8 январь тонгида Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай қулаган.

Авиаҳалокат чоғида учоқдаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзосининг ҳаммаси нобуд бўлган. Украина ташқи ишлар вазири Вадим Пристайконинг Twitter орқали маълум қилишича, учоқда Эроннинг 82, Канаданинг 63, Украинанинг 11 фуқароси, шунингдек, Швеция, Германия, Афғонистон ва Британия фуқаролари бўлган.

Эрдўғон ва Путин Ливиядаги тўқнашув томонларини ўт очишни тўхтатишга чақиришди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Россия президенти Владимир Путин, Истанбул, 2020 йил 8 январи.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Россия президенти Владимир Путин Ливияда ўзаро урушаётган томонларни 12 январга ўтар кечасидан бошлаб жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақиришди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.

Лавровга кўра, Москва ва Анқара БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорларига мувофиқ равишда Ливиядаги вазиятни изга солиш бўйича ягона позицияга келишган.

Ливияда ҳозирда фуқаролар уруши давом этмоқда. Асосий кураш халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Фаёз Саррож бошчилигидаги Миллий келишув ҳукумати (Триполи) ҳамда Абдуллоҳ ас-Соний бошчилигидаги муваққат ҳукумат ўртасида кетаяпти. Ас-Соний Тобрукдаги парламент ва генерал Халифа Ҳафтар дастагига суянади.

2019 йили Ҳафтар Триполи қамали бошланганини эълон қилган. Оммавий ахборот воситалари бир неча бор бу генерал Россия томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақида хабар қилишган. Россия расмийлари буни тасдиқлаган эмаслар. Эрдўғонга кўра, Ҳафтар тарафида Вагнер хусусий ҳарбий компаниясининг (Россия) 2000 нафардан зиёд ёлланма аскарлари ҳамда суданлик ёлланмалар жанг қилмоқда. Вагнер ширкати Путинга яқин кўриладиган тадбиркор Евгений Пригожин билан алоқадор экани айтилади.

Афғонистонда вертолёт қулаши натижасида икки учувчи ҳалок бўлди

Афғон армияси вертолёти (иллюстратив сурат).

Афғонистоннинг Фараҳ вилоятида 8 январь куни вертолёт қулаши натижасида ҳарбий-ҳаво кучларининг икки учувчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда маълумот тарқатган Афғонистон Мудофаа вазирлиги авиаҳалокатга техник носозлик сабаб бўлганини билдирган.

Мудофаа вазирлигига кўра, қулаган вертолёт Афғонистон хавфсизлик кучларига юк етказиб бераётган бўлган.

Вазирлик баёнотида бошқа бир вертолёт техник носозлик туфайли Пактия вилоятига мажбуран қўнгани, ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланмагани маълум қилинган. Бироқ Reuters агентлиги маҳаллий полиция вакили сўзларига таянган ҳолда ҳодиса пайтида 10 киши тан жароҳати олганини хабар қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG