Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 06:07

Халқаро янгиликлар

Роскомнадзор “Фергана” сайтига қўйилган тўсиқни бекор қилди

"Фергана" бош муҳаррири Мария Дубнова.

Роскомнадзор “Фергана” сайтига 1 октябрда қўйилган тўсиқни 8 октябрда олиб ташлади.

Сайт директори Даниил Кислов Роскомсвобода ҳаракати ва юристлар кўмагида Роскомнадзор “Фергана” сайтига нега тўсиқ қўйганини аниқлашга муваффақ бўлинганини айтди.

Билдирилишича, “Фергана”да қирғизистонлик пенсионер ўз жонига қасд қилгани тўғрисидаги мақола Россияда эълон қилиниши ман этилган контент сифатида топилган ва бунинг ортидан сайт блок қилинган.

Нашр бош муҳаррири Мария Дубнова тахририят мазкур мақолани сайтдан олиб ташлаганини ва бу ҳақда Роскомнадзорни огоҳлантирганини билдирди. Унга кўра, Роскомнадзор нашрни огоҳлантириш ўрнига, ҳеч қандай тушунтиришларсиз блоклаб қўйган.

Россияда рўйхатга олинган “Фергана” агентлиги Марказий Осиё давлатлари тўғрисидаги хабарларни тарқатади. Мазкур сайт ўз вақтида Ўзбекистонда ва Қирғизистонда ҳам тақиқланган эди. Кейинроқ бу тақиқ бекор қилинган.

2019 йилнинг апрелида эса "Фергана" мухбири Андрей Кудряшов Тошкентда аккредитациядан ўтказилганди.

"Фергана" бугунги кунда Туркманистонда ҳам блок қилинган.

Туркия яқин соатларда Сурияда ҳарбий амалиёт бошлашини эълон қилди

Сурия Озодлик армияси жангарилари Туркия ҳарбийлари билан ҳамкорликда чегарани кесиб ўтиши айтилди.

Туркия ҳарбийлари Сурия Озодлик армияси билан ҳамкорликда Сурия чегарасини яқин соатлар ичида кесиб ўтади. Бу ҳақда 9 октябрь тонгида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг матбуот котиби маълум қилди.

Reuters агентлигининг Анқара расмийларига таяниб билдиришича, Туркиянинг Сурия шимоли-шарқидаги ҳарбий амалиёти курд жангариларига огоҳлантириш бериш билан бошланади.

Туркия курд жангариларига қуролларни ташлашни ва жангариликни тўхтатишни таклиф қилмоқда.

Икки кун олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Туркиянинг Сурия шимолида, Фирот дарёси шарқида “хавфсизлик зонаси” ташкил қилиш режасига тўсқинлик қилмаслигини айтган эди. Туркия ушбу зонага 2 миллионга яқин суриялик қочқинни жойлаштирмоқчи.

Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Туркия амалиёти давомида АҚШ ҳарбийларига зиён етса, оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Анқара курд отрядларини террорчи гуруҳлар сифатида билади. Аммо АҚШ “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда курд жангарилари билан ҳамкорлик қилган ва уларни қўллаб-қувватлаган.

Физика бўйича Нобель мукофоти канадалик ва швейцариялик уч нафар олимга берилди

Физика бўйича 2019 йилгни Нобель мукофоти лауреатлари.

Физика бўйича 2019 йилгни Нобель мукофоти Канада ва Швейцария олимларига берилди.

-Бугун Швеция Қироллик фанлар академияси 2019 йил учун физика бўйича Нобель мукофотининг бир қисмини физик космология бўйича назарий кашфиети учун Жеймс Пиблс ва иккинчи ярмини қуёш типидаги юлдуз экзосайёраси орбитасини кашф этгани учун Мишел Майор ва Дидье Келосуга топширишга қарор қилди,- деб эълон қилди Швеция Қироллик фанлар академияси бош котиби Горан Ханссон.

7 октябрь куни Физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти икки америкалик ва бир британиялик олим - Уильям Келин, Питер Рэтклиф ва Грегг Семенцларга “тирик ҳаётнинг энг муҳим мослашув жараёнлари механизмини кашф этгани” учун топширилган эди.

Адабиёт бўйича мукофот 10 октябрда, Нобель-Тинчлик мукофоти эса 11 октябрь куни эълон қилинади.

Иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори исми эса 14 октябрда эълон қилинади.

Адабиёт бўйича Нобель мукофотини Швеция академияси, физика, кимё ва иқтисод бўйича мукофотларни Швеция Қирол фанлар академияси, Нобель-Тинчлик мукофотини эса Норвегия пойтахти Ослода жойлашган Норвегия Нобель қўмитаси топширади.

Ироқ президенти норозиларга нисбатан қурол ишлатилганини қоралади

Ироқ президенти Бархам Салих.

Ироқ президенти Бархам Салих Бағдод телевидениеси орқали қилган чиқшида ҳуқуқ-тартибот тузилмалари норозилик намойиши иштирокчиларига нисбатан ҳаддан ортиқ куч ишлатганини қоралади.

-Тинч намойишчиларига хавфсизлик кучларининг ўқотар қурол билан ҳужум қилгани, шунингдек, оммваий ахборот воситалари ва журналистларга ҳужум қилингани Ироқда йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир. Биз Ироқни инсон ҳуқуқларига риоя қилинадиган демократик давлатга айлантирмоқчимиз, - деди президент

Ироқда 1 октябрдан бери аксилҳукумат намойишига чиққанларнинг полиция билан тўқнашувларида камида 104 одам ҳалок бўлди, 6100дан ортиқ одам яраланди.

Бағдодда ишсизлар сони ортиб бораётгани ва яшаш шароити ёмонлашаётганидан ғазабланган кишилар 1 октябрдан бошлаб норозилик намойишларига чиқа бошлади. Шундан сўнг мамлакатнинг шиалар кўп яшайдиган жанубий ҳудудларида ҳам норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Покистон бош вазири Имрон Хон Хитойга хизмат сафари билан боради

Покистон бош вазири Имрон Хон.

Покистон бош вазири Имрон Хон Хитой президенти Си Цзиньпин ҳамда бош вазири Ли Кэцян билан Пекинда учрашиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳамда Кашмирдаги вазиятни муҳокама қилади.

Хон маъмурияти Покистон ва Хитойни “қалин дўстлар, яқин ҳамкорлар ҳамда “алоқалари темирдай мустаҳкам ака-укалар”” дея таърифлади. Маъмурият билдирувида 8 октябрь куни бошланадиган учрашув Покистоннинг Хитой билан иқтисодий, инвестиция ҳамда стратегик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаши айтилади.

Икки етакчи Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” ташаббуси (Belt and Road Inititive) доирасида йўлга қўйилган 60 миллиард долларлик Хитой-Покистон иқтисодий коридорини муҳокама қилади.

Хон, шунингдек, Деҳлининг Кашмирнинг Ҳиндистон бошқарувидаги ҳудудини автономия ҳуқуқидан айирганини ҳам муҳокама қилади. Хитойнинг ҳам Ҳиндистон билан чегара масаласида келишмовчиликлари бўлиб, Пекин Деҳлининг Кашмирдаги ҳаракатларини қоралаб келади.

ЕИ Ташқи ишлар идорасининг янги раҳбари: Европа ўз Шарқига катта эътибор қаратиши керак

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар идораси раҳбари этиб тайинланган Жозеп Боррель.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар идораси раҳбари этиб тайинланган Жозеп Боррель Европа шарқи блок ташқи сиёсати кун тартибининг энг муҳим масалаларидан бири бўлиши керак, деб баёнот берди.

7 октябрь куни Брюсселда Европа Парламентининг ташқи ишлар қўмитаси олдида сўзлаган Боррель Европа ва Россия ўртасида кескинлашиб бораётган тангликни тилга олди ҳамда сўнгги ўн йил ичида дунёдаги аҳвол салбий жиҳатга ўзгарди деган фикрни билдирди.

Боррель Хитойнинг ошиб бораётган қудрати, Европа Иттифоқининг АҚШ билан келишмовчиликлари ҳамда тобора агрессивлашиб бораётган Кремль Европанинг халқаро майдондаги ролига босим ўтказаётганини таъкидлади.

Ҳозирда Испания ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаётган Боррель 15 дақиқага чўзилган нутқида Европа ўз чегарасидаги муаммоларни ҳал қила олмаси, глобал ўйинчи бўлиш орзусига эриша олмаслигини айтди.
Шу сабабдан Боррель илк расмий ташрифини Косово пойтахти Приштинага қилишини айтди. Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллик эълон қилган бўлиб, буни Испания ва яна тўрт Европа Иттифоқи давлати тан олмай келади.

Боррелдан аввал Европа Иттифоқи Ташқи ишлар идораси раҳбари лавозимида беш йил давомида Федерика Могерини ишлади.

Туркия шимолий Сурияда амалиёт ўтказишга ҳозирланар экан, Трамп Эрдўғонни огоҳлантирди

АҚШ президенти Дональд Трамп

7 октябрь куни Туркия Мудофаа вазирлиги Сурия шимолида ўтказилиши режалаштирилаётган ҳарбий амалиётга тайёргарлик чоралари якунланганини маълум қилди.

Бир кун олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Туркиянинг Сурия шимолида, Фрот дарёси шарқида “хавфсизлик зонаси” ўрнатиш режасига тўсқинлик қилмаслигини айтган эди. Туркия ушбу зонага 2 миллионга яқин суриялик қочқинни жойлаштирмоқчи.

7 октябрь куни юқори лавозимли АҚШ расмийси ҳудуддаги 50 ка яқин АҚШ ҳарбийлари бошқа ерга олиб кетилаётганини билдирди. Бир вақтнинг ўзида расмий АҚШ Суриядан бутунлай чиқиб кетаётганини рад этди.

Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Туркия амалиёти давомида АҚШ ҳарбийларига зиён етса, оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Агар Туркия, бирор нима қилсаю уни буюк ва беназир донолигимга қарамай, қуюшқондан чиқди деб ҳисоблайдиган бўлсам, мен Туркиянинг иқтисодиётини батамом вайрон ва барбод қиламан, - деб ёзди Трамп Твиттерида.

Хабарларга кўра, Америка ҳарбийлари аллақачон Сурия ва Туркия чегарасидаги ҳудуддан чиқиб кета бошлаган. Ҳарбийлар кўчишни бошлашидан бир неча соат олдин Оқ уй Туркиянинг шимолий Сурияда курдлар етакчилигидаги жангчиларга қарши амалиётига тўсқинлик қилмаслигини маълум қилган эди.

АҚШ Хитойдаги мусулмонлар ҳуқуқларини бузаётган давлат ташкилотлари ва ширкатларга санкция жорий қилди

Уйғур қизлари.

Қўшма Штатлар 8 октябрь куни Шинжон- Уйғур мухториятидаги уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар ҳуқуқларини бузишда гумонланаётган Хитойнинг 28та давлат ташкилоти ва хусусий ширкатни санкциялар рўйхатига киритди.

Қора рўйхатга киритилган ташкилотлар орасида Шинжон-Уйғур мухторияти жамоат хавфсизлиги бошқармаси, унга бўйсунувчи 19та бўлинма ва 8та хусусий ширкат, жумладан, Hikvision компанияси ҳам бор.

Hikvision жаҳонда видеокузатув системаларини ишлаб чиқарувчи энг йирик ширкат ҳисобланади.

АҚШ Савдо вазирлиги баёнотида айтилишича: “Санкция рўйхатига киритилган ширкатлар инсон ҳуқуқларини бузишда, репрессияларга, оммавий тарзда ноқонуний қўлга олишларга, уйғурлар, қозоқлар ва озчиликни ташкил қилувчи бошқа мусулмон халқлар вакилларига нисбатан электрон кузатувни жорий қилганликда айбланмоқда”.

Санкциялар рўйхатига киритилган мазкур ташкилот ва ширкатларга АҚШ ҳукуматининг махсус рухсати берилмагунига қадар Америка технологияларини сотиш тақиқланади.

Hikvision ширкати АҚШ Савдо вазирлигининг баёнотига норозилик билдирди. Ширкат бир неча ой олдин халқаро меъёрлар доирасида фаолият юритаётганини баҳолаш учун инсон ҳуқуқлари бўйича америкалик мутахассисни маслаҳатчи сифатида ёллаганини маълум қилди.

БМТ маълумотларига кўра, Хитойда миллион нафардан ортиқ уйғурлар ва бошқа мусулмонлар “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланмоқда.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистонга келади

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистонга қиладиган икки кунлик ташрифи доирасида президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашади.

Лавровнинг Нур-Султонга ташрифи 8 октябрда бошланади. У дастлаб Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди билан музокарлар ўтказади.

“Ташқи ишлар вазирлари Россия-Қозоғистон ҳамкорлигига оид муҳим масалаларни, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги алоқаларни муҳокама қилади”, дейилади расмий билдирувда.

Томонлар жорий йил якунида ўтказилиши кутилаётган ўзаро оммавий тадбирларга тайёргарлик масаласини ҳам кўриб чиқади. Улар орасида Омскда 16- Қозоғистон-Россия минтақавий ҳамкорлиги форуми ва Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтадиган КХШТ саммитига тайёргарлик масалалари ҳам бор.

АҚШ аскарлари Туркия ҳарбий амалиёт ўтказилиши кутилаётган ҳудуддан олиб чиқиб кетилди

Суриялик курдлар Расалайн шаҳрида Туркия ҳарбий амалиётига қарши норозилик билдириш учун АҚШ ҳарбийлари олдига келмоқда.

Туркия ҳарбий амалиёт ўтказишни режалаштирган Суриянинг шарқий ҳудудларидан америкалик 50-100 нафар аскарнинг бошқа жойга кўчирилиши АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетила бошланганини англатмайди. Бу ҳақда 7 октябрь куни Оқ Уйнинг исми айтилмаган расмийси журналистлар билан телефон мулоқоти пайтида маълум қилди.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон:

-Жаноб президент Дональд Трамп баёнот берганидай, Сурия шимоли-шарқидан АҚШ кучларини олиб чиқиб кетиш бошланди,-деб билдирган эди.

Бир неча кун олдин Эрдўғон турк қўшинлари Фирот дарёси шарқидаги Сурия ҳудудларида ҳарбий амалиётни бошлашга шай эканини билдирганди.

Эрдўғон амалиётдан мақсад Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудларини АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган курд жангари отрядларидан тозалаш ва “хавфсизлик зоналари”ни ташкил қилиш эканини айтган.

Анқара курд отрядларини террорчи гуруҳлар сифатида билади. Аммо АҚШ “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда курд жангарилари билан ҳамкорлик қилган ва уларни қўллаб-қувватлаган.

6 октябрь куни Эрдўғон Трамп билан телефон мулоқоти ўтказди. Оқ уй расмийсининг билдиришича, телефон суҳбати пайтида Дональд Трамп Эрдўғонни Туркия амалиёт ўтказган ҳудудларда АҚШ аскарларига зарар етадиган бўлса “катта кўнгилсизликлар бўлиши”дан огоҳлантирган.

Тиббиёт соҳасидаги Нобель мукофоти америкалик ва британиялик олимларга берилди

Физиология ва тиббиёт бўйича 2019 йилги Нобель мукофоти ҳужайралар муҳитдаги кислород миқдорини сезиб, тегишли тарзда мослашишини аниқлаган икки америкалик ва бир британиялик олимга берилди.

7 октябрь куни Стокгольмда жойлашган Каролинска институти эълон қилган билдирувда Уильям Келин, Питер Рэтклиф ва Грегг Семенцлар “тирик ҳаётнинг энг муҳим мослашув жараёнлари механизмини кашф этгани” айтилади.

“Улар кислород даражаси қай йўсинда ҳужайра метаболизми ҳамда физиологик функциясига таъсир кўрсатишини тушунишимизга асос яратишди. Уларнинг кашфиётлари, шунингдек, анемия, саратон ва бошқа кўплаб касалликларга қарши янги стратегиялар учун йўл очди”, дейилади институт баёнотида.

Учала олим 9 миллион крон ($918,000 АҚШ доллари) нақд пул мукофоти билан тақдирланади.

Бу йилги мукофот 1901 йилдан бери физиология ва тиббиёт бўйича берилган 110-мукофот бўлди.

8 октябрда физика, унинг эртаси кимё бўйича бу йилги ғолиблар номлари эълон қилинади. Адабиёт бўйича мукофот 10 октябрда, Нобель-Тинчлик мукофоти эса 11 октябрь куни эълон қилинади.
Иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори исми эса 14 октябрда эълон қилинади.

Адабиёт бўйича Нобель мукофотини Швеция академияси, физика, кимё ва иқтисод бўйича мукофотларни Швеция Қирол фанлар академияси, Нобель-Тинчлик мукофотини эса Норвегия пойтахти Ослода жойлашган Норвегия Нобель қўмитаси топширади.

Минскда Россия билан интеграцияга қаршилар норозилик акциясини ўтказди

Аляксандр Лукашенка

Минск шаҳрининг “Озодлик” майдонида ўнлаб одам Беларуснинг Россия билан потенциал интеграциясига қарши норозилик акциясига чиқди.

Акцияни таниқли мухолифатчи ҳамда президентликка собиқ номзод Макалай Статкевич уюштиргани айтилмоқда.

Статкевич жорий президент Аляксандр Лукашенкани назарда тутиб, “Бу шахс мамлакатимиз, давлатимизни сотиши керакми?” деди.

“Коммерсантъ” ва бошқа рус нашрларида декабрь ойида Россия ва Беларусь келажакда интеграциялашув режасини имзолаши ҳақида хабар бериши ортидан, Беларусда Москва билан яқиндан алоқа ўрнатишга қаршилар орасида хавотир уйғонди.

Матбуот хабарларига кўра, Россия ва Беларус ўртасида иттифоқ келишуви имзоланганига 20 йил тўлган кун – 8 декабрда Лукашенка ва Россия президенти Владимир Путин қатор келишувни имзолайди.

1999 йили имзоланган келишувда ягона валюта, банк ва солиқ тизимини жорий қилиш назарда тутилган эди. Аммо имзоланиши кутилаётган янги келишувларда ягона солиқ кодекси ҳамда солиқ сиёсатининг айрим жиҳатларини бирлаштириш кўзда тутилгани хабар қилинди.

Оқ уй: Туркия шимолий Сурияда амалиёт бошлайди

Дональд Трамп

Оқ уй Туркия Сурия шимолига юриш режасини амалга оширишини маълум қилди. Бундан эса АҚШ қўллаб келган курд жангчилари тақдири мавҳум қолади.

Президент Дональд Трамп маъмурияти бу ҳақда 6 октябрь куни эълон қилди. Ўша куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Трамп билан телефонда суҳбат қилганини, икки етакчи кейинги ойда Вашингтонда учрашишга келишиб олганини маълум қилган эди.

Оқ уй баёнотида АҚШ Туркиянинг “кўпдан бери режалаштирилиб келаётган амалиётини қўлламайди ёки унда қатнашмайди”, дейилади.

Шунингдек, билдирувда АҚШ қўшинлари амалиёт ўтказиладиган ҳудудда қолмаслиги айтилган.

Бундан нари қўлга олинган “Ислом давлати” жангарилари тақдири Туркия қўлида бўлади. Оқ уй билдирувига кўра, жангариларни асл ватанлари бўлмиш Франция, Германия ва бошқа Европа давлатлари қайтиб олишдан бош тортган.

Туркия АҚШ, Россия ва Эронни Сурия шимолида “хавфсизлик зонасини” ўрнатишга чақириб келади.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, бундай зона Фрот дарёси шарқий соҳилида яратилади. Сурияда 2011 йилдан бери тинчимаётган фуқаролар урушида минглаб одам ҳалок бўлди.

Қирғизистондаги иккита кўмир конида олти шахтёр ҳалок бўлди

Қирғизистондаги ташландиқ кўмир конларидан бирида кўмир қазиётган одамлар.

Қирғизистоннинг Қизилқия ва Сулукта шаҳарларидаги иккита кўмир конида икки кун ичида кетма-кет юз берган фалокатларда олти нафар одам ҳалок бўлди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, 6 октябрь куни тушдан кейин Қизилқиядаги кўмир конларидан бирида бахтсиз ходиса туфайли уч киши ҳалок бўлган. Расмийлар ҳодиса тафсилотлари ҳақида ҳозирча маълумот бермаяптилар.

Сулукта шаҳридаги ҳодиса эса 5 октябрда юз берган. Кўмир конида газдан заҳарланган беш одам касалхонага келтирилган. Улардан уч нафари хушига келмай вафот этган, қолган икки нафарининг аҳволи яхшилангани билдирилди. Вафот этганларнинг барчаси ака-укалар бўлган.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда 2017 йилда конларда 26 ҳалокат юз берган ва уларда 24 одам вафот этган. 2018 йилда шахталарда қанча одам ҳалок бўлгани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.

Тожикистон Суриядаги ватандошларини олиб келмоқчи

Иллюстратив сурат.

Тожикистон ҳукумати Суриядаги қочқинлар лагерларида яшаётган тожикистонлик аёллар ва болаларни ватанларига қайтаришга тайёрлигини билдирди.

Аввалроқ БМТ Суриядаги лагерларда қочқинлар чидаб бўлмас даражадаги оғир шароитларда яшаётганини маълум қилганди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 5 октябрда тожик дипломатлари бу масалада Сурия ҳукумати вакиллари билан учрашганлари ҳақида хабар берди. Дипломатлар Тожикистонга қайтарилиши кутилаётган одамларнинг шахси ва аниқ сонини ўрганишмоқда.

Тожик томони эга бўлган маълумотларга қараганда, Суриядаги қочқинлар лагерларида 575 аёл ва бола сақланмоқда. Уларнинг асосий қисми “Ислом давлати” сафига қўшилган оилаларнинг вакилларидир.

Тожикистон жорий йил баҳорида Ироқдан 84 тожик боласини ватанига олиб келган эди. Бу болаларнинг оталари жангарилар сафларида ҳалок бўлган, оналари эса узоқ муддатга қамалган.

Тожикистон ҳукуматининг билдиришича, 2014 йилдан бери 1900 нафар тожикистонлик Сурия ва Ироққа кетиб, “Ислом давлати” гуруҳига қўшилган.

Ироқдаги намойишларда ҳалок бўлганлар сони 104 кишига етди

Ироқдаги намойишларда ҳалок бўлганлардан бирининг дафн маросими.

Ироқда 1 октябрдан бери аксилҳукумат намойишига чиққанларнинг полиция билан тўқнашувларида камида 104 одам ҳалок бўлди.

Ички ишлар вазирлиги 6 октябрь куни яраланганлар сони 6107 нафарга етганини, улардан 1200 нафари хавфсизлик ходимлари эканини билдирди. Ҳалок бўлганлардан саккиз нафари полициячидир.

Расмий маълумотларга қараганда, норозилар 51та жамоат биноси ва саккизта сиёсий партия штаб-квартирасига ўт қўйган.

-Биз сиёсий партияларни хоҳламаймиз. Юз одам ўлган бўлсада, кўчага яна бизга ўхшаган миллион одам чиқади,-деди норозилардан бири.

Бағдодда ишсизлар сони ортиб бораётгани ва яшаш шароити ёмонлашаётганидан ғазабланган кишилар 1 октябрдан бошлаб норозилик намойишларига чиқа бошлади. Шундан сўнг мамлакатнинг шиалар кўп яшайдиган жанубий ҳудудларида ҳам норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Туркия Сурия билан чегарага қўшимча ҳарбий кучларни жалб қилмоқда

Сурия чегарасидаги турк ҳарбий техникаси.

Туркия Акчақала минтақасида Сурия билан чегарадош ҳудудларга қўшимча аскарлар ва ҳарбий техникани жалб қилишни бошлади. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк қўшинлари Фирот дарёси шарқидаги Сурия ҳудудларида ҳарбий амалиётни бошлашга шай эканини билдирди.

Эрдўғон амалиётдан мақсад Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудларини АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган курд жангари отрядларидан тозалаш ва “хавфсизлик зоналари”ни ташкил қилиш эканини айтди.

Анқара курд отрядларини террорчи гуруҳлар сифатида билади. Аммо АҚШ “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда курд жангарилари билан ҳамкорлик қилган ва уларни қўллаб-қувватлаган.

Эрдўғон 6 октябрь куни ҳарбий амалиётни бошлаш тўғрисида яқин соатларда қарор қабул қилинишини билдирган.

Туркия 2016 йилда Сурияда президент Башар Ассадга қарши “Фирот қалқони” ҳарбий амалиётини ўткизган эди. 2018 йилда эса Туркия ҳарбийлари Сурияда курд жангариларига қарши қатор амалиётларни амалга оширган.

Косоводаги парламент сайловида мухолифатчи партиялар ғолиб бўлди

Косоволик аёллар овоз бермоқда.

Косоводаги иккита асосий мухолифат партияси - Косово Демократик Лигаси ва Ветевендоше 6 октябрда ўтган навбатдан ташқари парламент сайловида мамлакатни 12 йилдан бери бошқариб келган ҳукмрон партия устидан ғалаба қозонди.

Овозларнинг 80 фоизи санаб бўлинганидан сўнг маълум қилинишича, миллатчиларнинг Ветевендоше партияси 26 фоиз, Косово Демократик Лигаси 25 фоиз овоз олган. Косовога 12 йил ҳукмронлик қилган Косово Демократик партияси эса 22 фоиз овозга эгалик қилмоқда.

Косово Демократик партияси лидери Кадри Весели партия мағлубиятга учраганини ва сайлов натижаларини тан олишини билдирди. Унга кўра, бундан буён собиқ ҳукмрон партия мухолифатда бўлади.

Сайловнинг якуний натижалари 7 октябрь куни эълон қилинади. Расман маълум қилинишича, 1,9 миллион сайловчининг 44 фоизи сайловда овоз берган. Бу ўтган йиллардаги кўрсаткичларга қараганда анча кўпдир.

Косово 2008 йили Сербиядан мустақиллик эълон қилгандан бери тўртинчи марта парламент сайловини ўтказмоқда.

Косово парламенти 120 депутатлик ўрнидан иборат. Парламентдаги 120 та ўриндан 10 таси этник серблар ва яна 10 таси этник турклар ва лўлилар учун ажратилади.

БМТ расмийси Ироқдаги зўравонликни дарҳол тўхтатишга чақирди

БМТ бош котибининг Ироқдаги махсус вакили Жанин Ҳеннис-Пласшерт Ироқдаги норозиликларга қарши зўравонликни қоралади ҳамда беш кунда ҳалок бўлганлар сони 100 кишига яқинлашиб қолгани хабар қилингандан сўнг: “Бу жараён тўхтатилиши шарт!” деб айтди.

Мен барча томонларни тўхтаб, ўйлаб кўришга чақираман. Зўравонлик учун масъул кишилар жавобгарликка тортилиши керак. Бутун Ироқда бирдамлик руҳи устун бўлиши зарур, − деди ва “одамлар ҳалок бўлганидан чуқур қайғуга ботдим”, дея қўшимча қилди у.

Ироқ парламентининг инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалалари бўйича комиссияси маълумотига кўра, 1 октябрдан бери 99 киши ўлдирилган, деярли 4000 киши ярадор бўлган.

Ишсизлар сони ортиб бораётгани ва яшаш шароити ёмонлашаётганидан ғазабланган кишилар ҳукуматга қарши, дастлаб пойтахт Бағдодда, сўнгра мамлакатнинг шиалар кўп яшайдиган жанубий ҳудудларида норозилик намойишларига чиқди.

Ушбу қадам амалдорлар ўртасидаги коррупцияга барҳам бериш ва ҳукуматни алмаштиришдай кенг миқёсли норозилик намойишларига айланиб кетди.

Ироқ шиаларининг машҳур руҳонийси Муқтадо ас-Садр 4 октябрда ҳукуматни истеъфога чиқишга ва янги сайлов ўтказишга даъват этди.

Косоволиклар навбатдан ташқари парламент сайловида овоз бермоқда

Косоводаги навбатдан ташқари парламент сайловида овоз бериш бошланди.

1,9 миллион киши сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга. Улар 2008 йили Косово Сербиядан мустақиллик эълон қилгандан бери бўлиб ўтаётган тўртинчи сайловида 120 нафар парламент аъзосини сайлаши керак.

Гаагадаги Халқаро ҳарбий трибунал прокурорлари июль ойида бош вазир Рамуш Ҳарадинайни Косово озодлик армияси командири сифатида уруш даврида қилган ишлари бўйича сўроққа чақиргандан сўнг истеъфога чиқиши сабаб янги сайлов эълон қилинган эди.

Сайлов олдидан коррупция, ишсизлар кўплиги ҳамда Косовонинг Сербия билан БМТга аъзолигига йўл очиши мумкин бўлган тинчлик битими имзолаш ҳақидаги масалалар кўтарилган сайловолди кампанияси бўлиб ўтган эди.

Ҳарадинай бошлиқ уч партияли бошқарув коалицияси ҳисоботидан жамоатчилик норози бўлгани ўнг марказчи Косово демократик лигаси (ЛДК) ҳамда миллиятчи ва сўл “Ветевендошйе” партияси биринчи ўринни олиш учун курашмоқда.

ЛДК етакчиси Вйоса Усмонийни ҳисобга олмаганда, барча бош вазир лавозимига асосий даъвогарлар Косово озодлик армияси аъзоларидир.

Этник албанлардан иборат бўлгинчи халқ лашкаридан иборат ушбу армия 1998-99 йиллардаги Косово урушида Сербия ҳокимият идораларига қарши жанг қилган ва уруш НАТОнинг кўпсонли этник албанлар ёнини олган аралашуви билан якун топган эди.

Парламентдаги 120 та ўриндан 10 таси этник серблар ва яна 10 таси этник турклар ва лўлилар учун ажратилади.

Руминия шарқидаги автоҳалокатда 10 одам ўлди, 7 одам жароҳатланди

Ҳалокат 5 октябр куни маҳаллий вақт билан тонгги 5лар атрофида Балажу қишлоғи яқинидаги   DN2A автомагистрал йўлида содир бўлди.

Руминия шарқида микроавтобус юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида 10 одам ҳалок бўлди, 7 одам жароҳатланди.

Ҳалокат 5 октябр куни маҳаллий вақт билан тонгги 5лар атрофида Балажу қишлоғи яқинидаги DN2A автомагистрал йўлида содир бўлди.

Руминия Ички ишлар вазири Раед Арафат жароҳатланганлардан тўрт нафари ўта оғир аҳволда касалхонага ётқизилганини айтди.

Ҳалокат сабаблари ўрганилмоқда.

Руминия Европа Иттифоқи давлатлари орасида авариялар кўп бўладиган давлат ҳисобланади.



Франция полицияси Париждаги полициячиларга ҳужумни теракт сифатида тергов қилмоқда

Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари Парижда полициячиларга қилинган ҳужумни теракт сифатида тергов қилмоқда.

Le Figaro нашри хабарига кўра, пайшанба куни пичоқ билан қуролланган 45 ёшли эркак тўрт полиция ходимини ўлдирган.

Воқеа 3 октябр куни Париж марказида жойлашган Сите оролидаги полиция бўлимида юз берди.

45 ёшли эркак полициячи экани ва 4 нафар ҳамкасбини пичоқлаб ўлдиргани ҳақда “Евроньюс” телеканали хабар берган эди.

Босқинчининг ўзи бошқа полициячилар томондан отиб ўлдирилганди.

Le Parisien нашри эса ҳужумчининг исми Микаэл Харпон экани, у ҳужум олдидан дўкондан керамик пичоқ сотиб олгани ва бу ҳақда хотинига маълум қилар экан "ёлғиз ҳакам ҳудодир, Аллоҳу Акбар" деб СМС ёзгани ҳақида хабар қилди.

Франция полицияси Харпон халқаро террор ташкилотларига алоқадор бўлганини назардан соқит қилмаяпти.

БМТ: Афғонистонда 4 йил ичида болалар 14 минг марта зўравонликка дучор бўлди

Афғонистонлик болалар Совет Армиясидан қолган танк қолдиғи устида турибди.

БМТнинг Афғонистондаги уруш ва болалар қисмати ҳақидаги навбатдаги ҳисоботига кўра, бу мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазият оғирлашиб бораётгани оқибатида кейинги тўрт йил ичида ёш болалар 14 минг марта зўравонликка йўлиққан. Уларнинг 3500 нафари ҳалок бўлган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерреш болалар урушдан энг кўп азият чекаётганини кескин қоралади. БМТ ҳисоботига кўра, сўнгги тўрт йил ичида 9 мингга яқин ёш бола тан жароҳати олган.

Гутерреш 2015-2018 йилларда ҳалок бўлгани аниқланган оддий фуқароларнинг учдан бири болалар эканлиги ўта ташвишли эканлигини айтди. Котиб 2015-2018 йилларда аввалги тўрт йилга солиштирганда 82 фоизга кўпроқ ёш бола ҳалок бўлганини таъкидлади.

БМТ ҳисоботига кўра, кейинги йилларда 2015 йилга қиёслаганда ҳаво ҳужумлари туфайли ҳалок бўлган болалар сони кескин ортган. Болалар ўлимига ва жароҳат олишига ердаги отишмалар ва бомбалар ҳам сабаб бўлмоқда.

БМТ 2015-18 йилларда 1,049 бола ҳаво ҳужумларидан жабр кўрганини, уларнинг 464 нафари ҳалок бўлганини аниқлаган.

АҚШ расмийлари Зеленскийга Байденларни тергов қилиш ваъдаси эвазига Вашингтонга ташриф уюштиришни таклиф қилган

АҚШнинг Украинадаги собиқ махсус вакили Курт Волкер .

Кейинги кунларда ошкор бўлган электрон мактуб ва ҳужжатлардан юқори лавозимли АҚШ расмийлари Украина президенти Володимир Зеленскийга 2020 йилги президент сайловида Дональд Трампнинг асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байденни тергов қилиш ваъдаси эвазига Вашингтонга ташриф уюштиришни таклиф қилгани ошкор бўлди.

АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари президент Трамп телефон орқали Зеленскийга Байденларни тергов қилишга ундагани учун импичмент суриштирувини бошлаб юборган. 3 октябрь куни Намоёндалар палатаси расмийлари АҚШнинг Украинадаги вакили лавозимида ишлаган Курт Волкер билан ўтказилган 10 соатлик суҳбат ортидан айрим ҳужжатларда эълон қилди.

25 июль куни Трамп ва Зеленский телефон орқали суҳбатлашишидан олдин Волкер қуйидаги СМС мактубни ёзган: “Оқ уйдан эшитдим - Президент З. Трампни 2016 йилда нима бўлганини тергов қилишига / “тагига етишига” ишонтирса, Вашингтонга ташриф учун бирор кунни белгилаймиз”.

Афтидан, Зеленский маслаҳатчиларидан бири бу таклифга рози бўлган.
Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден отаси собиқ президент Барак Обама маъмуриятида ишлаган пайтда “Бурисма” газ ширкатига етакчилик қилган. Байденлар бирор қонунбузарликка қўл урганини кўрсатувчи далил йўқ.

Трамп ва Зеленский суҳбати ортидан Зеленский маслаҳатчиларидан бири Андрий Ермак Волкерга суҳбат яхши ўтгани ҳақида ёзган. Бунинг ортидан Ермак Зеленский ва Трамп учрашиши мумкин бўлган бир неча кунни таклиф қилган.

Трамп ота-ўғил Байденларнинг Хитойдаги фаолиятини суриштиришга чақирди

Жо Байден (ўнгда) ва унинг ўғли Ҳантер (чапда) 2003 йил декабридаги Хитой сафари чоғида.

АҚШ президенти Дональд Трамп Пекинни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байденнинг Хитойдаги фаолияти юзасидан суриштирув ўтказишга чақирди.

Айни дамда АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари Трамп телефон орқали суҳбатда Украина президенти Володомир Зеленскийни Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундагани учун импичмент суриштирувини олиб бормоқда.

3 октябрь куни журналистлар саволларига жавоб берган Трамп Хитой ҳам, Украина ҳам собиқ вице-президент Жо Байден ва унинг ўғли Ҳантер Байденни тергов қилиши кераклигига ишонишини таъкидлади.
Президент, шунингдек, импичмент суриштирувини “ахлат” дея баҳолади.

- Президент Зеленскийга, унинг ўрнида бўлганимда, Байденларни тергов қилишни тавсия қилган бўлардим. Худди шу каби, Хитой ҳам Байденларни тергов қилиши керак, чунки [Байденлар] Хитойда қилган ишлар Украинада қилган ишларидек ёмон, - деди Трамп.

Трамп Хитой президенти Си Цзиньпиндан Байденни тергов қилишини сўраганми-йўқлиги ҳақидаги саволга:

- Йўқ, лекин бу ҳақда ўйлаб кўрсак бўлади, - деб жавоб берди.
Журналистлар олдида қилган чиқишидан бир оз вақт ўтиб, президент Twitterда коррупцияни тергов қилиш ўз бурчи эканлиги ҳақида ёзди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Хитой аёвсиз савдо урушини бошлаган бўлиб, бу ҳолат жаҳон иқтисодига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG