Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 17:38

Халқаро хабарлар

Гуржистонга борган уч сенатор Россияга кучлироқ санкциялар қўлланишини истайди

Гуржистонга сафар қилган АҚШнинг уч сенатори Россия ва президент Владимир Путинга қарши кучлироқ санкцияларни жорий этишга ҳаракат қилишларини айтди.

1 январда Тбилисига борган республикачи сенатор Линдсей Граҳам “биз 2017 йилни ҳужум йили бўлишлига умид қиламиз.... Путинга қарши ҳаракат қилиш пайти келди," деди.

"Шахсан (Путинга) ва Россияга энергетика ва банк соҳаларига қарши кучли санкциялар жорий этиш пайти келди," деди Граҳам.

Сенатор Граҳам Сенатор Жон Маккейн ва Эми Клобукар билан НАТОга киришга умид қилаётган Гуржистонда икки кун бўлади.

"Биз ўз ҳамкасбмларимизни Россияга қарши кучлироқ санкциялар жорий этишга чақирамиз " деди Маккейн.

Уч сенатор Гуржистон бош вазири Гиорги Квирикашвили ва президент Гиорги Маргвелашвили билан 2 январда учрашишади.

Нажафда содир этилган икки худкушлик ҳужумида 8 киши ҳалок бўлди

Ироқ расмийларига кўра, икки худкуш ҳужумчи шиаларнинг муқаддас шаҳри Нажафда камида саккиз кишини ўлдирган.

Полиция ва шифокорларга кўра, Нажафдаги полиция назорат нуқтасида 1 январда содир этилган ҳужумда яна 22 одам яраланган.

Гувоҳлар сўзларига кўра, ҳужумчилар назорат нуқтасини ўққа тутганлар ва сўнгра ўзларини портлатиб юборганлар.

31 декабрда Бағдоддаги бозорда содир этилган икки худкушлик ҳужумида 28 киши ҳалок бўлганди.

Мазкур ҳужум учун масъулиятни шиаларни кофир деб биладиган "Исломий давлат" экстремист гуруҳи ўз зиммасига олди.

Нажафдаги ҳужум ким томонидан содир этилгани ҳозирча аниқ эмас.

"Исломий давлат" жангарилари ўтган ҳафталарда ўз ҳужумларини кучайтиришди.

Ким Чен Ин: Шимолий Корея тез орада қитъалараро баллистик ракета яратади

Шимолий Корея раҳбарининг эълон қилишича, мамлакати қитъалараро баллистик ракетани яратишнинг "сўнгги босқичи"да турибди.

Халққа қилган янги йил мурожаатида Ким Чен Ин Шимолий Корея 2016 йилда "ядровий мамлакатлар сирасига кирди ва тез орада қитъалараро баллистик ракетага эга бўлади", деб айтди.

Ахборот агентликларининг олимлар фикрларига таянган ҳолда маълум қилишларича, Пхенян ядровий зарядни элтишга қодир қитъалараро ракетани яратиши учун яна бир неча йил ишлаши керак.

Жанубий Кореяда эса президент вазифасини бажараётган ҳукумат раҳбари янги йил мурожаатида Сеул Шимолий Кореядан келаётган таҳдид сабаб ҳарбий харажатларни сезиларли даражада орттиришини айтди.

2016 йила Шимолий Корея икки марта ядровий ва бир неча марта баллистик ракеталар синовини ўтказди.

Италияда болаларга "Қорбобо йўқ", деган дирижёр ишдан бўшатилди

Римда болаларга қорбобо йўқ, деган оркестр дирижёри Жакомо Лоприено ишдан бўшатилди.

Агентликлар хабарига кўра, Лоприено болаларнинг Диснейда ишланган "Фрозен" ("Музюрак") мультфильмига ишланган мюзиклга унчалик қизиқиш билдирмаганидан жаҳли чиққан. Концертдан сўнг дирижер болаларга: "Ҳеч қанақа Қорбобо йўқ," деб айтган.

Бундан ранжиган ота-оналар ижтимоий тармоқларда болаларнинг кўнгли ўксиганини ёзганлар.

Натижада шоу ташкилотчилари унинг ўрнига бошқа дирежёр топишга мажбур бўлганлар.

Хитой фил суяги савдосини бутунлай тақиқлайди

Хитой ҳукумати 2017 йилнинг охирига бориб фил суяги билан савдо қилишни бутунлай тақиқлаш нияти борлигини эълон қилди. Бу, бир йилдан сўнг фил суяги билан савдо қилувчи дунёдаги энг катта бозор ёпилади ва Африкадаги филларнинг браконьерлик овига нуқта қўйилади, деган умидни беради.

Жаҳон ёввойи табиат фонди бошлиғи Картер Робертс Хитой ҳукуматига ёзган мактубида, буни "бурилиш" қарори деб атади. Унинг қайд қилишича, 2016 йилда фил суяги савдосини тақиқлаган АҚШ ва Хитойда фил суяги жаҳон бозорларининг ёпилиши, ҳайвонларни глобал тарзда қўриқлаш имконини беради.

Мутахассислар маълумотига кўра, сўнгги ўн йилда Африкада юз мингдан ортиқ фил браконьерлар қурбони бўлган.

Бағдоддаги портлашда қарийб 30 одам ҳалок бўлди

Бугун эрталаб Бағдоддаги одамлар билан гавжум бозордаги портлашда кетма-кет икки портлаш содир этилди. Бу террорчилик ҳаракати оқибатида ўттизга яқин одам ҳалок бўлди ва ўнлаб киши жароҳат олди.

Бу портлашлаш октябрь ойи ўртасида содир этилган террорчилик ҳаракатидан кейин энг қонли ҳодиса бўлди. Бундай портлашларнинг аксариятини фаолияти тақиқланган ИШИД экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олган.

Ироқ шимолидаги Мосул шаҳрини ушлаб турган жиҳодчиларга қарши ҳарбий амалиётлар 17 октябрда бошланганидан буён, Бағдод шаҳрида хавфсизлик махсус режими амал қилаётган эди.

Бразилияда полициячи Греция элчисини пичоқлаб ўлдирди

Бразилия полициячиси Сержио Морера Греция элчиси Кириакос Амиридисни ўлдирганлигини ва унинг хотини ўйнаши бўлганини тан олди. Полициячи элчини Рио-де-Жанейро шаҳрида пичоқлаб ўлдирган. Элчининг беваси, полициячи ва жасадни судрашда ёрдам берган унинг қариндоши ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Reuters мухбири терговчилардан олган маълумотига асосланиб хабар берди.

Хабарда айтилишича, кеча бразилия полицияси ичида куйиб кетган одами бор ёндирилган автомобилни топган. Бир неча кун аввал эса Греция элчисининг хотини эри йўқолиб қолганлиги ҳақида полицияга мурожаат қилган эди.

Полиция маълумотига кўра, бу автомобилни полициячи бир неча кун аввал ижарага олиб ғойиб бўлган. 59 яшар элчи Кириакос Амиридисни сўнги марта 26 декабрда кўришган.

Бразилиянинг Globo телеканали хабарига кўра, терговчилар элчининг ўғирланганига шубҳа қилишган, чунки ҳеч ким унинг оиласига тўлов сўраб мурожаат қилмаган.

Кириакос Амиридис Бразилиянинг Бразилиа шаҳридаги грек дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилишни жорий йилнинг январь ойида бошлаган эди. У Рио-де-Жанейро шаҳрига Рождество ва Янги йил байрамларини нишонлаш учун келган эди.

Путин: Россия АҚШ дипломатларини ҳайдамайди

Россия Президенти Владимир Путин америкалик дипломатларни мамлакатдан ҳайдамасликка қарор қилди.

Бу ҳақда хабар қилган Интерфакс маълумотига кўра, Путин "Биз ҳеч кимни мамлакатдан чиқариб юбормаймиз" деган.

Бугун Россия Ташқи ишлар вазирлиги 35 нафар америкалик дипломатни мамлакатдан ҳайдаш таклифи билан президент Владимир Путинга мурожаат қилган эди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу АҚШнинг рус дипломатларини ҳайдаганига жавоб эканини таъкидлади.

"Биз албатта бу кўринишдаги ҳаракатни жавобсиз қолдира олмаймиз. Ўзаро мутонасиблик бу дипломатиянинг халқаро муносабатларида қонуният ҳисобланади", деган Лавровга кўра, Россия Ташқи ишлар вазирлиги тегишли идоралар билан ҳамкорликда Москвадаги АҚШ элчихонасининг 31 ходими ва Санкт Петербургдаги Бош консулликнинг тўрт ходимини мамлакатдан чиқариб юбориш таклифини президентга киритган.

Кеча АҚШ Россия ҳукуматининг Америкада ўтган сайловларга аралашувига жавоб тариқасида 35 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориш қарорини эълон қилган эди. Шу куни АҚШ Россияни сайловлар пайтидаги кибер ҳужумларда айблаб, унга нисбатан янги санкцияларни ҳам жорий қилди.

Москва киберҳужумларга алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади.

Россия АҚШга жавобан америкалик 35 дипломатни мамлакатдан ҳайдамоқчи

Америкалик дипломатларни ҳайдаш режасини Лавров эълон қилди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги 35 нафар америкалик дипломатни мамлакатдан ҳайдаш таклифи билан президент Владимир Путинга мурожаат қилди.

"Интерфакс" маълумотига кўра, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвадаги АҚШ элчихонасининг 31 нафар ходими ва Санкт-Петербургдаги консуллик бўлимининг тўрт ходимини ҳайдаш сўраган. Ҳозирча дипломатларнинг исм-шарифлари очиқланмади.

Бу АҚШнинг айни кўринишдаги ҳаракатларига жавоб экани айтилмоқда.

Аввалроқ АҚШ Россия ҳукуматининг Америкада ўтган сайловларга аралашувига жавоб тариқасида 35 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориш қарорини эълон қилган эди. Шу куни АҚШ Россияни сайловлар пайтидаги кибер ҳужумларда айблаб, унга нисбатан янги санкцияларни ҳам жорий қилди.

Сурияда оташкесим битими кучга кирди

Суриядаги жанг майдонларидан эвакуация қилинаётган тинч аҳоли.

Россия ва Туркия ўртамчилигида Сурияда ўқ отишни тўхтатиш битми кучга кирди.

29 декабрь куни маҳаллий вақт билан ярим тунда кучга кирган битим сентябрдаги икки ҳафталик оташкесимдан сўнг эълон қилинган иккинчи умуммиллий сулҳ бўлди.

Пайшанба куни Россия президенти Путин Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида ўт очишни тўхтатиш, ўт очишни тўхтатиш устидан назорат чоралари ҳамда можарони тинч бартараф қилиш юзасидан музокараларни бошлашга тайёрлик тўғрисида 3 та келишув имзолангани тўғрисида хабар қилган эди.

Мазкур баёнот Сурия ҳукумат кучлари мухолифатнинг асосий таянч нуқтаси бўлиб турган Ҳалаб шаҳрини тўла эгаллаганидан ва қуролли исёнчилар шаҳардан чекинганидан сўнг эълон қилинди. Қуролли мухолифат Ҳалабни 2012 йилда эгаллаб олган эди.

АҚШдан Россиянинг 35 дипломати чиқариб юборилади

Обама ва Путин.

АҚШдан Россиянинг 35 дипломати чиқариб юборилади. Қўшма Штатлар президенти Барак Обама номидан тарқатилган баёнотда айтилишича, Россия ҳукуматининг АҚШда ўтган сайловларга аралашувига жавоб қаторида мана шундай қарор қабул қилинган. Дипломатлар 72 соат давомида АҚШни тарк этишлари лозим.

Бундан ташқари Мэриленд ва Нью-Йоркдаги Россияга қарашли иккита дипломатик идора сайловга оид разведка маълумотларини тўплаганлик гумони билан ёпилади. АҚШдан бадарға қилинаётган дипломатлар ҳам разведка маълумотларини тўплашда айбланмоқда.

Барак Обама 29 декабрда Москванинг АҚШда ўтган сайловлар пайтида уюштирилган кибер ҳужумларга алоқадорлиги муносабати билан Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтириш тўғрисида баёнот берган эди.

"Бу ҳаракатлар Россиянинг агрессив фаолиятига якуний жавоб эмас. Биз бундан буён ҳам турли чораларни кўришда давом этамиз”, деди Обама.

АҚШ махсус хизматлари киберҳужумларга Россия алоқадорлиги тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди

Иллюстратив сурат.

АҚШ Федарал тергов бюроси ва Ички хавфсизлик вазирлиги президентлик сайловлари пайтида уюштирилган киберҳужумлар тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди. Ҳисоботда айтилишича, киберҳужумларга Россия махсус хизматлари алоқадордир.

Ҳужжатга биноан хакерлар инфраструктура, ҳукумат ва таълим муассасаларига маълумотларни ўғирлаш мақсадида киберҳужумлар уюштирган.

Шундан келиб чиққан ҳолда 29 декабрда АҚШ Молия вазирлиги хакерлик ҳужумларига алоқадор кўрилаётган Россия ватандошлари, Федерал хавфсизлик хизмати, Россия Қуролли Кучлари бош разведка бошқармасига нисбатан санкциялар жорий қилди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги АҚШ томонидан кўрилган чораларни Москва ва Вашингтон ҳамкорлигига зарар етказувчи ҳаракат сифатида баҳоламоқда.

Сурияда ҳукумат ва мухолифат ўртасида келишувга эришилгани хабар қилинди

Сурияда ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини бошлаш тўғрисида келишувга эришилгани тўғрисида Россия президенти Владимир Путин баёнот берди.

Сурияда ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини бошлаш тўғрисида келишувга эришилгани тўғрисида Россия президенти Владимир Путин баёнот берди.

Россия ташқи ишлар ва мудофаа вазирликлари раҳбарлари билан учрашув чоғида Путин Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида ўт очишни тўхтатиш, ўт очишни тўхтатиш устидан назорат чоралари ҳамда можарони тинч бартараф қилиш юзасидан музокараларни бошлашга тайёрлик тўғрисида 3 та келишув имзолангани тўғрисида хабар қилди.

Россия президенти эришилган келишувларни “ўта мўрт”, деб баҳолади.

Олдинроқ, пайшанба куни қилган чиқиши чоғида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Анқара ва Москва янги йилгача Сурияда ўт очишни тўхтатишга эришишга ва бундай келишувнинг кафили бўлишга интилаётгани тўғрисида баёнот берди.

Туркия ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, барча чет давлат ҳарбийлари, шу жумладан шиаларнинг эронпараст “Хизбуллоҳ” гуруҳи Сурия ҳудудини тарк этиши лозим. Айни пайтда Човушўғлига кўра, Туркия Башар Асад билан музокараларга киришмоқчи эмас.

Қирғизистонда номаълум шахслар Янги йил арчасини қулатди

Мамлакат жанубидаги Боткен вилояти, Қадамжой шаҳри марказида ўрнатилган Янги йил арчасини номаълум шахслар синдириб кетди.

Бу ҳақда, қадамжойликлардан олинган маълумотга таяниб, Азаттиқ радиоси хабар қилди.

Маълум бўлишича, шаҳар мэрияси 60 минг қирғиз сўми (тақрибан $900) сарфлаб ўрнатган арчага 27 декабрга ўтар тунда зарар етказилган.

Номаълум шахслар, шунингдек, шаҳар маданият уйи деразалари ойналарини ҳам синдиргани, ички ишлар ходимлари тартиббузарларни қидираётгани хабар қилинди.

Қадамжой шаҳри - Фарғона вилоятининг Сўх ва Фарғона туманлари билан чегарадош Қадамжой тумани маркази.

Бугун Обама Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтириш масаласида баёнот беради

Президент Барак Обама.

Президент Барак Обама бугун Москванинг АҚШда ўтган сайловлар пайтида уюштирилган кибер ҳужумларга алоқадорлиги муносабати билан Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтириш тўғрисида баёнот беради.

CNN телеканалининг билдиришича, гап иқтисодий санкциялардан ташқари дипломатик чораларни қўллаш ҳақида кетмоқда. Обама ўз чиқишида сайловлар пайтида “дезинформация кампаниясига” алоқадор одамларнинг исмларини айтиши кутилмоқда.

АҚШ президентлигига сайлов жараёнида Демократик партия штаби бир неча маротаба ўз серверлари Кремль манфаатини кўзлаган рус хакерлари томонидан ҳужумга учраганини билдирган. Расман бу билдирув ҳозирча тасдиқланган эмас.

15 декабрда NBC News телеканали номи айтилмаган манбага таяниб, АҚШ сайловига шахсан “Путиннинг ўзи аралашгани” тўғрисида маълумот тарқатган эди.

Керри: Исроил ва Фаластин ўртасидаги сулҳ таҳдид остида

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Фаластин ва Исроил ўртасидаги сулҳ таҳдид остида эканини айтди.

28 декабрь куни Давлат департаментида қилган чиқишида Жон Керри бундай вазият пайдо бўлишига Фаластин ҳам, Исроил ҳам бирдек айбдор эканини таъкидлади. Керрига кўра, Исроилнинг Фаластин ҳудудида яҳудий қишлоқларини барпо этиш сиёсати ижобий натижаларга олиб келмайди. Шу билан бир қаторда Керри “АҚШ Исроилнинг катта дўсти”эканини яна бир бор такрорлади.

Айни пайтда Жон Керри мазкур ҳудудда Исроил билан бир қаторда Фаластин давлатини ташкил этиш минтақадаги тинчликнинг гарови ҳисобланишини айтди.

Исроил ҳукумати Жон Керрининг нутқини “ҳолис эмас”, деб баҳолади. Исроил расмийларига кўра, Керри фаластинликларнинг яҳудий давлатини тан олишни истамаётганига эътибор қаратмаган.

23 декабрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроилдан Фаластин ҳудудида яҳудий қишлоқларни кенгайтириш амалиётини тўхтатиш талаби билан резолюция қабул қилган эди. Мазкур ҳужжат учун Хавфсизлик кенгашига аъзо 14 давлат овоз берган, АҚШ эса бетараф қолган.

Исроил бу резалюцияни тан олмаслигини билдирган.

Мадридда ҳаво ифлосланиши ортидан автомобил ҳаракати чекланди

Мадрид.

Испаниянинг Мадрид шаҳар мэрияси мамлакатда биринчи маротаба шаҳар марказида автомобиллар ҳаракатланишига чеклов киритди.Чеклов киритилишига шаҳар атмосферасининг ифлослангани сабаб бўлди.

Пайшанба куни эрталабки соат 6дан кеч соат 9гача Мадридга давлат рақамида жуфт сонлар бўлган автомобилларнинг кириши тақиқланади. Шунингдек, кўчаларда маҳаллий аҳолининг машиналаридан ташқари автомобилларни парковка қилишга ҳам рухсат берилмайди. Бу қоидани бузганларга 90 евро жарима солинади.

Мадрид мэриясига кўра, жума кунигача шаҳар ҳавоси тозаланмаса, у ҳолда шаҳарга фақат давлат рақамида тоқ сонлар бўлган машиналарнинг киришига рухсат берилади.

3 миллиондан кўпроқ одам яшайдиган Мадридда 1 миллион 800 мингта автомобил рўйхатга олинган. Бунинг ортидан Мадридда ҳаво тез-тез ифлосланиб туради ва аҳолининг нафас олиши қийинлашади.

Туркия ва Россия Сурияда оташкесим режасини ишлаб чиқди

Туркия ташқи ишлар вазири Чавушўғли.

Туркия Россия билан ҳамкорликда Сурияда оташкесим режасини ишлаб чиқди.

Туркия ташқи ишлар вазири Чавушўғли 28 декабрь куни “Ҳужжат тайёр бўлгани”ни ва “режани исталган пайтда амалга оширишга киришиш мумкин”лигини билдирди. Чавушўғлига кўра, мазкур оташкесим ҳужжати террорчи ташкилотларга таалуқли эмас.

Anadolu агентлигининг билдиришича, ҳужжатга асосан Сурияда оташкесим ярим тунда амалга киради. Оташкесим жараёнида уруш ҳудудларидаги тинч аҳолини эвакуация қилиш имконияти берилади.

Россия томони ҳозирча Туркия ҳукумати тарқатган маълумот юзасидан муносабат билдирмади.

Назарбоев Ташқи ишлар ва Иқтисод вазирларини ишдан олди

Ерлан Идрисов 2013 йилдан бери Қозоғистон Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келди.

28 декабрь куни Қозоғистон президенти матбуот хизмати Ерлан Идрисовнинг Ташқи ишлар вазири лавозимидан бўшатилгани ва бу лавозимга Қайрат Абдураҳмонов тайинланганини хабар қилди.

Айни пайтда¸ Тимур Сулеймановнинг Қуандиқ Бишимбаев ўрнига Иқтисод вазири этиб тайинлангани ҳам маълум бўлди.

Ҳозирча Назарбоевнинг мамлакат ҳукуматидаги икки муҳим вазирни нима учун бўшатгани сабаблари очиқланмади.

Янги Ташқи ишлар вазири ҳозирга қадар Қозоғистоннинг БМТдаги элчиси бўлиб хизмат қилган. 2012 йилдан бери вазирликни бошқарган Идрисовнинг бошқа ишга ўтказилгани айтилди¸ аммо расмий баëнотда¸ унга айнан қайси лавозим берилгани ҳам очиқланмади.

Иқтисод вазири лавозимига тайинланган 38 яшар Сулейманов Қозоғистон Иқтисодий ва молиявий сиëсати кенгаши аъзоси. У АҚШдаги Мариленд университетида ўқиб¸ бизнес бошқаруви бўйича магистр илмий даражасини олган.

Япония Бош вазири Перл Ҳарборга тарихий сафар қилди

АҚШ ва Япония раҳбарлари Перл Ҳарборда.

Япония Бош вазири Шинзо Абе 2-жаҳон уруши даврида Япониянинг АҚШ ҳарбий базасига қилган ҳужуми қурбонларини хотирлаш учун Перл Ҳарборга борди.

Президент Обама ҳамроҳлигида Перл Ҳарборга келган Токио раҳбари¸ японлар ҳужуми қурбонлари руҳи¸ қолаверса¸ улар яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Айни пайтда¸ Перл Ҳарборга келган биринчи япон ҳукумати раҳбари бўлган Абе¸ ҳужум учун кечирим сўрамади.

Президент Обама АҚШ ва Япония Перл Ҳарбор даҳшатидан хулоса чиқаргани ва бу каби урушлар ҳеч қачон такрорланмаслигини англаб етганини билдирди:

- Бу тарихий ҳаракат икки давлат ўртасидаги ярашув ва АҚШ ва Япония халқлари ўртасидаги иттифоқни намойиш қилади. Бу ҳаракат, ҳатто, урушнинг чуқур яралари ҳам ўз ўрнини дўстлик ва давомли тинчликка бўшатиб бериши мумкинлигини кўрсатмоқда¸ деди АҚШ президенти Барак Обама.

1941 йилнинг 7 декабрь куни Япония ҳаво кучларининг Перл Ҳарбордаги АҚШ ҳарбий базасига кутилмаганда уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида 2400 нафар Америка ҳарбийси нобуд бўлган эди. Перл Ҳарбор ҳужумларига жавобан 2-жаҳон урушига қўшилган АҚШ 1945 йилда Япониянинг икки шаҳрига атом бомбаси ташлаган эди. Ўн минглаб одам ўлимига сабаб бўлган атом ҳужуми Японияни урушда таслим бўлишга олиб келган эди.

Жорий йил бошида Хиросимага борган Барак Обама¸ атом бомбаси ташланган бу шаҳарга борган ҳозирча ягона АҚШ президентидир.

АҚШ Туркия президенти баёнотини "кулгили", деб баҳолади

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон.

Қўшма Штатлар Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғоннинг АҚШ раҳбарлигидаги коалиция Суриядаги террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаётганига ишончли далиллари бор экани тўғрисидаги баёнотини “кулгили” деб атади.

Эрдўғон 27 декабрь куни ғарб Туркияни қўллаш ўрнига “Исломий давлат” гуруҳига кўмак кўрсатаётганини айтган. Шунингдек, турк президенти Қўшма Штатлар Анқара террорчи деб ҳисоблайдиган курд қуролли гуруҳлари билан Сурияда ҳамкорлик қилаётганини танқид қилди.

Эрдўғон Туркия ғарб террорчиларни қўллаб қувватлаётганини видео ва фотосуратлар билан исботлаши мумкинлигини билдирди.

АҚШ Давалт департаменти расмий вакили Марк Тонер Вашингтон номидан мазкур баёнотга жавоб қайтарар экан, Эрдўғоннинг гапларини “беманилик”, деб атади. Тонер бундай баёнот учун Эрдўғонда ҳеч қандай асос йўқ, деб ҳисоблашини айтди.

Надежда Савченко Украинада янги сиёсий партияга асос солди

Надежда Савченко.

Украина парламенти депутати Надежда Савченко ўзи мансуб бўлган сиёсий партияни тарк этиши ортидан янги сиёсий ҳаракатга асос солди.

Икки йил давомида Россия қамоқхонасида сақланган учувчи аёл 27 декабрь куни Львов шаҳрида қилган чиқишида янги ҳаракат РУНА Ватандошлик платформаси, деб аталишини айтди.

Савченкога кўра, Украин халқининг руҳи деган маънони англатувчи РУНА сиёсий лойиҳа эмас, балки “популистик шиорларни олға сурмайдиган ва одамларни табиий равишда бирлаштирадиган” тузилма бўлади.

35 ёшли Савченко Юлия Тимошенко раҳбарлигидаги Баткившина партиясидан декабрь ойи бошларида чиққан эди.

Украина шарқидаги жангларда ҳарбий учувчи сифатида қатнашган Надежда Савченко 2014 йилда Россияга яширинча ўғирлаб кетилган ва икки йил давомида икки рус журналисти ўлимида айбланиб суд қилинган эди.

Жорий йилда Россия суди уни 22 йилга озодликдан маҳрум қилган, бироқ халқаро ҳамжамият босими остида президент Путин томонидан 25 май куни авф этилиб, Украинада қўлга олинган икки рус ҳарбийсига алиштирилган эди.

Савченко Украинада миллий қаҳрамон сифатида кутиб олинган.

Сочида ҳалокатга учраган самолётнинг "қора қути"си топилди

Россия расмийлари Сочидан Сурияга учиб кетаётган пайтда Қора денгизда ҳалокатга учраган рус ҳарбий самолётининг "қора қути"си топилганини маълум қилди.

"Қора қути" Москвадаги ҳарбий ҳаво кучлари марказий илмий-тадқиқот марказига ўрганиш учун жўнатилди. Мудофаа вазирлиги ҳозирча самолёт ҳалокатига нима сабаб бўлганини айтиш қийин эканини билдирмоқда.

Бортида 84 йўловчи ва экипажнинг 8 аъзоси бўлган Ту-154 самолёти 25 декабрь куни Сочида Суриянинг Латакия шаҳридаги рус ҳарбий базасига учаётган пайтда ҳалокатга учраган эди.

Йўловчилардан 68 нафари Россиянинг машҳур Александров номидаги ҳарбий ансамбли артисти, 9 нафари журналист бўлган.​

Покистонда 30 киши спиртли ичимликдан заҳарланиб ўлди

Заҳарланган одамлардан бири.

Покистон шарқида Рождество байрамини нишонлаш пайтида спиртли ичимликлардан 30 киши заҳарланиб ўлди.

Полиция расмийси Атиф Имрон Қураши 27 декабрь куни Панжоб вилоятининг Тоба Тек Сингх шаҳрида ўнлаб одамлар спиртли ичимликлардан заҳарланиб касалхонага ётқизилганини айтди.

Покистонда спиртли ичимликлар тақиқланган. Бироқ мусулмон бўлмаган одамлар спиртли ичимликларни махсус лицензияга эга дўконлардан сотиб олиши мумкин.

Камбағал насронийларнинг мазкур дўконлардан қиммат нархга алкоголь сотиб олишга қурби етмайди, шунинг учун улар кўпроқ ноқонуний ишлаб чиқарилган ва арзон нархда сотиладиган спиртли ичимликларни истеъмол қилади. Бунинг ортидан алкоголдан заҳарланиб ўлганлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда.

Жорий йил март ойида Покистонда Холи байрамини нишонлаш пайтида ҳинду динига мансуб бўлган камида 40 одам спиртли ичимликлардан заҳарланиб ўлган эди.

Россия Тожикистон марказидаги аэродромдан фойдаланмоқчи

Росссия Тожикистон марказида жойлашган Айний ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланиш масаласида расмий Душанбе билан музокараларни бошлади.

27 декабрда журналистлар билан суҳбатлашган Россиянинг Тожикистондаги элчиси Игорь Лякин-Фролов Айний ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланиш борасида икки мамлакат ўртасида битим тайёрланаётганини айтди.

"Россия томони бу аэродромдан фойдаланиш истагини билдирди, чунки Тожикистондаги 201-дивизиянинг ҳарбий ҳаво базага эҳтиёжи бор",- деди у.

Россиялик дипломатнинг илова қилишича, Россия 201 дивизияси вертолётлари ҳозирда Айнийдаги аэродромга жойлаштирилган.

Айний ҳайрбий аэродроми Ҳиндистон кўмаги билан 20 миллион долларга таъмирланганди.

201-дивизия Россия қуролли кучларининг мамлакатдан ташқарида мавжуд энг йирик базаларидан бўлиб, унинг бўлимлари Душанбе ва Қўрғонтепада жойлаштирилган.

Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда қолиш муддати 2012 йил октябр ойида 30 йилга узайтирилган эди.

Томонлар ҳарбий базанинг сақланиши минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш омилларидан деб айтганлар.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG