Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:34

Халқаро янгиликлар

Филиппинда 500 киши мушакбозликда жароҳатланди

Филиппинда Янги йил кечаси ўтказилган мушакбозлик пайтида йўл қўйилган эҳтиётсизлик туфайли 500 га яқин одам жароҳатланди.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган баёнотга кўра, вазият ўтган йилгидан яхшиланган. Ўтган йили пиротехникадан нотўғри фойдаланилгани боис 7 киши ўлган, 546 киши жароҳатланган эди.

Янги йил кечасида, шунингдек, давлат ташкилотлари томонидан пиротехникадан нотўғри фойдаланиш олдини олишга қаратилган катта кампания ўтказилди ва сифатсиз мушакдан фойдаланишга уринган 65 киши ҳибсга ҳам олинди.

Европа Иттифоқига раислик Данияга ўтди

Янги 2012 йил кириб келиши билан Европа Иттфоқига олти ойлик президентлик муддати Полшадан Данияга ўтди.

Дания ҳукумати президентликка келаётган айни кезда ЕИ молиявий бўҳронни бошдан кечирмоқда ва уни ҳал қилиш бобида аъзо давлатлар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам сақланиб турибди.

Дания Бош вазири Хелле Торнинг-Шмитт ўз ҳукумати евроҳудудга аъзо 17 ва иттифоққа аъзо 27 давлат ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаришга тайёр эканини айтди.

Дания ЕИнинг евроҳудудга кирмаган 10 давлатидан биридир ва иттифоққа раислик ваколатларини Копенгагенга расман топшириш маросими 11 январга белгиланган.

Эрон ядровий реакторида янги мослама синовдан ўтди

Эрон олимлари Теҳрондаги ядровий реакторда уран билан ишловчи илк стерженни муваффақиятли равишда синовдан ўтказди.

Эрондаги уран бўйича тадқиқотларга бош ташкилотнинг расмий вебсайтида айтилишича, уран ёқилғиси билан ишлайдиган янги мослама Теҳрон ядровий тадқиқотлар реактори ичига жойлаштирилган.

Эрон раҳбарияти ўтган ойда Теҳрон реакторида мамлакатда ишлаб чиқарилган уран ёқилғисидан фойдаланиш имкони синаб кўрилишидан огоҳлантирган эди.

Теҳрондаги реактор учун 20 фоизга тўйинтирилган уран ёқилғиси зарур ва бу Россия билан ҳамкорликда ишга туширилган Бушеҳр реакторидагидан бир неча баробарга юқоридир.

Ғарб давлатлари уранни бойитиш борасида Теҳронда олиб борилаётган тадқиқотлар ортидаги асл мақсад уранни бойитиш даражасини 90 фоизга кўтариш, кейин эса ядровий бомбани яратишдир, деган хавотирда.

Расмий Теҳрон эса бу айбловларни йиллардан буён рад этиб келмоқда.

Шунингдек, бугун Эронда ўрта радиусда учувчи "ер-фазо" русумидаги янги ракета ҳам муваффақиятли синовдан ўтказилди.

Эрон расмийлари бу ракетага "маҳаллий тарзда дизайн берилган ва қурилган" илк ракета, деб таъриф берди.

Ироқ раҳбарияти халқини бирликка чақирди

Ироқ Бош вазири Нурий ал-Маликий Ироқ халқини бирликка чақирди ва бу мамлакатнинг хавфсиз бўлиши ҳамда қайта қурилиши учун зарур эканини таъкидлади.

У АҚШ қўшинлари мамлакатдан тўла олиб чиқилганидан икки ҳафта ўтиб нишонланган тадбир чоғида расмий телевидение орқали шу мазмунда халққа мурожаат йўллади.

Шунингдек, Ироқ Бош вазири мамлакат халқини эрта суюнмасликка чақирар экан, ироқликларни кутаётган "янги давр ўтган даврдан кўра хавфсизроқ ва аҳамияти камроқ эмаслиги"дан огоҳлантирди.

Бош вазирнинг муроса оҳангидаги бу баёноти янграган кезда Ироқда шиа гуруҳлари етакчилигидаги ҳукумат ҳамда суннийларга суянган йирик сиёсий блок ўртасидаги зиддият ҳамон сақланиб қолмоқда.

Ирақия сиёсий блоки парламент ва вазирлар маҳкамаси йиғилишларига бойкот эълон қилган.

Эрон расмийси АҚШ санкциясини "фойдасиз", деб баҳолади

Эрон расмийларидан бири - Эрон Савдо палатаси раҳбари АҚШ қўллаган янги санкцияларни тан олмаслигини билдирди.

Мамлакат расмий матбуоти палата раҳбари Муҳаммад Наҳавандиён АҚШ қўллаган янги иқтисодий чораларни "фойдасиз ва асоссиз", деб баҳолагани ҳақида ёзди.

АҚШ президенти Барак Обама 31 декабр куни Эрон Марказий банки ва молиявий секторларини нишонга олувчи янги санкцияга имзо чекди.

Бугунга қадар БМТ Хавфсизлик кенгаши Эроннинг баҳсли ядровий дастури устидан Теҳронга нисбатан 4 босқичли санкцияларни жорий қилган эди.

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ягона иқтисодий ҳудуд очилди

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ягона иқтисодий ҳудуд иш бошлади.

1 январдан расман очиқ, деб эълон қилинган ягона иқтисодий ҳудуд, Россия президенти Дмитрий Медведевга кўра, уч давлат ўртасидаги хизматлар, капитал, ишчилар ва товар маҳсулотлари алмашинувига эркинлик беради.

Россия президенти 2015 йилга бориб бу ҳудудда Евроосиё иқтисодий иттифоқини ташкил қилиш кўзда тутилаётганини айтди.

Шу мақсадда бу уч давлат ўртасида Евроосиё иқтисодий комиссияси ташкил қилинган ва келгусида унинг янги тузилган иттифоқни тартибга солувчи асосий ташкилот бўлиши кутилмоқда.

2011 йилнинг июл ойида Беларус, Қозоғистон ва Россия ўртасида божхона назорати тартиби ҳам бекор қилинган ва Божхоналар иттифоқи ишга тушган эди.

АҚШ Эронга қарши санкция жорий этди

АҚШ президенти Барак Обама Эрон Марказий банки ва молиявий секторларини нишонга олувчи янги санкцияга имзо чекди.

Гап 662 миллиард долларлик маблағ оқимини тўхтатиш ва шунингдек, Эрон Марказий банки билан бундан буён ҳамкорлик қилгани тақдирда хориж давлатлари ва уларга қарашли ширкатларга ҳам санкциялар жорий қилиш устида бормоқда.

Шу мазмундаги қонун лойиҳасини имзолагач матбуотга сўзлаган Барак Обама Эронга қарши кескин чора қўллаш мажбурияти остида қолганидан ҳамда бу ҳол унинг ташқи сиёсат юритишда конституциявий мажбуриятларига риоя қилишда мушкулликлар туғдириши мумкинлигидан афсус билдирди.

Дунё аҳли 2012 йилни қарши олди

Сидней шаҳридаги мушакбозлик.
Дунёдаги йирик-йирик шаҳарлар аҳли ҳар йилгидек катта мушакбозлик ва турфа хил чироқлар ёғдусига бурканган тантаналар билан Янги 2012 йилни қарши олди.

Одатдагидек, 1 январ кунида яна байрам кечаси энг шов-шувли ўтган шаҳарлар тилга олинмоқда ва булар ичида яна Ню Йорк етакчилик қилмоқда.

Times Square майдонида кечага бағишланган тантанани кўриш учун юз минглаб одам йиғилгани, булар орасида таниқли поп юлдузи Lady Gaga ва шаҳар ҳокими Макл Блумберглар бўлгани айтилмоқда.

Дунёдаги турли давлатлар раҳбарлари йўллаган янги йил табрикларида эса 2011 йилда бўлган энг йирик воқеалар — Япониядаги цунами, Европада иқтисодий бўҳрон, араб давлатларидаги "араб баҳори"дан сўнг 2012 йилнинг сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ҳамда ривожланиш йили бўлиши ҳақида ният билдирилди.

Жумладан, АҚШ президенти Барак Обама 2012 йил "Америка учун улкан синов ва тараққиёт йили" бўлиши ҳақида сўзлади.

Европа Иттифоқи етакчилари эса янги йил муносабати билан эълон қилган табрикларида 2011 йилнинг оғир кечгани, 2012 йилда эса иқтисодий аҳвол билан боғлиқ қийинчиликлар давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирилди.

ЕИ Эрон билан музокараларга тайёр

Европа Иттифоқи Теҳрон билан Эроннинг ядровий дастур борасидаги музокараларга тайёрлигини маълум қилди.

Бу ҳақда ЕИ матбуот котиби Майкл Манн хабар қилди.

Музокаралар Эрон билан Ғарб давлатлари ўртасида ядровий дастур бўйича келиб чиққан таранглик ортидан тўхтаб қолган эди.

Ғарб давлатлари расмий Теҳронни ядровий қурол яратишга ҳаракат қилишда айблайдилар.

Эрон эса ўз ядровий дастури тинч мақсадларгагина хизмат қилишини таъкидлаб келади.

Ҳозирга қадар БМТ Хавфсизлик Кенгаши уранни тўйинтириш жараëнини тўхтатиш талабига қулоқ солмагани боис Эронга қарши санкция жорий қилишни кўзда тутган тўртта резолюция қабул қилган.

Карзай Франция ҳукуматига миннатдорчилик билдирди

Бугун Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Франция Мудофаа вазири Жерар Лонге билан Кобулдаги учрашув пайти ўз мамлакатига кўрсатаётган кўмаги учун Франция ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

Ўз навбатида Жерар Лонге Афғонистондаги хавфсизлик назоратининг халқаро кучлардан афғон ҳарбийларига ўтган ҳудудлардаги вазиятларга яхши баҳо берди.

Айни ташрифдан бир кун аввал Афғонистоннинг Каписа вилоятида афғон армияси униформасини кийган киши икки нафар француз аскарини отиб ўлдирган эди.

Айни пайтда НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбийлари орасида 3600 франциялик аскар бўлиб, улар мамлакатнинг Каписа ва Суробий вилоятларига жойлаштирилган.

Ҳиндистондаги довулда 34 одам ҳалок бўлди


Ҳиндистон жануби-шарқида жума куни юзага келган довул ва сув тошқини оқибатида камида 34 киши ҳалок бўлди.

Қурбонлар кўпроқ Тамилнад штатида бўлгани хабар қилинди. Бу ҳудудда табиий офат оқибатида юзлаб уйлар вайрон бўлган.

Шунингдек, Пудучерри шаҳрида ҳам ўн минглаб бино вайрон бўлди, юз минглаб одам электр энергиясиз қолди.

Сурия муҳолифати Ассадга қарши бирлашди

Сурияда 9 ойдан буён Ассад режимига қарши норозиликлар давом этмоқда.
Жума куни кечқурун Миср пойтахти Қоҳирада Сурия мухолифатининг иккита катта ташкилоти Башар ал-Ассад режимига қарши курашда ҳамкорлик қилиш борасидаги келишувни имзолади.

Сурия Миллий кенгаши ва Миллий мувофиқлаштирувчи қўмита ўртасидаги келишувда Ассад режими қулагач мамлакатда демократик ислоҳатларни йўлга қўйиш борасидаги ҳамкорлик ҳам кўзда тутилган.

Айни пайтда Сурияда Араб Лигаси томонидан жўнатилган 50 кишидан иборат кузатувчилар гуруҳи ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Суриялик ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, жума куни ҳукумат кучлари билан намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда 20 кишидан кўпроқ одам ҳалок бўлган.

Сурия президенти Башар Ассад режимига қарши 9 ойдан буён давом этаётган норозилик чиқишлари иштирокчиларига қарши куч қўлланиши оқибатида, БМТ ҳисоб-китобича, 5 мингдан зиёд киши ўлдирилди.

Хитойда "Қуш тумови"дан бир одам ўлди

Хитой ҳукумати маълумотига кўра, сўнгги 18 ой мобайнида биринчи марта "Қуш тумови"дан одам ҳалок бўлди.

Хитойлик шифокорлар Шенжен шаҳрида 39 ёшли автобус ҳайдовчисида H5N1 вирусини аниқлаган.

21 декабр куни шифохонага ётқизилган хитойлик 39 ёшли фуқаро бугун оламдан ўтгани маълум қилинди.

Ўтган ҳафта Ҳонг Конг расмийлари учта паррандада "Қуш тумови" вируси аниқланиши ортидан парранда импортига тақиқ қўйган эди.

"Қуш тумови"нинг H5N1 вируси одам ҳаёти учун хавфли ҳисобланади.

Дамашқда яна ҳарбийлар ва намойишчилар тўқнашди

Суриядаги фаоллардан олинган маълумотга кўра, бугун Дамашқ шаҳрида намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида яна тўқнашувлар бўлган.

Бугунги намойишлар пайшанба куни ҳукумат қўшинлари томонидан яна 40 кишининг ўлдирилганига норозилик тариқасида давом эттирилган эди.

Айни кезда Араб Лигаси кузатувчилари Суриянинг йирик шаҳарлари бўйлаб ўз текширувини давом эттирмоқда. Улар Ҳомс, Дараа, Ҳама ва Илдиб шаҳарларига борди.

Фаоллар бу ҳудудларда зўравонлик ва қотилликлар рўй бераётганини хабар қилаётган эди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Сурияда тўққиз ойдан бери президент Башар ал-Ассад режимига қарши давом этаётган аксил-ҳукумат чиқишларининг куч билан бостирилиши оқибатида 5 мингдан зиёд одам ўлдирилган.

Эрдўғон курд фуқаролари ўлими учун афсус билдирди

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат жануби-шарқидаги ҳаво ҳужумлари чоғида курд фуқароларидан 35 нафари қурбон бўлгани юзасидан чуқур афсус билдирди.

Истанбулда журналистлар саволларига жавоб берган Бош вазирга кўра, бу фуқаролар исёнчи жанггарилар эмас контрабандачи бўлган ва улар янглиш тарзда нишонга олинган.

Мамлакат жануби-шарқида ҳодиса қурбонлари дафн маросими учун бугун минглаб одам йиғилди.

Шунингдек, бугун Истанбулнинг Тақсим майдонида ҳам 35 ҳамиллатининг ўлдирилганидан норози минглаб курд норозилик намойиши ўтказди.

Қозоқ махсус хизмати террорда гумонланган шахсни ўлдирди

Қозоғистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Қизилўрда шаҳрида террорчи, дея гумон қилинган бир шахс ўлдирилганини маълум қилди.

Прокуратура эълон қилган баёнотда айтилишича, махсус хизматларга қарашли Аристон гуруҳи террорчиликда гумон қилинган 40 ёшли Эрик Аязбаевни аввалига қўлга олишга уринган.

Расмий хабарга кўра, Аязбаев биринчи бўлиб хавфсизлик кучлари аскарларига ўқ узган ва натижада юз берган отишмада унинг ўзи ўлдирилган.

Бу шахс тегишли экани айтилган Ағжан Ҳасен етакчилигидаги террорчи гуруҳ шу йил 3 декабр куни Боралдай қишлоғида нишонга олинган эди.

Ўшанда гуруҳнинг бошқа аъзолари билан бирга етакчиси Ағжан Ҳасен ҳам ўлдирилган эди.

Қирғиз-тожик чегарасида отишма бўлди

Қирғизистоннинг Тожикистон билан жанубий чегарасида отишма содир бўлди.

AKIpress агентлиги берган хабарга кўра, отишма олий ўқув юрти ёшида бўлган қирғиз ва тожик ёшлари ўртасида юзага чиққан. Ушбу агентлик отишма сабаблари номаълум эканини ёзмоқда.

Аммо, 24.kg сайти хабарига кўра низога киришган томонлар бир-бирини ўзига тегишли ерларни эгаллаб олганликда айблаган.

Хабарларга кўра, тўқнашув содир бўлган ҳудуддаги бир неча уй ва корхона биноларига ўт қўйилган. Бир ўсмир эса жиддий жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Айни пайтда Боткен вилояти маъмурияти бу ҳодисага этник тус берилмаслиги кераклигини айтмоқда.

Қирғиз-тожик чегарасининг ушбу қисмида яшовчи қирғиз ва тожик аҳолиси ўртасида 2011 йил давомида шу каби бир неча тўқнашувлар кузатилди.

Шимолий Корея сиёсатини ўзгартирмаслигини билдирди

Шимолий Корея ҳукумати раҳбар алмашгани мамлакатнинг сиёсий йўналишини ўзгартирмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Бундай баёнот марҳум раҳбар Ким Чен Ир ўлими муносабати билан эълон қилинган 11 кунлик мотам маросими тугаши билан берилди.

Собиқ етакчининг ўрнига келтирилган ўғли Ким Чен Ин иқтидордаги Ишчилар партияси ҳамда мамлакат армиясининг олий раҳбари этиб тайинланган эди.

29 декабр куни Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда, жумладан: "Шу муносабат билан, биз тантанали равишда дунёдаги аҳмоқ сиёсатчилар, шу жумладан, Жанубий Кореядаги қўғирчоқ кучларга шуни ишонч билан эълон қиламизки, биздан ҳеч қандай ўзгариш кутмасинлар", дейилди.

Россия расмийлари ядровий сув ости кемасидаги ёнғин назоратга олинганини айтмоқда

Россия расмийлари Мурманск вилоятида ядровий сув ости кемасида чиққан ёнғин назоратга олинганини айтмоқда. Росляково шаҳарчасидаги кемаларни таъмирлаш заводидаги Екатеринбург номли ядровий сув ости кемасида чиққан ёнғин тўққиз соат давом этди ва жиддий хавотирларга сабаб бўлди.

Россия Фавқулодда ҳолатлар вазири Сергей Шойгунинг айтишича, ёнғиннинг ёйилишини олдини олиш учун ядровий кемани сувга чўктиришга тўғри келган.

Ёнғин тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгач, расмийлар ядровий иншоотдан радиация чиқиши хавфи йўқлигини маълум қилди. Узунлиги 167 метр келадиган сув ости кемасидаги ядровий реактор ўчирилиб, кема бортидаги барча қуроллар олиб чиқилгани маълум қилинди.

Сурияда яна 25 киши ўлдирилди

Суриядаги фаолларнинг маълум қилишича, Араб Лигаси кузатувчилари Дамашқнинг тинчлик келишуви шартларини бажараётганини текшираётганига қарамасдан, пайшанба куни мамлакат бўйлаб 25 киши хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирлган.

Ишини норозиликлар маркази бўлиб қолаётган Ҳомс шаҳридан бошлаган кузатувичлар миссияси Дараа, Ҳама ва Илдиб шаҳарларига ҳам борди.

Фаоллар бу ҳудудларда зўравонлик ва қотилликлар рўй бераётганини хабар қилишаётган эди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Сурияда тўққиз ойдан бери президент Башар ал-Ассад режимига қарши давом этаётган аксил-ҳукумат чиқишларининг куч билан бостирилиши оқибатида 5 мингдан зиёд одам ўлдирилган.

АҚШ Мисрда нодавлат ташкилотлар таъқибга учраётганидан хавотир билдирди

Қўшма Штатлар Мисрда хорийжий жамғармалардан молиявий ёрдам оладиган нодавлат ташкилотлари идораларига қилинган рейдлар хусусида хавотир билдирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Виктория Нуланд Миср ҳукуматидан нодавлат ташкилотлари ходимларини “таъқиб қилишни” дарҳол тўхтатишни талаб қилди. “Биз бу масаланинг дарҳол ҳал этилишини кутмоқдамиз”, дея қўшимча қилди АҚШ расмийси.

Мисрдаги расмий матбуотнинг маълум қилишича, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ва демократия ғояларини тарғиб қилувчи 17 та ташкилот тазйиқ остида қолмоқда.

Миср ҳокимиятини назорат қилувчи ҳарбийлар бу каби ташкилотлар қандай молиялаштилишини суриштиришини таъкидлаб, хориж давлатларининг мамлакат ички ишларига аралашишига йўл қўймасликларини баён қилди.

Жанаўзенда намойишчиларга қарата ўт очган полициячилар тергов қилинади

Жанаўзенда 16 декабр куни 15 киши ўлдирилган эди.
Қозоғистон Бош прокуратураси Жанаўзендаги воқеалар пайтида намойишчиларга қарата ўт очган полициячилар устидан жиноий иш қўзғади.

16 декабр куни Қозоғистон жанубидаги Жанаўзен шаҳрида норозилик намойишининг зўравонликка айланиб кетиши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлган эди.

Бош прокуратура матбуот вакили Нурдаулет Суиндиқов полиция кучлари ҳаракатлари қанчалик ваколат доирасида бўлганини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Воқеага гувоҳ бўлган жанаўзенликлар полиция намойишчиларга қарата ўт очганини тасдиқловчи видеони Интернетда эълон қилган.
Жанаўзендаги нефт заводи ишчилари май ойидан бери ўз маошларининг оширилишини талаб қилиб, норозилик намойишлари ўтказиб келаётган эди.

Қозоғистон Мустақиллиги нишонланадиган 16 декабр куни эса норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетди.

Суиндиқов шунингдек Жанаўзен воқеаларига алоқадорликда гумон қилинаётганларни ҳибсга олиш давом этаётганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, шу пайтгача 20 киши қўлга олиниб, уларнинг 18 нафарига айблов эълон қилинган.

Қозоғистон хавфсизлик хизмати "террорчи"ни отиб ўлдирганини айтмоқда

Қоғзоғистон хавфсизлик кучлари террорчиликда гумонланган шахсни отиб ўлдирганини айтмоқда.

Қозоғистон Бош прокуратураси тарқатган баёнотда айтилишича, воқеа пайшанба куни Қизилўрда шаҳрида рўй берган. Хавфсизлик кучлари 40 яшар Эрик Аязбаевни қўлга олишга уринганида, террорчи деб гумон қилинган бу одам хавфсизлик ходимларига қарата ўт очган ва жавоб ўқи билан ўлдирилган.

Айтилишича, Аязбаев Ағжан Хасан бошчилигидаги жанггари гуруҳ етакчиларидан бири бўлган.

Ағжан Хасан 3 декабр куни Олмота вилоятининг Боралдай қишлоғида ўтказилган операция пайтида ўлдирилган эди.

Афғонистонда портлаш оқибатида 10 полициячи ўлди

Афғоснистоннинг Ҳилманд вилоятида полициячилар кетаётган машина йўл четига ўрнатилган бомбага йўлиқиши оқибатида уларнинг ўн нафари ҳалок бўлди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот вакили Довуд Аҳмадий поициячилар эндигина ишга олиниб, ўзлари бириктирилган ҳудудларга кетаётган бўлган, дея маълум қилди. Аҳмадийнинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг барчаси АҚШ томонидан молиялаштирилган маҳаллий полиция вакиллари бўлган.

Айни пайтда, НАТОнинг маълум қилишича, Афғонистон армияси униформасини кийган киши икки нафар НАТО аскарини отиб ўлдирган.

Каписа вилоятида рўй берган ходиса учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди. Жанггари гуруҳнинг айтишича, уларнинг нишони вилоятда жойлашган Франция қўшинлари бўлган.

Эрон "таҳдидга таҳдид билан жавоб" қайтаришини айтмоқда

Эрон Инқилоб посбонлари корпуси қўмондонларидан бири Ҳормуз бўғози тўсиб қўйилиши эҳтимоллари борасида АҚШ томонидан билдирилган огоҳлантирувлар хусусида Теҳрон ҳар қандай “таҳдидга” таҳдид билан жавоб қайтаришини баён қилди.

Чоршанба куни АҚШ Мудофаа вазирлиги Яқин Шарқдан Ҳормуз бўғози орқали жаҳон бозорига нефт етказилишида узилишларга йўл қўйилмаслиги тўғрисида баёнот эълон қилган эди.

5-Ҳарбий флот матбуот котиби бу минтақанинг “халқаро ҳамжамият билан муҳим алоқалари” сақланиб қолинишини таъминлаш учун АҚШ ҳарбий флотининг у ердаги “кучли ҳозирлиги” сқаланиб қолиши”ни таъкидлади.

Исломий Инқилоб посбонлари корпуси қўмондони Ҳуссайн Саламий пайшанба куни қилган чиқишида “таҳдидларга жавобимз таҳдид бўлади”, дея таъкидлади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG