Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:32

Халқаро хабарлар

Эрон ўзининг уранни бойитиш дастурини тўхтатиши учун БМТ белгилаган мухлат 31 август куни тугади.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Халқаро атом энергияси агентлиги БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этган махфий ҳисоботида белгиланган муддат тугаганига қарамай Эрон уранни бойитиш ишларини давом эттиргани билдирилган. Мазкур ҳисобот Хавфсизлик кенгаши томонидан Эронга қарши санкциялар қўллашига йўл очди.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ўз мамлакати тинч мақсадларда қўлланиладиган ядро технологиясидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалигини яна бир марта қайтарди.

31 август куни Эроннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Урумия шаҳрида телевидение орқали чиқиш қилган Аҳмадийнажод: “Аммо улар, яъни, Ғарб давлатлари Эрон халқи босим ва агрессияга заррача тоқат қилмаслигини улар билишлари лозим. Эрон халқи ўз ҳуқуқлари бузилишини қабул қила олмайди”, – дея баёнот берди Эрон раҳбари.
Аҳмадийнажод Эроннинг ядровий дастури тинч мақсаддан бошқа мақсадни кўзламаганини таъкидлади. Ғарб давлатлари эса Эрон махфий равишда атом қуроли тайёрлашга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

БМТ Бош котиби Кофи Аннан Яқин Шарқ минтақасига сафари доирасида Иордания пойтахти Уммонда қирол Абдуллоҳ билан учрашди.

Музокарадан сўнг Кофи Аннан Ливанда кассетали бомбалардан фойдаланганлик учун Исроилни қоралади. Аннан бундай қуроллар аҳоли яшайдиган минтақаларда ишлатилмаслиги кераклигини айтиб, уларни дарҳол зарарсизлантиришга чақирди. У Исроилни кассетали бомбалар ташланган жойлар харитасини беришга чақирди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси - КНБ Қирғизистон фуқаросини Ўзбекистонга экстрадиция қилди.

КНБ матбуот вакилининг “Озодлик” радиосига айтишича, Назиржон Худойназаров Ўзбекистон расмийлари сўровига асосан 11 июл куни ҳибсга олинган. Тошкент расмийлари Худойназаровни 2004 йилда амалга оширилган қатор террор ҳаракатларига алоқадорлик, шунингдек, исломий гуруҳларга аъзоликда гумон қилмоқда.

Италия Бош вазири Романо Проди Римда Исроил Бош вазири ўринбосари Шимон Перес билан учрашди.

Музокарадан сўнг Проди Шимон Перес унга Ливан жанубида БМТнинг халқаро тинчликни сақловчи кучлари сони беш мингга етганидан сўнг Исроил Ливандан ўз қўшинларини олиб чиқишини маълум қилганини айтди.

Қозоғистондаги суд мухолифат раҳбарларидан бири Олтинбек Сарсенбаевга суиқасд қилганликдан айбланган шахслардан бири собиқ хавфсизлик хизмати ходими Рустам Ибрагимовни олий жазога ҳукм қилди.

Иккинчи айбланувчи, Қозоғистон Сенати маъмуриятининг собиқ расмийси Ержан Утембаевни маҳкама 20 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Мазкур қотилликка алоқадорликда айбланган яна сакки фуқаро саккиз йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Қозоғистон ҳукумати 2003 йил декабрида ўлим жазоси ижросига мораторий эълон қилган.

Қирғизистонда мамлакат мустақиллигининг 15 йиллиги нишонланмоқда.

Сана муносабати билан президент Қурманбек Бакиев Бишкекдаги Алатуу майдонига йиғилган 20 минг фуқаролар олдида чиқиш қилди. Бакиев ўзидан аввалги давлат раҳбарлари йўл қўйган хатоларни қайтармасликка ваъда берди: “Ўзингиз яхши билгандек, халқ инқилоби ғалабасининг дастлабки кунларидан бошлаб янги ҳукумат республика иқтисодиётини мустаҳкамлаш, янги саноат корхоналари қуриш ва янги иш жойлари яратишни устивор мақсад қилиб белгилади. Ҳозирга келиб, биз ушбу мақсадларнинг бир нечтаси амалга оширилди, дея оламиз”, – деди Қирғизистон раҳбари.

Тожикистонда президентлик сайлови мамлакат конституцияси куни, яъни, 6 ноябр куни ўтказилади.

Собиқ Исломий мухолифат раҳбарларидан бири депутат Хожи Акбар Тўражонзода “Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда агар президент Имомали Раҳмонов учинчи муддатга ўз номзодини қўйса, унга овоз беришини айтди: “Бунинг бир неча сабаби бор. Биринчидан, сайловга атиги бир неча ой қолди. Мен сайловда Раҳмонов билан беллашиб ғолиб чиқа оладиган бирор сиёсатчини кўраётганим йўқ. Шунинг учун мен уни қўлаб-қувватлайман. Иккинчидан, у сўнгги йилларда мамлакатни қайта тиклаш ва аҳоли турмушини яхшилаш мақсадида қатор иқтисодий дастурларни амалга оширишга киришган. Шунинг учун мен уни қўллаб-қувватлайман. Учинчидан, кўпчилик мендан нима учун президентликка ўз номзодингизни қўймадингиз, деб сўрашади. Бунинг асосий сабаби, мен ўзимни бу лавозимга лойиқ номзод деб билмайман”, – деди Хожи Акбар Тўражонзода.

Халқаро Хелсинки Федерацияси Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раисини Туркманистонда қамоққа ташланган 70 яшар Какажон Теженов масаласини Ашхобод расмийлари билан муҳокама қилишга чақирди.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Белгия Ташқи ишлар вазирига йўлланган мактубда Халқаро Хелсинки Федерацияси 70 ёшли пенсионернинг ақли ожизлар касалхонасига мажбурлаб ётқизилгани Туркманистонда сўз эркинлиги қўпол равишда бузилаётганининг ёрқин далили экани таъкидланган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Халқаро Хелсинки Федерацияси собиқ Тожикистон савдо вазири Хабибулло Насруллоевни ўз ватанига экстрадиция қилмаслик ҳақидаги Москва шаҳар суди қарорини олқишлади.

Ташкилот чиқарган баёнотда Тожикистон прокурорларининг Насруллоевга қўяётган хоинлик, қотиллик ва бошқа айбловлари сиёсий асосга эга экани билдирилган. 21 август кунги судда ҳакамлар Хабибулло Насруллоев суд залидан озод қилиниши тўғрисида қарор чиқарган эди.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида "Россия-Ислом конференцияси" очилди.

Уч кунлик анжуман давомида Россия ва ўндан ортиқ мусулмон давлатдан келган уламолар ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қиладилар. Анжуман очилишида чиқиш қилган Татаристон президенти Минтемир Шаймиев АҚШни ўз қадриятларини мусулмон давлатларга ўтказишга ҳаракат қилаётганликда айблади.
Россия собиқ Бош вазири, Яқин Шарқ давлатлари бўйича мутахассис Евгений Примаков мубоҳасани давом эттириб: “Яқин Шарқ можароси ҳеч қачон диний характерга эга бўлмаган. Кимдир буни тан олишни хоҳлаш ёки хохламаслигидан қатъий назар, бу икки дин ўртасидаги эмас, балки икки миллатчилик ўртасидаги қарама-қаршиликдир”, – деди Евгений Примаков.

Афғонистонда ҳукумат қўшинлари ва толиблар жанггарилари ўртасида содир бўлган тўқнашувда икки нафар жанггари ўлдирилди.

Афғонистон Мудофаа вазирлигига кўра, толиблар жанггарилари Хилманд вилоятининг Нав Зад шаҳрида ҳукумат қўшинларига ҳужум қилган. Шундан сўнг шиддатли отишма бошланган. Вазирлик матбуот вакилига кўра, НАТОга қарашли учқичлар ҳаводан ҳужум қилганидан сўнг жанггарилар ортга чекинган.


* * * * * * * * * *



Теҳрон¸ агар БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюция бўйича 31 августга қадар ўзининг уранни бойитиш дастурини тўхтатмас экан¸ акс ҳолда ривожланган мамлакатлар Эронга нисбатан санкциялар жорий этиш масаласини муҳокама қилади.

Бу ҳақда АҚШ Давлат Департаменти маълум қилди.
АҚШнинг БМТдаги вакили Жон Болтон ҳам айни маълумотни тасдиқлади:
"Агар белгиланган муддатда Эрон уранни тўйинтириш ишларини тўхтатмаса¸ улар Хавфсизлик кенгаши резолюциясига амал қилмаган бўлади. Ундан кейин эса¸ БМТга доимий аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари билан келишилгандек¸ санкция жорий қилиш масаласи кўриб чиқилади"¸ - деди Жон Болтон.
Айни пайтда Эрон уранни бойитиш дастурининг иккинчи босқичини бошлади.
Халқаро атом энергияси агентлигидаги исми ошкор қилинмаган дипломат ва "The Washington Post" газетасининг хабар беришича, эронлик мутахассислар қурол тайёрлаш учун етарли бўлмаган кам миқдордаги уран билан ишлай бошлаган.

АҚШ президенти Жорж Буш мамлакат ҳарбийларининг тез орада Ироқни тарк этиши Ироқни террорчи мамлакатга айлантириб қўйиши мумкин¸ деди.

Бушга кўра¸ Ироқ ëнилғи манбаига эгалиги сабаб¸ толиблар давридаги Афғонистондан ҳам хавфли бўлган мамлакатга айланиши мумкин.
Айни пайтда Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари қўмондони¸ генерал Жорж Кейси келаси 12-18 ой ичида Ироқ ҳарбийлари коалиция кучлари ўрнини эгаллайди¸ деди : "Мен Ироқ хавфсизлик хизмати тизими ривожланаëтгани ва улар оз миқдордаги коалиция кучлари ëрдамида мамлакатдаги вазиятни бошқаришга қараб кетаëтганлигини кўраяпман"¸ - деди Жорж Кейси.
Чоршанба куни Ироқда юз берган зўравонликлар оқибатида камида 66 киши ҳалок бўлди.
Ўтаëтган ҳафта бошидан буëн мамлакат бўйлаб даҳшатли портлашлар¸тўқнашувлар ва отишмалар оқибатида 200 киши нобуд бўлди.

Япония Бош вазири Жуничиро Коизумининг Ўзбекистонга расмий сафари якунланди.

Коизуми чоршанба куни эрталаб Будда ёдгорликлар кўргазмаси, Иккинчи жаҳон уруши даврида япониялик асирлар қурган Тошкентдаги “Алишер Навоий” театрини бориб кўрди. Япония Бош вазири уруш даврида Ўзбекистонда вафот этган 800га яқин япон асири дафн қилинган Яккасарой қабристонини зиёрат қилди.
Ўзбекистонга уюштирган икки кунлик сафари чоғида Коизуми Тошкент-Токио муносабатларини алоҳида таъкидлади.
Бироқ Япония бош вазирига ҳамроҳлик қилаëтганлар¸ Коизумининг Ислом Каримовни Ғарб билан алоқаларни тиклашга ҳамда демократик ислоҳотларни амалга оширишга чақирганини айтди.
Андижон воқеаларидан сўнг¸ Ўзбекистон билан Ғарб муносабатлари совуқлашган эди.

АҚШда бир неча ой яшаган андижонлик қочқинларнинг 55 кишидан иборат навбатдаги гуруҳи Ўзбекистонга қайтмоқда.

АҚШнинг Айдахо штати пойтахти Бойс шаҳридаги ўзбекистонлик қочқин Акрам Муҳамедов “Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда қочқинлар Нью-Йоркка бориш учун автобус чипталари сотиб олганликлари ва икки-уч кунда Ўзбекистонга етиб боришларини айтди.
Шу йилнинг июл ойида АҚШдан паноҳ топган андижонлик қочқинларнинг 12 кишидан иборат биринчи гуруҳи Ўзбекистон республикасининг АҚШдаги элчихонаси ëрдами билан ватанига қайтарилган эди.
Бир оз ўтиб¸ 41 кишидан иборат бўлган иккинчи гуруҳ қочқинлар Ўзбекистонга қайтарилди.
Умумий ҳисоб бўйича Андижон воқеаларидан сўнг қўшни Қирғизистон ва у ердан учинчи мамлакатга қочганларнинг 150 нафарига АҚШдан бошпана берилган эди.
Акрам Муҳамедовга кўра¸ уйга қайтишга тараддуд кўраëтганлар орасида Акром Йўлдошевнинг бир неча қариндоши ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз¸ Акрам Йўлдошев Андижон воқеаларини келтириб чиқариш ва президент Ислом Каримовнинг жонига суиқасд қилишга уринганликда айбланиб¸ 17 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

БМТнинг гуманитар ёрдам кўрсатиш ишлари бўйича мутасаддиси Ян Эгеланд Ҳизбуллоҳга қарши жангда кассетали бомбадан фойдалангани учун Исроилни қоралади.

Қуролнинг бу тури халқаро хуқуқлар бўйича таъқиқланган.
Унга кўра¸ БМТ мутахассислари юз мингга яқин портламай қолган бомбаларни аниқлаган. Бундай бомбалар Ҳизбуллоҳ билан Исроил ўртасидаги можароларни тўхтатишга уч кун қолганда ташланган.
Айни бомбалар 13 нафар одамнинг ҳаëтини олиб кетган.
Айни мавзуга оид бошқа хабарда¸ Исроил Ливанга сув ва ҳаво қатнови учун жорий қилган чекловни бекор қилиш ҳақидаги БМТ Бош котиби чақириғини рад этгани маълум бўлди.

НАТОга аъзо Туркия миллий армия тизимини модернизациялаш мақсадида 30 та F16 русумли қирувчи самолëтни сотиб олишини маълум қилди.

Туркия ҳаво ҳужумлари бошлиғи¸ генерал Фарук Комерт Анкарада ўтган матбуот анжуманида мазкур учқичлар келаси беш йил ичида харид қилиниб олинади¸ деди.
Унга кўра¸ қирувчи учқичларни сотиб олишда молиявий муаммо мавжуд¸ бироқ Комерт беш йил ичида ушбу муаммонинг ҳал этилишига умид билдирди.

Қозоғистон Ташқи Ишлар вазири Касимшўмарт Токаев расмий ташриф билан Туркманистонга борди.

Ашхабодда унинг Туркманбоши ва хукуматнинг бошқа аъзолари билан учрашиши кутилмоқда.
Токаевни аэропортда ҳамкасби Рашид Мередов кутиб олди.
Ашхободдаги масжидлардан бирини зиëрат қилгач¸ Токаев Сапармурод Ниëзовнинг ота-онасини хотирлаш учун у туғилиб ўсган Қипчоқ қишлоғига борди.
Шу ҳафта бошларида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Туркманистонга ташрифи чоғида энергия¸ траснпорт ҳамда маданий ҳамкорликлар борасида музокаралар ўтказишини айтган эди.

Россиянинг бизнесга оид газеталаридан бири “Коммерсант” "Металлоинвест" холдинг ҳамда "Газпроминвестхолдинг" раҳбари Алишер Усмоновга сотилди.

Бу ҳақда “Коммерсант”нинг илгариги соҳиби¸ грузиялик ишбилармон Бадри Патаркацишвили маълум қилди.
Асли ўзбекистонлик Алишер Усмoнов Россиядаги йирик ишбилармонлардан бири ҳисобланади.

Бразилиядаги Embraer авиация ишлаб чиқариш компанияси расмийлари Хитойга қарашли Хайнан хаво йўллари ширкати 2¸275 миллиард доллар миқдорида баҳоланаëтган 100та тижорий самолëтга буюртма берганини маълум қилди.

"Embraer" ширкатининг матбуот котиби 50 та йўловчига мўлжалланган ERJ-145 русумли учқичдан 50 дона¸ ҳамда ишлаб чиқилиши кутилаëтган Embraer-190 русумли учқичдан ҳам 50 донасига буюртма берилганини маълум қилди.
Мазкур самолëтлар "Embraer"нинг Хитойдаги ва шунингдек¸ Сан Паулодаги заводида ишлаб чиқарилади.

Бугун Стокголмда халқаро донорлар конференцияси бошланади.

Урушдан сўнг¸ вайронага айланган Ливанни қайта тиклаш ишлари учун беш юз миллион АҚШ доллари йиғиб олиш мазкур конференциянинг кун тартибидан ўрин олган.
Чоршанба куни Европа Иттифоқи Ливанни қайта тиклаш ишларида 54 миллион АҚШ долларини йиғишга ваъда берди. Конференцияга мезбонлик қиладиган Швеция хукумати эса¸ Ливанга 20 миллион Италия эса 38 миллион АҚШ долари беришга ваъда берди.

Эрон уранни бойитиш дастурининг иккинчи босқичини бошлади.

Халқаро атом энергияси агентлигидаги исми ошкор қилинмаган дипломат ва "The Washington Post" газетасининг хабар беришича, эронлик мутахассислар қурол тайёрлаш учун етарли бўлмаган кам миқдордаги уран билан ишлай бошлаган.
БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияда Теҳрон расмийлари 31 августга қадар ўзининг уранни бойитиш дастурини тўхтатиши, акс ҳолда Эронга нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Исроил Ливанга сув ва ҳаво қатнови учун жорий қилган чекловни бекор қилиш ҳақидаги БМТ Бош котиби чақириғини рад этди.

Қуддус шаҳрида Исроил Бош вазири Эхуд Олмерт билан учрашган БМТ Бош котиби Кофи Аннан Ливан жанубига БМТнинг беш минг аскардан иборат халқаро тинчликни сақловчи кучлари жойлаштирилганидан сўнг, Исроил Ливандан ўз қўшинларини олиб чиқишига умид билдирди: “БМТнинг халқаро тинчликпарвар кучлари сонини имкон қадар тез фурсатда кўпайтириш учун мен ҳукуматлар билан иш олиб бораман. Ҳозир Ливан жанубида 2500 нафар аскардан иборат халқаро тинчликпарвар кучлар бор. Яқин кунлар ва ҳафталар ичида улар сонини 5000га етказишга ҳаракат қиляпмиз. Биз қўшинлар жойлаштиришимиз баробарида Исроил ўз кучларини Ливандан олиб чиқишни давом эттиради. Халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш тугаганида Исроил ўз қўшинларини Ливандан тўлиқ олиб чиққан бўлишига умид қиламиз”, – деди БМТ Бош котиби.

31 август куни Швеция пойтахти Стокголмда донор давлатлар йиғилиши бўлади.

Мақсад Ливанни қайта тиклашда ёрдам бериш учун 500 миллион доллар маблағ тўплашдан иборат. Европа Иттифоқи Ливандаги қайта қуриш лойиҳаларини амалга ошириш учун 54 миллион доллар ҳажмида фавқулодда маблағ ағратишни ваъда қилди.
“Стокголмдаги бу анжуман Исроил босқини асоратларини бартараф этиш йўлидаги дастлабки қадамдир. Биз Стокголм анжуманига кўрилган зарар ҳақидаги дастлабки маълумотларни олиб борамиз”, – деди Ливан Бош вазири Фуад Синиора
Фуад Синиора Исроил армияси ҳужуми оқибатида уйлари вайрон бўлган ливанликларга 33 минг АҚШ доллари миқдорида товон пули тўланишини билдирди. Унга кўра, Исроил армияси ва “Хизбуллоҳ” ўртасида қарийб бир ой давом этган урушда Ливандаги 130 минг турар жой биноси вайрон бўлган ёки қисман бузилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG