Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 09:28

Халқаро янгиликлар

БМТ Хавфсизлик кенгашида Ливан-Исроил низосига барҳам беришга қаратилган ҳамда АҚШ ва Франция томонидан қувватланган резолюция лойиҳаси муҳокама этилмоқда.

Ҳужжат ҳудудда тўла равишда жанг ҳаракатларини тўхтатишга чақиради. Бироқ унда Исроил ҳарбийларини Ливандан олиб чиқиш талаби йўқ.
Франциянинг БМТ даги вакили Жан-Марк де ля Саблиер ҳужжат борасида шундай бёнот берди:
“Менинг назаримда, ҳужжат яхши қабул қилинган ва ҳозирга қадар унга билдирилган муносабатлар ижобийдир. Кенгаш аъзолари ҳужжатни қувватлашга тайёр”.

Исроил ҳарбийлари 12 июл куни яҳудий аскарини ўғирлашга алоқадорликда гумон қилинган бир шахсни Ливанда қўлга олганини маълум қилди.

Ҳозирча бу фуқаро қачон қўлга олинган ва ким экани номаълум.
Исроил ҳарбий ҳаво кучлари эса бугун ҳам Ливан жанубидаги Ансар қишлоғини ҳаводан ўққа тутди. Тахминан 8 одам қурбон бўлгани хабар қилинмоқда.
БМТнинг Ливандаги ваколатхонаси маълум қилишича, халқаро кузатувчи сифатида мамлакатда бўлган уч нафар хитойлик фуқаро ҳам ҳужумлар чоғида қурбон бўлган. БМТ ваколатхонаси бу юзадан суриштирув бошлади.
Бугун Ҳизбуллоҳ жанггарилари томонидан Исроил шимолига уюштирилган ҳужумларда эса тахминан 10 одам қурбон бўлди. Қурбон бўлганларнинг аксарияти заҳирадаги аскарлар экани айтилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс БМТ Хавфсизлик кенгашининг Исроил-Ливан можаросини тугатишга қаратилган резолюцияси йирик миқёсли зўравонликни тез орада тўхтатиши керак, деб баёнот берди.

У Хавфсизлик кенгашини ҳужжатни овозга қўйишни душанба ёки сешанбадан қолдирмасликка даъват қилди.
Айни вақтда у бу ҳужжат Яқин Шарқда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш йўлидаги биринчи қадам эканини ҳам эътироф этиб ўтди. Унга кўра, Исроил ҳарбийлари ва Ҳизбуллоҳ гуруҳи ўртасида ҳарбий тўқнашувлар кўп давом этиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

Бундан буён Европа Иттифоқига аъзо давлатлардаги иш берувчилар ўз эълонларида чекувчиларни ишга олмаслик тўғрисида қайд этиши мумкин.

Еврокоммисия бу борадаги бир қанча мурожаатни ўрганиб чиққандан кейин шундай қарор қабул қилди.
Европа коммисиясининг ижтимоий масалалар бўйича масъули Владимир Шпидланинг “Файненшл Таймс” газетасига берган интервюсида айтишича, Европа Иттифоқи қонунлари жинси, ёши, этник келиб чиқиши ва диний эътиқодига кўра дискриминация қилишни таъқиқлайди. Бироқ, тамаки чекувчилар тоифаси бундан мустаснодир.

Бағдод шаҳрида Америка ҳарбий суди 14 ёшли ироқлик қизчанинг зўрланиши юзасидан эшитув бошлади.

Аввал хабар қилганимиздек, беш нафар америкалик ҳарбий қизчани зўрлаш ва унинг ўзи ҳамда уч қариндошини ўлдирганликда айбланмоқда. Ҳозирча аскарлардан тўрт нафари жиноят курсисига келтирилди.
Айби исботланган тақдирда улар ўлим жазосига маҳкум этилиши мумкин. Яна бир аскар жиноятни била туриб, хабар қилмагани учун тез орада жазога тортилиши кутилмоқда.
Бу ироқлик оилага шу йилнинг 12 мартида Маҳмудия шаҳрида ҳужум қилинган эди.

Агар Эрон ҳукумати зарур деб ҳисобласа, уранни бойитиш кўламини яна-да кенгайтириши мумкин.

Бугун Эроннинг ядровий масалалар бўйича расмийси Али Ларижоний шундай баёнот берар экан, бу БМТ назоратчилари кузатувчи остида амалга оширилишини ҳам эътироф этиб ўтди.
“Биз ядровий технологияларни ўзимизга зарур даражага қадар ривожлантирамиз. Бунда барча турдаги технологиялар, жумладан, уранни бойитиш центрифугалари ҳам назарда тутилади”, - деди Эроннинг ядровий масалалар бўйича расмийси Али Ларижоний.
У БМТ Хавфсизлик кенгашининг Эрондан август охирига қадар ядровий дастурдан воз кечишни талаб қилувчи резолюциясини яна бир бор рад этди.

Покистон ҳукумати ҳиндистонлик бир дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди.

Ҳинд дипломати хуфяликда айбланмоқда.
Бунга жавобан Ҳиндистон ҳам покистонлик бир дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди.
Бу давлатлар ўртасида икки йил аввал эришилган ўзаро тинчлик шартномасидан сўнг юзага келган илк шу каби зиддиятли ҳолатдир.

Хиросима шаҳрида бугун ўн минглаб аҳоли шаҳар атом бомбаси ҳужумига учраганининг 61 йиллигини хотирлади.

Хотирлаш маросимида сўзга чиққан шаҳар мэри замонавий дунёда ядаровий қурол кенг тарқалгани юзасидан хавотир билдирди ва дунё давлатларини бу турдаги қуролдан воз кечишга чақирди.
1945 йилнинг 6 августидан 9 августига қадар Америка ҳарбий самолётлари Хиросима ва Нагасаки шаҳрига атом бомбаси ташлаган ва натижада, радиоактив заҳарланишдан ўн минглаб аҳоли нобуд бўлган, юз мингдан ортиғи эса зарарланган эди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов бугун уч кунлик расмий сафар билан Ҳиндистонга жўнаб кетади.

Интерфакс агентлигининг хабар қилишча, Тожикистон президентининг Ҳиндистон расмийлари билан музокаралари икки томонлама иқтисодий, илмий ва техник соҳадаги алоқаларни ривожлантириш юзасидан келшувларга эришиш хусусида бўлади.
Айни вақтда музокаралар давомида Тожикистоннинг Жаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласи, шунингдек, Тожикистоннинг энергетика соҳасидаги лойиҳаларига Ҳиндистонни жалб этиш масаласи ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.

Ливан жанубидаги Тая шаҳри яқинида содир бўлган қуролли тўқнашувда Исроил армиясининг саккиз аскари яраланди.

Шанба куни эрталаб “Ҳизбаллоҳ” Тая шаҳри яқинига Исроил махсус кучлари туширилишига қаршилик қилинганини билдирди.
5 август куни Исроил авиацияси Байрутнинг жанубий минтақаларини бомбардимон қилишни давом эттирди. “Ҳизбаллоҳ” эса Исроилнинг шимолий ҳудудларига ракеталар отди. Хайфа шаҳри ташқарисига ракеталар тушиб портлагани оқибатида беш исроиллик яраланди.

Исроил ҳарбийлари Сидон шаҳрига ҳаводан варақалар ташлаб, шаҳар аҳолисини ўз уйларини тарк этиб, Ливан шимолига кетишга чақирди.

Исроил ҳарбийларининг айтишича, “Ҳизбаллоҳ” жангарилари ракеталар отадиган жойларга зарба бериш пайтида тинч аҳоли орасида талофат бўлишининг олдини олиш мақсадида шундай чора кўрилган.
Ўн минглаб қочқин бошпана топган Сидон Ливандаги учинчи йирик шаҳар ҳисобланади.
Куни-кеча “Ҳизбуллоҳ” жангарилари отган ракета Исроил-Ливан чегарасида жойлашган Араб қишлоғидаги уйга тушиб портлади. Исроил расмийларининг билдиришича, ҳужум оқибатида уч аёл ҳалок бўлган.
“Ҳизбаллоҳ” отган ракеталар Исроилнинг Хайфа ва Нахария шаҳарларига ҳам тушиб портлаган.

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Давид Велх Байрутда Ливан бош вазири Фуад Синиора билан музокара ўтказди.

Сўзлашув чоғида Ливан жанубида давом этаётган қуролли тўқнашувлар масаласи муҳокама қилинди.
Бир ҳафта олдин Исроил кучлари Қана қишлоғидаги тинч аҳоли яшаётган бинони бомбардимон қилгани оқибатида элликдан ортиқ одам нобуд бўлгандан сўнг АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Ливан бош вазири билан режалаштирилган учрашувини бекор қилган эди.
Байрут кўчаларида юзлаб одам Давид Велхнинг ташрифига қарши норозилик намойиши ўтказди.

АҚШ ва Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган резолюцияси лойиҳаси бўйича келишувга эришди.

Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон маълум қилди.
Мазкур ҳужжатни муҳокама қилиш учун Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси шанба куни кечқурун учрашиши кутилмоқда. “Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлигининг Жон Болтонга асосланиб билдиришича, резолюция бир-икки кун ичида қабул қилиниши мумкин.

Исроил самолётлари 5 август куни Ғазога қилган ҳужуми оқибатида беш фаластинлик нобуд бўлди.

Уларнинг учтаси бир оила аъзоси, қолган иккиси “Исломий жиҳод” ва “Хамас” гуруҳлари аъзолари экани билдирилди.
Маълумотларга кўра, Исроил армияси уч кун олдин Ғазога бостириб кирганидан бери 15 фаластинлик ҳалок бўлган.

Украинанинг янги бош вазири Виктор Янукович ўз мамлакати НАТОга аъзо бўлиши ва газ нархи борасида Москва ва Киев ўртасида юзага келган тортишувни ҳал этиш ниятида эканини билдирди.

В.Януковичнинг “Российская газета” мухбири билан суҳбати газетанинг 5 август кунги сонида чоп этилди. Бош вазир Украинага етказиб берилаётган табиий газ нархини музокара орқали, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши масаласини эса референдум ўтказиш орқали ҳал этмоқчи эканини маълум қилди.

Лондонда бўлиб ўтган норозилик намойиши қатнашчилари Исроил ҳарбийлари ва “Ҳизбаллоҳ” жангариларидан ўт очишни тўхтатишни талаб қилди.

АҚШ элчихонаси ва парламент бинолари томон юриш бошлашдан олдин Гайдпаркка 7-8 минг одам йиғилди. Мазкур норозилик намойиши мусулмон ташкилотлари, Фаластин ва ливанлик гуруҳлар коалицияси томонидан уюштирилди.

Покистоннинг Мардон шаҳрида кучли ёмғир ёққани натижасида кўприк қулаши оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди.

Расмийларнинг айтишича, 10 метр баландликдаги кўприк қулаган пайтда унинг устида 200га яқин одам ва 10та автомобил бўлган.
Сўнгги ҳафталар ичида Покистонда муссон ёмғирлари кўплаб тошқинлар ҳосил қилди. Ана шу тошқинлар ва ер кўчиши мамлакат бўйлаб ўнлаб одам ҳаётига зомин бўлди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Беларусда сайлов кузатувчиларидан тўрт нафари жавобгарликка тортилганидан хавотир билдирди.

ЕХҲТга раислик қилаётган Белгия ташқи ишлар вазири Карел де Гуҳт эълон қилган баёнотда икки кузатувчининг узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилингани уларга қўйилган айбловга мос эмаслиги, шунингдек, тўрт кузатувчиси қамоқ жазосига ҳукм қилинадиган ҳеч қандай жиноят содир этмагани билдирилган.

АҚШ ҳукумати оммавий қирғин қуроллари тайёрлашда ишлатилиши мумкин бўлган материалларни Эронга сотган етти ширкатга санкциялар жорий қилди.

Улар орасида Россиянинг “Рособоронэкспорт” ва “Сухой” компаниялари ҳам бор.
Россия ҳукумати АҚШ жорий этган санкцияни “асоссиз”, дея баҳолади. Россия Мудофаа вазирлиги расмийлари фикрича, Россия яқинда Венесуэлага қурол-яроғ сотганига жавобан Вашингтон расмийлари шундай қарор қабул қилган.

Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлагани оқибатида полициянинг икки ходими нобуд бўлди, саккиз нафари яраланди.

Полиция ходимлари Миянашин тумани ҳокими Шодий Жон билан бирга машинада кетаётган пайтда портлаш содир бўлган. Ҳужум натижасида ҳоким ҳам яраланган.
Шунингдек, Афғонистон жанубида жойлашган Ғазна вилоятида 5 август ўтар кечаси толиблар жангарилари полиция патрулига ҳужум қилгани оқибатида бир жангари ва бир полициячи ҳалок бўлди.
Ғазна вилояти полицияси бошлиғи Тафсир Хон отишмадан сўнг ўтказилган операция давомида ҳужумга алоқадорликда гумон қилинган 15 шахс қўлга олинганини билдирди.

Россиянинг “Протон-М” ракетаси Европа телекоммуникациясига қарашли “HotBird-8” сунъий йўлдошини фазога олиб чиқди.

Ракета Қозоғистоннинг Бойқўнғур космодромидан учирилди.
10 кун олдин шу космодромдан учирилган Россиянинг “Днепр” ракетаси парвознинг 73-сониясида ҳалокатга учраган эди. Ўша ракета турли давлатларга тегишли 18та сунъий йўлдошни фазога олиб чиқиши мўлжалланганди.

Россия милицияси Санкт-Петербург шаҳридаги “Эрмитаж” давлат музейидан экспонатлар ўғирланишига алоқадорликда гумон қилинган икки фуқарони қўлга олди.

“Интерфакс” ва ИТАР-ТАСС ахборот агентликларининг милиция маълумотига асосланиб тарқатган хабарига кўра, ҳибсга олинган икки шахс “Эрмитаж”дан ўғирланган 70та экспонат қаердалигини аниқлашда ёрдам бериши мумкин.
Яқинда ўтказилган тафтиш натижасида музейдан қиймати беш миллион АҚШ долларига тенг бўлган 221та экспонат йўқолгани маълум бўлган эди.

Исроил ҳарбийлари Ливан шарқидаги Сурия билан чегарадош Бекаа водийсини бомбардимон қилгани оқибатида тинч аҳолидан 23 нафари ҳалок бўлди.

Ғарб ахборот агентликларининг гувоҳлар ва Ливан хавфсизлик хизматидаги манбага асосланиб хабар қилишича, Қаа қишлоғи яқинида ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси маҳаллий деҳқонлар бўлган.
Исроил полицияси эса “Ҳизбаллоҳ” жангарилари Исроил шимолига 120 та ракета отгани оқибатда икки яҳудий аёл ҳалок бўлганини билдирди.
Исроил авиацияси Ливандаги инфратузилмаси объектларини йўқ қилиш ҳаракатларини давом эттириб, Байрут шимоли ва жанубидаги тўрт кўприкни вайрон қилди. Натижада пойтахтни мамлакат шимоли билан боғлайдиган йўлда транспорт қатнови тўхтади.

Ироқлик юз мингдан ортиқ шиалар Ливан жанубида Исроил армиясига қарши жанг олиб бораётган “Ҳизбаллоҳ” гуруҳини қўллаб, Бағдодда тинч норозилик намойиши ўтказди.

Мазкур намойишни Ироқдаги радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садр уюштирди. Бағдод кўчаларида юриш бошланишидан олдин намойиш қатнашчилари Исроил ва АҚШ байроқларини оёқлари билан топтади.

Ироқ шимолидаги Мосул шаҳридан 90 километр жанубда жойлашган Хадҳарда худкуш уюштирган ҳужум оқибатида камида тўққиз киши, жумладан, полиция ходимлари ҳалок бўлди.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, ҳужумда яна бир неча полиция ходими ва тинч аҳоли вакиллари яраланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG